Қайднома

Қидирув

Санжар Ризаев: «CAFAнинг олий мақсади – миллий жамоалар мусобақасини ўтказиш»

Санжар Ризаев: «CAFAнинг олий мақсади – миллий жамоалар мусобақасини ўтказиш»

  27.07.2018 06:15
  0
  232
Санжар Ризаев: «CAFAнинг олий мақсади – миллий жамоалар мусобақасини ўтказиш»

Ўтган ҳафта пойтахтимизда «CAFA U-16 championship» мусобақаси бўлиб ўтиб, унда Ўзбекистон, Афғонистон, Тожикистон ҳамда Қирғизистоннинг 16 ёшгача бўлган футболчилардан таркиб топган термалари иштирок этди.

Якунда Усмон Тошев бошчилигидаги вакилларимиз барча учрашувларда йирик ҳисобда ғалаба қозониб, ҳақли равишда турнир ғолибига айланишди.

Биз мазкур мусобақа якунида CAFA бош котиби Санжар Ризаевдан интервью олдик.

- CAFA томонидан ташкил этилган мусобақадан ЎФАнинг кўнгли тўлдими? Меҳмонлар қандай таассуротда қайтишди?

- Бу саволга бироз бошқача тарзда ёндашиб жавоб беришни лозим топдим. Мусобақанинг иштирокчи термалари турнир савияси, ташкилий жиҳатларни алоҳида қайд этиб, ташаккур изҳор қилишди. Айтишим мумкин, тарихда биринчи марта ўтказилган турнир ОФК қўйган барча талабларга тўлиқ риоя қилинган ҳолда ташкил этилди.

Қолаверса, ҳар бир иштирокчи давлат футбол федерациялари турнирни ўз расмий веб-сайтларида батафсил ёритиб боришди. Ҳатто ижтимоий тармоқларда ҳам мусобақанинг ташкилий жиҳатлари, ўтказилиши юзасидан илиқ фикрлар билдирилди. Тўғри, ўзига яраша камчиликлар ҳам бўлди. Буни инкор этмаймиз.

Биринчи галда ўйинларнинг соат 17:00да бошланишига эътироз билдирилди. Ўзимиз ҳам бундай бўлишини истамагандик. Лекин вазият нуқтаи назаридан шундай йўл тутишга мажбур бўлдик. Бир кунда иккита ўйинни битта стадионда ўтказишга тўғри келди. Кейинги мусобақамизни соат 18:00дан олдин бошламасликка келишиб олдик ва амалда шундай ҳам бўлади.

Мусобақа якунланганидан сўнг ОФК президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа CAFA президенти Умид Аҳмаджоновга, ОФК бош котиби Дато Винсдор Жон ўз ўрнида CAFA бош котиби, яъни каминага ташаккурнома билдирилган расмий мактуб йўллади.

- Ташкилотнинг термалар нуқтаи назаридан энг кучли вакилларидан бири - Эрон жамоаси мусобақада иштирок этмади. ЭФФ бу қарорини қандай изоҳлади? Турнирда қатнашиш бўйича талабнома, яъни сўровнома форсларга қачон жўнатилганди?

- Икки ой олдин ташкилотга аъзо барча футбол федерациялар ҳамда ассоциацияларга таклифнома жўнатилганди. Аммо Эрон томони йиллик тақвим режасини йил бошидаёқ тасдиқлаб қўйгани учун Тошкентга кела олмаслигини маълум қилди.

Шу боис ҳам CAFAга аъзо Эрон ва Туркманистон термалари илк турнирда иштирок этишмади. Лекин иккинчи мусобақамизда қатнашишларини расман тасдиқлашди.

- Ҳакамларни бошқа давлатлардан ҳам таклиф қилиш режаси борми? Умуман, меҳмонларнинг келиб-кетиши, бу ерда яшаши кимнинг ҳисобидан қопланди?

- Мусобақа регламентига кўра, ҳар бир аъзо мамлакатларнинг ҳакамлари ўйинларни бошқариш учун таклиф қилинади. Бу қоидага 2015 йилдан бери амал қилиб келинмоқда. Барча сарф-харажатлар эса CAFА томонидан қопланади, молиялаштирилади.

- Саволнинг мантиқий давоми. CAFAнинг ўзи ниманинг ҳисобидан молиялаштирилади? Ҳомийларми ёки бевосита ОФК томонидан?

- Ташкилот ФИФА, ОФК ҳамда ҳомийлар томонидан молиялаштирилади.

- Навбатдаги мусобақа ҳам Тошкентда ўтказилади. Унда барча аъзо давлат иштирокчиларининг қатнашиши расман тасдиқландими?

- Ҳа, бу борада бошқа муаммо бўлмайди. Яъни, йиллик тавқимдан жой олган барча ёш тоифасидаги мусобақалар тўлиқ таркибда ўтказилади.

- Йил сўнгига қадар яна қандай мусобақаларни ўтказиш режалаштирилган?

- 21 ёшгача бўлган футболчилардан таркиб топган термалар ўртасида турнир ўтказилади. Шунингдек, 19 ёшгача футзалчилар иштирокида ҳам. Ва йилнинг сўнг­ги мусобақаси аёллар жамоалари ўртасида бўлиб ўтади.

- CAFA яқин келажакда клублар ўртасида ҳам мусобақа ўтказишни режалаштиряптими?

- Албатта, шундай режа бор. Фақат бунга босқичма-босқич ўтиб борилади. Ҳозир олдимизда турган энг асосий вазифа бу - минтақада болалар ва ўсмирлар футболини янги босқичга кўтаришдан иборат. Бундан ташқари, аёллар футболига ҳам эътибор қаратилади.

- Мусобақалардан ташқари, мураббий ва ҳакамлар учун ҳам семинарлар ўтказиладими?

- Ўн олти ёшгача бўлган терма жамоалар ўртасидаги мусобақа доирасида минтақанинг «B» лицензиясига эга мураббийлари учун ўқув курслари ташкил этилди. Унга ОФК инструктори Ислом Аҳмедов раҳбарлик қилди. Курс якунида мураббийларга ОФК сертификатлари топширилди.

Олдинда 20-31 июль кунлари ўтказиладиган U-15 терма жамоалари ўртасидаги мусобақа доирасида энди ҳакамлар учун ҳам худди шундай ўқув-амалий семинари ташкил этилади. Унда ҳар бир иштирокчи давлатдан, яъни Ўзбекистон, Эрон, Туркманистон, Афғонистон, Қирғизистон ва Тожикистондан биттадан бригада иштирок этади.

Ҳакамлар назарий машғулотлар билан бир қаторда ўйинларни ҳам бевосита бошқаришади.

- ФИФА ва ОФКнинг йиллик тақвим режаси CAFA томонидан мусобақаларни ўтказишда муаммоларни юзага келтирмаяптими?

- Йўқ, бу борада муаммолар йўқ. Биз ҳар икки юқори ташкилотнинг йиллик тақвим режасидан келиб чиққан ҳолда бўш кунларга мусобақалар ўтказишни белгилаяпмиз.

- Келажакда бир пайтлари бўлгани каби миллий терма жамоалар ўртасида ҳам Марказий Осиё чемпионатини ўтказиш режаси борми?

- Шубҳасиз. Бу энг катта лойиҳаларимиздан бири.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 14-августдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz