Қайднома

Қидирув

Қайси клублар футболчилари энг кўп жаҳон чемпиони бўлишган?

Қайси клублар футболчилари энг кўп жаҳон чемпиони бўлишган?

  11.08.2018 06:13
  0
  3438
Қайси клублар футболчилари энг кўп жаҳон чемпиони бўлишган?

Ишониш қийин бўлган факт: Антуан Гризманн ва Люка Эрнандес «Атлетико»нинг жаҳон чемпионатидан ғалаба билан қайтишган илк вакиллари ҳисобланишади.

Яъни жорий йилга қадар «матрасчи-лар»нинг бирор футболчисига ЖЧда шоҳсупага кўтарилиш насиб этган эмасди. Қизиқ, бу борада қайси клублар олдинда?

Soccer.ru сайти ижодкорлари айнан шу масалага қизиқиб, бутун тарихда мундиал олтин медалини ютганларга назар солишди: улар ўзлари учун муваффақиятли якунланган жаҳон биринчилиги пайти қайси клуб аъзоси саналишган?

Дарвоқе, жорий йил Хорватия термаси финалда французларни енгганида, тарихда илк марта Россия клубининг амалдаги футболчиси жаҳон чемпиони мақомини оларди - Ведран Чорлука («Локомотив»).

1 нафар чемпионга эга клублар (37та): «Америка» (Мехико), «Атлетико Паранаэнсе», «Бангу», «Аугсбург», «Кальяри», «Депортиво Эс-паньол» (Буэнос-Айрес), «Эльче», «Эстудиантес» (Ла-Плата), «Эвертон» (Ливерпуль), «Ферро Карриль Оэсте», «Пирмазенс», «Франкфурт», «Фулхэм», «Ганновер», «Гессен-Кассель», «Лечче», «Лестер», «Ливорно», «Луччезе», «Манчестер Сити», «Мец», «Мирамар», «Монтевидео Уондерерс», «Нант», «Олимпия», «Пиза», «Расинг» (Монтевидео), «Бетис», «Реджина», «Рот Вайсс» (Эссен), «Фрайбург», «Шимицу С-Палс», «Саутгемптон», «Торино», «Велес Сарсфилд», «Вильярреал», «Вулверхэмптон»

Ҳа, жаҳон футболидаги 37та клуб ягона жаҳон чемпионига эга. Муҳими, шу ягоналар орасида чинакам қаҳрамонлар ҳам бор! Дейлик, «Лестер» буюк дарвозабон Гордон Бэнкс билан ҳар қанча ғурурланиши мумкин, «Рот Вайсс» эса ЖЧ-54 финали қаҳрамони Хельмут Ран билан.

Чунончи, биринчиси инглизлар ғалабасига мислсиз ҳисса қўшган, иккинчиси ҳал қилувчи баҳсда енгилмас венгрлар дарвозасига 2та гол урган. ЖЧ-2018 якунида «Манчестер Сити» ҳам ниҳоят, жаҳон чемпиони бор клублар қаторига қўшилди - Бенжамен Менди Франция термаси сафида «шаҳарлик» сифатида «олтин» олди.

2 нафар чемпионга эга клублар (27та): «Нюрнберг», «Аргентинос Хуниорс», «Атлетик» (Бильбао), «Атлетико» (Мадрид), «Атлетико Минейро», «Байер» (Леверкузен), «Блэкпул», «Бока Хуниорс», «Сентраль» (Монтевидео), «Данубио», «Депортиво» (Ла-Корунья), «Фортуна» (Дюссельдорф), «Женоа», «Гамбург», «Лидс», «Лион», «Наполи», «Ньюэллс Олд Бойз», «Парма», «Расинг» (Авелья­неда), «Рампла Хуниорс», «Сампдория», «Сан-Лоренсо», «Севилья», «Гройтер Фюрт», «Тоттенхэм», «Удинезе»

Мана, Мадрид «Атлетико»си Антуан Гризманн ва Люка Эрнандес туфайли бирданига 2 нафар чемпионга эга клублар қаторига кирди. Уго Льорис, Стивен Н~Зонзи ва Набил Фақир эса тегишлича «Тоттенхэм», «Севилья» ва «Лион»ни юқорироққа кўтаришди. «Наполи» чемпионларидан бири Диего Марадонадир, «Байер»нинг ҳар икки қаҳрамони эса Бразилиядан - Пауло Сержио ва Лусио.

3 нафар чемпионга эга клублар (11та):«Осер», «Белла Виста», «Серро» (Монтевидео), «Гремио», «Уракан», «Португеза», «Тальерес» (Кордоба), «Триестина», «Штутгарт», «Вердер», «Вест Хэм»

3 нафар чемпионга эга 11та клубдан 6таси Жанубий Америка ва 5таси Европа вакилидир. Бу рўйхатдан «Штутгарт»ни ажратиб кўрсатиш керак: немис клуби янгигина чемпиони билан мақтанишга ҳақли - Бенжамен Павар. Эътиборлиси, «Штутгарт» қаҳрамонлари турли терма жамоаларга тегишли: Бенжамин Павар (Франция), Дунга (Бразилия) ва Гвидо Бухвальд (ГФР).

4 нафар чемпионга эга клублар (4та): «Айнтрахт» (Франкфурт), «МЮ», «Палермо», «Васку да Гама»

Клуб футболи грандларидан бири - «Манчестер Юнайтед»нинг «Айнтрахт» ва «Палермо» каби ўртамиёналар билан бир қаторда тургани бироз ғалати. Боз устига, ЖЧ-2018га қадар атиги 3 нафар «қизил иблис»га жаҳон тожини кийиш насиб этганди.

Қолаверса, ҳар учови 1966 йили айнан Англияда ўтказилган мундиалда зафар қучганди: Бобби Чарльтон, Жон Коннелли ва Нобби Стайлз. Энди шу трио Поль Погба ҳисобига квартетга айланди.

5 нафар чемпионга эга клублар (10та):«Кайзерслаутерн», «Бо-   лонья», «Челси», «Крузейро», «Лацио», «Ливерпуль», «Марсель», «Монако», «Шальке», «Валенсия»

Бу йил Н~Голо Канте ва Оливье Жиру «Челси» рейтингини кўтаришди, Тома Лемар ва Жибриль Сидибе «Монако»га икки очко қўшишди, «Марсель» эса бирданига 3 нафар янги чемпионини қарши олди - Одил Рами, Стив Манданда ва Флориан Товен

6 нафар чемпионга эга клублар (2та): «Боруссия» (Менхенгладбах), «ПСЖ»

Менхенгладбах жамоаси чемпионлари орасида Юпп Хайнкес ва Берти Фогтс каби афсоналар бор. «ПСЖ» эса ЖЧ-2018дан сўнг бу борада икки баравар олға силжиди: Раи, Бернар Лама ва Роналдиньо қаторига Килиан Мбаппе, Преснель Кимпембе ва Алфонсо Ареоля қўшилишди.

7 нафар чемпионга эга клублар (5та): «Арсенал» (Лондон), «Боруссия» (Дортмунд), «Фламенго», «Флуминенсе», «Индепендьенте»

ЖЧ-2014 «Арсенал»га 3 нафар янги чемпион тақдим этганди: Месут Озил, Пьер Мертезакер ва Лукас Подольски. Бу сафар эса «канонир-лар»дан ҳеч ким тахтга чиққани йўқ. Ваҳоланки, Арсен Венгер даврида Франция термаси ва «Арсенал» ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатилганди.

Бироқ лондонликлар қишда Оливье Жируни «Челси»га қўйиб юборишди, Александр Лаказетт эса Дидье Дешам ишончини қозонолмади. Шунингдек, Бразилия мундиалидан «Боруссия» (Дортмунд)нинг бирданига 4 нафар вакили бош соврин билан қайтганди - Кевин Гросс-кройц, Роман Вайденфеллер, Матс Хуммельс ва Эрик Дурм. Ҳозирги Франция миллий жамоасида эса Дортмунд клубдан футболчи йўқ.

8 нафар чемпионга эга клублар (3та):«Ботафого», «Коринтианс», «Фиорентина»

«Фиорентина» вакиллари 4та мундиалда ғалаба нашидасини суришган. Бу жамоадан чиққан охирги чемпион - Лука Тони (2006 йил). «Коринтианс» эса Бразилия термаси зафари билан якунланган 5та ЖЧдан 4тасига футболчи юборган. «Ботафого» вакилларига келсак, улар бразилияликлар шоҳсупага кўтарилган 3та мундиалда иштирок этишган.

9 нафар чемпионга эга клублар (3та): «Кёльн», «Палмейрас», «Ривер Плейт»

«Олтин»га бурканган Бразилия термаси (1958, 1962, 1970, 1994 ва 2002) таркибида ҳар доим «Палмейрас» футболчисига жой топилган. «Кёльн» ва «Ривер Плейт» вакиллари эса табиийки, асосан немислар ва аргентиналиклар сафида жавлон уришган.

10 нафар чемпионга эга клуб: «Милан»

Милан шаҳри клубининг 9 нафар чемпиони италиялик эканлигида ажабланадиган томони йўқ. «Россонер» сифатида жаҳон тождори бўлган ягона хорижлик -  бу ЖЧ-98да Франция термаси ютуғига катта ҳисса қўшган Марсель Десайи.

11 нафар чемпионга эга клублар (3та): «Барселона», «Реал» (Мадрид), «Сантос»

Самуэль Юмтити ва Усмон Дембеле каталониялик ғолиблар сафини кенгайтиришди, Рафаэль Варан эса «Реал» ҳисобига очко ёзиб қўйди. Шу тариқа азалий икки рақиб ўртасида тенглик юзага келди. «Мадрид» бу борада анча кенг географияга эга: чемпионликка эришган «реалчилар» орасида Испания, Франция, Германия, Бразилия ва Аргентина миллий жамоалари аъзолари бор.

«Барса» бу масалада бироз камтарона кўрсаткичга эга, умуман, клубнинг ЖЧ ғолибига айланган биринчи вакили - бу бразилиялик Ромарио (1994 йил). «Сантос»га келсак, бу клуб Пеледек 3 карра жаҳон чемпионига эга. Яъни футбол қироли ўз ҳисобидаги 3та олтин медални ҳам айнан «Сантос» ўйинчиси сифатида қўлга киритган.

13 нафар чемпионга эга клублар (2та): «Насьональ» (Монтевидео), «Сан-Паулу»

Жанубий Американинг икки клуби фақат ўз мамлакатига жаҳон чемпиони етказиб берган. Оддий айтганда, «Насьо-наль» футболчилари Уругвай термасида катта роль ўйнаган бўлсалар, «Сан-Паулу» бразилияликлар учун зафарли бўлган 5та мундиалга ҳам футболчи жўнатган, худди «Палмейрас» каби.

14 нафар чемпионга эга клуб:    «Пеньяроль» (Монтевидео)

«Насьональ» ва «Пеньяроль» ўртасидаги азалий дербига жаҳон чемпионлари сони бўйича қарасак, иккинчиси олдинда - 14:13. Лекин шуниси борки, ҳар икки клуб ўз чемпионлари билан анча олдин танишган - ЖЧ-30 ва ЖЧ-50 якунида.

15 нафар чемпионга эга клуб: «Рома»

«Бўрилар» фақат Италия миллий жамоаси эмас, бошқа термаларда ҳам зафар қучишган. Дейлик, Руди Фёллер ва Томас Бертхольд немислар, Венсан Кандела французлар, Кафу ҳамда Алдаир эса бразилияликларнинг ғалабали одимларига ҳисса қўшишган.

Тўғри, «Рома» чемпионлик очколарини асосан итальянлар ҳисобига кўпайтирган, барибир. Хусусан, 2006 йили Даниэле де Росси ва Франческо Тотти клубнинг бу борадаги мавқеини яна кўтаришганди.

19 нафар чемпионга эга клуб: «Интер» (Милан)

8 нафар чемпион иккинчи жаҳон урушидан олдинги мундиалга тўғри келади. Жамоада икки карра тождор ҳам бор: Жузеппе Меацца. Бу борада хориж георрафияси тор эмас: Лотар Маттеус, Юрген Клинсманн, Андре Бреме (Германия), Роналдо (Бразилия), Жоркаефф (Франция).

24 нафар чемпионга эга клуб: «Бавария» (Мюнхен)

«Бавария» футболчилари асосан ГФР|Германия терма жамоасида зафар нашидасини суришган. Зеро, 1974, 1990 ва 2014 йилги чемпион жамоа ўзагини айнан улар ташкил этишган. Шунинг баробарида Мюнхен грандида легионер чемпионлар ҳам бор: Жоржиньо (Бразилия), Биксант Лизаразю (Франция) ва янгигина қаҳрамон Корентен Толиссо (Франция).

25 нафар чемпионга эга клуб:«Ювентус» (Турин)

Чемпионлар сони бўйича мутлақ етакчи - «Ювентус»! «Кекса синьора» вакили сифатида олтин медаль ютганлардан 22 нафари италиялик. Қолган чемпионлар эса Франциядан - Дидье Дешам, Зайниддин Зидан ва янги ғолиб - Блез Матюиди.

Дарвоқе, яқиндагина бўйнига олтин медаль таққан футболчи бироз нокамтарона гапиришга ҳам улгурди: «Роналду энди кийиниш хонасида жаҳон чемпиони билан ёнма-ён туришдан фахрланса бўлаверади».

Эркин агент - Альберто Тарантини (Аргентина, 1978). ЖЧ-78да аргентиналиклар ҳимоя чизиғида муҳим роль ўйнаган Тарантини ўша пайт ҳуқуқий жиҳатдан ҳеч қайси жамоага тегишли бўлган эмас. Аниқроқ айтсак, мундиалдан олдин «Бока Хуниорс»дан кетган Альберто рўйхатга «клубсиз» мақомида киритилганди.

Бўйнига олтин медаль таққанидан кейин эса «Бирмингем» сафига қўшилади. Умуман, Тарантини жаҳон чемпионатида эркин агент сифатида зафар қучган ягона футболчидир.

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 25-сентябрдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz