Қайднома

Қидирув

ЖЧ-2022 маш-машаси давом этади: Қатар ғирромликда айбланмоқда

ЖЧ-2022 маш-машаси давом этади: Қатар ғирромликда айбланмоқда

  07.08.2018 06:43
  0
  1704
ЖЧ-2022 маш-машаси давом этади: Қатар ғирромликда айбланмоқда

Россиядаги ЖЧ якунига етгач, Британия ОАВ ўз нигоҳларини навбатдаги мундиал мезбони - Қатарга қаратди.

Жумладан, The Sunday Times нашри Дохани ЖЧ-2022 мезбонлиги учун бўлган сайловда ғирромлик ишлатганликда айблади. Гўёки, қатарликлар бошқа номзодлар озроқ овоз олишлари учун МРБнинг собиқ агентларини уларга қарши тарғибот юритишга ёллашган.

ФИФА, ўз навбатида, мазкур материални кўриб чиқмаслигини маълум қилди. Чунки 2018 ва 2022 йиллардаги ЖЧларга номзодлик қилган барча номзодларнинг ҳужжатлари мавжуд қонун-қоидалар асосида текширувдан ўтказилган.

«Манбадан олинган маълумотларга кўра, сайлов жараёнида қатарлик тендер гуруҳи жамоат ташкилотлари ҳамда МРБнинг собиқ агентлари АҚШ ва Австралияга қарши сохта ташвиқот ахборотларини тарқатишлари учун пул берган», - дейилади нашр баёнотида.

Шунингдек, газета ВLJнинг Нью-Йоркдаги PR-компанияси раҳбари Майкл Хольтцманнинг Қатар ташкилий қўмитаси раҳбари маслаҳатчиси Аҳмад Нимехга йўллаган мактубини ҳам эълон қилди.

2010 йилнинг 17 май санасидаги ҳужжатдан сўнгги 4 ой ичида АҚШ ва Австралия номзодларига қарши амалга оширилган тадбирлар ҳисоботи ўрин олган. Нашрнинг таъкидлашича, тадбирга жалб этилган журналист ва блогерлар бу мамлакатлар ҳақида салбий мазмундаги материалларни чоп эттиришган.

Бундан ташқари, баёнотда Осиё вакиллари мундиалга мезбонлик қилиш америкаликлар учун зарарли эканлиги ҳақида маъруза ўқишини таъминлаш мақсадида Мэриленд университети профессори Денис Коутсга 9000 доллар беришгани маълум қилинган ва иқтисодчи олимнинг маърузасидан лавҳа келтирилган:

«Америкалик солиқ тўловчилар ўта қиммат ва мусаффо бўлмаган турнир лойиҳасига «йўқ» деб жавоб беришлари мақсадга мувофиқ».

Хольтцман шунингдек, 2010 йилнинг июнида Австралияда футболга қарши норозилик намойишлари режалаштирилгани ҳақида хабар берди.

Режага биноан, талабалар орасидан ёлланган регби жамоалари мамлакатдаги футбол беллашувларига «Регбидан қўлингни торт, йўқолсин ЖЧ!» шиори ёзилган баннерлар билан ташриф буюришлари лозим эди. Буларнинг барчаси ФИФАни бу икки мамлакатда футболнинг оммавий эмаслигига ишонтиришга қаратилганди.

Нашр мутасаддилари ҳар икки томондан мактубга изоҳ сўрадилар. BLJдагилар бундай ҳужжат ҳақида ҳеч нарса билмасликларини маълум қилишди. Қатарнинг мерос ва лойиҳалар бўйича Олий қўмитаси эса барча даъволарни рад этди:

«2018 ва 2022 йиллардаги ЖЧлар мезбонлари сайловларида биз ФИФАнинг барча қонун-қоидаларига қатъий риоя қилганмиз». Мақола Британияда қизғин баҳсларга сабаб бўлди.

Жумладан, мамлакат маданият, ОАВ ва спорт қўмитаси раҳбари Дамиан Коллинз Қатарга билдирилаётган айбловлар жиддийлигига урғу бериб, ФИФА уларни текшириб чиқиши лозимлигини таъкидлади:

«Жиддий текширув ўтказилиши шарт. ФИФА бунга кафолат бериши керак. Агар Қатар қоидани бузган бўлса, шунга яраша жазоланиши лозим».

АФАнинг собиқ президенти Дэвид Трисман эса Қатарга қарши айбловлар эълон қилингани боис, Англия мезбонликни ўз зиммасига олишга тайёр эканлигини маълум қилди.

«Агар Қатарнинг ФИФА қоидаларига риоя қилмагани исботланса, ЖЧни ташкил этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. У ҳолда ФИФА турнирни Англияга топшириши мумкин», - деди Трисман.

Шунингдек, ФИФАнинг собиқ президенти Йозеф Блаттер ҳам бу борада ўз мулоҳазаларини билдирди. Маълумки, сайлов унинг даврида бўлиб ўтганди.

«Совуқ янгиликлар: Қатар рақобатчиларга нисбатан ғирромликда айбланмоқда! Факт шуки, Франциянинг собиқ президенти Николя Саркозининг ФИФА вице-президенти Мишель Платинига босими эвазига Қатар сайловда ғолиб чиққанди», - «Твиттер»дан олинган мазкур цитата айнан Блаттерга тегишли.

«2018 ва 2022 йиллардаги ЖЧларни ташкил этишга оид тендер хусусида шуни маълум қиламизки, бу борадаги синчков тафтишни халқаро ташкилотнинг тергов палатаси раҳбари Майкл Гарсия олиб борган. Тегишли хулосаларни ўзига жамлаган ҳисобот ФИФАнинг расмий сайтида эълон қилинган.

Умуман, ФИФАнинг этика низомига зид бўлган ҳар қандай ҳолатлар бўйича белгиланган тартибда халқаро ташкилотга мурожаат қилиш мумкин», - деди ФИФАнинг расмий вакили.

ВВС журналисти Дэвид Роан эса ўзининг мазкур мавзуга бағишланган мақоласида Гарсия Қатар ташкилий қўмитасининг ҳаракатларидан бехабар бўлганлигини эслатиб ўтди.

Содиқжон РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz