Қайднома

Қидирув

«Реал Мадрид»га қувват «Урал»

«Реал Мадрид»га қувват «Урал»

  29.07.2018 00:10
  0
  769
«Реал Мадрид»га қувват «Урал»

Ҳа, бу янгиликдан хабардор бўлгач, беихтиёр «Йўғ-е?!» деб юборишингизга кафилмиз: Испанияда «Урал» номли жамоа  бор!

Кўпчилик эътиборидан четда қолишининг асосий сабаби шуки, бу жамоа ёш иқтидор соҳибларини тарбиялаш билан машғул. Жумладан, ҳозир «Реал» шарафини ҳимоя қилаётган Лукас Васкес «Урал»да камолга етган.

Хўш, Россиядаги пурвиқор тоғ билан испан клуби ўртасида қандай умумийлик бор? Қуйидаги ҳикоя шу ҳақда.

География сабоғи

1961 йил. Ла-Коруньядаги мактабларнинг бирида таҳсил олаётган 15 ёшли Аугусто Сесар Лендойро география ўқитувчисининг машҳур тоғлар хусусидаги ҳикоясини жон-дили билан тинглар, вужуди қулоққа айланганди. Айниқса, «Урал» ўзининг бетакрор табиати ва салобати билан чигитча қалбида ўчмас из қолдирганди.

Болалигидан спортга, жумладан, футболга меҳр қўйган Лендойро кейинчалик унча кенг тарқалмаган роликли хоккейга муносиб совға сифатида «Лицей» клубини очди. Лекин асосий хоббиси бўлмиш футбол ривожини пайсалга солиб ўтирмади - 1962 йилда ўзи тўп сурадиган кўча футболи жамоасидан ҳаваскорлар клубини шакллантирди.

Шу тариқа клубга ном танлаш зарурати туғилганида эса кўп ўйлаб ўтирмади - «Урал»! Жамоа рамзи ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлди - чайкаларга тўла осмон остида ястаниб ётган муаззам тоғ 16 ёшли оловқалб йигитнинг футболга нисбатан романтик муҳаббатидан дарак берарди.

Айнан шу муҳаббат ва ёшлик шижоати клубнинг жадал ривожланишини таъминлади. Молиявий имкониятлар чекланган даврда ана шу фидойилик кўпгина муаммоларнинг калити бўлди.

Галисиянинг энг яхши клуби

Профессионал фаолиятни орзу қиладиган болакайларга ёрдам бериш, уларни мамлакатнинг етакчи жамоалари савиясига олиб чиқишни ёш президент «Урал»нинг устувор йўналиши сифатида қабул қилди. Табиийки, у биринчи навбатда Ла-Коруньянинг бош жамоаси - «Депортиво» таркибини иқтидорли ёшлар билан кучайтиришга интилди.

Тез орада ўсмирлар ўртасидаги Испания чемпионатида 3-ўринни эгаллаган жамоа мунтазам равишда Галисия провинцияси етакчилари сафидан жой олмоқда. Шу билан бирга, таълим тизимининг талаб даражасида бўлишига ҳам катта эътибор берилмоқда - 1977 йилда тўлақонли мактабга асос солинди.

1997 йилда эса «Урал» 1200 рақобатчи орасида Галисиянинг энг яхши клуби унвонига сазовор бўлди. Мазкур юксак натижа жамоанинг расмий сайтидан жой олиб, ёш иқтидор соҳибларини рағбатлантиришга салмоқли улуш қўшмоқда. Яъни маҳорат бобида ўзини кўрсатган ёш футболчилар айнан шу сайтда интервью бериб, машҳурлик борасида ўз улушларини оладилар.

Бугунги «Урал»да 400 нафар боладан ташкил топган 23та жамоа фаолият юритмоқда. Юқорида айтилганидек, клуб асосан «Депортиво»ни малакали кадрлар билан таъминлашга хизмат қилади.

Қандайдир бегона харидорлар пайдо бўлса, «Депор» эътироз билдириш ҳуқуқига эга. Яқинда «Сельта» ўзбошимчалик билан «Урал» тарбияланувчиларидан бирини ўз томонига оғдиришга уриниб, якунда «Депор»дан узр сўрашга мажбур бўлди.

«Олтин «Депортиво» асосчиси

«Урал» вилоятнинг бош жамоасини футболчилар билан таъминлашдан ташқари, малакали мутахассисларни ҳам етказиб беради. 1988 йилда Лендойро «Депортиво» президенти лавозимини эгаллади. У пайтда жамоа 600 млн. песетлик қарз ботқоғига ботган, 2-дивизионни тарк этишдан аранг қутулиб қолганди.

Дон Аугустонинг кўмаги билан элитага чиққан жамоа 1995 йилда кумуш медалларни қўлга киритди, 2000 йилда ўз тарихидаги илк чемпионликни расмийлаштирди. Шаҳарнинг 300 мингдан ортиқ аҳолиси тун бўйи кўчаларда юксак унвонни нишонлади.

Лендойро даврида (1988-2013) «Депортиво» бир неча марта ЕЧЛда тўп сурди. Бебето, Паулета, Ривалдо, Макай, Тристан, Валерон, Амависка каби юлдузлар унинг шарафини ҳимоя қилишди.

«Реал» учун юлдузлар

«Урал»нинг яна бир фахри - Франсиско Буйо. Афсонавий дарвозабон 6 марта Испания чемпиони бўлган, Евро-1984да кумуш медалларни қўлга киритган, Москва-80 Олимпиадаси иштирокчиси. У Ла-Коруньяда туғилиб-ўсди, 14 ёшида «Урал»дан жой олди. Нафақат сўнгги чизиқда, балки ҳужумчи позициясида ҳам муваффақиятли тўп сурди.

Битириш мавсумида жамоанинг энг яхши тўпурари номини қўлга киритди. Кейин «Депортиво» либосида 200дан ортиқ учрашув ўтказди. «Мальорка» ва «Севилья»даги фаолиятидан сўнг «Реал» дарвозасини 400 марта ҳимоя қилди. 10 йил давомида ўз постини ҳеч кимга бермади! Буйонинг портрети клуб музейи кўрки бўлиб турибди.

«Қироллик клуби»нинг ҳозирги таркибида тўп сураётган Лукас Васкес ҳам «Урал» «маҳсулоти». Жамоанинг ЕЧЛдаги сўнгги муваффақиятида Васкеснинг улуши салмоқли бўлди. Жумладан, айнан у ишлаган пенальти туфайли «Реал» «Ювентус» тўсиғидан ўтди.

Ярим финалда ҳам Лукас «Бавария»га қарши самарали тўп сурди. Тўғри, иқтидорли ярим ҳимоячи Мадрид суперклубининг нуфузли турнирдаги иккита финалида майдонга туша олмади. Лекин «шалпангқулоқ» кубокни қаторасига уч марта қўлга киритган футболчилар сафидан жой олди.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz