Қайднома

Қидирув

ЖЧ-2018 вақтида трансфер нархи кўтарилган 7 нафар футболчи (фотогалерея)

ЖЧ-2018 вақтида трансфер нархи кўтарилган 7 нафар футболчи (фотогалерея)

  05.08.2018 00:17
  0
  4494
ЖЧ-2018 вақтида трансфер нархи кўтарилган 7 нафар футболчи (фотогалерея)

Табиийки, жаҳон футбол форуми ўйинчиларнинг трансфер нархига ҳам жиддий таъсир кўрсатди. Жумладан, машҳур transfermarkt.de сайти мундиал якунига етгани ҳамоно ўз базасида баъзи ўйинчиларга қўйилган баҳо миқдорини ўзгартирди.

Қуйида айнан Германия сайти талқинига кўра, турнир стартидаги ҳолатга нисбатан трансфер нархи бўйича катта ўсишга эришган ЖЧнинг энг қизиқарли иштирокчилари ҳақида сўз боради.

7. Людвиг АУГУСТИНССОН (Швеция)

Нарх динамикаси: +4,5 млн. евро (7,5дан 12 млн. евро)

Ҳеч ким шведларнинг гуруҳ босқичида 3-ўриндан юқорига кўтарилишларини кутган эмасди. Швеция термаси немисларга ютқазганидан кейин калондимоғ Златан Ибрагимович ҳаттоки, тилига эрк ҳам берди:

«Бу жамоа менсиз ҳеч нарса қилолмайди». Лекин Ибра ке-йинчалик сукут сақлашга маҳкум этилди - скандинавлар аввалига гуруҳдан чиқишди, кейин анча кучли кўринган Швейцария термасини четга чиқаришди, якунда чорак финалда инглизларга муносиб қаршилик кўрсатишди.

Янгиланган Швеция миллий жамоасида кўзга ташланган энг ёрқин сифат шуки, у аввалгидек ягона муайян юлдузга «қарам» эмас. Ҳар ҳолда, турнир давомида меҳнаткаш ва «қора» ишлардан қочмайдиган футболчилар кўзга ташланишди.

Шундайлардан бири - чап қанот ҳимоячиси Людвиг Аугустинссон. У жамоанинг 5та ўйинида ҳам юқори талабга мувофиқ ҳаракатланиб, «Милан» эътиборига тушди.

6. Мануэль АКАНЖИ (Швейцария)

Нарх динамикаси: +6 млн. евро (22дан 28 млн. евро)

Аканжи ҳеч қаерга талпинаётгани йўқ, гарчи кўпчилик унинг келажагини гранд клублардан бирида кўраётган бўлсада. У аввалига Дортмунд «Боруссия»сида бош роллардан бирига кўтарилмоқчи. Бунинг учун етарлича имконияти бор, албатта.

Мануэлнинг айниқса, Сербия термасига қарши ўйинда тажрибали Душан Тадич ва Александр Митровични қандай аҳволга солганини футбол дарсликларига киритиш мумкин. Швейцария термаси умиди энди ЖЧдаги эффектли ўйин тасодифий порлаш эмаслигини исботлаб, чиндан ҳам, янги савияга чиқиши керак.

Умуман, Аканжи катта суръатда ўсиб келаётган иқтидорлардан биридир. Ҳар ҳолда, ўтган мавсум стартида унинг трансфер баҳоси атиги 3 миллион еврога тенг эди.

5. Никлас ЗЮЛЕ (Германия)

Нарх динамикаси: +7 млн. евро (38дан 45 млн. евро)

Матс Хуммельс ва Жером Боатенг билан рақобатлашиш осонми? Ҳа, немислар катта омадсизликка йўлиқишди, лекин бундестимнинг келажагига шубҳа билан қараш ярамайди асло. Зеро, Зюле каби йигитлар чинакам жангларга чанқоқ бўлиб турибдилар.

Тўғри, Никлас аввало, клуб миқёсида бош кўтариши зарур. У ҳозирча «Бавария»да асосий таркиб вакили эмас, бироқ трансфер баҳоси тобора ошиб бормоқда. Қаранг, Германия термасининг нурсиз иштирокига қарамай, ЖЧ-2018 ҳам нарх масаласида Никлас фойдасига ишлади. Чунки ёш ҳимоячи талаб даражасида ўйнади - аниқ, хотиржам ва асосийси, қўпол хатоларсиз.

4. Андрей КРАМАРИЧ (Хорватия)

Нарх динамикаси: +8 млн. евро (27дан 35 млн. евро)

Ўз-ўзидан тушунарлики, хорватиялик кўплаб футболчиларнинг трансфер баҳоси «болалади». Ахир улардан финалга чиқишни ҳеч ким кутган эмасди (бош мураббий Златко Даличдан ташқари, албатта). Крамаричга келсак, у ЖЧда асосий таркиб футболчиси сифатида гавдалангани йўқ, аммо ерлатиб узоқ масофага аниқ тўп узатиш қобилияти билан жамоасига катта ёрдам берди.

Қисқаси, мундиал бутун Хорватия каби Андрей учун ҳам ажойиб тус олди. Энди у «Хоффенхайм»да бош юлдуз мақомига кўтарилса, ажабмас.

3. Хамес РОДРИГЕС (Колумбия)

Нарх динамикаси: +10 млн. евро (70дан 80 млн. евро)

Колумбиялик футболчи турнирни захирачи ролида бошлади - унинг позициясида Хуан Кинтеро майдонга тушди. «Реал» ва «Бавария» юлдузи кейинроқ ишга тушди - навбатдаги баҳсда 2та самарали узатмаси билан Польша термаси мағлуб этилишига катта ҳисса қўшди.

Йўқ, Родригес 4 йил олдингидек ўта ёрқин ва омадли ўйнамади, лекин ўз трансфер нархини бироз оширди, барибир. Дейлик, Хулен Лопетеги уни Мадридга қайтариш ҳақида бош қотира бошлади.

2. Бенжамен ПАВАР

Нарх динамикаси: +10 млн. евро (30дан 40 млн. евро)

Қанот ҳимоячиси позициясида тўп суриб, мегаюлдуз даражасига чиқиш анча мушкул. Ахир ҳамма ҳам Марсело ёки Дани Алвеш бўлолмайди-ку. Мана, Павар катта саҳнада бразилиялик амплуадошлари ўрнини эгаллашга яққол даъвогар эканлигига шаъма қилди.

Диққатга сазовор томони, 22 ёшли Бенжамен «Штутгарт»да ўйнаб туриб ҳам, Франция термасининг юлдузли таркибидан жой олди, боз устига, бошланғич рўйхатдан. Бунинг учун Павар аввало, доно Дидье Дешамга раҳмат айтиши керак. Зеро, у футболчининг клуб футболидаги мақоми ҳеч нарсани англатмаслиги ҳақидаги гапини амалда исботлаб, ёш ҳимоячини катта доирага тортди.

Табиийки, энди Бенжамин энг сара клублар эътиборида турибди. Унинг аргентиналиклар дарвозасига урган голини бир эсланг - қандай ажойиб зарба, қандай траектория...

1. Анте РЕБИЧ (Хорватия)

Нарх динамикаси: +20 млн. евро (10дан 30 млн. евро)

Ребич ЖЧ-2018 ўйинларига Бундеслиганинг бутун мавсумида атиги 6та гол урган «Айнтрахт»нинг оддий ҳужумчиси сифатида киришганди. Ортга эса турнирнинг энг талабгир футболчиларидан бири бўлиб қайтди.

Дейлик, Анте «МЮ» каби қатор жиддий клублар назарига тушди. Чунончи, у қанот бўйлаб тинимсиз ҳаракатланиш баробарида ҳаводаги ҳар бир тўп учун чинакамига курашди, яккакурашларга киришишдан чўчимади, ўзини рақиблар тўдасига ташлади, шунингдек, орқага қайтишга ҳам улгурди.

ЖЧ-2018нинг 5 НАФАР КАШФИЁТИ

Дмитрий Черишев (Россия) - янги рус тўпурари

Бенжамин Павар (Франция) - Дешамдан «сюрприз»

Йерри Мина (Колумбия) - рақиблар оёқ остидаги «мина»

Анте Ребич (Хорватия) - хорват энержайзери

Киран Триппьер (Англия) - Бекхэм вориси

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 14-августдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz