Қайднома

Қидирув

Месут Озил: «Ғалаба қозонганимизда немисман, ютқазсак — муҳожир»...

Месут Озил: «Ғалаба қозонганимизда немисман, ютқазсак — муҳожир»...

  26.07.2018 08:58
  0
  602
Месут Озил: «Ғалаба қозонганимизда немисман, ютқазсак — муҳожир»...

Германия терма жамоаси ва Лондоннинг «Арсенал» клуби ярим ҳимоячиси Месут Ўзил миллий термадан кетишини эълон қилди. У май ойи ўрталарида бошланган можарога шундай жавоб қайтарди, деб ёзади Meduza.

Фото: Meduza

Ўзил Германия миллий терма жамоасидаги бошқа бир турк футболчи — Илкай Гундўғон билан бирга Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан бирга суратга тушганди. Суратлар Туркияда ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партиясининг Instagram’даги саҳифасида 14 май куни — Россиядаги Жаҳон Чемпионати бошланишига бир ой қолганида ва Туркиядаги президентлик сайлови пойгаси айни авжига чиққан вақтда эълон қилинган эди. «Манчестер Сити»да тўп сурувчи Гундўғон эса Эрдўғонга: «Чуқур ҳурмат билан менинг президентимга» деб ёзилган ўзининг футболкасини ҳам совға қилган.

Туркия ва Эрдўғон — ҳозирги Германия ташқи сиёсатидаги энг оғриқли мавзулардан. Мамлакатда Туркиянинг 1,5 миллион фуқароси доимий истиқомат қилади — бу Германиядаги энг йирик чет элликлар ҳамжамиятидир. Яна 2,5 миллион аҳолининг келиб чиқиши Туркияга бориб тақалади (Германиянинг жами аҳолиси сони тахминан 80 миллион). Германиялик турклар орасида Эрдўғоннинг обрўси баланд. Айни вақтда у немис махсус хизматларини 2016 йилги тўнтаришга алоқадорликда бир неча бор айблаган. Ўз навбатида, Германия расмийларининг фикрича, Эрдўғон ўз сиёсати билан 2015—2016 йилги миграция инқирозининг портловчи тўлқини келиб чиқишига онгли равишда кўмак кўрсатган. Бу инқирозни енгиб ўтиш учун, жумладан, Туркияга миллиардлаб евролар ажратишга тўғри келди: расман — Туркия ўз ҳудудидаги турмуш шароитларини яхшилаши учун.

Суратлар эълон қилиниши билан футболчилар шу заҳоти танқид нишонига айланди. Германия футбол иттифоқи президенти Райнхард Гриндел, жумладан, иттифоқ Эрдўғон «етарлича ҳурмат қилмайдиган» қадриятларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Гринделнинг сўзларига кўра, таниқли футболчилар билан уюштирилган фотосессия Туркия президенти томонидан «ножўя» ташвиқот воситасига айлантирилган.

Чапдан: Илкай Гундўғон, Месут Ўзил, Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Женк Тўсун.
Фото: Twitter / @akparti

Бу ҳолатга нафақат футбол амалдорлари, балки бир қатор ҳурматга лойиқ ОАВлар ҳам норозилик билдирди. Хусусан, консерватив Süddeutsche Zeitung нашри футболчиларнинг авторитар услубдаги бошқаруви сабаб Европада қораланадиган Эрдўғон билан очиқ-ойдин учрашуви шарқликларнинг Германиядаги «интеграцияси ҳақидаги дебатларга зарба бўлди», деб ёзди. «Бу спортчилар ўз таъсир доираси ва масъулиятини шу вақтгача тўла ҳис қилиб улгурмагани ҳайратланарли», — дея қайд этган газета. Der Spiegel журнали футболчиларнинг тарафини олган бўлса-да, уларнинг ҳаракатини барибир «ўйламасдан қилинган иш» деб атади.

18 май куни Ўзил ва Гундўған ўз таътилини тўхтатиб, Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг расмий қароргоҳида мамлакат президенти, миллий терма жамоа бош мураббийи Йоахим Лёв ва футбол иттифоқи раҳбари Гриндел билан учрашиш учун Берлинга етиб келди. Учрашув якунлари бўйича Штайнмайер, жумладан, «инсон биттадан ортиқ ватанга эга бўлиши ва янги ватан топиши мумкинлиги» ҳақида ёзди.

Мазкур учрашувдан сўнг, кўринишидан, можаро йўққа чиққандек эди. Гарчи Жаҳон Чемпионати арафасидаги матбуот анжуманларида Эрдўғон иштирокидаги суратлар масаласи такрор ва такрор юзага чиқиб бўлса-да.

24 июнь куни Туркияда президент сайлови бўлиб ўтди, унда Эрдўғон биринчи турдаёқ ғалабани қўлга киритди. Эрдўғонни Туркиядаги турклардан кўра Германияда истиқомат қилаётган миллатдошлари фаоллар қўллаб-қувватлади. 27 июнь куни эса, ҳали ўша вақтда амалдаги Жаҳон чемпиони ҳисобланган Германия Жанубий Кореяга мағлуб бўлиб, Жаҳон чемпионати билан хайрлашди. Миллий терманинг сенсацион муваффақиятсизлигидан кўп ўтмай, Гринделнинг саъй-ҳаракати билан Эрдўғон иштирокидаги суратлар масаласи яна кун мавзусига айланди: Германия футбол иттифоқи раҳбари Ўзилдан изоҳлар талаб қилди.

Можаронинг иккинчи иштирокчиси Илкай Гундўғон суратлар эълон қилинган куниёқ бирор бир «сиёсий баёнот» бериш нияти бўлмаганини маълум қилган эди. Кейинроқ унинг ҳаракатига (Эрдўғон билан суратга тушганига) билдирилган муносабатларни тўғри қабул қилишини билдирди. Ўзил эса, Гундўғондан фарқли ўлароқ, сўнгги лаҳзага қадар сукут сақлади.

Чемпион авлоднинг энг яхши футболчиларидан бири

Ўзилнинг отаси 20 ёшида Туркиядан кўчиб келган. Футболчи 1988 йили Германия ғарбидаги Гелзенкирхен шаҳрида туғилган. У 2014 йили чорак асрда биринчи марта Германия учун Жаҳон Чемпионати ғолиблигини қўлга киритишга муваффақ бўлган футболчилар авлодининг энг иқтидорли вакилларидан бири саналади. Ўзил Бременнинг «Вердер», Мадриднинг «Реал» клубларида муваффақиятли ўйнаган, ҳозир эса Лондон «Арсенал»ининг асосий юлдузи.

Германия термаси учун 92 ўйин ўтказиб, 23 та гол урган. «Реал» таркибида 159 ўйинда майдонга тушган, 27 та гол киритган, 81 та голга ҳаммуаллифлик қилган. Ўткир пасларни тез ва аниқ узата олиш қобилияти сабаб Ўзилни «тўп узатишлар қироли» деб ҳам аташади. Шунингдек, унинг майдонни кўра олиш қобилиятини, яъни, алоҳида бир лаҳзада ўйин вазиятини аниқ-тиниқ баҳолай билишини ҳам юксак қадрлашади.

Ўзилнинг «Реал»даги жамоадоши Хаби Алонсо «ҳозирги кунда бундай футболчини кундузи чироқ ёқиб ҳам топиб бўлмаслигини» тан олган. Жозе Моуриньо эса «Ўзил мутлақо такрорланмас, унинг ҳатто ёмонроқ, ўхшамаган нусхаси ҳам йўқ»лигини таъкидлаган. Тўғри, жисмоний тайёргарлиги маромида эмаслиги ва шу боис ҳимояда кўп ҳам фойдаси тегмаслиги учун уни тез-тез танқид ҳам қилишади.

Бошқа томондан, Мюнхеннинг «Бавария» клуби президенти Ули Хёнесс ўз жамоасининг Ўзил ўйнаётган «Арсенал»га қарши ўйинларида айнан турк футболчиси «ожиз нуқта»га айланганини таъкидлайди. «Соф спорт нуқтаи назаридан қараганда, у миллий термадаги ўрнини аллақачон бўшатиб қўйса ҳам бўларди», — деганди Хёнесс.

«Одамлар менинг немис эканимни тан олишни хоҳламаяпти»

Ўзил ўзининг хайрлашув баёнотида асосий урғуни унинг шаънига ёғилаётган танқидлар ортида немис жамияти ва элитасидаги яширин ксенофобияси турганига қаратган: «Гриндел ва унинг иттифоқчилари назарида мен ғалаба қозонган вақтим немисман ва мағлубиятга учраганимда муҳожирман. Мен Германияда солиқ тўлайман, немис мактаблари учун хайр-эҳсон қиламан, Германия билан Жаҳон Чемпионатида ғолиб ҳам чиқдим, бироқ жамият мени ҳали ҳам қабул қилмаяпти. Мени «бегона» деб ҳисоблайдилар. Мен немис жамиятидаги интеграция шарафига мукофотлар олганман, 2015 йили «Немис футболи элчиси» этиб тайинланганман. Энди эса немис бўлмай қолдимми? Менинг немисликка мувофиқ эмаслигимни белгиловчи қандайдир мезонлар борми ўзи? Дўстларим Лукас Подолски ва Мирослав Клозени германиялик поляк деб аташмайди, унда нима учун мен германиялик туркман? Ёки гап фақат Туркиядами? Гап менинг мусулмонлигимдами? Кимсани германиялик турк деб аташ биланоқ сиз бошқа давлатларда ҳам қариндошлари бор инсонларни айиряпсиз. Мен Германияда туғилиб, шу ерда таълим олганман. Нега одамлар мени немис сифатида тан олишни истамайди?».

Ўзил компания номини бевосита тилга олмаган бўлса-да, Эрдўғон билан суратлари эълон қилингач футболчи билан ҳомийлик шартномасини бекор қилган Mercedes-Benz’га ҳам заҳрини тўкиб сочган: «Улар ортиқ мен билан боғлиқ бўлишни истамади, ‘кризис-менежмент’ деб аталувчи нарса улардан шундай қарор қабул қилишни талаб этди. Ваҳоланки, қанчалик кулгили бўлмасин, Германия ҳукумати ўша компания маҳсулотларида харидорларга хавф туғдирувчи ноқонуний дастурий таъминот борлигини маълум қилганди».

Футболчи Эрдўғон билан тушган фотосуратини «ўз аждодларига бўлган ҳурмат» дея изоҳлади. «Туркияда кимни (президент этиб) танлашларидан қатъи назар, мен барибир шу суратларга тушган бўлардим», — деди ярим ҳимоячи.

Ўзил Германия миллий термаси фахрий сардори Лотар Маттеуснинг «бошқа бир жаҳон етакчиси» билан тушган сурати ҳеч қандай низо келтириб чиқармаганини ҳам эслатиб ўтиб, икки хил стандарт, икки хил ёндашувдан ҳам ранжиганини яширмаган. «Бошқа бир жаҳон етакчиси» — бу Владимир Путин; Маттеус у билан футбол бўйича Жаҳон Чемпионати вақтида учрашган эди. Умуман олганда, Маттеус ҳам танқиддан бебаҳра қолган эмас: хусусан, Bild газетасидаги мақола: «Маттеус қонга ботган қўл билан кўришмаслиги керак эди» деган сарлавҳа билан чиққанди.

Немис журналистлари Ўзилнинг ёнини олди

Аксарият немис ОАВлари, ҳатто аввалроқ уни «диктаторни қўллаб-қувватлаганлик»да айблаганлари ҳам, Ўзилнинг баёнотидан сўнг унинг ёнини олиб чиқди. Кўплаб мақолалар муаллифларининг қайд этишича, немис жамияти ҳам, хусусан Германия футбол иттифоқи раҳбариятида ҳам яширин ксенофобия ва тоқатсизлик даражаси юқори. Жумладан, Райнхард Гринделни футболчини ҳимоя қилиш ўрнига, уни танқид қилишни ўзи бошлаб бергани учун қоралашяпти.

Süddeutsche Zeitung нашри футбол амалдорлари илгари сурган мантиқни эҳтиёткорлик билан ҳимоя қилишга уринган. Газета Ўзилнинг Эрдўғон билан учрашув борасидаги нуқтаи назарини ишонарли эмас, деб ҳисоблаган. Газета ижодкорларининг фикрича, амалдаги Туркия президенти каби сиёсатчи билан ошкора қўл бериб кўришиш — айниқса, сайловолди кампанияси кетаётган бир вақтда — уни қўллаб-қувватлаш деб талқин қилиниши аниқ эди. Боз устига, агар Ўзил одамлар бу суратларни бошқача қабул қилишларини истаса, аллақачон буни тушунтириб бериши ҳам мумкин эди.

Демократия душмани деган обрў орттириб улгурган «Германия учун муқобил йўл» партияси аъзолари Ўзилни «ўхшамаган иммиграция намунаси» деб атади ва Германия футбол иттифоқини «Ўзилнинг нуқтаи назарини янада қаттиқроқ танқид қила олмагани учунгина» қоралади. Бу эса футболчининг қарашларини қоралаш ортида ирқчилик ва ксенофобия турибди деб ҳисоблаётган Ўзилнинг ҳимоячилари ихтиёридаги даъволарни кўпайтиришга хизмат қилди, холос.

Германия футбол иттифоқи ҳозирча кичик бир баёнот берди, холос; унда миллий термадаги фаолияти учун Ўзилга миннатдорлик ҳамда унга қаратилган танқидлар тагмаъносида футболчи ирқчиликни кўргани афсусланарли экани билдирилган. Шунга қарамай, футбол амалдорларининг қайд этишича, «агар Ўзил шунчаки зарур жавобларни берганида эди», ҳеч қандай муаммо бўлмасди.

Бироқ Der Spiegel бу можаро охир-оқибат Германия футбол иттифоқи раҳбари Гринделнинг истеъфоси билан якунига етиши мумкинлигини ҳам истисно этмаяпти. Германия канцлери Ангела Меркель ҳозирча Ўзилнинг миллий термадан кетиши ҳақидаги қарорини ҳурмат қилиши ҳақидаги баёнотча билан чекланди. ФИФА қоидаларига кўра, мамлакат раҳбарияти футбол федерацияси ишига аралашиши мумкин эмас, акс ҳолда санкциялар қўлланилиши, мамлакат ҳатто ФИФАдан четлатилиши мумкин.

Кузда 2024 йилги футбол бўйича Европа чемпионати мезбонлиги қайси мамлакатга насиб этиши маълум бўлади. Даъвогарлар ҳозир иккита — Германия ва Туркия.


Манба: daryo.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz