Қайднома

Қидирув

Кларенс Зеедорф: «Ишлаш имконини беришса, натижа бошқача бўлади»

Кларенс Зеедорф: «Ишлаш имконини беришса, натижа бошқача бўлади»

  07.08.2018 06:17
  0
  554
Кларенс Зеедорф: «Ишлаш имконини беришса, натижа бошқача бўлади»

«Аякс», «Реал» ва «Милан» клублари сафида Чемпионлар Лигасида зафар қучган Кларенс Зеедорф кейинчалик мураббийлик йўлини танлади. Бироқ бу борада ҳозирча омади чопмади.

Мураббийлик футболини «Милан»да бошлаган Зеедорф кейинчалик Хитойда ишлади. Ўтган мавсум «Депортиво» билан мавсум охиригача шартнома имзолаганди. Аммо жамоани элитада сақлаб қола билмади.

Натижада «Депортиво» раҳбарияти у билан янги шартнома тузишни истамади. Яқинда Зеедорф хорижлик ҳамкасбларимизга интервью берди.

- Футбол ўйнаб юрганингизда мураббий бўлиш ҳақида ўйлаганмисиз?

- Ҳа. Менда ҳамиша ғоялар кўп бўларди. Мураббийларим эса улар билан бўлишишимга рухсат беришарди. Албатта, ўшанда сўнгги қарорни ўзим қабул қилмаганман. Лекин айнан ўша дамлар мураббийлик фаолиятимни бошлашимга туртки бўлган.

Футбол ўйнардим ва мени кўп нарсалар қизиқтирарди. Бирга ишлаган мураббийларим «ошхона»нинг ёнидан томоша қилишимга рухсат беришарди. Ҳозирда бу менга асқотмоқда. Мураббий бўлганимдан кейин ўзимни эркин ҳис қила бошладим.

- Сизнинг ишга бўлган муносабатингиз изланишга ўхшайди. Ҳозиргача ўзингиз учун идеал бўлган жамоани топа олмадингиз. Аммо изланишда давом этяпсиз.

- Мен сабрли инсонман. Аммо атрофдагилар ундай эмас. Ўзингизни кўрсатиш учун ҳар қандай имкониятдан фойдаланишингиз керак. «Милан»ни бошқариш омадим эди. Лекин бу жараён қандай якунланганини барча билади.

Натижа ва ўйин қониқарсиз бўлган. Агар ишлашимга имконият яратиб беришганида, ҳаммаси бошқача бўларди. Шундан сўнг вариантлар кам бўлди. Сиз ҳеч нима қила олмайсиз. «Мураббийлик бозори» шундай ишлайди. Бу системага кўникишга мажбурмиз. Ҳозир мавсумни бошлашим мумкин бўлган жамоа қидиряпман.

- Демак, айни пайт иш қидиряпсиз.

- Ҳа. Ҳозир кўплаб мураббийлар ишсиз юришибди. «Депортиво»ни қабул қилишимга сабаб, эътиборга тушишни истагандим. Ана шу тўрт ойдан кейин менга қўнғироқлар кўпайиб кетди. «Депортиво»дан олдин ундай эмасди.

- Зидан уч марта Чемпионлар Лигасида зафар қучди. Айтишларича, у ажойиб тактик бўлиш билан бирга яхши мотиватор ҳам экан. Жамоада юлдузлар шунчалик кўп бўлса, уларни руҳан тайёрлаш муҳимми?

- Психология ҳар қандай вазиятда муҳим роль ўйнайди. Зидан ҳақида бир нима дея олмайман. Чунки унинг ишини ҳар кун кузатмаганман. Лекин Зизунинг жамоа­си бирдамлик билан ҳаракат қилганидан ҳайрон қолдим. Бу - мураббийнинг иши.

«Реал»да ишлаш қийин бўлсада, Зидан уддалади. Чунки Мадриддагилар сабрсиз ва талабчанлар. Айнан у сабабли клублар мураббийларнинг тажрибаси ҳақида гапириш шунчаки вақт ўтказиш эканлигини тушуниб етишади.

Тажрибасиз Зидан барчасини уддалади. Ундан олдин ишлаган Бенитес эса катта тажрибага эга бўлишига қарамай, ҳеч нима қила олмади.

- Сиз кучли клубларда ҳақиқий чемпионлар билан ўйнагансиз. Мураббий сифатида бу сизга нима берди?

- Ғалаба қозониш учун қандай муҳит яратиш кераклигини ўргандим. «Ғалаба» сўзи футболдаги энг муҳимларидан биридир. Ғалаба ўзи нима? Унга эришиш учун нима қилиш керак?

Ҳамма ғалаба қозонишни истайди: сиз ҳам, рақибингиз ҳам. Бу футболчиларнинг иши. Лекин мен мураббий сифатида уларни руҳлантиришим керак.

- «Депортиво»да асосий эътиборингизни жисмоний тайёргарликка қаратдингиз. Замонавий футболда жисмоний тайёргарликнинг аҳамияти қандай?

- Олдинлари футбол фақат жисмоний тайёргарликдан иборат эди. Ҳозир спорт анча ривожланди. Илмий изланишлар орқали тайёргарлик жараёни ажойиб кўринишга келди.

Шуни айтишим мумкинки, сиз руҳан тайёр бўлмасангиз, ҳеч қандай жисмоний ҳолат ёрдам бермайди. Кучли бўлиш учун ўз имкониятингиз даражасидан чиқишингиз талаб этилади. Менинг машғулотларим интенсив. Бу эса кўпчиликка маъқул келмайди. Лекин ўсишда ёрдам бериши аниқ.

- Балотелли билан бирга ишлаганингизда, у камроқ фол ишлатадиган ва камроқ огоҳлантириладиган бўлди. Бу ўзаро суҳбатлар натижасими?

- Бундай суҳбатлар ўта муҳим. Агар футболчи билан яхши алоқа ўрнатсангиз, янада яхши бўлишига ёрдам берасиз. Мен ўз футболчиларимни яқиндан билишни истайман. Балотелли билан бирга вақт ўтказишимизга тўғри келди. Якунда натижага эришдик.

- Ҳар бир футболчига алоҳида эътибор бериш керакми?

- Шундай бўлиши мақсадга мувофиқ. Чунки ҳамма бир хил эмас.

- Гвардиоланинг «Барселона»да пайдо бўлиши ҳаммасини ўзгартириб юборди. Унинг футболини идеал деб ҳисоблашади. Аксарият мураббийлар Пепнинг ғояларига ўралашиб қолишмаяптими?

- Мураббийлик методларини шунчаки кўчириб бўлмайди. Кўчирма ҳамиша оргиналидан паст бўлади. Иккинчидан, Гвардиола футболи учун жаҳоннинг энг яхши футболчиларини жамлаш керак.

Бу ҳам доим ғалабага олиб келмайди. Акс ҳолда, Пеп Чемпионлар Лигасида ҳар йили ғалаба қозонарди. Лекин Гвардиола ўз ғояларига ишонади ва уни ҳар бир жамоада ишлатади.

- Сизнинг даврингиздаги футбол билан ҳозиргисининг фарқи нимада?

- Ҳар бир даврнинг ўз устунлиги бор.

- «Милан» ва «Реал» сафида ўйнаб, ўзингизни жаҳоннинг энг кучли футболчиларидан бири ҳисоблармидингиз?

- Шундай вазиятлар ҳам бўлган. 2004-2008 йиллар оралиғида энг юқори даражамга чиққанман. Ўшанда ўйин тақдирини якка ҳолда ҳал қилишим мумкин эди.

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz