Қайднома

Қидирув

Мамлакатимизга хусусий клублар кераклиги аниқ!

Мамлакатимизга хусусий клублар кераклиги аниқ!

  02.08.2018 00:21
  0
  2159
Мамлакатимизга хусусий клублар кераклиги аниқ!

Бундан чамаси бир йилча муқаддам Ўзбекистон футболига хусусий футбол кераклиги ва унинг истиқболдаги ҳолати ҳақида атрофлича мулоҳаза юритгандик. Бугунги кунга келиб давлат улуши саналган йирик корхоналар томонидан молиялаштирилаётган Суперлиганинг бир қатор клубларида молиявий муаммолар бўй кўрсатаётгани сир эмас, бу ҳақда кўп гапирилмоқда.

Футболдаги «хусусий мулк» атамаси тушуниш нуқтаи назаридан у қадар мураккаб эмас. Бугун футболимиз айнан мулкдорлар аралашувига эҳтиёж сезаётгани ва профессионал клубларни хусусийлаштириш зарурияти хусусида яна бир бора тўхталиб ўтмоқчимиз.

Мақолада футболга оид қабул қилинган сўнгги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳам мурожаат этилган.

КИРИШ ҚИСМИ

Англия Премьер-лигаси ёки Европа Чемпионлар Лигаси баҳсларини кузата туриб, беихтиёр ўйлаб қоламиз: «Бизнинг клублар қачон хусусий бўларкин, қачон шу даражага чиқаркин?» Ҳар кимнинг хаёлидан шу қабилидаги фикрлар кўп бора ўтгандир. Германия ёки Испанияда футбол мухлислари ўзлари ёқтирган жамоани бошқаришда катта ҳуқуқларга эгалар.

Ҳаттоки, баъзи лигаларда гранд жамоаларнинг «филиали», ўринбосарлар клублари ва ҳоказо турлари мавжуд. Буларнинг барчаси муайян мамлакатдаги футбол қонунчилигида кўрсатилган имкониятлар асосида йўлга қўйилган. 

Мана, «Милан»нинг хитойлик хўжайинлар қўлидан америкалик кредиторлар ихтиёрига ўтиб кетгани мисолида ҳам футболда хусусий клублар ҳукмронлик ўрнатишга уринаётганини кўриш мумкин. «Фулхэм» ва «Монпелье» каби ўртамиёна клубларни бемалол трансферларга қўл уришга ундаётган, эртанги кунга умид билан қарашига асос бераётган омил айнан шу - ЭГАСИ БОРЛИГИ.

Табиийки, одатда ҳар бир лойиҳа учун бизнес-режа тузилаётган пайт ундан фойда олиш кўзда тутилади. Стартаплар (қисқа муддат операцион фаолият  юритадиган компания) кичикроқ ҳудуд ва базани мўлжаллаб тузилади. Бизда ҳам футболни янги инновациялар ва стартаплар билан янада бойитиш, мазмунан ўзгартириш мумкин.

Албатта, банклар томонидан бериладиган кредит ва ҳамкорларнинг шахсий маблағи ҳам бу борада роса қўл келади. Дейлик, Осиё, хусусан, Хитой футболида юзага келган янги лойиҳалар шу йўналишдан бормоқда.

Асл мутахассислиги ҳуқуқшунослик бўлган Александр Чеферин УЕФА бошқарувини қўлга олганидан сўнг молиявий «Фэйр-плей» масаласида ислоҳотларни бошлаб юборди. Унинг моҳияти қуйидагича: клуб ўзи ишлаб топган пулдан кўп сарфламасин, фақат зарарга иш кўрмасин, шубҳали сармоя футболни ўлдирмасин! Сўнгги пайтларда Ҳиндистон ва таиландлик бизнесменларнинг туманли ўлкадаги бизнес-лойиҳалари ҳам кўзга ташланиб қолди.

Таиланд, Ҳиндистон, Индонезия ва Хитой каби Осиё мамлакатлари вакилларининг нега айнан Англия, Испания ёки Бельгия тарафлардан ўз омадларини излашларига келсак, бунда ҳаммаси ойдек равшан: улар ўз брендларини бутун жаҳонга тезроқ ёйиш, танилиш ва фойда олишни исташади.

Форс кўрфазидан чиққан инвесторлар тутаётган йўлни яқин-яқингача ҳам тушуниш мушкул эди. Чунки уларнинг лойиҳаларида жаҳон оммаси, биринчи навбатда, иқтисодчилар учун тушунарсиз омиллар кўп эди. Сўнгги 3 йил ичида эса уларнинг шаштлари бироз пасайди ва ўз-ўзидан УЕФА талабларига бўйсунишга мажбур бўлиб қолишди.

БИЗНИНГ ФУТБОЛ

Профессионал футбол клуби ташкил қилиш амалдаги қонунчилик билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, спорт ташкилотлари, шунингдек, тижорат тузилмалари, юридик ва жисмоний шахслардан иборат муассислар томонидан уларнинг молиявий масалаларни ҳал этишдаги имкониятларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши белгиланган.

Профессионал футбол клуби исталган юридик шахс муассислигида ташкил этилиши, ЎФА Низомига мувофиқ, унинг аъзоси бўлиши мумкин. Ушбу футбол клуби ўз муассисига фойда келтириши ёки рентабел бўлиши унинг бизнес ғояларини ифода этувчи таркибий қисм саналади.

Бундай тажриба Хитой футболида кенг оммалашган. Мисол учун, «Гуанжоу Эвергранд Таобао» клубининг 37,81 фоиз акцияси Alibaba Group компаниясига тегишли. Бу компания қандай ишлар билан шуғулланишини таъкидлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ.

ОФК лицензия қўмитаси делегацияси Осиё Чемпионлар Лигаси иштирокчилари сонини аниқлаштириш ва минтақада футбол қай тариқа ўсишини текшириб кўриш мақсадида юртимизга ҳам сафар уюштириб, Суперлигада мавжуд профессионал клублар ҳолати билан яқиндан танишишни одат қилганидан хабарингиз бор, албатта. Чунончи, ОФК клубларни лизенциялаш масаласига ўта жиддий ёндашмоқда.

ТАКЛИФЛАР

Кўпчилик таъкидлаганидек, бугун «Пахтакор»га шаклан ва бошқа жиҳатлардан хусусий клуб сифатида қарасак бўлади. Аслида уни хусусий мақом остидаги клубга айлантиришдан олдин мухлислар ўртасида алоҳида бир сўров ўтказиш керакмиди?

Бир неча йил олдин пойтахтда фаолият бошлаган «Обод» ва «Оқ-тепа», Фарғонадаги «Ёзёвон Лочинлари» каби жамоаларни хусусий клуб тузиш учун росмана уриниш қабилида баҳоласак бўлади. Фикримизча, хусусий клубларни дастлаб футзалда тузиш керак. Чунки миллий футболимизда инфратузилма деярли шаклланиб улгурган.

Мамлакатимиз минтақаларида 3 босқичли спорт мусобақалари доимий равишда ўтказиб келиниши самараси ўлароқ, стадионлар масаласида катта муаммо юзага чиқмаса керак. Фақат уларни таъмирлаш ёки футболга тўлиқ мослаштириш талаб этилади, холос.

Демак, бундай ареналарни клубларга ва ташкил этилажак хусусий жамоаларга давлат-хусусий шериклик асосида фойдаланишгабериш мақсадга мувофиқ кўринмоқда (кейинроқ сотиш масаласини кўриб чиқса ҳам бўлади). Стадион қуриш учун харажат қилмаган клубга экипировкалар савдосини йўлга қўйиш у қадар қийинчилик туғдирмаса керак.

Мухлисларни стадионга жалб қилиш ва улардан ҳар бир ўйинда ақлли йўл билан маблағ олиб қолиш (асло мажбурий тарзда эмас!) - буниси энди клублар маркетинг хизмати ҳаракатию, маҳоратига боғлиқ. Хусусий клубларни акциядорлик жамияти шаклида ташкил қилиш лозимлиги ҳақида ҳам фикрлар йўқ эмас.

Илгари сурилаётган таклифлар орасида «ташкил этилажак хусусий клубларнинг акцияларини мухлислар сотиб олишсин ва шу аснода бошқарув кенгаши аъзосига айланишсин» қабилида янграётгани ҳам бор. «Боруссия» (Дортмунд) ёки «Барселона» бунга яққол мисол.

Лекин ўзбек футболидаги айни ҳолатда бу тажриба ўзини оқламаса керак. Чунки футбол мухлисларини клуб келажагига ишонтириш ва унга сармоя киритиш борасидаги ундовларнинг ҳозирча иш бериши мушкул.

Хусусий футбол клубларига қандай йўллар орқали маблағ топиш ҳақида маслаҳат бериш ортиқча. Ҳар ҳолда, юртимизда хорижлик юқори малакали мутахассислар томонидан «Бизнесни бошлаш ва юритиш қоидалари» бўйича доимий тренинг ва семинарлар ўтказиб келинмоқда.

Қолаверса, Хитой, Яқин Шарқ ва Япония клублари (мисол учун, «Шанхай СИПГ», «Ал-Жазира», «Виссел Кобе») менежерларини таклиф этиб, турли семинарлар ташкил этиш ҳам мумкин. Ёки мутахассислар чет элда бир ойлик малака ошириш курсларига бориб келишса, нур устига аъло нур бўлади. Ҳа, шунинг баробарида футбол консалтинги учун тўлақонли ҳуқуқий база яратилиши керак.

Мухлисларни футболга, стадионларга янада кенгроқ жалб этиш учун янги юлдузлар, улар билан бирга янги ном ва шаклдаги клублар ҳам керак. Лекин бу ишлар ҳайбаракаллачилик асосида, шошма-шошарлик билан амалга оширилмаслиги лозим.

Хусусий футбол клубларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар Дастури ишлаб чиқилиши шарт. Буни албатта, футбол раҳбарияти (ЎФФ, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги), мутахассислар (хусусан, иқтисодчилар, ҳуқуқшунослар) биргаликда ишлаб чиқишлари керак.

Хулоса шуки, Суперлига ва Про-лига клубларини хусусийлаштириш жараёнини амалда бошлаш керак. Тўғри, бирданига эмас. ЎФА ва ПФЛ алоҳида Ижроия қўмитаси қарори асосида хусусий футбол клубларини аъзоликка қабул қилиш борасида қарор чиқариш баробарида уларга бериладиган имтиёзлар кўламини эълон қилса, иш бироз олға силжирмиди?

Тўғри, ҳудудларнинг бош жамоалари қоғозда алоҳида тижорат ташкилоти ҳисобланади. Лекин уларнинг йил якунида банкротга учраши ва футболчилар, бошқа кредиторлар олдидаги қарзни тўлақонли узолмаслик хавфи, аниқроғи, тенденциясининг олдини олиш шарт. Ҳар бир футбол клубининг алоҳида хўжалик юритувчи субъект сифатида ўз мажбуриятларини бажаришни ўрганиши ҳам муҳим.

ИМТИЁЗЛАР

Ҳар бир спорт турига инвестиция киритишни ёки чин дилдан ҳомийлик қилишни истаган шахсни аввало, солиқ имтиёзлари қизиқтиради. Профессионал футбол клуби ташкил этувчи юридик ёки жисмоний шахслар ҳам бундан мустасно эмаслар, албатта.

Республикамиз Президентининг 2018 йил 16 мартдаги «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш масалалари тўғрисида»ги ПҚ-3610-сонли қарорининг 10-бандига биноан, 2023 йил 1 январга қадар профессионал футбол клублари барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ, футбол бўйича спорт объектларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун зарур бўлган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган спорт асбоб-ускуналари, инвентарлари ва махсус профессионал спорт кийимлари, транспорт воситалари, шу жумладан, махсус транспорт воситаларини олиб кирганлик учун божхона тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари)дан, жалб қилинадиган хорижий мутахассислар - жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлашдан озод этилган.

ҲУЖЖАТ ТИЛИ БИЛАН...

Давлат хусусий мулкнинг бут сақланишини таъминлаш ва унинг кўпайтирилиши учун барча зарур шароитларни яратади. Мулкдорнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида унинг ҳуқуқлари устуворлиги принципи амал қилади. Шунга мувофиқ, қонун ҳужжатларидаги хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар мулкдорнинг фойдасига талқин этилади. Мулкдорларга хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун давлат томонидан тенг шароитлар яратилади.

Қонунга хилоф равишда хусусий мулк ҳуқуқини чеклашга ва (ёки) ундан маҳрум қилишга бевосита ёки билвосита қаратилган ҳаракатларга йўл қўйилмайди.

(2012 йил 24 сентябрда қабул қилинган «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонундан).

Фаррухжон ФАЙЗИЕВ, ҳуқуқ магистри


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz