Қайднома

Қидирув

Бегоналар орасидаги қадрдон: Тьерри Анрининг мураббийлик фаолияти ҳақида

Бегоналар орасидаги қадрдон: Тьерри Анрининг мураббийлик фаолияти ҳақида

  02.08.2018 06:39
  0
  1356
Бегоналар орасидаги қадрдон: Тьерри Анрининг мураббийлик фаолияти ҳақида

Мозий мулкига айланган ЖЧ-2018 нафақат мухлису мутахассислар, балки мусобақа қатнашчиларига ҳам олам-олам қувонч улашди. Албатта, «бахт» тушунчасини ҳар ким турлича талқин қилади.

Шахсан менинг фикримча, Россиядаги футбол байрамидан энг кўп завқ-шавқ олган киши Тьерри Анри бўлди. У 1998 йили ўз юртида Франция терма жамоасининг ёш ҳужумчиси сифатида жаҳон кубогини боши узра баланд кўтарганди.

20 йилдан кейин Тьерри юртдошларининг навбатдаги тарихий зафарларига гувоҳ бўлди, ўзи эса Роберто Мартинеснинг ассистенти сифатида Бельгия термасининг бронза медалларига сазовор бўлишига муносиб ҳисса қўшди.

Мундиал баҳонасида ана шу бахтиёр инсоннинг фаолиятини ёдга олишни лозим топдик.

ЛЕЗ-ЮЛИСДАН КЛЕРФОНТЭНГА ҚАДАР

Евро-1984 финалида Мишель Платини ва Брюно Беллоннинг Испания дарвозасига йўллаган жавобсиз тўплари Францияда қизғин нишонланаётган пайтда Тьерри ҳали 7га ҳам тўлмаганди.

Париж яқинидаги Лез-Юлис шаҳарчасида тўпни қўлтиқлаб олганича осмондаги ёрқин мушакбозликка маҳлиё бўлган болакай қачондир шундай ранг-баранг тантананинг сабабчиси бўлишни дилига тугиб қўйди. «Болалигимдан кулранг манзарадан кўнг­лим қолган. Биз тўп сурган майдон атрофидаги уйлар, уларнинг деворлари айнан шу кўримсиз тусда эди», - деганди Анри кейинчалик.

Бўлажак юлдузнинг онаси Мартиникадан, отаси эса Гваделупедан бўлиб, Францияга фаровон ҳаёт илинжида келишганди. Ўшанда Мариз Тьеррига ҳомиладор эди. Отаси - Антуан бўш пайтларида футбол ўйнаб турарди. Тез орада жажжи Тьерри отасига тақлид қила бошлади.

Сал ўтмасдан шунчалик қизиқиб қолдики, ўзидан икки ёш катта болалар билан тенгма-тенг ўйнайдиган бўлди. Кейинчалик 13 ёшли вундеркинд «Вири-Шатийон» клуби таркибида 26 марта майдонга тушиб, 76та гол урди.

«У тўп билан олдинга ташланган пайтда ҳеч ким тўхтатиб қола олмасди», - деганди Тьеррининг биринчи мураббийи Клод Шезель.

Анри ўзининг футболдаги илк қадамларини амалга оширган пайтдан отаси унинг доимий мухлиси бўлди. Гарчи улар кейинчалик кам кўришадиган бўлиб қолишган бўлса ҳам. Тьерри 8 ёшга чиққанида жуфт­лик ажрашиб, болакай онаси билан Орсе туманига кўчиб ўтди.

14 ёшга тўлганида Анри 3 йил аввал очилган Клерфонтэн академиясига қабул қилинди. Мамлакатнинг энг машҳур масканида у Николя Анелька, Вильям Галлас ва Луи Саа каби иқтидор соҳиблари билан ёнма-ён сабоқ олди.

ВЕНГЕР БИЛАН ТАНИШУВ

Ўзининг 16 ёшини нишонлаш арафасида Тьерри «Монако» скаутлари назарига тушиб, Арсен Венгерни қизиқтириб қолди. Князлик клубининг ўша пайтдаги бош мураббийи кўп ўйлаб ўтирмади - 1993 йилда Анри «Монако» ёшлари сафидан жой олди.

1994 йилнинг ёзида эса, икки ҳафта аввал 17 ёшини байрам қилган иқтидорли ҳужумчи асосий таркибдаги дебютини нишонлади. Тўғри, илк учрашувлар омадсиз кечди - жамоа ўз майдонида «Ницца»дан енгилди. Ваҳоланки, ўшанда Лилиан Тюрам, Эммануэль Пети ва Юрий Жоркаефф каби номдор футболчилар Анри билан ёнма-ён тўп суришганди.

«Монако» кейинги ўйинда ҳам очко ололмади: «Гавр» - 0:1. «Ренн» билан нурсиз дуранг (0:0) қайд этилгач, мутасаддилар Венгерни истеъфога чиқаришди. Бир амаллаб ўз ўрнини сақлаб қолган Анри эса, Жоркаеффнинг узатмасини фантастик голга айлантирди. Аммо ўша паллада 4 йилдан сўнг уни қандай муваффақият кутаётганидан ҳам, Арсен Венгер билан яна учрашишидан ҳам ёш ҳужумчи бехабар эди.

ЖАҲОН ФУТБОЛИ ТОЖИ

Шундан кейин Анрининг ишлари юришиб кетди. Хусусан, 1996 йилда бўлиб ўтган 18 ёшгача футболчилар ўртасидаги Европа чемпионати финалида у ягона голи билан Испания устидан ғалабани таъминлади. Шу тариқа Франция Малайзиядаги ЖЧ-1997 йўлланмасини қўлга киритди.

Тўғри, мусобақа ёш ҳужумчи ва унинг жамоаси учун нисбатан муваффақиятсиз ўтди. Чорак финалда пенальтилар сериясига кўра (1:1, 6:7) Уругвайга имконият бой берилди. Ўшанда гуруҳ бос­қичи Бразилиянинг «тарсакиси» (0:3) билан бошланганди. 20 ёшли Анри эса турнирни 3та гол билан муддатидан аввал тарк этганди.

Бироқ бир йилдан сўнг ёш тўпурар ўз юртида ташкил этилган ЖЧ-1998нинг ҳал қилувчи баҳсида айнан 3:0 ҳисобидаги ғалаба билан Бразилияни тиз чўктирганлардан бири бўлди, жаҳон тожи илк бора Франция мулкига айланди. Шу тариқа қаҳрамонимиз ёрқин мушакбозликнинг энг фаол сабабчиси сифатида болалик орзусини рўёбга чиқарди.

Тарихий зафардан сўнг ярим йил ўтгач, Анри «Ювентус» таклифига сазовор бўлди. Лекин Турин суперклубида ёрқин ўйнай олмади - дастлабки голини нишонлаш учун 11 марта майдонга тушишига тўғри келди. 20 учрашувда бор-йўғи 3та гол ургач, муҳитни ўзгартиришга қарор қилди.

Айни пайтда Анелькани «Реал»га қўйиб юборган «Арсенал»да ҳужумчига эҳтиёж туғилганди. Арсен Венгер «тўпчилар»да юзага келган бўшлиқни Анри билан тўлдиришни лозим топди.

Лондондаги 8 йиллик фаолияти давомида Тьерри кимлар учундир «кумир», бошқаларга афсона мақомига кўтарилди. Мухлислар ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, «Арсенал» тарихидаги энг яхши футболчи мақомини олди. Жамоа унинг етакчилигида икки марта шоҳсупага кўтарилди.

Айниқса, 2003|2004 йиллар мавсумидаги зафар унутилмас таассурот қолдирди -  «тўпчилар» уни мағлубиятсиз ўтказиб, энг яқин таъқибчи - «Челси»дан 11 очкога ўзиб кетишди. 2005 йилнинг октябрида франциялик мерган голлари сонини 185тага етказиб, Иан Райт томонидан ўрнатилган «абадий» рекордни янгилади.

2007 йилнинг ёзида эса сермаҳсулликни 226тага етказиб, «Барселона»га йўл олди. Бир неча йилдан сўнг Тьерри Каталония гранди таркибида «Арсенал»га қарши майдонга тушганида, «Эмирейтс» уни гулдурос қарсаклар билан кутиб олди.

Анрининг эътирофига кўра, «Барселона»га у футболнинг айрим жиҳатларини Гвардиоладан ўрганиш ва шахсий коллекциясида етишмаётган сўнгги соврин - ЕЧЛ кубогини қўлга киритиш учун борганди. Шундан кейин тўпурар навбатдаги орзуси - Нью-Йорк томон йўл олди.

Фаолияти давомида ёзги таътилни Анри шу шаҳарда ўтказиб, уни ёқтириб қолганди. Якунда футболчи «Нью-Йорк Ред Буллз» билан шартнома имзолади. 2012 йилнинг ёзида «Арсенал»га бир ойлик ижарага келиб, Англия кубоги финалида «Лидс» дарвозасини ишғол этди.

Кейин у Аршавиннинг узатмаси эвазига лондонликларга охирги голини бағишлади. Шундан кейин океан ортида МЛС мухлисларига ҳам ўнлаб голлар ҳадя этди ва 2015 йил арафасида фаолиятини якунлади.

Икки йил аввал Роберто Мартинеснинг таклифига биноан Бельгия терма жамоаси мураббийлар штабидан жой олган афсона «қизил иблислар» сафида янги соҳадаги фаолиятини бошлади. Унинг асосий вазифаси - бельгиялик футболчиларга ўзи ёқтирган ва севиб ижро этган ҳужумкор футболни сингдириш.

Анри бу вазифани қай даражада уддалай олганига эса, мундиал давомида барчамиз гувоҳ бўлдик - турнирда ёрқин ўйинларни намойиш этган Бельгия ўз тарихида илк марта мундиал совриндорига айланди!

Тўғри, асосий фаворит - Бразилия устидан ишончли ғалабага эришган жамоа ярим финалда ҳам зафарли юришини давом эттириши мумкин эди. Бироқ Анрининг ватандошлари катта қийинчилик билан бўлсада, кичик ҳисобдаги устунликни сақлаб қолишди.

Хўш, Россия мундиали қаҳрамонимизга қандай кайфиятни инъом этди? Очиғи, бу борада аниқ маълумотга эга эмасмиз. Лекин тахминимизча, ҳозир Тьерридан кўра бахтлироқ инсон бўлмаса керак.

Боиси, собиқ терма жамоасининг иккинчи бор шоҳсупага кўтарилиши Франция осмонини нурафшон қилди, Бельгия эса фақат ўз устозининг жамоасини енга олмади!

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz