Қайднома

Қидирув

Pepsi Суперлига. Сўнгги икки тур саволи: ён босишлар кузатилмайдими?

Pepsi Суперлига. Сўнгги икки тур саволи: ён босишлар кузатилмайдими?

  08.08.2018 06:47
  1
  2031
Pepsi Суперлига. Сўнгги икки тур саволи: ён босишлар кузатилмайдими?

Суперлига кучли олтилиги қандай кўриниш олади? Иккинчи даврага якун ясаб берувчи 2 тур олдидан бу савол кўпчиликни қизиқтирмоқда.

Ҳозирги ҳолатда «Насаф» кучлилар гуруҳига кириш уддасидан чиқадими? «Қўқон-1912» ва «Металлург»нинг бу борадаги ўзаро рақобати қандай хотима топади? Фикримизча, бу масалага кўп жиҳатдан «Қўқон-1912» - «Пахтакор» баҳсида ойдинлик киритилади.

Мухлислар наздида, ҳар икки клуб ҳакамлар томонидан қўллаб-қувватланадиганлар тоифасидан. «Сўғдиёна» ва «Металлург»нинг Қўқонда «ўлдирилиши» билан боғлиқ хабарлар ижтимоий тармоқларда бежиз тарқалмади. «Пахтакор»га нисбатан мухлислар ўртасида шаклланган салбий муносабат ҳақида-ку гапиришга ҳожат йўқ.

«Шерлар»га «симпатия» борлиги аён, аммо бу расмий матбуотда эътироф этилмайдиган ҳақиқат. Шота Арвеладзени ҳайрон қолдириб, «Пахтакор» иштирокидаги икки учрашувга хорижлик ҳакамларнинг таклиф қилиниши ҳам аслида шу муносабат билан алоқадор. Фақат бу мавзуда ҳеч ким охирги хулосани айтмайди.

Ҳар ҳолда, биз ҳали бир гапни айтиш ва мулоҳазаларимизни далиллар асосида исботлаш даражасига кўтарилмадик. Ҳозирча ҳамма видеотасвирларга асосланиб, мулоҳаза юритмоқда. Яъни ҳакамларнинг хатти-ҳаракатларига видеотасвирлар воситасида баҳо берилмоқда.

Улар томонидан йўл қўйилган хатолар тасодиф ёки тажрибасизлик натижаси сифатида баҳоланиб, шу тамойил асосида жазо белгиланмоқда. Дейлик, «Бухоро» - «Пахтакор» учрашувидан сўнг жазога тортилган Темур Тўхтасинов тез орада тажрибаси ошиб, яна ўйинларни бошқармоқда...

Майли, ҳеч бир ҳакам хатолардан ҳимояланмаган ва вақтида тегишли хулоса чиқарганлар ишни давом эттиришгани маъқул. Лекин кўпчиликнинг кўнглидаги саволга жавоб йўқ, яъни ўша хатолар дарҳақиқат, тасодиф ёки тажрибасизлик натижасими?

Очиғи, «Барча ҳакамлар виждони топ-тоза, улар фақат тасодифан ёки тажрибасизлик оқибатида хато қилишади, бировнинг «буюртма»сини бажаришмайди» қабилида мулоҳаза билдирсангиз, аксарият мухлислар истеҳзо билан кулишади. Демак, қайсидир баҳсда атайин жамоалардан бирига ён босиш кузатилган.

Албатта, ҳеч бир рефери ёки лайнсмен бу ишга ўз хоҳиши билан қўл урмайди. У шунчаки, буйруқ ёки ваъда эвазига хато уюштиради ва бунда ҳаттоки, жазоланишдан ҳам чўчимайди.

Яна такрор айтамиз, «Қўқон -1912» ва «Пахтакор» мухлислар назарида ҳакамлар «сахий»лигидан фойдаланадиган жамоалар. Қизиқ, икки клуб ўртасидаги баҳсда ҳакамлик қандай бўлади? Бу жараён ҳам ҳозир мухлисларнинг алоҳида қизиқиши доирасидаги мавзу ҳисобланади.

Миржалол Қосимов ҳакамларга инсоф тилади. Қосимовдек кўпни кўрган тажрибали мураббий ҳакамларга инсоф тилаяптими, хулоса қилаверингки, умумий вазият анча чигал. Бошқача айтганда, ишнинг ўнгланишидан умид узган, айрим ҳолатларда ўзини мажбуран чегаралайдиган мураббийгина ноилож шундай йўл тутади.

Ҳолбуки, футболимиздаги кўзга кўринмас адолатсизликларни очиб ташлаш Миржалол Қосимов каби машҳурлар зиммасидаги улкан миссиядир. Ахир у футболчи ва мураббий сифатида парда ортида ёки майдонларда қолиб кетаётган адолатсизликлардан яхши хабардор. Демакки, футболимизга зарур ҳақиқатларни айтиши мумкин.

Бошқа биров бунга жазм этса, бели «синиб» қолиши ҳеч гап эмас. Маълумотлардан хабардорлик ва эл-юрт олдидаги машҳурлик Миржалол Қўшоқовични ҳимояловчи ўзига хос «совут»-дир. Бироқ бу иш унинг мажбуриятига кирмайди. Мураббийни шундай қилишга ундаш ҳам ноўрин.

Биз эса кўтарилган мавзу юзасидан фақат мулоҳаза билдириш билан чекланамиз, холос. Зеро, мулоҳазадан ҳам тийилсак, бу мухлислар қалбидаги довулларга бепарво қараш билан тенгдир.

Эътибор беринг, Миржалол Қосимовнинг ҳакамларга инсоф тилашиёқ бизни шундай мулоҳазалар ёзишга чорлади. Агар у футбол ҳақиқатларини баралла айтишга астойдил бел боғласа, мухлислар томонидан баҳамжиҳат қўллаб-қувватланишига ишончимиз комил.

Миллий терма жамоамизда янги бош мураббий иш бошлаётган бир паллада футболимизда биз назарда тутаётган ошкоралик жараёни юз берсами, мундиал йўлланмасини ютишга боғлиқ орзуларимиз пойдевори янада мустаҳкамланади. Инчунин, чала ҳақиқатлар футболимизни тўғри йўлдан адаштираверади, барибир.

Адолатсизликлар сабаб, миллий чемпионатимиз формати ва регламенти ўзгартирилди. Аслида шундай ўзгаришга қўл урилганиниинг ўзи футболимизда гуллаб-яшнаб, чуқур илдиз отган адолатсизлик дарахти мавжудлигидан далолат. Энди ўзгаришлардан сўнг футболимизда чала ҳақиқатлар гулхани гурилламоқда.

Таъбир жоиз бўлса, бу гулхан ёлқини баъзи баҳсларда майдонларни ёритолмаяпти. Гоҳо кишини шундай хаёллар чулғаб оладики, ўйинлар тақдирини наинки мураббийлар, мутасаддилар ёки ҳакамлар, балки баъзи футболчиларнинг ўзлари майдон ташқарисида ҳал қилиб қўйишаётгандек.

Қайсидир жамоа ҳимоячиси рақиб ҳужумчисига «тасодифан» шундай узатма берадики, бошқа футболчилар ва мухлислар, ҳаттоки, мураббийлар ҳам нима дейишга ҳайрон бўлиб, ўтиришаверади. Баъзи дарвозабонларнинг болаларча хатолари хусусида сўзлаш ортиқча. Миржалол Қосимов айтмоқчи, ҳаммаси уларнинг виждони ва инсофига ҳавола.

Кўриб турибсизки, барчасини виждон ва инсофга боғлаяпмиз. Мухлисларимиз эса «Қайси виждонни назарда тутяпсиз - вужуддагиними ёки чўнтакдагини?» дейишлари аниқ. Нима дердик, халқнинг сўзи ҳақ! Муҳтарам мухлис, кучли олтиликдан қайси жамоалар жой олиши масаласи бизни шундай мулоҳазалар ёзишга ундади. Хулоса ўзингиздан...

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Билдирилган фикрлар


Валивой,энди сан қолгандинг Пахтакоррикига осилмаган.Журналист номи осьида яшириниб,ўзингни командангни манфаатини юқорига кўтармоқчимисан,нокас.Пахтакордан нари тургин,шундоғам дала ҳайвонларини минғир синғири асабга тегиб бўлди,қуруқ туҳматлари орқали.
09.08.2018 17:45

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz