Қайднома

Қидирув

«Менга «Барса» ёки «Реал»ни беринг шунда кўрасиз…» Златко Далич фаолиятига назар

«Менга «Барса» ёки «Реал»ни беринг шунда кўрасиз…» Златко Далич фаолиятига назар

  05.08.2018 06:44
  0
  1723
«Менга «Барса» ёки «Реал»ни беринг шунда кўрасиз…» Златко Далич фаолиятига назар

Хорватия терма жамоасини ЖЧ финалига мардонавор етаклаб, мураббийлар орасида ҳақиқий кашфиётга айланган Златко Далич яқинда ҳам БАА-да ишлаб юрганди.

Бугун эса у бутун Хорватиянинг чексиз муҳаббатини туймоқда. Ахир футбол оммаси айнан шу мураббий меҳнати ўлароқ, Хорватия терма жамоасини алоҳида ёқтириб қўйди.

Хўш, Златко Далич ким, у жаҳон аренасига қаердан чиқиб қолди?

Мураккаб вазият

2017 йилнинг 7 октябри. Шу куни Хорватиянинг 4 миллионли аҳолисидан ҳеч ким мамлакат футболи рамзи, ўша афсонавий Давор Шукер ўрнида бўлиб қолишни асло истамасди. Мамлакат футбол федерация­си президенти лавозимида ишлаётган собиқ ҳужумчи шунчаки, ўзини қуршаб олган шубҳа-гумонлар орасида «қовурилиб», ҳаттоки, ақлини йўқотадиган даражага келиб қолганди.

Ахир тушлик пайти Директорлар кенгаши миллий жамоанинг амалдаги бош мураббийи Анте Чачич билан хайрлашиш ҳақида қарор чиқарди, футболчилар эса қандайдир 4 соатдан кейин ЖЧ-2018 саралашидан ўрин олган ҳал қилувчи ўйин учун Киевга жўнаб кетишлари керак эди.

Ана шундай тиғиз паллада жамоанинг бош мураббийсиз қолгани... Хуллас, хорватлар Украина термасига қарши ўйин олдидан шунчаки, тушунарсиз ва мураккаб ҳолат олдида гўёки, тақдирга тан беришганди. Гап шундаки, хорватиялик юлдузлар бир кун аввал оқшомда Загребда «бўйсинмас» финляндияликларга қарши ҳеч нарса қилолмагандилар.

Натижада жамоанинг саралаш гуруҳида 2-ўринни олиб, «плей-офф» ўйинлариларига чиқиши ҳам шубҳа остида қолди. Бунинг учун Лука Модрич ва Иван Ракитич етакчилигидаги футболчиларнинг Украина сафаридан ғалаба билан қайтишлари талаб этиларди...

Даличга қўнғироқ

Ҳа, Хорватия миллий жамоаси мундиал йўлланмаси йўлидаги саралаш ўйинларида сира ўзига ўхшамади — асосий рақиблар Исландия ва Туркия термалари билан ўйинлардаги мағлубият ортидан ўртамиёна финляндияликларни енголмаслик дард устига чипқон бўлди.

Вақтида не-не голларни урган Шукер жамоа кийиниш хонасига кирдию, умумий муҳит жуда қалтис эканлигини тушунди. Зеро, футболчилар жуда асабий ҳолатда, Чачич эса назоратни қўлдан чиқарганди. Хуллас, жаҳон чемпионатига чиқиш учун охирги имкониятни ҳам йўқотмаслик учун дарҳол қатъий чора қўллаш зарурати туғилди.

Шу тариқа жамоа сафарга жўнашга оз фурсат қолган пайт бош мураббийсиз қолди. Аслида Давор Шукерда янги мураббий танлаш имконияти деярли нолга тенг эди. Ҳар ҳолда, бундай қисқа вақт ичида номдор мутахассис билан келишувга эришиш мумкин эмасди. Лекин вазият тезда амалий ҳаракат бошлашни тақозо этарди.

Шукер худди шундай қилди ҳам - телефонини қўлига олдида эски таниши Златко Далич рақамини терди. Муҳими, номзод мураббий ўзини бозорга солмади, жамоа аҳволи ўта танглигини пеш қилмади ва Украина томон учиш арафасида аэропортга етиб келди. У айнан шу жойда футболчиларга янги устоз сифатида таништирилди.

Яъни ҳеч қандай шартнома тузилгани ҳам, ҳужжатларга имзо чекилгани ҳам йўқ. Бошқача айтганда, Далич вақтинча жентльменлик келишуви асосида ишлашга кўнди.

Футболчилик ва мураббийлик тажрибаси

Златко Далич вақтида футболчи бўлган, аммо айтарли ҳеч нарсага эришмаган. Фаолиятининг катта қисмини камтарингина «Вартекс»да ўтказган бўлажак мураббий икки мавсум «Хайдук»да ҳам тўп сурган. Лекин бу клубда асосий таркибнинг муқим аъзоси даражасига чиқмаган. Бутсаларини михга илганидан кейин эса ўша «Вартекс»да мураббийлик ишини бошлаб юборди.

Шундан сўнг Албаниянинг «Тирана» жамоасида оз-моз тажриба оширгач, ортга қайтиб, Хорватия ёшлар термиаси бошқарувини қўлга олди. Айтиш жоиз, Далич айнан шу даврда ёш Иван Перишич ва Марио Манжукични катта саҳнага кўтарди. Златконинг кейинги 6 йиллик фаолияти Осиёда, аниқроғи, Яқин Шарқда кечди.

Хорват мутахассиси «сариқ қитъа»да ҳам сокингина ишлади ва фақат БААнинг «Ал-Айн» клубини ОЧЛ финалига олиб чиқиш эвазига маълум даражада танилди. Шундай бўлсада, унинг бирданига Хорватия миллий жамоасига тайинланиши ақлга сиғмас қарор сифатида қабул қилинди.

Шукер ҳаттоки, бунинг учун калака остига ҳам олинди. Қарангки, «ҳаводан тушган» шу мураббий илк ўйиндаёқ жамоа қиёфасини буткул ўзгартириб юборди.

Омадли дебют ва салбий ёндашув

Атиги 3 кундан кейин Андрей Крамарич Киевдаги «Олимпийский» стадиони таблосига номини икки марта ёздириб қўйди ва ўз мамлакати, хусусан, Давор Шукерга «плей-офф» раунди йўлланмасини тақдим этди. Хорватлар қуръа натижасига кўра, Греция термасига рўбарў бўлишди ва Россия мундиали чиптасини расмийлаштиришди, барибир.

Хорватия термаси ЖЧда ғалаба қозониш коэффициенти рейтингида иккинчи ўнталик ичида эди — «нотаниш» мураббий қўл остида зўрға финал босқичига чиққан жамоага ҳеч ким алоҳида эътибор қаратмади. Тўғри, хорватларнинг етарли салоҳиятга эга эканликлари ҳаммага маълум эди, аммо кўпчилик илк жиддий рақиб билан тўқнашув уларнинг руҳиятларини яна синдиришини тахмин қилди.

Ҳаттоки, Хорватиянинг ўзида ҳам таркибида Модрич ва Ракитич каби уста ижрочилар тўпланган жамоага унча ишонишмади. Дейлик, ЖЧга оз фурсат қолган бир пайтда ҳам, мамлакатда маҳаллий футбол федерацияга қаратилган танқидлар тўхтамаган, боз устига, ташкилотни коррупцияда айблай бошлагандилар.

Чунончи, Хорватия футболининг биринчи рақамли юлдузи Лука Модрич ҳам шубҳа остига олинди ва Загребнинг «Динамо» клуби президенти Здравко Мамичга дахлдор коррупцион можаро бўйича кўрсатма берди.

Уни Луканинг «Тоттенхэм»га ўтиши ва кейинроқ Деян Ловреннинг «Лион»га трансферида ноқонуний йўл тутганлик юзасидан сиқувга олишди. Шунингдек, ҳар икки футболчини ёлғон гувоҳлик бериш ва пулни ўзлаштирганликда айблашди.

Зарурий чоралар

Далич дарҳол енг шимариб ишга киришди, ҳар бир футболчи билан алоҳида суҳбатлашди, ҳаттоки, захира вакиллари ҳам бундай диалоглардан четда қолишмади. Мураббий биринчи навбатда, Модрич, Ракитич ва бошқа юлдузларни танқидлар бўронидан ҳимоялашга уринди, захирадагиларга уларнинг жамоада муҳим роль ўйнашларини тинмай уқтирди.

Хуллас, жамоани ягона оила яхлит бирлаштиришга уринди. Чачичга айни шу нарса етишмаганди. Ҳар ҳолда, унинг даврида жамоа ичидаги муҳит анча бузилганди.

Энг асосийси, Далич бирданига қўл остидаги жамоа жаҳон чемпионатида олтин медаль учун курашиши ҳақида баралла баёнот берди, Лука Модрични ЖЧ-2018нинг энг яхши футболчиси бўлишга яққол даъвогар сифатида таърифлади.

Қатъийлик

Даличнинг ёқтирган шогирдларидан бири Шиме Врсалько Россия термасига қарши кечган чорак финал ўйинида бироз лат еди. Шунда «Атлетико» клуби раҳбарияти футболчини асраш учун уни ярим финал баҳсида майдонга туширмасликни сўради. Лекин Далич бунга ўта қатъий муносабат билдириб, тегишли жавоб беришни пайсалга солмади:

«Четдагиларнинг ишимга аралашишга асло ҳақлари йўқ». Златко шунинг баробарида ҳар бир футболчидан майдонда борини бериб ўйнаш ва ишлашни талаб қилади. Дейлик, мураббий ЖЧ тақвимидан ўрин олган биринчи ўйиндан кейиноқ «Милан» ҳужумчиси Никола Калинични таркибдан четлаштирди.

Чунки у захирадан майдонга тушишни истамади. Хуллас, дўстлик ўз йўлига, Далич учун асосийси - профессионаллик ва қатъийлик.

Ажойиб руҳшунос

Златконинг ажойиб руҳшунос эканлигини тасдиқловчи воқеалар йўқ эмас. Мисол учун, «Ал-Айн»да унга ассистентлик қилган Даррен Рид ҳикояси.

Ёрдамчи мураббийнинг айтишича, Далич «Ал-Жазира»га қарши кечган биринчи дербидан олдин кийиниш хонасига кириб, футболчилар рўпарасида турганча ҳар бирининг юзига қараб чиққан ва «Бу ўйин нимани англатишини биласизлар, сизлардан нима кутаётганимни ҳам. Бошқа гапим йўқ», дея ортига равона бўлган.

Қарангки, 1-ўрин учун кечган ўша баҳсда «Ал-Айн» рақибини шунчаки, тор-мор этган. «Хорватияда ўртаҳол мураббий бўлиб қолишни истамадим ва хорижга кетиш имконияти туғилгани билан бундан фойдаландим, — дейди Даличнинг ўзи.

— Шу тариқа Саудия Арабистонида ишлаб, катта тажриба тўпладим, у ерда оз-моз танилдим ҳам. Футболчилар билан ҳамиша ўзаро ҳурмат ва ишонч асосида муносабат ўрнатишга уринаман. Уларга яқин дўст бўлишга тайёрман - шундагина муваффақиятга эришиш мумкин. Жамоа ичида ҳеч қандай сир ёки пинҳоний қараш бўлмаслиги керак.

Умуман, ўйинчилар билан гаплашмасдан туриб, бирор қарор қабул қилмайман. Шундай ёндашув бирдамликни таъминлайди: йигитлар менга қараганларида, рўпараларида дўстлари турганини ҳис қилишади. Ҳа, бундай услуб узоқ вақт натижа беришига кафолат йўқ - буни билмайман, аммо ўз одатимга қарши бормайман, барибир. Биз ягона катта оиламиз».

Янги қирралар

Далич фақат қудратли мотиваторгина эмас, албатта. Шукер буни билган, хусусан, Златконинг таркиб ротациясига катта эътибор қаратишию, рақибга қараб ўйин ташкил этишини ҳам. Мана, Хорватия термаси янги йўлбошловчи қўл остида узоқ масофаларга аниқ узатмалар асосида ўйнашни ўзлаштирди, шунингдек, анъанавий 4-2-3-1 тактик чизмасидан ҳам бироз чекинди.

Бунда Лука Модрич ҳужумга яқинроқ ҳудудга сурилди ва унинг ижодкорлик  қобилиятини намойиш этиш имконияти анча ошди. Далич шунинг баробарида ярим ҳимоя учлигини рақибга қарши усталик билан жойлаштиради. Дейлик, Аргентина термасига қарши ўйинда марказ тўлиқ ёпиб қўйилди, негаки, Модрич ва Ракитич жуфтлигини Марсело Брозович муносиб тўлдирди.

Нигерияликлар билан учрашувда эса ҳужумда Крамарич самарали ҳаракатланди, унинг ортида Модрич ва Ракитич тинимсиз хавф туғдиришди. Фаолликни ошириш зарурати туғилган паллада эса, мураббий Матео Ковачич ёки Милан Баделга мурожаат қилди. Айни шу ўзгарувчан услуб самараси ўлароқ, хорватлар финалга чиқишди.

Даличга суперклубни бериб кўриш керак...

Златко ўткир гапиришга ҳам уста экан: «Менга «Барселона» ёки «Реал»­ни беринг, шунда совринлар ютишимни кўрасиз. Англия термасининг финалга чиқишини башорат қилишган экспертлар чинакам эксперт эмаслар. Уларга шу сўзларимни етказиб қўйинглар.

Агар дарҳақиқат, эксперт бўлишганида, Хорватия термаси кучлироқ эканлигини билишарди...». Ҳа,Далич ва унинг шогирдлари ўз ҳаётларидаги асосий ўйин (ҳозирча)да французларга бас келолмадилар.

Аммо унутмаслик керак, бир ойча олдин ҳам шундай митти мамлакатнинг можаролар орасида қолган, ўз ўйинини буткул йўқотган жамоасидан ҳал қилувчи учрашувга чиқишни ҳеч ким кутган эмасди.

Модрич, Ракитич, Манжукич ва Перишич каби юлдузларни бирлаштириш ва улар ёнига Анте Ребич, Шиме Врсалько, Домагой Видадек кенг доирада ҳали танилмаган йигитларни қўшиш - бу ишнинг ўзи ЖЧ финали учун оз. Демакки, Даличнинг жамоадаги ишлари миқёси анча кенг.

Тўғри, унинг асосий ютуғи - бир мақсад сари жипслашган ва бирлашган қўрқмас жамоа шакллантиргани. Муҳими, кечагина ҳам футбол марказидан олисда юрган мураббий қисқа вақтда барчасини буткул ўзгартириб юборди. Финал унинг учун чўққи эмас, балки ғалаба сари битта поғона, холос.

Ҳар ҳолда, Даличнинг ўзи бошқа йўлни тан олмайди: «Бу ишга боримни бераман. Ахир гап менинг жамоам, жонажон ватаним, қадрдон дўстларим ҳақида кетяпти...».

Муносабат

Дарвоқе, Златко Далич Хорватия терма жамоасининг ЖЧдаги муваффақиятидан сиёсий мақсадда фойдаланишаётганидан норози. Бу борада жамоанинг Facebook тармоғидаги норасмий саҳифасида мактуб берилди.

Унда мамлакатдаги ижтимоий муаммоларга қарамай, футболчилар жаҳоннинг вице-чемпиони мақомига эришганига урғу қаратилган. Хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш масаласидаги муаммолар тилга олинган, шунингдек, суд тизимининг иши танқид қилинган.

«Халқимизни азоб-уқубатларга қўйган сиёсатчилар ва ҳукуматнинг барча вакилларига мурожаатим шуки, Хорватия терма жамоасидан нарироқ юринглар. Сизларни кийиниш хонасида кутаётганимиз йўқ, бирга суратга тушмоқчи ҳам эмасмиз. Зеро, айнан сизлар Хорватияни Европадаги энг камбағал мамлакатлардан бирига айлантирдинглар...».

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 14-августдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz