Қайднома

Қидирув

Суҳроб Бердиев: «Пенальти – ҳужум самараси»

Суҳроб Бердиев: «Пенальти – ҳужум самараси»

  25.07.2018 06:17
  0
  560
Суҳроб Бердиев: «Пенальти – ҳужум самараси»

Ўзбекистон Суперлигасида кучли олтиликка кириш учун кураш қизигандан қизиб боряпти. Ҳозирда 1-2та аутсайдерни инобатга олмаганда, деярли барча жамоаларда шундай имконият сақланиб турибди.

Шу нуқтаи назардан ҳам, битта учрашув кескинликда иккинчисидан қолишмаяпти. Айниқса, ўртамиёна жамоалар ўз майдонида очко йўқотмасликка эътибор қаратяпти. Жумладан, «Қўқон-1912» клуби 17-турда ўз мухлислари кўз ўнгида АГМКни йирик -  3:0 ҳисобида доғда қолдирди.

Эътиборлиси, ўйинни бошқариб борган ФИФА рефериси Шерзод Қосимов биринчи бўлимнинг ўзида Павел Матяш дарвозаси томон 2 марта пенальти белгилади. Қолаверса, қирғизистонлик голкипер 65-дақиқада майдондан четлатилди. Шу ўринда қизиқ бир факт: қўқонликлар жорий мавсум 7 марта 11 метрли жарима тўпи тепишди.

Шу билан жамоа Ўзбекистон чемпионати тарихида битта мавсумда пенальти тепиш бўйича ўз рекордини янгилади. Олдинги энг юқори кўрсаткич 2016 йили қайд этилган бўлиб, ўшанда қўқонлик футболчилар 11 метрли нуқтага 6 бора  яқинлашишганди.

Шунингдек, жорий мавсум «Қўқон-1912» рақиблари футболчиларига 6-марта қизил карточка кўрсатилди. Нўъмон Ҳасанов жамоасининг АГМК ва «Қизилқум» (2 марта), «Бухоро», «Нефтчи» ҳамда «Локомотив» билан ўйинларида рақибларга «қизил» берилган.

Бу ҳолат кишида икки хил таассурот уйғотади. Қўқонлик футболчилар ҳаддан зиёд ҳужумкор футбол намойиш этишмоқда ёки...? Биз айнан АГМК клубига қарши кечган учрашувдан сўнг 3-гол муаллифи - Суҳроб Бердиевдан алоҳида интервью олдик.

- Суҳроб, АГМК устидан қозонилган ғалабада энг муҳим омил нима бўлди, сизнингча?

- Мураббийлар штаби ўйинга жамоани юқори савияда тайёрлади. Яъни учрашувга ҳар томонлама, айниқса, руҳан жиддий шайландик. Айнан шу нарса натижада ўз аксини топди, менимча. Энг муҳими, ишончли ғалабага эришиб, мухлисларни қувонтирдик ва турнир жадвалида кучли олтиликка нисбатан яқинлашдик.

- Табиийки, 2та пенальти ва рақиб футболчисининг майдондан четлатилиши ҳам сизларга ёрдам берди...

- Пенальти ҳам, қизил карточка ҳам футболнинг ажралмас бир бўлаги ҳисобланади. Ҳа, тан олиш керак, рақибнинг шундай муаммоларга учрагани бизга қўл келди.

Лекин иккинчи томондан, қизил карточка кўрсатилгунига қадар 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олгандик. Пенальтилар эса - ҳужумларимиз самараси. Буни эсдан чиқармаслик керак. Хуллас, биринчи бўлимда урилган 2та гол ишимизни анча енгиллаштирди.

- Бироқ пенальтилар матбуот ва ўйинни томоша қилган мухлислар орасида кўп муҳокама қилиняпти. Ўша пайт майдонда ҳаракатланган футболчи сифатида айтингчи, 11 метрли жарима зарбалари белгиланган вазиятларда яққол қоида бузилиш бормиди?

- Бу ҳолатларни кенг муҳокама қилишим ноўрин. Зеро, ҳакамлар ишига баҳо бериш ваколатимга кирмайди. Лекин вазиятларга яқин бўлганим учун ўз фикримни билдираман. Шахсий фикрим - рефери ҳар икки ҳолатда тўғри қарор қабул қилди. 

- Танаффус чоғи таркибини анча кучайтирган АГМКдан кучлироқ ўйин кутганмидинглар?

- АГМК - яхши шаклланган жамоа. Мураббийларимиз шунга яраша тайёргарлик кўришимизни алоҳида уқтиришди. Ўзимиз ҳам майдонга жанговар руҳда тушдик. Ўйин учун прессингга асосланган тактика танланган эди. Бу ўз самарасини берди. Менимча, олмалиқликлар айнан кучли таъқиб натижасида ўз ўйинларини кўрсатолмадилар. 

- Йирик ҳисобли ғалабадан сўнг жамоада ўзига нисбатан ишонч ҳисси  кучайиши тайин. Омадсизликлар ортда қолди, дейиш мумкинми?

- Шундай бўлишидан умидвормиз, албатта. Кейинги учрашувларда янада кучли ўйин намойиш этиб, имкон қадар очко йўқотмасликка ҳаракат қиламиз. Чунки энди ҳар бир йўқотиладиган очко жамоамизни кучли олтиликка кириш имкониятини пасайтириши мумкин.

- Умуман, «Қўқон-1912»ни қандай муаммо қийнаяпти?

- Фикримча, таркиб борасида ҳеч қандай муаммо йўқ. Фақат бундан 3-4 тур олдин биздан очиқчасига омад юз ўгираётганди. Энди ҳаммаси ўз изига тушади, деб ўйлайман.

- Охирги 2та тур учрашувлари ҳақида қандай фикр билдира оласиз?

- Суперлиганинг аксарият жамоалари кучли олтиликка кириш илинжида кескин кураш олиб бор­япти. Ҳар бир жамоа хоҳ ўз майдони, хоҳ сафарда бўлсин, борини бермоқда.

- «Қўқон-1912» якунда кучли олтиликка кира олармикан?

- Албатта. Энг муҳими, ҳаммаси ўз қўлимизда.

- Суперлигада ижобий ўзгаришлар етарли. Лекин оддий мухлис кўзга ташланмаётган камчиликлар ҳам борми?

- Менимча, йўқ. Мавжуд камчиликлар ҳам секин-аста бартараф этилмоқда.

- Мухлислар сиздан худди аввалги йиллардаги каби маҳсулдорлик кутишяпти. Лекин ҳозирча натижангиз билан алоҳида мақтанолмайсиз...

- Ҳа, афсуски, шундай. Аввалги спорт формамни тиклашим чўзилиб кетди. Шу жараён қийин кечяпти. Аслида ўз устимда тинимсиз ишлаяпман. Ҳали мухлисларни қувонтирадиган кўплаб голлар уришимга ишонаман. Ҳар ҳолда, ҳаракатим шунга қаратилган.

- Клубнинг ҳужум чизиғида рақобат талаб даражасидами?

- Шубҳасиз. Мана, таркибга Жасур Ҳакимов ва Фирдавс Асадов сингари ёш ҳужумчилар қўшилишди. Улар ҳам рақобатни янада оширишди. Қолаверса, тажрибали Носир Отақўзиев бор.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz