Қайднома

Қидирув

Рагнар Сигурдссон: «Термамиздан омад юз ўгирди»

Рагнар Сигурдссон: «Термамиздан омад юз ўгирди»

  06.08.2018 06:16
  0
  187
Рагнар Сигурдссон: «Термамиздан омад юз ўгирди»

Россиянинг «Ростов» клуби таркибида бу мавсум жаҳон чемпионатида қатнашган уч нафар исландиялик футболчи тўп суради.

Улардан бири - 32 ёшли ҳимоячи Рагнар Сигурдссон нима сабабдан Дон клубида қолгани, Россия термасининг ЖЧ-2018даги иштироки ҳақида фикр билдирди.

- Исландия миллий жамоаси жаҳон чемпионатининг сирли иштирокчиси эди, аммо Хорватия, Аргентина ва Нигерия жойлашган қийин гуруҳдан чиқиш сизларга насиб қилмади. Россиядаги турнирдан олинган ҳаяжонлар тар-қадими?

- Албатта, биз учун барчаси янада яхшироқ якунланиши ҳам мумкин эди. Сўнгги 7-8 йил ичида Исландия футболи савияси сезиларли ўсишга эришди. Шу боис бошқачароқ натижадан умид қилгандик... Ўйлашимча, кўп вазиятларда жамоамиздан омад юз ўгирди, ваҳоланки, у шу пайтгача бизга кулиб боқаётганди. Оқибатда «плей-офф»дан четда қолдик.

- Ҳаммаси Лионель Месси бошчилигидаги аргентиналикларга қарши баҳсда қайд этилган ишончли дурангдан (1:1) сўнг бошланганди...

- Шундай рақибга қарши ўйнаётганимиздан руҳланиб кетдик. Ҳа, асосан ҳимояландик, бироқ дуранг адолатли натижа эди. Кейинги учрашувларда - Нигерия ва Хорватия термаларига қарши кечган ўйинларда эса ташаббус биз томонда бўлди. Аммо яна такрорлайман, омад етишмади.

- Ишқибозларингизни Россияда яхши эслаб қолишди.

- Биз уларнинг қўллаб-қувватлашини ҳар дам ҳис қилиб турдик. Биламан, исландияликлар мухлислар кўп эди, аммо ростини айтсам, уларнинг Россиядаги «кароматлари» тасвирланган видеони кўрганимча йўқ.

- Жамоа уйга қайтгач, мухлислар кутиб олишдими? Ахир Евро-2016да чорак финал туфайли Исландия термаси ўз юртида қандай қарши олинганини кўпчилик яхши эслайди.

- Бу сафар дабдаба кузатилмади. Барчамиз - жамоа ҳам, ишқибозлар ҳам салбий натижадан ранжигандик. Шу боис, тантанали маросимлардан воз кечдик. Қувонишга асос йўқ эди.

- Кўпчилик Россиядаги жаҳон чемпионатини тарихдаги энг яхшиси демоқда.

- Бир марта шундай турнирда қатнашдим, аммо мундиални бунданда яхшироқ савияда ўтказиш мумкинлигини тасаввур қилолмайман. Дарҳақиқат, ҳаммаси ажойиб тарзда ташкилланди.

- Исландия термаси бош мураббийи Хеймир Хадльгримссоннинг жаҳон чемпионатидан сўнг истеъфога чиққанидан ажабландингизми?

- Қайсидир маънода шундай бўлишин кутгандик. Менимча, у сўнгги пайтларда эришган даражамизни бир хилда ушлаб туришга қийналди. Хеймирга қилган ишлари учун раҳмат айтмоқчиман.

- Сиз ҳам термадан кетишга қарор қилдингиз.

- Ҳа, гуруҳдаги сўнгги ўйиндан ке-йин миллий жамоани тарк этиш ҳақида ўйладим. Исландияга кўп йилларимни сарфладим. Энди бор эътиборни клубдаги фаолиятга қаратиш вақти етди.

- Россия термасининг мундиал чорак финалига чиқиши сиз учун сюрприз бўлдими?

- Россиялик футболчиларнинг имкониятларини яхши биламан. Улар орасида моҳир ўйинчилар бисёр. Аммо тўғриси, бу терманинг ушбу босқичга чиқишини кутмагандим. Жаҳон чемпионати чорак финали - рус футболи учун катта ютуқ.

- Яқинда 39 ёшни қаршилаган амплуадошингиз Сергей Игнашевичнинг ўйини кўпчиликка манзур бўлди.

- У ажойиб ҳимоячи! Бироқ жаҳон чемпионати ҳақида гап борганда, биринчи навбатда, Артём Дзюбани эътироф этмоқчиман. Ушбу ҳужумчи турнирни захира ўриндиғида бошлаганди, атрофдагилар асосан Фёдор Смолов ҳақида гапираётганди. Якунда эса Дзюба юқори савияли ўйин кўрсатиб, Россия термаси етакчисига айланди.

- Игнашевич каби шу ёшгача юксак даражада ўйин кўрсата оласизми?

- Ўйлашимча, кучим етади. Ҳамма гап хоҳишда. Эҳтимол, Игнашевичнинг ёшида мени футбол майдони ўзига жалб этмаса керак.

- «Ростов» билан шартномани узайтириш масаласи уч ҳафта аввал аниқ бўлди. Нима сабабдан қолишни ихтиёр этдингиз?

- Бу ерда бахтиёрман, шу боис қарор қабул қилишда иккиланмадим. «Ростов»да ўзимни уйдагидек ҳис қиламан. Мисол учун, аввалги клубим «Рубин»да бундай ҳиссиётлар бўлмаган. Ростовликлар раҳбарияти, ишқибозлар, клубдошларимнинг ишга ёндашуви ёқади, бош мураббий Валерий Карпиннинг услуби ҳам маъ-қул.

- 2014-2016 йилларда «Краснодар» сафида ўйнашга улгургансиз. Ҳозир у ердан таклиф тушмадими?

- Йўқ, асосан Туркиядан чорлов бўлди. Айрим Европа клублари ҳам қизиқиш билдиришди. Бироқ «Ростов»ни танладим ва қароримдан мамнунман.

- Сиз, Сверрир Ингасон ҳамда Бьорн Сигурдарсондан иборат гуруҳ яна бир сафда.

- Ҳа, термадаги дўстларинг ёнингда бўлганига нима етсин?! Биз кўп суҳбатлашамиз, ресторан ва кинога бирга боришга ҳаракат қиламиз. Умуман, ҳар биримизнинг шахсий ҳаётимиз бор. Шу боис, суткада 24 соат алоқада бўламиз, деёлмайман.

- Янги мавсумда «Ростов»дан нима кутсак бўлади?

- Россия чемпионатида етакчи ва ўртамиёналар ўртасида катта фарқ йўқ, демакки, яхши натижалардан умид қилиш мумкин. Асосийси, яхлит жамоа бўлиш, шундагина «Росто» катта ютуқларни қўлга киритади.

Ўткир УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 25-сентябрдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz