Қайднома

Қидирув

Жафар Ирисметов: «Аякс»дан ўрганадиган жиҳатларимиз кўп экан»

Жафар Ирисметов: «Аякс»дан ўрганадиган жиҳатларимиз кўп экан»

  03.08.2018 06:13
  0
  1067
Жафар Ирисметов: «Аякс»дан ўрганадиган жиҳатларимиз кўп экан»

ЎФА ташаббуси билан Ўзбекистон клублари эндиликда Голландиянинг «Аякс» клуби академияси билан ҳамкорлик қилиш имкониятига эга бўлишади.

Хусусан, «Сўғдиёна», «Қўқон-1912», «Металлург», «Пахтакор» ҳамда «Қизилқум» жамоалари техник директорлари ­Амстердамга сафар уюштириб, «Аякс» клуби академиясининг иш фаолияти, селекция жараёни билан яқиндан танишишди.

Биз сафар таассуротлари юзасидан «Пахтакор» спорт директори Жаъфар Ирисметов билан боғланиб, ундан интервью олдик.

- Жаъфар ака, ушбу сафар ким томонидан ташкил қилинди? Ўзбекистондан кимлар борди?

- Голландия сафари Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда «Пахтакор» клуби бош мураббийи Шота Арвеладзе ташаббуси ва ҳамкорлигида амалга оширилди.

Унда «Сўғдиёна» клуби президенти Ўктам Маҳмуджонов, «Қўқон-1912» жамоаси вице-президенти Бахтиёр Толипов, «Қизилқум»дан Фарҳод Нуруллаев ҳамда «Металлург»дан Шавкат Саидовлар келишган.

- Сафардан кўзланган асосий мақсад нима эди?

- «Аякс» академияси фаолияти билан яқиндан танишиш, ушбу клубда болалар футболига қаратилаётган эътибор, машғулотларнинг ўтказилиш жараёнига бевосита гувоҳ бўлишдан иборат эди. Ўйлайманки, ҳар биримиз бу сафардан ўзимиз учун катта фойда олдик ва ўрганганларимизни амалиётга татбиқ этамиз.

- «Аякс» клуби ўзининг болалар футболига эътибор қаратиши билан машҳур. Ўзингиз ҳам бунга гувоҳ бўлдингиз. Биздаги болалар футболига муносабат, ўтказиладиган машғулотлар билан таққослаганда, фарқ сезиларли даражада каттами?

- Ҳа, аксарият йўналишларда биздан яхшигина ўзиб кетишган. Биринчи галда академияда болаларнинг футбол билан шуғулланиши учун яратилган шароитларни айтиш керак. «Аякс» академияси жуда катта ҳудудни эгаллаган экан. Майдонларнинг сифати алоҳида мавзу. Бундай шароитларда шуғулланган болалардан ёмон футболчи чиқмаслиги турган гап.

Агар биз ҳам академия ва футбол мактабларидаги шароитларни нормал ҳолатга келтира олсак, биздан ҳам истеъдодли футболчилар етишиб чиқади. Афсуски, ҳозир академиялар фаолияти, футбол мактабларимиз билан мақтана олмаймиз.

- Бизда мураббийлар маош кам деб нолишади ва бунинг натижасида қўшимча гуруҳларни ташкил қилишади. Бунинг натижасида сифат тушиб кетади. Сўрамоқчи бўлганим, «Аякс» академиясининг битта гуруҳида шуғулланадиган болалар сони қанча экан?

- Ҳар бир гуруҳда камида 18, кўпи билан 20 нафар бола бўлиб, ёш футболчиларнинг умумий сонини 200дан оширишмас экан. Ҳар бир тарбияланувчининг истеъдодини максимал даражада юзага чиқаришга жиддий эътибор қаратилади. Тест синовлари ҳам қатъий талаблар асосида ўтказиларкан.

«Аякс» академиясида ишлаётган мураббийлар катта маош олишади. Сиз айтгандек, иккинчи ёки учинчи гуруҳларни ташкил қилиш ҳақида ўйлашмайди ҳам. Бор эътиборларини ёш футболчиларни тарбиялаш ва «Аякс»нинг бош жамоасига етказиб беришга қаратишади.

- Қабул неча ёшдан бўлар экан? Бошқа давлатлардан ҳам ёш футболчиларни шартнома асосида қабул қилишадими?

- Саккиз ёшдан қабул қилинади. Бола 17 ёшга тўлгунигача академияда футбол сирларини ўрганади ва истеъдодлилари кейин асосий жамоага ўтказилади. Бошқа давлатлардан фақат энг иқтидорли болаларгина «Аякс» академиясида таҳсил олиш имкониятига эга бўлишади.

Лекин бундай футболчилар сони кам, чунки Голландиянинг ўзи истеъдодларга бой. Асосан Амстердам ва унга яқин шаҳарлардан болаларни қабул қилишади. Бу ерда селекция хизмати аъло даражада ишлайди.

- «Аякс»дан ташқари бошқа клубларда ҳам бўлдингларми?

- Йўқ. Чунки Амстердамга сафаримиз уч кунга мўлжалланган. Бугун (суҳбат 25 июль куни уюштирилган, - муаллиф) «Аякс» клубининг ЕЧЛ доирасидаги «Штурм» жамоасига қарши ўтказадиган ўйинини бевосита стадиондан томоша қиламиз ва эртаси куни Ўзбекистонга қайтамиз.

- Сафардан олган умумий таассуротларингиз ўйлаганингиздан ортиқ бўлдими? Тошкентга қайтгач, ишни нимадан бошламоқчисиз?

- Таассуротлар аъло даражада. Лекин икки кун жуда кам муддат экан. Шунга қарамай, максимал даражада ўрганишга ҳаракат қилдик. Шахсан ўзим футболчиларнинг ўтиш даврида кўзга ташланадиган муҳим жиҳатларини ўргандим ва Тошкентда қайтгач, машғулотларга 2-3та ўзгартириш киритамиз.

Биринчи галда клуб раҳбарлари ва академиямиз мураббийлари билан учрашаман. Уларга таассуротларимни айтиб бераман. Кейин иш жараёнини муҳокама қиламиз.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz