Қайднома

Қидирув

Авиаҳалокатдан сўнг «Пахтакор»нинг қайта тикланиши

Авиаҳалокатдан сўнг «Пахтакор»нинг қайта тикланиши

  07.08.2018 00:23
  0
  729
Авиаҳалокатдан сўнг «Пахтакор»нинг қайта тикланиши

1979 йилнинг 11 августида «Пахтакор» авиаҳалокатга учраганидан сўнг жамоани қайта тиклашга жиддий ҳаракат қилинганди. Ўша йилларда жамоага Иштван Секеч таклиф этилган.

Қуйида «ИнтерФутбол»нинг махсус мухбири Виктор Хохлюк украиналик мутахассис ҳақида сўз юритади.

Иштван Секеч венгер миллатига мансуб. У Закарпатьедаги кичик шаҳар - Береговода таваллуд топган. У туғилган пайт Закарпатьенинг кўп қисми сингари Берегово ҳам Венгрия таркибига кирарди.

Футбол ўйнашни ака-укалари - Исосиф, Андрей ва Василийлар билан бирга бошлаган. Профессионал футболга «Колхозник» (Берегово) ва «Колхозник» (Ровно) жамоаларидаги ўйинлари орқали кириб келган.

1958 йилда Иштван Ужгороднинг «Спартак» клубида ўйнади. Бу жамоа сафида собиқ иттифоқ чемпионати доирасида 19та учрашувда 5та гол урган.

1959 йили иқтидорли футболчини Киевнинг «Динамо» жамоасига таклиф қилишган, лекин 19 ёшли футболчи учун жамоанинг асосий таркибига кириш осон бўлмаганди.

Ўша йили закарпатьелик йигит СССР чемпионати ва кубоги баҳсларида учта ўйин ўтказган. Аммо «Динамо» ўринбосарлари сафида ўзини кўрсата олган - 16 ўйинда 10та гол.

Ушбу жамоада у Андре Гаваши ва Валерий Лобановскийлар билан бирга тўп сурган. «Динамо»да ёрқин келажак кутмаётганини ҳис қилган Секеч «Авангард» (Тернополь) жамоаси таклифини қабул қилди.

Тернополликлар сафида икки ярим йил ўйнаган Иштван ўзини кўрсата олди. У СССР чемпионати ва кубоги баҳсларида 83та ўйин ўтказиб, 42та гол уришга эришди.

Кейин Секеч Харьковнинг «Авангард» (44 ўйин, 6 гол) жамоаси сафида бир ярим йил ўйнади. 1964-1966 йилларда СКА (Львов), СКА (Одесса) ва ЦСКА (Москва) жамоаларида ҳарбий ҳизматни ўтади.

Армия клублари сафида 104та расмий ўйинда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 36 марта ишғол қилди.

Закарпатьелик тўпурар Украина ССР терма жамоаси сафида битта ўйин ўтказган. 1964 йилнинг 11 октябрида украиналиклар ГДР терма жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этишган, ўшанда Украина термаси сафида Василий Гургач, Иван Вагнер, Сергей Круликовский, Анатолий Норов, Анатолий Александров, Владимир Левченко, Степан Варга, Анатолий Пузач (Георгий Кржичевский), Валентин Левченко (Евгений Корниенко, Михаил Егоров) ва Валерий Лобановскийлар ҳам тўп суришганди. Голларга Степан Варга ва Валерий Лобановскийлар муаллифлик қилишган.

Кейинги олти мавсумни Иштван Секеч Одессанинг «Черноморец»ида ўтказди. Маҳаллий мухлислар ёқимтойига айланган Секеч 159 учрашувда 30та гол уришга эришди.

«Черноморец»да у билан бирга Александр Ярчук, Владимир Нечаев, Стефан Решко, Виктор Лисенко Виталий Фейдман, Анатолий Зубрицкий, Сергей Круликовский, Леонид Буряк, Виктор Прокопенко, Анатолий Шепель, Валерий Поркуян каби футболчилар ҳам ўйнашган.

Иштван футболчилик фаолиятини 1972 йили Одессага яқин бўлган Николаевда якунлади.

1973 йилдан Иштван Секеч мураббийликка киришди. У фаолиятини Душанбенинг «Помир» жамоасида бошлаган.

Унинг қўл остида Тожикистон пойтахти жамоаси биринчи лигада «чақилмас ёнғоқ»қа айланади. «Помир»даги олти йиллик фаолияти давомида украиналик мутахассис Тожикистонда хизмат кўрсатган мураббий унвонига сазовор бўлади.

1979 йилда Львовнинг «Карпати» жамоаси собиқ иттифоқ чемпионатининг олий лигасига йўл олади. Львовдаги ишидан сўнг иқтидорли мураббийга 1981 йили Ўзбекистон спорт қўмитаси раҳбари Мирзаолим Ибрагимовдан таклиф тушади. У Секечга Тошкентнинг «Пахтакор» жамоасини бошқаришни таклиф қилади.

Маълумки, ўша таклиф келишидан икки йил олдин «Пахтакор» Днепродзержинск осмонида авиаҳалокатга учраганди.

«Нима учун ўшанда Иштван Секеч номзодида тўхтаганмиз? 1979 йилги фожиадан сўнг янги «Пахтакор»ни ташкил қилишга бел боғлагандик. Бизга ёш, шижоатли, замонавий мутахассис керак эди.

Кўплаб номзодларни ўрганиб чиқдик. Константин Бесков, Нодар Ахалкаци, Никита Симонян, Валерий Лобановский ва собиқ иттифоқ футбол федерацияси раҳбари Вячеслав Колосковлар билан шахсан гаплашганман.

Айнан ўшанда Секеч номзоди пайдо бўлди. Улар бир овоздан буни маъқуллашганди. У билан гаплашганимдан сўнг яхши мутахассисга йўлиққанимни ҳис қилдим.

Ниҳоят бир қарорга келдик ва 1980 йилнинг ўрталарида Иштван Секеч Тошкентда иш бошлади», - деганди Ибрагимов.

1982-1983 йилларда Иштван Секеч ўйин пайтидаги прессингни «Пахтакор»да қўллади. Ўша кезлари бу усулдан фақатгина Киевнинг «Динамо»си фойдаланарди.

Айнан шу усул туфайли «Пахтакор» 1982 йилда қаторасига 7-8 ўйинда мағлубиятга учрамаган. Ўшанда тошкентликлар жисмоний жиҳатдан мамлакатнинг етакчи клубларидан устунлик қилишарди.

Иштван Секеч хотиралари (Мавлон Йўлдошевга берган интервьюсидан парча):

- «Пахтакор-79» билан содир бўлган воқеа собиқ иттифоқ мухлисларини қайғуга солиб қўйганди. Чунки жамоа сафида, таъбир жоиз бўлса, жаҳон даражасидаги юлдузлар тўп сурарди: Фёдоров, Ан... Ҳалок бўлганлар орасида ўзим катта футболга етаклаб келган Володя Макаров ҳам бўлган.

У ажойиб йигит ва футболчи эди. Унинг ҳалокати туфайли анча вақт қайғуда юрганман. 1980 йил ўрталарида «Пахтакор»дан таклиф тушганида, иккиланмай рози бўлдим. Мақсадим Тошкентда ёшларга имкон бериш эди.

Айнан шу ғоям клуб раҳбарларини қизиқтириб қўйди. Шуни алоҳида таъкидлашим мумкинки, «Пахтакор»даги олти йиллик фаолиятимда мураббий сифатида бахтли бўлганман.

Эсингизда бўлса, футбол федерацияси қарорига кўра, «Пахтакор»нинг уч йилгача олий лигадан тушиб кетмаслиги кафолатланганди. «Пахтакор» худди конкурсдан ташқари ўйнаётгандек эди.

Боз устига, 1979 йилги мавсумни якунлаб олиши учун Ўзбекистонга собиқ иттифоқнинг турли минтақаларидан футболчилар келишган. Ҳар бир кучли жамоа «Пахтакор»га иккитадан футболчисини берганди.

...Ҳаммасини бошидан бошлаймиз. «Пахтакор»да иш бошлаганимда ҳалокат туфайли келган футболчиларнинг аксарияти ўз жамоасига қайтиб кетганди.

Шу тариқа барчасини нолдан бошлашимга тўғри келган. Мендан олдин ишлаган Мосягин ва Базилевичлар ниманидир амалга оширишган. Лекин уларда вақт оз бўлган. Мен эса янги жамоа тузишга қарор қилдим.

Барча чизиқларни кучайтиришга киришдим ва асосий эътиборни маҳаллий ёшларга қаратдим. Шубҳасиз, биринчи йили биз сўнгги ўринни эгалладик. Охир-оқибат меҳнатларимиз ўз самарасини берди.

1982 йили ҳам «Пахтакор» квотага эга эди. Аммо биз ҳаққоний тарзда олтинчи ўринни эгалладик. Ўйин бор эди. Таркибдаги футболчилар ҳам ўзларини кўрсата бошлашганди.

Денисов, Якубик, Билялов, Петрушин, Кабаев, Бондаренко, Яновский, Шквирин, Амриев - кучли компания, ҳар қандай рақибни тиз чўктиришга қодир футболчилар.

Иштван Секечнинг «Пахтакор»дан кетиши кутилмаган воқеа бўлди. Айниқса, жамоа мухлислари учун. Улар «Нима сабабдан ақлли мураббийни ишдан олишди?» деб ҳайрон бўлишганди.

Шундан сўнг Секеч ўз юртига қайтиб, «Подолье» (Хмельницкий) жамоасини қабул қилиб олди. Лекин бу бошқа тарих. Унинг «Пахтакор»да қилган ишлари ҳамиша ёдимизда қолади.

БИЗНИНГ МАЪЛУМОТ:

ИШТВАН ЙОЖЕФОВИЧ СЕКЕЧ

1939 йилнинг 3 декабрида Берегово (Украина) шаҳрида туғилган.

Амплуаси: ҳужумчи

Футболчилик фаолияти: 1954|1956 - «Колхозник» (Берегово), 1957 - «Колхозник» (Ровно), 1958 - «Спартак» (Ужгород), 1959 - «Динамо» (Киев), 1960|1961 - «Авангард» (Тернополь), 1962|1963 - «Авангард» (Харьков), 1964|1965 - СКА (Львов), 1965 - СКА (Одесса), 1966 - ЦСКА (Москва), 1967|1972 «Черноморец» (Одесса), 1972 - «Судостроитель» (Николаев).

Мураббийлик фаолияти:

«Помир» (Душанбе) 1973-1978; «Карпати» (Львов) 1978; «Пахтакор» (Тошкент) 1981-1985; «Подолье» (Хмельницкий) 1986-1987; СКА - «Карпати» (Львов) 1988-1989; «Подолье» (Хмельницкий) 1989-1990; «Темп» (Шепетовка) 1990-1992; «Приборист» (Мукачево) 1992-1993; «Океан» (Находка) 1994-1995; «Луч» (Владивосток) 1996; «Нефтяник» (Похвистнево) 1997; «Металлург» (Красноярск) 1998-2000; «Жемчужина» (Сочи) 2001-2001; «Регар ТадАЗ» (Турсун-Зода) 2003-2005; «ЦСКА-Помир» (Душанбе) 2006; «Андижон» (Андижон) 2007; «Мика» (Ереван) 2008.

Виктор ХОХЛЮК


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 25-сентябрдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz