Pepsi Суперлига баҳслари ўзининг энг қизғин палласига кириб бормоқда. Айниқса, 6-ўриндан юқорида бўлган жамоаларнинг ўзаро ўйинлари мухлисларга ўзгача завқ бермоқда.
Жамоаларнинг трансфер мавсумида ўз таркибини кучайтириб олгани ҳам бунга туртки бўлмоқа. Хусусан, Тошкентнинг «Локомотив» клуби танаффусдан кейин кетма-кет ғалабалар билан чемпионлик пойгасига қайтишди. Тўғри «темирйўлчилар» сўнгги ўйинда Жиззахда «Сўғдиёна» билан нурсиз дурангга рози бўлишди.
Бугунги суҳбатдошимиз эса «Насаф»нинг иқтидорли футболчиси Бобур Абдухолиқов. «Аждарлар» ҳужумчиси интервьюда «Навбаҳор»га қарши ўйин олдидан кузатилган ҳолат, чемпионати умумий вазият ҳамда «Насаф»нинг бугунги кундаги аҳволи ҳақида ўз фикрларини биддириб ўтди.
Шунингдек, осиё ўйинларига тайёрланаётган U-23 терма жамоамизнинг мақсад ва вазифалари хусусида ҳам суҳбатлашдик.
- Бобур, «Навбаҳор» билан ўйин олдидан ПФЛ томонидан баҳс бошланишига икки соат қолганда қўнғироқ бўлиши ва асосий таркиб футболчиларининг майдонга туша олмаслиги ҳақидаги хабар «Насаф»га қанчалик салбий таъсир ўтказди?
- Албатта, бу ҳолат ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Бош мураббий томонидан ўйинга танланган тактик схема, футболчиларга берилган кўрсатмалар ўзгариб кетди. Майдонга тушган ёшлар астойдил ҳаракат қилишди, ўзларини ижобий томондан кўрсатишга интилишди.
Ҳеч ким ўзини аямади. Лекин барибир, ёшларга ҳали кўп тажриба керак. Айниқса, мана шундай муҳим ўйинларда тажрибанинг камлиги билиниб қолади. Иштиёқнинг ўзи камлик қилади.
- Бобур, ЖЧ-2018 сабаб юзага келган танаффусдан «Насаф» қай даражада фойдаланди ва тайёргарлик кўрди?
- Белгиланган тартибда ўқув-машғулот йиғинларини ўтказдик. Яхши тайёргарлик кўра олдик, деб ўйлайман. Мавсумнинг қолган ўйинларида очко йўқотмасликка ҳаракат қиламиз.
Лекин олдиндан бир нарсани айтишни истардим, Суперлиганинг навбатдаги учрашувлари ҳеч бир жамоага осон кечмайди. Чемпионлик учун курашаётган жамоалар ҳам ҳали жиддий қаршиликларга дуч келишади. Бундан эса биринчи галда мухлислар ютишади.
- Нима деб ўйлайсиз, «Насаф»даги мавжуд муаммолар ортда қолдимикан?
- Ҳа, менимча шундай. Ҳолат ижобий томонга ўзгаришидан умидвормиз. Шахсан ЎФА президентининг бу масалага аралашуви билан вазият юмшади. Секин-аста яхши бўлиши керак.
- Клубда ички муҳит қандай?
- Жамоада ҳар қандай қийинчилик ҳолатида ички муҳит яхши бўлган. Ҳозир ҳам худди шундай.
- Таркибдаги йўқотишлар танаффус пайтида ҳам давом этди. Жамоани бир қатор етакчи футболчилар тарк этишди. Бу йўқотишлар натижага ўзининг салбий таъсирини ўтказмасмикан?
- Ўтказиши мумкин. Буни инкор этолмайман. Бу - футбол, унда ҳамма нарса рўй бериши мумкин. Машаққатли синовларга ҳамиша тайёр туриш керак.
Агар ягона мақсад сари бирлаша олсак, ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтиш мумкин. Шунга ҳаракат қиламиз.
- Сизга бошқа жамоалардан таклифлар етарли эди. Биргина «Пахтакор»нинг ўзи анчадан бери сизни ўз таркибига қўшиб олишга ҳаракат қиляпти. Нима учун «Насаф»да қолишга қарор қилдингиз?
- Ҳозирги жамоам билан кўпроқ соврин ютишни истайман. Қаршидан кетмаганимнинг асосий сабаби ҳам шу!
- Вазиятга реал қарасак, бунинг имкони бормикан?
- Албатта. Агар астойдил ҳаракат қилсак, ҳатто чемпион бўлишимиз ҳам ҳеч гапмас. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ.
Суперлиганинг янги кўринишда ўтказилаётганидан келиб чиқсак, иккинчи босқичга йўл оладиган барча клубларда чемпионлик учун курашиш имконияти сақланиб қолади. Олтинчи ўриндаги жамоа ҳам якунда совриндорлар сафидан жой олиши мумкин.
- Кучли рақобатга тайёрмисизлар?
- Тўғри, бир қарашда асосий рақибларимиз ҳисобланган «Пахтакор», «Локомотив», «Бунёдкор» жамоаларининг таркиби кучли кўриняпти. Лекин ҳозир мен санаб ўтган клублар билан Суперлигада бемалол рақобатлаша оладиганлар сони етарлича топилади.
Юқорида айтганимдек, ҳеч бир жамоа осонликча ғалабага эришмайди.
- Легионерларнинг жамоани тарк этиши нима билан боғлиқ? «Насаф» раҳбарияти уларни клубда олиб қолишга ҳаракат қилмадими?
- Бу ҳақда тайинли фикр билдира олмайман. Ушбу саволга клуб мутасаддилари жавоб беришгани маъқул. Қолаверса, легионерлар қаерда яхши шароит бўлса, ўша жамоага ўтишни афзал билишади. Буни ҳам нормал ҳолат сифатида қабул қилиш керак.
- Кетганларнинг ўрнини боса оладиганлар борми?
- Ҳа, бундай футболчилар таркибимизда топилади.
- Масалан, кимларни мисол тариқасида айтган бўлардингиз?
- Ҳеч бир футболчини алоҳида ажратиб кўрсатмоқчимасман. Ўзимизнинг академиядан етишиб чиққан истеъдодли ёшлар бор, озгина тажриба етмаслигини ҳисобга олмасак, қолган жиҳатларда мақтовга арзийди. Фақат уларга озгина вақт керак.
Бундай олиб қарасак, сўнгги 2-3 йил ичида «Насаф»ни жуда кўп етакчилар тарк этишди. Лекин бу билан жамоамиз сезиларли даражада кучсизланиб қолмади. Академиядан етишиб келаётган ёшлар кетганларнинг ўрнини муносиб тарзда тўлдиришга ҳаракат қилишяпти.
- Кузатишларингиз асносида, давралар оралиғида қайси жамоа сезиларли даражада кучайишга эришди, деб айта оласиз?
- Менимча, «Пахтакор». Пойтахт клуби шундоқ ҳам яхши ўйин намойиш этаётганди. Собиқ жамоадошимиз Драган Чераннинг «Пахтакор» ҳужум чизиғидаги сермаҳсулликни оширишига шубҳам йўқ.
Шунингдек, «Локомотив» ҳам таркибини сезиларли даражада кучайтириб олди. «Темирйўлчилар» кетма-кет ғалаба қозониб, чемпионлик курашига қайтишди. Кубок қуръаси эса бу икки жамоани чорак финалдаёқ бир-бирига рўбарў қилди. Олдинда бизни финалга мос ўйин кутмоқда.
- «Насаф» олдига жорий мавсум учун қандай аниқ вазифа қўйилди?
- Биринчи галдаги вазифамиз кучли олтиликка кириб олишдан иборат. Кейин эса совринли ўринлар, балки чемпионлик учун ҳам курашармиз. Фикримча, бунинг имкони бор.
- Бобур, келинг, энди мавзуни бироз ўзгартирамизда, терма ҳақида суҳбатлашамиз. Яқинда Ўзбекистон олимпия жамоасининг Туркияда ўтказган йиғини қандай ўтди?
- Икки ҳафта давом этган ўқув-машғулот йиғинида асосий эътибор жисмоний тайёргарликка қаратилди. Шунингдек, турли тактик схмелар устида ҳам ишладик. Уммон термасига қарши назорат учрашуви ўтказиб, ишончли ғалабага эришдик.
Туркия йиғини август ойи ўрталарида Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтказиладиган Осиё ўйинларига тайёргарлик вазифасини ўтаб берди.
- Осиё ўйинларига қуръа ташланди ва термамиз гуруҳдаги рақибларини билиб олди. Жамоамиз жойлашган квартет ҳақида нима дея оласиз?
- Таиланд, Бангладеш, Қатар... Бир қарашда хулоса чиқариш қийин. Рақибларимиз Осиёнинг ўртамиёна жамоалари бўлиб кўриниши мумкин.
Лекин Осиё ўйинларида 23 ёшгача бўлган футболчилар иштирок этишади. Шундай экан, жамоаларнинг номига қараб баҳо бериш тўғри бўлмайди.
- Гуруҳдаги қайси термалар сизга шахсан таниш? Бирортасига қарши ўйнаганмисиз?
- Қатар билан кечган учрашувда майдонга тушганман. Лекин бунга анча вақт бўлди. Балки таркибидаги футболчилар ўзгариб кетгандир. Бангладеш ва Таиланд - нотаниш рақиб. Шундай бўлсада, сўнгги йилларда Таиландда футбол кескин ўсиб бораётгани кўзга ташланмоқда.
Ушбу мамлакат клублари ОЧЛда ҳам муваффақиятли тарзда иштирок этишяпти. Бу йил ҳатто бизнинг жамоалардан ҳам яхшироқ натижага эришишди.
Ўйлашимча, Қатар ва Таиланд гуруҳдаги асосий рақибларимиз бўлади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, гуруҳ ғолиби сифатида «плей-офф»га чиқишга ҳаракат қиламиз.
- Чемпион бўлиш учун имкониятимиз етарлими?
- Албатта. Индонезияга фақат энг юқори ўринни кўзлаб борамиз. Биз шу ёш тоифасида амалдаги Осиё чемпионларимиз. Хитойда ўтган қитъа биринчилигида эришган муваффақиятимизни такрорлашни мақсад қилганмиз. Бунинг учун барча имкониятларимиз етарли.
Тўғри, осон бўлмайди. Лекин бир жамоа бўлиб, ягона мақсад йўлида ҳаракат қилсак, ниятимиз амалга ошади. Япония, Жанубий Корея, Эрон жамоалари ҳам шу мақсадда Жакартага келишлари аниқ. Улар ҳам чемпион бўлишни ният қилишган.
1994 йили Япониянинг Хиросима шаҳрида ўтказилган 12-Осиё ўйинларида термамиз эришган натижани такрорлашга ҳаракат қиламиз. Мураббийимиз Равшан Ҳайдаров олдинда бизни қандай мусобақа кутаётгани, унинг масъулияти қанчалик юқори бўлишини ҳар бир машғулот сўнгида тушунтирдилар.
Ўйлайманки, Осиё ўйинларида мураббийимиз ва халқимизнинг ишончини оқлаб, Ватанга ёруғ юз билан қайтамиз.
Такрор айтаман, биз 23 ёшгача футболчилардан таркиб топган термалар орасида амалдаги Осиё чемпионларимиз. Қитъа ўйинларида ҳам худди шу ёшдаги жамоалар иштирок этади. Табиийки, бизга алоҳида эътибор билан қарашади.
Рақибларнинг тайёргарлиги ҳам бошқача бўлади. Буларнинг барчасини ҳис қилиб турибмиз. Масъулиятнинг юқори бўлгани яхши.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20