Қайднома

Қидирув

Луис Энрике: «Ўз услубимиздан четлашмаймиз»

Луис Энрике: «Ўз услубимиздан четлашмаймиз»

  31.07.2018 06:15
  0
  1322
Луис Энрике: «Ўз услубимиздан четлашмаймиз»

Испания қироллик футбол федерацияси аввалги ҳафта мамлакат миллий жамоасининг янги бош мураббийи - Луис Энрикени оммага расман таништирди.

Тадбирдан унумли фойдаланишга уринишган журналистлар эса «Барселона»нинг собиқ устозига саволлар билан «ҳужум» уюштиришди. Лекин Энрике барчага хотиржам ҳолда жавоб қайтарди.

ЖЧ-2018даги омадсизлик ҳақида

- Ортда қолган воқеаларни обдон таҳлил қилишимиз керак. Шуниси аниқ - Лопетеги ва Йерро жамоада ажойиб иш олиб боришди. Миллий жамоа масъуллари ва федерация президентидан етарли маълумотлар олдим. Менга «муваффақиятсизлик» ибораси ёқмайди.

Мундиалдаги салбий натижа барчамизни янада кучли қилади, менимча. Энди қандай ишлашни биламиз. Лекин инқилоб кутманглар - терма жамоа таркиби бўйича жиддий ўзгаришга қўл урмайман. Зеро, кимдир 32 ёшида ҳам барқарор ўйнайди, бошқаси эса 30 ёшида фаолиятини якунлайди.

Футболчилар билан мунтазам гаплашишга мойилман. Ҳа, улар мендан ёшлар. Лекин мулоқот - қизиқ жараён. Табиийки, айрим вазиятларни ўзаро муҳокама қиламиз. Тўғри, якуний қарорни ўзим чиқараман. Вазифам - йигитларга оддий нарсалар - майдонда нима қилишларини ўргатиш.

Ҳозирча ҳеч қайси футболчи билан гаплашмадим. Лекин ишончим комил, бизда ижрочилар борасида муаммолар туғилмайди. Мана, иқтидорли ёшлар бош кўтаришмоқда. Асосийси, ўз услубимизни ўзгартирмаймиз.

Яъни ҳужумкор ўйин ва тўп назоратига кўпроқ эътибор қаратамиз. Жамоада мени ва иш принципларимни яхши биладиган йигитлар етарли. Тез орада таркибни эълон қиламан. Шунда балки бир қатор «сюрприз»ларга ҳам гувоҳ бўларсиз...

ОАВ билан мулоқот ва ўйин услуби ҳақида

- Биздан кўп нарса кутишмоқда. Буни яхши тушунаман ва профессионалликни сақлаб қолишга ҳаракат қиламан. Умидворманки, матбуот билан ҳам яхши алоқа ўрнатаман. Бу борада ҳеч қачон муаммога учраган эмасман.

Ўйинимизни тобора кучайтириб, биринчи навбатда, ҳимоядаги камчиликларни бартараф этишимиз лозим. Бундан ташқари, захира ўриндиғини имкон қадар «узайтириш» керак. Яна жаҳон чемпионатидагидан фарқли ўлароқ, голли вазиятларни кўпроқ яратиш устида ишлаш талаб этилади. Умуман, олдинги мураббийлар ҳам шуни исташган.

Пике ва Иньеста билан боғлиқ вазият ҳақида

- 2 йил олдин Пике терма жамоадан кетиш ҳақида ўйлаганди. Лекин кейин фикрини ўзгартириб, ортга қайтди. Ҳозир ҳар бир футболчига умид боғлаяпман, жумладан, Пикега ҳам. Зеро, Жерарнинг қандай жонкуяр эканлигини яхши биламан - у барчасини аллақачон исботлаб бўлган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, биз футболчилар қарорига ҳурмат билан ёндашишимиз керак.

Умуман олганда, ҳеч қайси ўйинчи ҳақида алоҳида гапиришни истамайман. Терма жамоанинг бирор вакили билан ўртамизда қандайдир муаммо йўқ. Кейинги ўйин учун таркиб эълон қилиш вақтини интизор кутяпман. Аммо иш маромига мослашиб олишим учун маълум вақт керак.

Иньестага келсак, у футболчилик фаолиятимнинг илк босқичиданоқ менга худди туғишган укадек бўлиб қолган. Кейин «Барселона»ни бошқарганимда ҳам, менга катта ёрдам берди. Шундай экан, Андреснинг ҳар қандай қарорини ҳурмат қиламан.

Таркиб ҳақида

- Айни пайт кенгайтирилган рўйхат тайёр ва унга Испания терма жамоасида ўйнаши мумкин 70 нафар номзод киритилган. Улар орасида дебютантлар ҳам, кўпинча эътибордан четда қоладиганлар ҳам, ҳар доим терма сафида ўйнайдиганлар ҳам бор.

Терма  жамоада ишлаш учун барча шароитлар яратилган. Ишончим комил, жамоага қандайдир янгилик олиб кирамиз. Лекин энг муҳими - футболчиларнинг терма жамоа шарафини ҳимоя қилиш истаги, албатта.

Ёшлар ва VAR тизими ҳақида

- Ҳамиша ёш футболчиларга катта эътибор қаратганман. Дейлик, «Сельта»ни бошқарганимда, Санти Мина ўзини кўрсатганди. Ёшлар жамоага кўп нарса беришлари мумкин.

Ўйлашимча, VAR тизими футболга керак. Ҳар ҳолда, ўйинда ҳакамликка боғлиқ хатолар камаяди. Бу эса яхши...

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz