Қайднома

Қидирув

Гаррилар жуфтлиги – Англия таянчи

Гаррилар жуфтлиги – Англия таянчи

  09.08.2018 06:33
  0
  652
Гаррилар жуфтлиги – Англия таянчи

Чўзилиб кетган омадсизлик давридан сўнг ниҳоят, Англия термаси Россия мундиалида етакчи тўртликдан жой олди. Ҳа, ҳозир ярим финалга чиқишнинг ўзи ҳам бу жамоа учун ижобий натижа - ўзи кашф этган спорт турида атиги бир марта чемпионлик нашидасини сурган ихтирочилар жамоаси иккинчи марта тўртинчи ўринни банд этди.

ЖЧ-2018даги муваффақиятда икки нафар Гарри - Кейн ва Магуайрнинг улушлари салмоқли бўлди. Қизиғи шундаки, Кейннинг мундиал тўпурарига айланишини олдиндан тахмин қилиш мумкин эди.

Лекин кўпчилик учун нотаниш бўлган Магуайрнинг ёрқин ўйинлари, жамоага ярим финал йўлланмасини берган гол муаллифига айланиши чин маънода кутилмаган ҳол бўлди.

Бош жамоадаги дебютини Магуайр ўтган йилнинг кузида нишонлаганди. Бунгача ҳимоячи «Шеффилд Юнайтед» ва «Халл Сити» каби камтарин жамоаларда юрганди. Аммо унинг ўткир зеҳни ва ноёб иқтидори айрим скаутларга маълум эди. Уларнинг бири бўлган Крейг Шекспир «Лестер»ни қабул қилиши билан Мальоркага «ўқдек учди» - Магуайр ўша ерда дам олаётганди.

«Кечки таом хусусида унинг коттежи ёнида келишиб олдик. Соддадил кўринган бу йигит анчайин зеҳнли эканлиги ҳақида мени огоҳлантиришганди. Бироқ Гарри дастлабки саволдаёқ мени шошириб қўйди.

У ҳимоячиларнинг жойлашуви билан қизиқиб, кейин нима сабабдан марказга чиқишда қийналаётганини асослаб берди. Мен ҳимоя хусусида аниқ қарорга келмаганимни айтдим. Шунда у муаммони ҳал қилиши мумкин бўлган машқ­ларни намойиш этди», - деганди Шекс­пир ўз шогирди ҳақида.

Гарри чиндан ҳам ақлли йигит. Футболга кўп вақт сарфлашига қарамасдан, мактабни фақат аъло баҳолар билан якунлади. Қўшимчасига, 100дан ортиқ китобларни мутолаа қилиб, адлия соҳасида ихтисосга эга бўлди. Футбол ва тактика ҳам Гаррининг суюкли машғулоти.

«Шеффилд»даги дебют учрашувида мураббийларга схемани ўзгартиришни таклиф этгани учун захира ўриндиғига «сургун» қилинди. Ҳа, бесўнақай дебютантнинг ақл ўргатиши мураббийларнинг ғашига текканди. Бироқ ҳозир Гарри Кейн ва Гарет Саутгейтлар у билан маслаҳатлашадилар.

Магуайр ҳозиржавоблик ва қувлик хислатларидан ҳам бенасиб эмас. Умуман, жамоа аъзолари орасида у билан дарвозабон Пикфорднинг табиати чинакам британияликларга хос. Посбондан кўпинча қайси тунги клубдан келганлигини сўрашади.

Гаррига эса охирги марта қайси портдан қанча балиқ овлагани ҳақида савол беришади. Жавоб эса доимо тайёр: «Жуда кўп. Мен қармоқ билан ов қиламан. У бўлмаса, қўл билан ҳам тутавераман. Бундан ташқари, энг семиз форель қайси оролда кўпроқлигини ҳам яхши биламан».

Машғулотлардан кейин Магуайрдан интервью олишаётганида, даврага Жейми Варди суқулди:

- Салом, Жейми сиз билан. Биз тўғридан-тўғри репортаж олиб бор­япмиз. Ёнимда - Гарри Магуайр. Айтинг-чи, бошингизнинг диаметри қанча?

- Сенинг бошингни ёриш учун мўлжаллаб қўйган тошникича!

Швеция дарвозаси томон дастлабки бурчак зарбаси белгиланганида, номдош адашлар ёнма-ён туришганди. Аввалига улар тўпни қаерга узатиш хусусида Янгга ишора қилишди. Саноқли сониялардан ке­йин эса тўп дарвозага «михланди». Бундай зарбани қайтаришга Ольсен ожизлик қилди.

Тўғри, ярим финалда ҳам, 3-ўрин учун кечган беллашувда ҳам навқирон Англия термаси имкониятни бой берди. Лекин юксак салоҳиятга эга эканини исботлади. Ана шу ҳимоячи ва ҳужумчи Гаррилар бош ролларни ижро этишди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz