Қайднома

Қидирув

Фаолияти охирларини Осиё ва АҚШда давом эттирган юлдузлар (фотогалерея)

Фаолияти охирларини Осиё ва АҚШда давом эттирган юлдузлар (фотогалерея)

  31.07.2018 00:21
  0
  1877
Фаолияти охирларини Осиё ва АҚШда давом эттирган юлдузлар (фотогалерея)

Андрес Иньестанинг Япония чемпионатида пайдо бўлиши ушбу лиганинг нуфузини оширишда асқотиши тайин. Албатта, бундай тажрибани биринчи марта кўраётганимиз йўқ.

Турли йилларда футболи унчалик ривожланмаган мамлакатлардаги клублар дунё миқёсидаги юлдузларни ўз сафларига қўшиб олишган.

Бугун худди шундай ўзига хос «гастрол»да юрган юлдузлар ҳақида сўз юритамиз.

ЎЗБЕКИСТОН

Дастлабки юлдуз: Ривалдо

Афсонавий бразилиялик ҳужумчи фаолиятини 2015 йили 43 ёшида якунлаган. Аммо бунга қадар юртимизда маҳоратини кўрсатишга ҳам улгурди.

«Бунёдкор»нинг гуллаган даврида Ривалдонинг ҳам таркибда бўлгани мамлакатимиздаги стадионларда мухлислар ташрифини кескин оширгани айни ҳақиқат. У Тошкентда икки мавсум тўп суриб, икки марта (2008, 2009 йилларда) Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди.

АҚШ

Дастлабки юлдузлар: Пеле, Франц Беккенбауэр, Эйсебио, Жорж Бест, Йохан Кройфф

Умуман олганда, футболи унчалик ривожланмаган мамлакатларга ташрифни биринчилардан бўлиб Пеле бошлаган. «Сантос»даги 18 йил фаолиятдан сўнг (1956-1974) у Шимолий Америкага кўчиб ўтди.

Қиролни «Нью-Йорк Космос»да қучоқ очиб кутиб олишди. Жиддий молиявий муаммолар сабаб АҚШга боришга рози бўлган бразилиялик ҳужумчи жаҳоннинг энг кўп маош олувчи футболчисига айланди ва 1997 йили ушбу мамлакат чемпионлигига эришди.

Пеледан сўнг АҚШга дунё футболининг кўплаб юлдузлари ташриф буюришди - Франц Беккенбауэр (айнан «Космос»га 1977-1980 йилларда), Эйсебио (1975-1978 йиллар мобайнида тўртта турли клубда тўп сурди), Жорж Бест (1976-1981 йилларда учта клубда ўйнади), Йохан Кройфф («Лос-Анжелес Ацтекс» - 1979, «Вашингтон Дипломатс» - 1980-1981).

Футбол иммигрантларининг иккинчи тўлқини XXI аср бошларига тўғри келиб, уни «Реал Мадрид»дан «Лон-Анжелес Гэлакси»га ўтган Дэвид Бекхэм бошлаб берди. Англиялик юлдуз АҚШда етакчилардан бирига айланиб, жамоасининг кўплаб совринлар ютишида кўмаклашди - MLS кубоги, мунтазам чемпионат ва Ғарбий Конференцияда «плей-офф» йўлланмаси.

2012 йил якунларига кўра Бекхэм мавсумнинг энг яхши футболчиси деб тан олинди. Кейинчалик мазкур лигада Кака, Давид Вилья, Себастьян Жовинко, Дидье Дрогба ва кўплаб машҳур ўйинчилар тўп суришди.

ЯПОНИЯ

Дастлабки юлдузлар: Зико, Жоржиньо, Бебето,  Дунга

«Кунчиқар юрт» чемпионатида эса бразилияликларга иштиёқ баланд. Ҳозир ҳам лиганинг энг қиммат футболчиси бразилиялик - ҳужумчи Жо («Нагойя Грампус») - 4 млн. евро. Японияда юлдузлар орасида биринчи бўлиб Зико тўп сурган. У 1991 йили ушбу мамлакатга ташриф буюриб, 1993 йили «Кашима Антлерс» сафида чемпионликка эришган.

Мазкур клуб стадионининг кириш қисмида бразилиялик афсонага атаб ҳайкал ҳам ўрнатилган. Унинг ортидан Жоржиньо («Кашима Антлерс» - 1995-1998), Дунга («Жубило Ивата» - 1995-1998) ҳамда Бебето («Кашима Антлерс» - 2000) ҳам «Жей-лига»да фаолият юритишди. «Порту», «Зенит» ва «Шанхай СИПГ»даги ўйинлари орқали яхши таниш Халк ҳам машҳурликка эришмаган пайтлари Японияда ўйнашга улгурган.

САУДИЯ АРАБИСТОНИ

Дастлабки юлдузлар: Роберто Донадони, Бебето, Андрей Канчельскис, Христо Стоичков

1981 йили Марио Загалло Ар-Риёднинг «Ал-Наср» клубида бош мураббийлик қилган бўлса, футболчилардан биринчи бўлиб 1997 йили «Барселона»ни тарк этган болгариялик ҳужумчи Христо Стоичков Саудияга ташриф буюрганди.

Кейинчалик у Япония ва АҚШда ҳам тўп сурди ва барча клубларда соврин ютди - Осиё кубок эгалари кубоги соҳиби-1998 («Ал-Наср»), J-лига кубоги-1999 («Кашива Рейсол») ва MLS кубоги-2000 («Чикаго Файр»). Саудия Арабистонида бошқа юлдузлар ҳам фаолият юритишган: Роберто Донадони («Ал-Иттиҳод» - 1999-2000), Бебето («Ал-Иттиҳод»-2002), Андрей Канчельскис («Ал-Ҳилол»-2003).

ХИТОЙ

Дастлабки юлдузлар: Николя Анелька, Фабио Рошембак, Карлос Тевес

Бугунги кунда Хитой клуби машҳур юлдузга йирик суммага эга таклиф жўнатиши ҳеч кимни ажаблантирмай қўйди. Ваҳоланки, бир неча йиллар аввал вазият мутлақо бошқача эди. 2012 йили Франция термасининг собиқ ҳужумчиси «Челси»ни «Шанхай Шенхуа»га алмаштиргани миллионлар ўйинига бефарқ бўлмаган кўпчиликни шок ҳолатига туширганди.

Аммо маълум бўлишича, у биринчи қалдирғоч бўлган экан, холос. Анельканинг ортидан йирик маблағ иштиёқидаги бошқа футболчилар ҳам Хитойга йўл олишди. Бунга мисол тариқасида Аксель Витсель ва Халкнинг «Зенит»дан Чин юртига трансфер қилинганликларини кўрсатиш мумкин.

Шунингдек, Аргентина термаси форварди Карлос Тевес ҳам ушбу чемпионатга мослашиб, икки йил ичида етарлича пул ишлаб, қадрдон «Бока Хуниорс»га қайтиш тараддудини кўрди.

БАА

Дастлабки юлдузлар: Жорж Веа, Давид Трезеге, Фабио Каннаваро

Либериянинг ҳозирги президенти фаолиятини якунлаш мақсадида 2001 йили Бирлашган Араб Амирликларига ташриф буюриб, «Ал-Жазира» футболчисига айланганди. Тўғри, у икки йил ичида ушбу чемпионатда атиги 8та ўйин ўтказди, холос. Шунга қарамай, ўз ҳисобига 13та гол ёздириб қўйди.

Бутсаларини михга илганидан кейин эса гуманитар ва сиёсий фаолият билан шуғулланишга қарор қилди. Шунингдек, БААда 1998 йилги жаҳон чемпиони Давид Трезеге («Бани Яс» - 2011) ҳамда 2006 йилги жаҳон чемпиони Фабио Каннаваро («Шабаб Ал-Аҳли» - 2010-2011) қисқа муддат бўлсада тўп суришди.

ҚАТАР

Дастлабки юлдузлар: Хосеп Гвардиола, Ромарио, Франк Лебёф, Штефан Эффенберг, Габриэль Батистута, Марсель Десайи

2003 йили Қатар чемпионатига жаҳон юлдузлари ёғилди. Хосеп Гвардиола «Брешия»дан кетгач, икки мавсум (2003-2005) «Ал-Аҳли»да ўйнаб, сўнгра Мексикага йўл олди. «Ал-Араби»га эса бирданига икки машҳур футболчи келишди - Габриэль Батистута (2003-2005) ва Штефан Эффенберг (2003-2004).

Аргентиналик тўпурар бу ерда ҳам нималарга қодирлигини кўрсатди - илк мавсумдаёқ 18та ўйинда 25та гол урди. Эффенберг кетганидан кейин эса яна учта учрашувда майдонга тушиб, профессионал фаолиятини якунлашга қарор қилди.

Ўз навбатида, «Ал-Садд» таркибида Ромарио (2003 йили «Флуминенсе»дан ижара асосида) ҳамда Франк Лебёф (2003-2004) ҳам кўриниш беришди. Улар дастлабки мавсумнинг ўзида жамоа билан мамлакат чемпионлигини қўлга киритишди. Француз кейинчалик Қатарнинг бошқа бир клуби - «Ал-Вакра» сафига қўшилиб, 2005 йили шайх Яссим кубоги соҳибига айланди.

Бундан ташқари, 1998 йилги жаҳон чемпиони Марсель Десайи ҳам ушбу мамлакатда икки йил тўп сурди. 2005 йили «Ал-Гарафа» билан олтин медалларга эга чиқди.

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz