Қайднома

Қидирув

Жанни Инфантино: «Мундиал иштирокчилари сони ортса, сифат бузилмайди»

Жанни Инфантино: «Мундиал иштирокчилари сони ортса, сифат бузилмайди»

  29.07.2018 06:13
  0
  224
Жанни Инфантино: «Мундиал иштирокчилари сони ортса, сифат бузилмайди»

Мундиал якунлари бўйича ташкил этилган матбуот анжуманига волонтёрлар кийимида ташриф буюрган ФИФА президенти Жанни Инфантино 77 дақиқа мобайнида турли мамлакатлардан ташриф буюрган журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

- Ғаройиб жаҳон чемпионати гувоҳига айландик, - дейди ФИФА раҳбари. - Бир-икки йил аввал ҳам шундай бўлишини таъкидлагандим, энди эса ишончим янада ортди. Асосий актёрлар, албатта, майдонда жавлон уришди - ўйинчилар, мураббийлар ва ҳакамлар. Барча 32 жамоани табриклайман.

Улар бизни яна орзу қилишга ундашди. Айниқса, финалгача етиб келган Франция ва Хорватия учун хурсандман. Хорватия ва Бельгия кичик мамлакатлар деган тушунчанинг аҳамиятсиз эканлигини исботлашди. Барчасини ўйин сифати белгилайди. Турнир ташкилотчиларига ҳам катта раҳмат айтмоқчиман.

- Россия мундиали - футбол тарихидаги энг яхшиси, дедингиз. Гапларингизга исбот келтира оласизми?

- Стадионлар 98 фоизга тўлди. Бошқа мамлакатлардан миллионлаб ишқибозлар ташриф буюришди. Финални 3 миллиарддан ортиқ телетомошабин кузатди. Допинг-текширувларда қоидабузарликлар аниқланмади. Фақатгина битта ўйин 0:0 ҳисобида якунланди.

20 йилдан буён футболдаман, аммо бундай ташкилотчиликни кўрмаганман: аэропортлар, стадионлар, хавфсизлик. Ажойиб дўстона муҳит ҳукм сурди. Бу фақат менинг фикрим эмас.

- Жаҳон чемпионати олдидан Россия президенти билан учрашдингиз, энди эса бу мамлакатни кўпчилик ёқтириб қолганини айт-япсиз. Допинг ва бошқа жазолар «қурбон»лари бунга қандай қарашлари керак? Қандайдир меъёр ўрнатилганми?

- Дунёда адолатсизлик кўп кузатилади. Айрим жараёнлар биз хоҳлагандек кечмайди. Эътирозимизга сабаб бўлаётган, ўзгартиришга муҳтож жиҳатлар кўп. Бу муайян мамлакат эмас, балки бутун жаҳонда рўй бермоқда.

Ниманидир ўзгартирмоқчи бўлсак, алоҳида суҳбат ўтказиш лозим, айнан диалог - тўғри қарорлар асосидир. Ҳозир жаҳон чемпионати ҳақида гапиряпмиз. Масалалар ечимига қўшадиган ҳиссамиз ушбу машҳур ўйинга боғлиқ. Футбол ёрдамида ўтмишни ўзгартиролмаймиз, аммо ёрқин келажакка замин ҳозирлашимиз мумкин.

Сайёрамизда муҳим қарорлар чиқараётган шахслар бизга қулоқ тутишса бўларди. Балки футболда амалга ошираётган ишларимиз уларни руҳлантирар? Демак, ушбу мундиал орқали қўшаётган улушимиздан унумли фойдаланишимиз даркор.

- ЖЧ-2018да Европа термалари ўзларини кўрсатишди - ярим финалда фақат шу қитъа вакиллари қатнашишди. Бундай ҳолатда ФИФА қандай чора қўллаши мумкин?

- Европадан ҳам, Жанубий Америкадан ҳам жаҳон чемпионлари чиққан. Аввалги мундиалларда Бразилия ва Аргентина ҳам зафар қучишган. Келинг, Хорватияни футбол ривожининг локомотиви сифатида қабул қиламиз.

Муваффақият замирида ўйинчилар тайёргарлиги, муайян мамлакатдаги футболга бўлган эътибор ётибди. Бундай мисоллар бошқа жамоалар учун мотивация вазифасини бажариши лозим.

- Кўпчиликнинг танқидига йўлиққан Неймарнинг ўйинига қандай баҳо берасиз?

- Биринчи навбатда, унинг буюк ўйинчи, футбол афсонаси эканлигини таъкидламоқчиман. Неймар ҳақида ёмон сўз айтолмайман. Ўйлашимча, келажакда у нималарга қодирлигини янада ёрқинроқ намойиш этади.

- Аргентина термаси ва Лео Мессининг ўйини ҳақида нима дея оласиз?

- Бутун дунё Аргентинадан кўп нарса кутганди. Аммо бу жамоа ўта қизиқ кечган 1|8 финал баҳсида Францияга ютқазди. Ишончим комилки, кейинги мундиалда биз янада кучлироқ Аргентинанинг иштирокини кўрамиз.

Месси фантастик ўйин намойиш этди. Бу футболчининг яна ўн йил давомида юқори савияда тўп суришига шубҳа қилмайман.

- Ўйинлар ўтказилаётган пайт турли давлатларнинг раҳбарлари билан ёнма-ён ўтирасиз. Улар билан нима ҳақида суҳбатлашасиз?

- Улар ҳам тирик инсонлар. Ўз жамоаларига мухлислик қилиш, қувонишни хоҳлашади. Албатта, футбол ва ҳис-ҳаяжонлар ҳақида гапиряпмиз. Бундай паллада ҳакам вазифасини ўташга тўғри келади - кимнидир юпатиш, бошқасини табриклашимиз керак.

- ФИФА видеоассистентлар тизими(VAR)нинг ишидан қандай хулоса чиқарди?

- Биз бу тизимни икки йил аввал синовдан ўтказгандик. Дастлаб унга қарши чиққандим, аммо ўйлаб қолдим: текширмасдан туриб баҳо бериш тўғрими? Шу тариқа VARни жаҳон чемпионатида ишлатиб кўришга қарор қилдик.

Натижалар - ижобий. 62та ўйинда 19 марта ушбу тизимга мурожаат этилиб, 16та ҳолатда у ҳакамнинг тўғри қарор чиқаришига ёрдам берди. Бу - ўсиш дегани! VAR футболдаги ҳолатларни ўзгартирмайди, шунчаки, ўйинни адолатли ва тушунрали қилишда асқотади.

Айнан шу тизим туфайли 99,32 ҳолатда тўғри қарор чиқарилишини таъминладик. Авваллари ҳакамлар «офсайд» ҳолатида урилган голларни пайқамай қолган бўлсалар, энди бунақаси кузатилмайди.

Шунингдек, атайин ишлатилган қўполликлар туфайли қизил карточка кўрсатиш ҳолати ҳам кўп кузатиларди, энди эса уларнинг сони сезиларли камайган. Футболчилар қайсидир рақибига тирсаги билан зарба йўллашдан аввал буни ҳамма кўриши мумкинлиги ҳақида ўйлашади.

Майдондаги ҳакам кўрмаса ҳам, видеоассистентлар нигоҳидан қочиб бўлмайди. Португалия ва Эрон жамоалари ўртасидаги ўйинда Роналдунинг ҳолатини эсланг. Видеотакрорлардан сўнг рефери Криштиануга сариқ карточка кўрсатди.

Агар ҳакам унинг рақиб юзига зарба берганини кўрганида, четлатиш гувоҳига айланардик. Жаҳон чемпионатига VAR тизимини татбиқ этганимиздан хурсандмиз. Энди йирик турнирларни усиз тасаввур қилиш қийин бўлади. Адолат қарор топмоқда. Биз бунга интилдик ва ниятимизга етдик.

- Мия чайқалиши билан боғлиқ жароҳатларнинг ортаётганига қандай қарайсиз?

- Спортчининг соғлиғи - жуда муҳим, бу масалага жиддий ёндашамиз. Тиббий экспертларимиз барчасини таҳлилдан ўтказишди. Футболчи майдонга қайтадими ёки йўқ, буни фақат жамоа шифокорлари ҳал қилишади. Бундай вазиятларни яна бир неча марта кўриб чиқиб, уни ўнглашга интиламиз.

- Бутун дунё Таиланддаги ғорга қамалиб қолган ёш футболчиларнинг ҳолатини кузатиб борди. Уларни Москвадаги финал учрашувига таклиф қилганингиздан хабаримиз бор, аммо шифокорлар қўйиб юборишмади.

Балки Қатарда ўтадиган ЖЧ-2022 финалига ташриф буюришар?

- Ушбу воқеа барчамизга таъсир қилди. Ахир бу футбол жамоаси. Қатарга таклиф қилиш ғояси ажо-йиб. Мазкур масалани ўйлаб кўрамиз.

- ФИФАнинг ривожланаётган мамлакатларга ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ режалари борми?

- Албатта, бор. Шахсан ўзимда ҳар куни 10га яқин ғоялар туғилади ва бу ҳолат қўл остимдаги ходимларнинг ҳаётини қийинлаштиради (кулади). Тўғри, ғояларнинг 99 фоизи қандай пайдо бўлса, шундайлигича қолиб кетаверади.

Биз бутун дунёда футбол сифатини оширмоқчимиз, ёшлар ўртасидаги мусобақаларга инвестиция йўналтиришни ўйлаяпмиз. Ўз навбатида, клублар ўртасидаги жаҳон кубоги бўйича янги режаларимиз бор, аёллар футболини ҳам ёддан чиқармаяпмиз.

Ахир Ер сайёраси аҳолисининг 50 фоизини аёллар ташкил этади. Демак, уларга ҳам адолат юзасидан муносабат билдириш лозим.

- ЖЧ-2018да кўпчилик пул ишлади: сиз, мен, ҳамкасблар, футболчилар, мураббийлар. Фақатгина волонтёрлар текинга ишлашди, боз устига, тонгдан оқшомга қадар.

Ўйлашимча, бу нотўғри. Қатарда ўтадиган ЖЧ-2022 пайтида бундай меҳнатлар ҳам муносиб рағбатлантирилиши ҳақида ўйламаяпсизми?

- Бутун дунёдаги барча спорт тадбирлари кўнгиллилар кўмагида ташкиллаштирилади. Қаранг, менинг эгнимда ҳам волонтёрлар курткаси. Улар ФИФА президенти ва кўмак олган барчанинг ҳурмати ва миннатдорчилигига сазовор бўлишди.

- Нима сабабдан 2026 йилги жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини 48тагача ошириш ҳақида қарор чиқарилди? Сизнингча, бу футбол сифатини кўтаришда иш берадими?

- Ушбу масалани астойдил кўриб чиқдик ва ФИФА кенгаши жамоалар сонини 32тадан 48тагача оширишга қарор қилди. Ёдингизда бўлса, дастлабки чемпионатларда 12та терма қатнашган. Кейинчалик ушбу кўрсаткич 16тага, сўнгра 32тага етди. Энди эса 48та бўлади.

Бу ФИФАга аъзо федерацияларнинг 25 фоизидан ҳам кам. Хабарингиз бор, Чили, Италия, АҚШ, Камерун, Туркия сингари жамоалар ЖЧ-2018 финал босқичидан четда қолди. Мана сизга жавоб. Сифат эса юқорилигича қолаверади.

Финалга Хорватия чиқиши мумкинлигини ким тахмин қилганди? Панама мундиаллардаги дастлабки голини ургач, ушбу мамлакатдаги болалар футбол мактабларига кириш ҳаракатига тушишди.

- Қатар-2022 ўтказиладиган сана ҳақида аниқ маълумот берсангиз.

- У 21 ноябрда бошланиб, 18 декабргача давом этади. Умид қиламизки, ўйинчилар яхши формада бўлишади, зеро мундиал мавсум бошларига тўғри келади. Европа ва бошқа қитъалардаги лигаларни бу борада огоҳлантирганмиз.

- Қатардаги мундиалда нечта жамоа қатнашиши бўйича якуний қарор қачон эълон қилинади?

- Ушбу мамлакатлар вакиллари билан ўтказиладиган музокаралардан сўнг маълум бўлади. Биз барча вариантларни кўриб чиқишга тайёрмиз.

- ЖЧ-2026 учта давлат - АҚШ, Канада ва Мексика стадионларида ўтади. ФИФА барча ташкилотчилик масалаларини ҳал қила олармикан?

- Бунга шубҳа қилмайман. Бу учта мамлакат жаҳон чемпионатини ўтказишга тайёр ҳолга келтирилади.

- Балки турли қитъаларга бериладиган квоталар сонини ўзгартириш керакдир?

- Сиз Африкадан 30та, Европадан 2та жамоа қатнашишини хоҳлайсизми? Унда африкаликлар катта эҳтимол билан финалга чиқишади. ЖЧ-2018да Сенегал ва Нигерия ёрқин футбол намойиш этишди.

Ҳозирги пайтда қўлланилаётган иштирокчилар квотаси тузилганига анча йиллар бўлди, у тарихий аҳамиятга эга. Ушбу кўрсаткич 48тага етганида кўп нарса ўзгаради.

Ўшанда «қора қитъа»дан 9тагача терма жамоа мундиалда қатнашиши мумкин. Мабодо, жаҳон чемпионати Африкада ўтказилса, қатнашчилар сони 10та бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

- ЖЧ-2026 АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказилиши ҳақида сўз борди. Ушбу факт ЖЧ-2030га Уругвай, Парагвай ҳамда Аргентина мезбонлик қилиши мумкинлигини инкор этмаса керак?

- Аризалар жуда кўп бўлади, аммо бу ҳолат якуний қарор чиқаришга таъсир ўтказмаслигига ишончим комил.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 14-августдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz