Қайднома

Қидирув

«Қизимга жаҳон кубоги керак эмиш…» (қалб мактуби)

«Қизимга жаҳон кубоги керак эмиш…» (қалб мактуби)

  28.07.2018 06:18
  0
  886
«Қизимга жаҳон кубоги керак эмиш…» (қалб мактуби)

РАҲИМ СТЕРЛИНГДАН ЎЗ ҚИЗАЛОҒИ ВА БУТУН ДУНЁГА ҚАЛБ МАКТУБИ

Англия миллий жамоаси ҳужумчиси мазкур мактубни ЖЧ-2018 арафасида The Players~ Tribune нашрига махсус жўнатган эди. Журналистлар эса уни мундиалнинг гуруҳ босқичи давом этаётган паллада - 22 июнь куни мақола шаклида чоп этишди.

Ўшанда инглизлар мамлакат миллий жамоасининг ўзига хос тавқи-лаънатни енга олиши, яъни ниҳоят, пенальтилар сериясида ғалаба қозонишидан бехабар эдилар. Колумбияликларга қарши кечган 1|8 финал ўйини ўта кескин, муросасиз курашлар руҳида кечди.

Натижа айниқса, Раҳим учун катта аҳамият касб этарди. Боиси, футболчи мундиалга жўнаш арафасида ўзининг эркатой қизалоғига жаҳон кубоги ва 2та Скуби Ду қўғирчоғини совға қилишга ваъда берганди.

Қизча эса акс ҳолда, отаси эмас, Муҳаммад Салоҳга мухлислик қилишда давом этишини таъкидлаган! Демак, энди Раҳимнинг қалбига қулоқ тутамиз...

--------------------------------------

- Қизим озгина инжиқроқ. Вақтида онам бу хислати қачондир бўй кўрсатиши ҳақида алоҳида огоҳлантирганди. Қизим тахминан 6 ёшга тўлгач, инжиқ табиатини намоён эта бошлади - уйни тинмай айланган ҳолда, ниманидир хиргойи қиларди. Ахир унинг отаси эндигина АПЛ чемпионлигига эришган, жамоаси эса мавсумни 100 очкодан кўпроқ тўплаган ҳолда якунлаганди.

Нима, уни шу муваффақият хурсанд қилган, деб ўйлайсизми? Йўқ, йўқ! Қизим 2та Скуби Ду қўғирчоғи эвазига ҳам «Сити»га сотилмайди! Чунки унинг вужуди «Ливерпуль» руҳи билан суғорилган. Ана, у битта хонадан бошқасига ўтган ҳолда, ниманидир минғирламоқда. Худди отасининг болалигидаги каби. Қўшиқ ким ҳақида?

Албатта, «Ливерпуль» ёки Салоҳ ҳақида...  Ишонасизми, у калака қилмоқда. Болалигимда мен айнан шундай эдим. Онт ичаман. Қизим нотаниш кишига бир оғиз ҳам гапирмайди. Чунки аввал ўша одамни обдон ўрганиши, унга ишонч ҳосил қилиши лозим. Бордию, ишончига кирсангиз, қизим ҳеч нарсани яширмайди.

Стерлинглар табиати шунақа. Айтингчи, сизга ишониш мумкинми? Яъни кўнглимни очиб, ўз тарихимни ҳикоя қилсам бўладими? Газета ва спорт сайтларини мунтазам ўқиб юрадиган киши бўлсангиз, «Раҳим ҳақида ҳамма нарсани биламан», деб ўйлайсиз.

Лекин бунга ишончингиз комилми?  Агар ишончингиз мустаҳкам бўлса, мактубни ўқишдан кўра, фойдалироқ юмуш билан шуғулланишингиз маъқул.

--------------------------------------

- Отамни ўлдириб кетишганида, атиги 2 ёшли чақалоқ бўлган эканман. Мусибат кейинги ҳаёт йўлимизни белгилаб берди. Онам мен ва опамни Ямайкада қолдириб, ўзи Англияга йўл олди - ўқиш ва илмий унвон олиш учун. Чунки оила таъминоти ёлғиз унинг зиммасида қолганди.

Натижада иккимиз бир неча йил бувим назоратида яшадик. Кўчада онаси билан сайр қилиб юрган болани кўрсам, беихтиёр унга ҳавас билан қарардим, ойим нима учун бунчалик узоққа кетиб қолганини сира тушунмасдим. Тўғри, бувим жуда меҳрибон эди, бироқ онамнинг йўқлиги сезилиб турарди, барибир.

Бахтимга, кейинчалик ҳаётимга футбол кириб келди. Бир куни кучли ёмғир ёғди. Барча болалар кўчага чиқиб, тўп тепа бошладилар. Шу-шу кўлмакда тўп суришни ёқтириб қолганман. Кўлмакдан сачраган илиқ томчилар - Ямайкага оид ёрқин хотира! Ҳа, айтганча, баъзан бувим мени сийлаб турадиган анорли музқаймоқ ҳам!

Биласизми, қайси шаҳарга борсам, айнан шундай музқаймоқ қидираман. Лекин Ямайкадан бошқа ҳеч қаерда йўқ экан. Энди билдимки, мен у ёқда томоғимни музқаймоқ билан яхлатиб юрганимда, ойим туну-кун тинмай меҳнат қилган. 5 ёшимда опам ва мени Лондонга жўнатишди.

Афсуски, ҳаётимиз янада оғирлашди - бегона юрт, бегона маданият. Ойим топган-тутганини рўзғорга сарфларди. Хуллас, тенгдошларим орасида энг қашшоғи мен эдим. Онам баъзан меҳмонхонада тунги фаррош бўлиб ишлаш орқали мактабда ўқишимни таъминлаган. Тонг саҳарда, ҳали хўроз қичқирмасидан олдин ҳожатхоналарни тозалаш учун Стонер-брижга борганимиз кечагидек ёдимда.

Тўғри, қайтишда ойим мени шоколад билан сийларди. Автомат ёнига яқинлашганимизда, «Баунти»ни ёқтиришимни билгани боис, тугмачани дарҳол ўзи босарди. Машаққат билан кечган ҳаётимиз давомида англаб етганим шуки, Стерлинглар оиласидаги ягона бойлик уларнинг ўзлари экан!

--------------------------------------

- Одатдагидек, бўш вақтимни асосан тўп тепиш билан ўтказардим. Бироқ кўпроқ уйда шуғуллаганим боис, рўзғор буюмларидан айримлари синиб турарди. Кўчада ўйнашга эса онам рухсат бермасди - опам ва мени еру-кўкка ишонмас, хавф-хатардан ҳимоя қиларди.

Лондонда фақат бир йигит - Клив Эллингтон билан кўришиб турардим. Дам олиш кунлари у туманимиздаги болакайларни тўплаб, музейлар, аттракционлар ёки снукер ўйнашга олиб борарди. Клив мен учун ота ўрнини босган ягона эркак эди.

Бир куни у савол билан юзланди: «Раҳим, нима билан шуғулланишни хоҳлайсан?» Ҳеч ўйлаб ўтирмай, жавоб бердим: «Футбол, фақат футбол билан!» Клив давом этди: «Менинг жамоам бор - якшанба лигасида қатнашади. Истасанг, сафимизга қўшилишинг мумкин».

Таклифдан эсим оғаёзди - наҳотки, уйда, ҳаттоки, ҳовлида ҳам эмас, чинакам жамоада тўп сурсам-а...». Шу лаҳзадан эътиборан бутун фикру-хаёлим футбол бўлиб қолди. Ҳақиқий тобелик. Тўлиқ ва абадий тобелик...

--------------------------------------

- 11 ёшга тўлганимда, «Фулхэм» ва «Арсенал» клублари скаутлари эътиборига тушдим. Бола эканманда, ўзимни суперклубда ҳис этиб, ўртоқларимга мақтана бошладим. Бироқ онам ҳафсаламни пир қилди: «Кўрикка бормайсан. Тамом!»

 У «Нима? Нега?» қабилидаги саволларимга жавобан вазминлик билан тушунтирди: «Ўғлим, ҳали ҳеч қайси клуб сафига қўшилганинг йўқ. «Арсенал»да битта ўринга 50 нафар даъвогар борлигини биласанми? Улар нафақат маҳоратли, балки имкониятлари ҳам юқорироқ. Тушун, кучга тўлиб, тажриба тўплашинг учун камтарроқ жамоани танлашинг лозим».

Бироқ онамни тушунмадим, барибир. Унинг ўзини донолардек тутиши ёқмади. Хуллас,  «КПР» академиясига жойлаштирганларида, йиғладим, ҳаттоки, онамдан қаттиқ ранжидим. Боз устига, Хитроу тумани уйимиздан жуда олис бўлгани учун доимо опам билан бирга юришга мажбур эдим.

Натижада дўстларим калака қиладиган бўлишди. Машғулотларга 3та автобусда қатнаш жонимга теккан бўлсада, кейинроқ айнан шу «КПР» шундоққина уйимиз ёнида қад ростлаётган янги «Уэмбли»га йўл очиб беришини тушундим.

Бу камтарин жамоа ноёб иқтидорлари билан мақтанолмасада, ўсмирлар термаси мураббийлари эътиборига тушдим ва илк учрашувдаёқ Шимолий ирландияликлар дарвозасига 2та гол урдим. «Дубл»ни ТВ орқали кўрсатишди, газеталарда мен ҳақимда ёза бошлашди. Қисқаси, бирданига машҳур бўлиб кетдим. Ана шунда онамнинг ақл-заковатига яна бир марта қойил қолдим.

«Ливерпул»дан таклиф олганимда эса, унинг нақадар қувонганини таърифлаб беролмайман. Ахир онам ўзини, бутун куч-қуввати ва асабларини менинг истиқболимга сарфлади, бечора опам эса доимо тиқин автобусда менга ҳамроҳлик қиларди.

Шукрки, ниҳоят, ана шу машаққатлар мукофотини бериш имкониятига эга бўлдим - азизларимга янги уй харид қилдим. Бироқ бу совғанинг аҳамияти битта «Баунти»чалик ҳам эмас!

--------------------------------------

- Ҳа, оиламда ажойиб қиз улғаймоқда. Мен эса онажонимни хотиржам қилмоқчиман: «Ана шу қизалоқ мени худди сиз каби талабчанлик билан тарбиялаяпти». Қаранг, Муҳаммад Салоҳни унутиб, менинг мухлисамга айланиши учун 2та Скуби Ду қўғирчоғи камлик қилар эмиш.

Унга яна жаҳон кубоги керак экан! Хўш, бунисига нима дейсиз? Ие, автобусимиз йўлга чиқяптику, шошмасам кечикаман. Кўришгунча!

СЎЗ

- Мана, ҳаётимда муҳим ўрин тутувчи икки яқинимга янги, шинам уй совға қилдим. Бу миннатдорлик туйғуларимнинг арзимас бир томчиси, холос.

Унинг муҳимлиги битта «Баунти»чалик ҳам эмас!  Раҳим СТЕРЛИНГ.

Содиқ Собир тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz