Қайднома

Қидирув

«Харизма»ли хорват ёхуд «Бавария»нинг янги бош мураббийи ҳақида

«Харизма»ли хорват ёхуд «Бавария»нинг янги бош мураббийи ҳақида

  30.07.2018 06:41
  0
  1232
«Харизма»ли хорват ёхуд «Бавария»нинг янги бош мураббийи ҳақида

«Яна бу ерга қайтганимдан, «Бавария» мени бош мураббий сифатида қабул қилганидан беҳад мамнунман» - Мюнхен суперклубининг янги устози ҳақидаги ҳикоямизни унинг матбуот анжуманидаги кириш сўзи билан бошладик.

Муқаддима

Нико Ковач «Бавария»нинг бош мураббийи лавозимига таклиф этилгач, унинг фаолияти хусусида кўпгина мақолалар чоп этилди. Улардан фарқли ўлароқ, биз мураббийнинг бошқа касбдошларидан ажралиб турадиган хислатларига тўхталишни маъқул кўрдик.

Ака-укалар

Нико ҳамда Роберт Ковачлар мураббийлик соҳасида оилавий тандемни ташкил этишган. Бунақаси футбол оламида кам учрайди. Улар биргаликда тўп суришди, энди қўлни-қўлга берган ҳолда футболчиларга устозлик қилишмоқда. Ҳамкорлик Зальцбургда бошланиб, Хорватия терма жамоаси ва «Айнтрахт»да давом этди. Энди навбат «Бавария»га келди.

Никонинг Мюнхен гранди бош мураббийлигига тайинланиши баҳордаёқ маълум бўлганди. Матбуот анжуманида Ковач жанговар руҳиятини намойиш этди: «Қандай масъулиятни зиммамга олаётганимни сезиб турибман. Муваффақиятга эришиш йўлини яхши биламан. Мен ҳам, укам ҳам хизматга шаймиз».

Ака-ука тандемида ҳар қайси мутахассиснинг ўз ўрни, вазифаси бор. Никонинг ўз шогирдларини руҳлантира олиш қобилияти экспертлар томонидан эътироф этилган, Роберт эса - тактика устаси.

У фақат жамоа услуби хусусида бош қотиради, акасининг «соя»сида қолиб кетаётганидан хафа бўлмайди.

Ғолиблик руҳияти

«Требл» қайд этилган 2012|2013 йиллар мавсумидан кейин «Бавария»да икки марта мураббий алмашди. Юпп Хайнкеснинг илк ворисига айланган Гвардиола икки мавсумда 2та Германия кубоги ва 3та «кумуш товоқ»қа сазовор бўлди. Лекин ЕЧЛда қаторасига 3 марта ярим финалларда Испания гранд­ларидан енгилди, «шалпангқулоқ» Мюнхенга қайтмади.

Оқибатда Хайнкеснинг кубоги сўнгги халқаро совринлигича қолди. Шу тариқа шартномани узайтирмаган Гвардиола ўрнини Карло Анчелотти эгаллади. Бир қарашда «Милан»ни 2, «Реал»ни 1 марта халқаро майдонда ғолибликка олиб келган италиялик мутахассис немис гранди учун муносиб номзоддек туюлганди. Бироқ унинг «Бавария»си нуфузли турнирни чорак финалдаёқ тарк этди.

Тўғри, ички мусобақада ғолиб чиқди. Аммо 5 карра чемпион «Бавария» учун бу мақтанишга арзийдиган натижа эмасди. Клуб мутасаддилари дон Карло илк мавсумини ўтказаётганини инобатга олиб, яна имкон беришди. Бироқ янги мавсумда ҳам ўзгариш сезилмади.

Раҳбарият мавсум якунини кутиб ўтирмай, Анчелотти билан хайрлашди, Юпп Хайнкес раҳбарлигида «Бавария» яна шоҳсупага кўтарилди. Лекин ЕЧЛдаги омадсизликка чек қўйишни фахрий мураббий ҳам уддалай олмади. Мутасаддиларнинг ҳамкорликни давом эттириш ҳақидаги таклифларини рад этган Хайнкес футболдан чарчагани, кексалик даврини оила даврасида ўтказишини маълум қилди.

Гвардиола ҳамда Анчелоттининг халқаро ареналардаги омадсизликларини аксарият мутахассислар футболчиларнинг жароҳатлари билан изоҳлашади. Аслида, ўйинчиларнинг жисмоний тайёргарлиги талаб даражасида бўлмаган. Шу боис, жамоа мавсумнинг якуний босқичида толиқиб қоларди.

Ковачнинг шогирдлари эса шу пайт­гача доимо ажойиб спорт формасида бўлишган. Ўйлашимизча, хорватиялик мутахассис Мюнхендаги фаолиятини жисмоний тайёргарликка катта эътибор қаратишдан бошлайди.

Қувват тугаган жойда руҳият бошланади

Руҳият, аниқроғи, жамоавий руҳият, ҳар бир беллашувда сўнгги сонияларгача курашиш иштиёқи - Нико Ковач жамоаларига хос фазилат. «Айнтрахт» айнан шу хислат туфайли Бундеслига тубидан юксакликка кўтарилди.

Ундаги ирода ва жанговарлик ёзда бўлиб ўтган Германия кубоги баҳсида ҳам яққол кўзга ташланди - Никонинг шогирдлари бўлажак жамоаси - «Бавария»ни маҳв этишди. Яъни, мураббий франк­фуртликлар билан унутилмас совғани тақдим этган ҳолда хайрлашди.

Ваҳоланки, «Бавария» ўйиндан аввал ҳам, учрашув давомида ҳам яққол фаворит бўлганди. Ҳа, «Айнтрахт» гранддан нуфузли совринни тортиб олди. Дарвоқе, Ковачнинг немис суперклубидаги дебюти Германия Суперкубоги учун «Айнтрахт»га қарши баҳсда нишонланади.

Ковач қўғирчоқми?

Мураббийнинг Мюнхенга ўтганлиги эълон қилингач, ижтимоий тармоқларда танқидий фикрлар «болалаб» кетди. Табиийки, Ковач бунга ўз муносабатини билдирди: «Муҳокама қилинаётган мавзу ғашимга тегиши аниқ. Чунки мен ҳам инсонман».

Танқидчилар Никонинг топ-клуб тажрибасига эга эмаслиги, «Бавария» руҳидан йироқлиги ва раҳбарият итоаткор мутахассисни топиш ниятида эканига урғу беришмоқда. Таъкидлаш жоизки, «Бавария» «қон»и Ковачга бегона эмас - у бир неча йил жамоада тўп сурган.

Итоаткор қўғирчоқ борасидаги танқиднинг ўринсиз эканини эса қуйидаги воқеа исботлай олади: Россия мундиалида муваффақиятли тўп сураётган Анте Ребичнинг «Бавария»га ўтиши хусусидаги журналистлар саволига спорт директори Ҳасан Солиҳамиджич салбий жавоб қайтарди:

«Жамоа таркиби талаб даражасида». Янги бош мураббий эса аксинча фикр билдирди: «Анте - ажойиб ўйинчи. У билан аввал ҳам ишлаганман. У «Бавария»га жуда мос тушади».

Хўш, бу ёғига нима дейсиз? Нико қўғирчоқми? Ишончимиз комилки, Ковач сўзининг уддасидан чиқа оладиган мутахассис. Боз устига, «Бавария»ни янада қудратлироқ жамоага айлантиришини қайта-қайта таъкидламоқда. Унга ишонмаслик учун қўлимизда ҳеч қандай далил йўқ.

Нега энди аввалига Кастильядан бошқа жамоани кўрмаган Зидан «Реал»ни қаторасига 3 марта ЕЧЛ шоҳсупасига олиб чиққанида, Ковач бу ишни «Бавария»да такрорлай олишига ишонмаслигимиз керак?

Трансферлар борасида Нико яна шундай деди: «Трансфер бозори ёз фаслининг охиригача давом этади. Шундай экан, раҳбарият билан қизғин иш олиб боришни инкор этмайман. Мақсадим - ҳозирги таркибни имкони борича сақлаб қолиш.

Бу борада Левандовски билан гаплашиб, менга кераклигини тушунтирдим. Бу юлдуз ҳужумчи билан ҳамкорлик қиладиган кунларни интиқлик билан кутяпман».

Эътиборлиси, Ковач бўлажак трансферларни инкор этмаган ҳолда мавжуд таркибдан воз кечмоқчи эмас! Мураббийнинг узоқни кўзлаб иш тутишини шундан ҳам билиб олса бўлади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, трансфер мавсумида кимдир жамоани тарк этади. Марказда ўйнайдиган ўйинчиларнинг кетиш эҳтимоли юқорироқ.

Қолаверса, Нико ротацияни ёқтирадиганлар тоифасидан. Шундай экан, захира ўриндиғининг узунроқ бўлиши - айни муддао. Мураббий шу тариқа мавсум давомида ёш иқтидор соҳибларини кўпроқ жалб этиш имкониятига эга бўлади.

Ёшлик ва тажриба уйғунлиги

Янги мавсумнинг «Бавария» ва Ковач учун қандай кечишини вақт кўрсатади. Ҳозирча мураббий ўзининг клубга кераклигини таъкидламоқда. Трансфер борасида зид фикр билдирган Ҳасан Солиҳамиджич Никонинг бош мураббий этиб та­йинланиши хусусида шундай деди:

«Нико Ковачни сафимизга қўшиб олганимиздан мамнунман. Олдинда бизни улкан муваффақиятлар кутиб турганига ишончим комил».

Ҳа, айтганча, Юпп Хайнкесга 2017|2018 йиллар мавсумида ёрдам берган Петер Херманн 1 сентябрдан бошлаб Нико Ковач штабида ёрдамчи мураббий сифатида фаолиятини давом эттиради.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz