Қайднома

Қидирув

Роберт Просинечки: «Олтин тўп» Модричга берилса, яхши бўларди»

Роберт Просинечки: «Олтин тўп» Модричга берилса, яхши бўларди»

  08.08.2018 06:13
  0
  649
Роберт Просинечки: «Олтин тўп» Модричга берилса, яхши бўларди»

1998 йили Францияда ўтган жаҳон чемпионатида Хорватия термасининг афсонавий таркибидан ўрин олган Роберт Просинечки бугун ҳамюртлари кўрсатган ўйин­дан ажабланганини яширмади.

Айнан у ЖЧ-2018 бошланганидан буён хорватларнинг финалда французлар билан баҳс олиб боришларига ишонганлардан бири эди.

Яқинда хорижлик ҳамкасбларимиз Просинечкини суҳбатга чорлаб, унга турли мавзулардаги саволлар билан мурожаат қилишди.

- Хорватия термасининг Россияда ўтказилган мундиалда эришган ютуғи сиз учун кутилмаган ҳол бўлдими?

- Агар ёдингизда бўлса, жаҳон чемпионати бошланмасидан аввал аксарият ишқибозлар Хорватия термасининг чемпионликка эришиши лозимлигини таъкидлашганди. Худди шундай тахмин 1998 йили миллий жамоамизга бош мураббийлик қилган Мирослав Блажевичдан ҳам чиққанди.

Албатта, «Чиро»нинг деярли ҳар бир мундиалдан аввал айни мазмунда фикр билдиришига кўникиб қолганмиз. Аввалги учта ЖЧда хорватларнинг гуруҳдан чиқолмаганликларини инобатга олсак, ўйлашимча, 1|8 финал босқичи ҳам катта ютуқдек туюлиши мумкин эди. Дания термасига қарши кечган ўйин (1:1, пенальтилар бўйича - 3:2) турнирда бурилиш нуқтасига айланди.

Айнан шу баҳс ҳамюртларим учун қийин ўтди, ўта мураккаб ҳолатда, деярли голли вазиятлар яратмай, ўйиндан кейинги «лотерея»да ғолиб чиқишди. Мазкур учрашувни ҳисобламасак, Хорватия миллий жамоаси бошқа баҳсларда биринчи рақам остида ўйнади.

Рақибга мослашмади, «плей-офф»га ўз гуруҳида биринчи ўринни эгаллаган ҳолда чиқди. Бутун турнир давомида финалда Франция термасига рўбарў келишимизга шубҳа қилмадим.

- Бу Хорватия термасининг сири нимада?

- Албатта, жамоада иқтидорли йигитлар тўпланишган, аммо муҳими - психология, жанговар кайфият. Нигерияга қарши кечган дастлабки учрашувдаёқ футболчиларимиз ҳақиқий характер кўрсатишди. Дания, Россия, Англия билан ўйинларда ўз дарвозаларидан биринчи бўлиб тўп ўтказиб юборишганига қарамай, якунда кейинги босқич масаласини ижобий ҳал этишди.

Бу жамоадаги ҳамжиҳатликка қойил қолса арзийди. Кўп жиҳатлар бўйича бош мураббий Златко Даличнинг хизматларини эътироф этиш даркор. У Никола Калинични уйига қайтариб юбораётганида (илк ўйиндан сўнг), бир дақиқа ҳам ўйлаб ўтирмади. Шу тариқа бошқаларга белги бергандек бўлди: «Асосийси - жамоавий бирдамлик!».

- Хорватия термаси бу йил 1998 йилдагидан ҳам яхшироқ кўрсаткичга эришди. ЖЧ-2018 финалидаги ўйиндан келиб чиқиб, йигирма йил аввалги мундиал ярим финалида французларга бой берилган учрашувга қандай баҳо берасиз?

- Ўшанда ҳам билгандим, ҳозир ҳам шундай деб ҳисоблайман - биз финалгача боришга қодир эдик. Қизиғи, 1998 йилги ўйинда рақиб жамоанинг иккита голига Лилиан Тюрам муаллифлик қилганди. Ажойиб ҳимоячи, билишимча, бу Тюрамнинг термадаги дастлабки ва охирги голлари бўлган экан!

Сўнгра рақиб сафида Блан четлатилди, натижада футболчилар сони бўйича устунликка эришдик. Аммо Эме Жаке (Франция термасининг ўша пайтдаги бош мураббийи) бир ҳужумчини (Жоркаефни) олиб ташлади, Блажевичга эса бироз қатъият етишмади: у сўнгги 15 дақиқа ичида таваккал қилиши мумкин эди. Ўшанда 89-дақиқада мени майдонга туширганди...

- Россияда ўтган жаҳон чемпионатида Хорватия термасида тўп сурган қайси футболчини алоҳида ажратиб кўрсатасиз?

- Барча жонбозлик кўрсатди. Аммо барибир, Лука Модрич қолганлардан ажралиб турди. Унинг техникаси, ўйинни ўқий олиш қобилияти ва бошқа жиҳатлар бўйича тенгсиз ўйинчи бўлди. Лука бутун жамоани ўзаро бирлаштириб турди. Умуман, футбол тарихида бунга мисоллар етарлича.

Эсимда, Евро-1984дан сўнг Мишель Идальго (Франция термаси мураббийи) Платини фақат ўзи ҳақида ўйламай, бутун жамоа ҳамжиҳатликда ҳаракатлангани туфайли турнирда ғолиб чиққанликларини таъкидлаганди.

Модрич эса кетма-кет уч марта Чемпионлар Лигасида зафар қучганидан сўнг бу борада ҳақиқий ташаббускорга айланди. Агар «Олтин тўп»ни унга беришса, жуда хурсанд бўлардим.

- Энди нима бўлади? Бу жамоанинг келажаги қандай?

- Умид қиламанки, ушбу муваффақият бутун мамлакатни ҳаракатга келтиради, инвестициялар киритиш бошланади. Ҳозирги кунда термамизда ҳақиқий машғулот маркази йўқ, боз устига, замонавий стадионга ҳам эҳтиёж бор.

Россияда ўтказилган жаҳон чемпионати пайтида ҳамма мулозимлар Хорватия термаси либосини кийиб олишди. Эндиликда улар чин маънода Хорватия учун «ўйнашади», деб ният қилиб қоламиз.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz