Қайднома

Қидирув

Криштиану Роналду + «Ювентус» = кони фойда

Криштиану Роналду + «Ювентус» = кони фойда

  28.07.2018 00:15
  0
  2509
Криштиану Роналду + «Ювентус» = кони фойда

Доно «кекса синьора» ўз тарихидаги асосий трансферга қўл уриб, асло адашгани йўқ. Ҳар ҳолда, Криштиану Роналду ҳали майдонга тушмасданоқ сарфланган 105+7 миллион еврони оқлашга тушди.

Умуман, мутахассислар бу ҳамкорликка нисбатан тез-тез «Ҳар томонлама кони фойда» таърифини ишлатишмоқда.

ЕВРОПА ЧЕМПИОНЛАР ЛИГАСИ

Умуман, Роналду трансфери - стратегик юриш бўлиб, «Ювентус» вакилларининг ҳисоб-китоблари бўйича келишув барча йўналишларда фойда келтириши керак. Спорт нуқтаи назаридан олсак, Италия гранди сайёрамизнинг охирги 2 йилдаги энг яхши футболчиси ёрдамида ЧЛда ғалаба қозонишни кўзлагани аниқ.

Эҳтимол, Туринга узоқ кутилган байрамни айнан Криштиану тортиқ этар ҳали...? Тушуниш керак, бунда мантиқ бор: клуб ЧЛ тарихидаги энг яхши футболчини ўз сафига қўшиб олиш орқали шу турнир чўққисини забт этмоқчи.

Дейлик, охирги йилларда Роналдунинг бир ўзи ЧЛда бутун «Ювентус»дан анча яхшироқ статистикага эришган.

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАР

Роналдунинг шахсий мухлислари буюк миграцияси бошланди. Йўналиш тайин: Мадрид - Турин. Йўқ, ҳеч ким ўз кумири ортидан яшаш манзилини ўзгартирмайди, лекин қалбан унга эргашадиган мухлислар жуда кўп. Футболда аудитория учун кескин кураш кетаётганини ҳисобга олсак, «Ювентус» бу борада катта юришни амалга оширди.

Энди «Юве» бренди Криштиану Роналду воситачилигида мисли кўрилмаган даражада оммалашса, ажабмас. Энг асосийси, КриРо мухлислари армияси буёғига «кекса синьора» учун ишлайди. Йўқ, бу шунчаки, қуруқ гаплар эмас. Фактга эътибор қаратинг: Роналду «Ювентус» билан шартнома тузгани расман эълон қилингач, атиги 2 кун ичида «Қироллик клуби»нинг «Твиттер»даги саҳифасидан нақ бир миллиондан кўпроқ обуначи «Ювентус» томон оғди.

Умуман, Италия чемпионининг барча ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари бир неча миллион янги обуначи ҳисобига бойиди. Оддий айтганда, «Ювентус» номли бизнес-структура қўшимча мижозларга ёки камида ўзига мойил улкан аудиторияга эга бўлди.

МЕРЧЕНДАЙЗИНГ

«Юве»нинг фақат виртуал дунё эмас, реал кенгликлар аро ҳам янада машҳурлашиши тайин. Мана, илк кунлардан Роналдуга тегишли клуб футболкалари харидорлар орасида қўлма-қўл бўлмоқда.

Аниқроқ айтсак, биринчи соатда туринликлар ўртача ҳисобда бир сонияда 1та футболка сотишибди - шунчаки, фантастика. 1 дақиқада - 60та, 10 дақиқада - 600та! Айтишларича, «Ювентус» раҳбарияти чамаси бир миллион дона футболка сотишни мўлжаллаган эди, бироқ савдо суръатини ҳисобга олсак, туринликлар орқасига «Роналду» ёзуви туширилган формалардан анча кўп тайёрлашлари керак, чоғи.

Ҳозирча шахсий бренддан фойдаланиш шартлари, хусусан, футболкалар сотувидан тушган даромад қандай тақсимланиши ҳақида маълумот йўқ. Лекин «Юве» португалиялик юлдузга улуш берган тақдирда ҳам, катта фойда кўриши аниқ. 

«А» СЕРИЯСИ

Италия элит лигаси охирги йилларда қаддини анча тиклаб олди, гарчи «Ювентус» қолган иштирокчилардан яққол устун бўлсада. «Кекса синьора» биринчи бўлиб қолишни истамоқда, клуб раҳбарлари шунинг баробарида бутун чемпионат савиясини кўтариш, шу орқали янги ҳомийлар жалб этиш, телеҳуқуқлар баҳосини оширишга уринмоқда.

Ғояга кўра, бошқа клублар секин-аста «Юве» ортидан янги трансферларга қўл уриши керак. Қарабсизки, Италия чемпионати янада кучаяди. Умуман, Роналду трансфери кальчога эътиборни кескин кучайтирса, ажабмас.

ЯНГИ ФУТБОЛЧИЛАР

Асосийси, «Ювентус» мутлақо янги даражага чиқиб, Апенниндаги ҳукмронлигини мустаҳкамлаш баробарида Европа тахтини ҳам ўзиники қилмоқчи. Бунинг учун табиийки, энг мураккаб вазифаларни бажаришга қодир таркиб шакллантириш зарур.

Криштианунинг ўзи билан таркиб мукаммал ҳолатга келмайди, албатта, лекин унинг борлиги кўплаб реал номзодлар билан келишувлар жараёнини автоматик тарзда тезлатиши мумкин. Ҳар ҳолда, ер юзида биринчи рақамли суперюлдуз билан битта жамоада ўйнашни истайдиган футболчилар жуда кўп.

Дейлик, Россия футболининг бош умиди - Александр Головин айнан Роналду трансфери эълон қилинганидан сўнг агенти орқали «Ювентус» вакилларига Турин жамоасидан қўним топишга тайёрлигини билдирибди.

Шунингдек, Марселонинг «Реал» билан хайрлашиб, португалиялик дўсти ортидан Туринга йўл олиши мумкинлиги ҳақида хабарлар бор. Криштиану - афсона, у - машғулотлар жараёнида ҳаммага ибрат, у - чинакам чемпион ва ғалабалар катализатори. Физика қонунларидан маълумки, катта объектлар юқори тортиш кучига эга бўлади, Роналду ҳам шундай...

СОНИЯСИГА 1 ЕВРОДАН КЎП...

Криштиану «Ювентус»да қанча топади? Ушбу трансфер ҳақида яна нималарни билиш керак?

  33 ёшли португалиялик ва «Ювентус» ўртасидаги шартнома 4 мавсумга мўлжалланган бўлиб, 2022 йилнинг ёзида якунига етади. Туринликлар футболчи учун жами 112 миллион евро тўлашади. Умумий суммадан 100 миллиони «Реал» ҳисоб рақамига  2 мавсум давомида ўтказиб берилади. 12 «лимон»га тенг бирдамлик тўлови эса ФИФА қоидалари бўйича амалга оширилади.

  Роналдунинг собиқ клуби - «МЮ» трансфердан 6 миллион евро олади. Футболчининг шахсий агенти - Жорже Мендешга эса чамаси 20-25 миллион евро тегади, лекин бу сумма трансфер баҳосига дахлдор эмас.

  Футболчининг ўзи йилига 30 миллион евро олади. Оддий айтганда, Криштианунинг 1 сониялик иш ҳақи 1 евродан кўп. Роналдунинг вақт бўйича улуши: ҳафтасига - 625000 евро, кунига - 89285 евро, соатига - 3720 евро, сониясига — 1,03 евро.

РОНАЛДУ «РЕАЛ» УЧУН НИМА ҚИЛДИ?

Роналду «Реал»га 2009 йилнинг ёзида ўтганди. Мадридликлар унинг учун «МЮ»га 93,4 миллион евро тўлашган. Португалиялик футболчи шу орада «Қироллик клуби» тарихидаги энг яхши тўпурарга айланди - 451та гол (438та ўйинда).

У жамоада жами 16та соврин ютди, хусусан, ЧЛда 4 марта шоҳсупага кўтарилди. Шахсий ютуқларига келсак, футболчи «Реал» аъзоси сифатида 4та «Олтин тўп» ва 3та «Олтин бутса» ютди.

СЎЗ

- Эҳтимолки, Мадридда ҳаётимнинг энг бахтиёр йилларини ўтказдим. Барчаси учун клубга раҳмат. Фаолиятимда янги босқични бошлаш вақти келганди. Шунинг учун раҳбариятга мурожаат қилиб, мени қўйиб юборишини сўрадим.

Муҳими, «Реал»да 9 йил ўйнадим ва бу давр унутилмас бўлди. Хуллас, ҳамиша ўзимга нисбатан илиқликни ҳис қилдим, «Реал» қалбимни, оилам қалбини забт этди. Клуб, унинг президенти, директорлари, жамоадошларим, шифокорлар, ажойиб ходимлар - барча-барчадан миннатдорман.

Ҳа, кетяпман, лекинбуфутболка, эмблемава «СантьягоБернабеу» менучунҳамишақадрдонбўлибқолаверади. Якунда 9 йил олдинги гапимни яна такрорлайман: Hala Madrid». Криштиану Роналду.

- Криштиану, голларинг, умумий статистик кўрсаткичларинг ва биз билан эришган натижаларинг барчасини айтиб турибди. Хуллас, клуб тарихида ўзингга муносиб жой ҳозирладинг.

«Мадридчи» сифатида сени ҳар доим энтикиб эслаймиз. Бирга ўйнаш ва ишлаш ёқимли бўлди. Келгуси ишларингда омад ёр бўлсин. Серхио Рамос («Реал» сардори).

- Туринга хуш келибсан, Криштиану! Бу ерда ҳам сен билан бирга ўйнаш насиб этишидан хурсандман ва шундай онларни сабрсизлик билан кутяпман. Бу «Ювентус» учун ўзгача кун!» Сами Хедира («Ювентус» ярим ҳимоячиси).

Ҳ. Атавуллаев  тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 14-августдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz