Мазкур мулоҳазаларни қоғозга туширишдан аввал, битта расмий маълумот эътиборимизни тортди. Гап шундаки, Халқаро чемпионлар кубоги доирасидан ўрин олган ва Жозе Моуриньога ёқмаган «МЮ» - «Ливерпуль» учрашувини стадионда 101254 нафар америкалик мухлис кузатибди.
«Беназир»ни таажжублантирган шунча мухлис еврофутболни жонли равишда кўриш учун пулини аямаган. Чунки улар Муҳаммад Салоҳ ёки ўзлари ёқтирган бошқа бир футболчининг ҳар доим ҳам АҚШ майдонида тўп сурмаслигини жуда яхши билишади.
Албатта, юлдуз ижрочилар ўйинини кўравериб, кўзи тўйган Жозе Моуриньони норасмий мақомдаги баҳс қизиқтирмаслиги табиий. Мегаюлдузлар ташрифига интизор мухлислар кўнглидаги ҳаяжонларни «юлдузлар фабрикаси»га бош бўлган «Беназир» қаердан билсин?
Қолаверса, ўша баҳсда «МЮ» йирик ҳисобда енгилди. Мағлубият ҳар қандай ҳолатда аламли. Рақиб ғалабасини эътироф этган мағлуб кўнглида алам олови ловуллаб туради, барибир. Биз «Навбаҳор» - «Пахтакор» учрашувидан сўнг икки жамоа мухлиси ўртасидаги суҳбатга қулоқ тутдик.
«Навбаҳор» мухлисининг «Ўйин ҳаққоний бўлди-а?» - қабилидаги саволига пойтахтлик меҳмон бироз қизишиб жавоб қайтарди: «Сизни ғалаба билан табриклайман! Лекин ака, бундай савол берманг, ичим ёниб кетяпти.
Ўйин тугади. Янги баҳсни кутамиз. Ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғу...». «Навбаҳор» мухлиси меҳмоннинг елкасига қоқди ва унга оқ йўл тилади.
Ҳа, ҳаммаси тушунарли. «Интрига»сиз, баҳс-мунозараларсиз, тарафкашликсиз футболнинг қизиғи йўқ. Мағлубият алами боис, кўзлардан ёш тирқиратган, ғалаба онларида осмонларга олиб чиққани учун ҳам футбол спорт ўйинлари подшоси ҳисобланади.
Сўзимиз аввалида «МЮ» - «Ливерпуль» учрашувини бежиз эсламадик. «Навбаҳор» - «Пахтакор» қарама-қаршилиги бугун биз учун шундай мақомда. Балки ундан ҳам юқорироқ аҳамиятга эгадир. ХЧК ўйинлари узоқ ўлкаларда гуллаб-яшнайверсин. Бизга ҳозирча «лочинлар» ва «шерлар»нинг шундоқ кўз ўнгимиздаги ўзаро муросасиз курашлари муҳимроқ, қадрлироқ.
Яқиндагина бир-бири билан баҳслашаётган наманганлик, фарғоналик, қўқонлик, андижонлик мухлисларни «Навбаҳор» - «Пахтакор» учрашуви бирлаштирди. Демак, футболимизда янгича мақомдаги рақобат шаклланмоқда. Собиқ иттифоқ даврида «Пахтакор» Москва клубларига қарши ўзгача руҳда тўп сурарди.
Ўша донгдор «Спартак», «Динамо» К., «Торпедо», «Локомотив» каби клублар «Пахтакор» стадионида тўлқинланаётган 40-60 минг кишилик мухлислар дарёси шаштидан ҳаяжонланарди, ҳайиқарди. Назаримизда, энди шундай миссия Наманганга кўчди. «Навбаҳор» ўз майдонида пойтахтнинг ҳар 3та клубини енгди.
Гарчи сафарда «Пахтакор»га ҳам, «Локомотив» ва «Бунёдкор»га ҳам имконият бой берилган бўлсада, наманганлик мухлислар пойтахтимиздаги учрашувларда қизиқарли кечишига муносиб ҳисса қўшишди. Илҳом Мўминжонов «Бунёдкор» - «Навбаҳор» баҳсини томоша қилиш учун Тошкентга борган «Навбаҳор» мухлисларига бежиз миннатдорчилик билдирмади, ахир.
Зеро, бошқа жамоаларда мухлисларнинг пойтахтга оқими бу даражада кузатилмайди. «Миллий» стадионидан мағлубият алангасида ёниб чиқиб, Қамчиқ довонида юксакликка боққан мухлислар армиясини фақат «Пахтакор» устидан қозониладиган ғалабагина тинчлантирарди.
Ўйиннинг мақоми ва аҳамиятини шундан ҳам билиш мумкинки, «шерлар»нинг Ғуломжон Ҳамидов, Эргашбой Йўлдошев, Тўлқинжон Миралиев, Абдували Абдураҳимов каби жонкуяр мухлислари бир кун аввал Наманганга етиб келишди. «Навбаҳор» стадиони 15-секторига кириш жойида пойтахтликлар кайфиятига разм соламиз.
Ана, Ўткирбек Эшмуродов «Менинг нуроний мухлис биродарим!» дея Ғуломжон Ҳамидовни бағрига босяпти. Равшанбек Муслимов тўйга айтиб, домланинг қўлига таклифнома тутқазди. «Навбаҳор»нинг навқирон мухлислари узоқ йўл босиб, ўйинга келган отахон ишқибозларни олқишлашди: «Омад! Бизга ҳам сизларнинг ёшингизда мухлислик қилиш насиб этсин!»
Қойил! Мухлислар ўртасидаги ўзаро яқинлик, самимий эътироф футболимизда янги уфқларни очишига ишончимиз комил. «Сафар учрашувларига борадиган мухлислар сони ошишига эришдик! Ҳаммаси Бобур Қобулович Шодиевнинг оқилона йўл-йўриқлари, Дмитрий Александрович Адисманнинг ажойиб ижрочилик маҳорати натижаси!» - дейди Илҳомжон Яквалхўжаев мамнуният билан.
Футболимизга шундай муҳит зарур эди. Ажойиб атмосфера - ҳар икки клубнинг хизмати. Қарс икки қўлдан чиқади. Ўз олдига катта мақсадларни қўйган «Пахтакор» учун алоҳида эътирофга сазовор мухлислар армияси мавжуд. «Навбаҳор» каби рақибнинг бўлиши - айни муддао.
Ёруғ манзилларни кўзлаётган «лочинлар» учун «шерлар» шижоатидан устун чиқиш - чинакам байрам. «Навбаҳор» стадионидаги сирли қудратнинг моҳияти шундаки, бунда зукко мухлислар футболчилар ҳаракатини тартибга солишади, ўйинни санъаткорона бошқаришади, унга таъсир ўтказишади.
Бунақаси бошқа жойда кузатилмайди. Шундай муҳит учун ҳам футболни севса арзийди. Ўйин якунлангач, бир-бирларига омад ва ҳордиқ тилаб, тарқалаётган мухлисларни кузатар эканмиз, ўзларини Абдулла Раҳимов ва Шерали Жўраев деб таништирган ички ишлар ходимлари «Ака, ҳали бундан ҳам яхши бўлади. Футбол томошаси эртанги меҳнат ва тараққиёт учун куч бағишловчи манбага айланади!» - дейишди қониқиш билан.
Муҳтарам мухлис! Бу сафар ўйин атрофидаги мулоҳазалар билан мақоламизни якунламоқчи эдик. Лекин икки мухлиснинг учрашувга муносабати фикримизни ўзгартирди. «Пахтакор» тарафдори Эргаш ака Йўлдошевнинг фикрича, Драган Черан, Баҳром Абдураҳимов каби футболчилар ишончни оқлашмади, Шота Арвеладзе эса муҳим учрашув учун таркиб танлашда адашди.
Учрашувдан аввал «Навбаҳор» ғалабасини комил ишонч билан айтиб, кўпчиликни ҳайратлантирган Темур Тўрабоев эса Илҳом Мўминжонов зўр мураббий эканлигини таъкидлади. «Бу сафар бошқа дарвозабонни туширди-а?» - дея биздан сўради у киши.
Тасдиқ ишорасини олгач, завқ билан ҳайқирди: «Шахмат тили билан айтганда, буни от юриш дейдилар!» Бўлди! Бизнингча, шу кифоя! Келажакда Ўзбекистон «дерби»си мақомини олиб, фуббол дунёсига машҳур бўладиган рақобат хусусидаги баҳс-мунозараларнинг охирига етиш қийин...
Муҳаммад Вали
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20