Қайднома

Қидирув

«Қўқон-1912»га боғлиқ Суперлига…

«Қўқон-1912»га боғлиқ Суперлига…

  12.08.2018 18:08
  0
  623
«Қўқон-1912»га боғлиқ Суперлига…

20-турдан кейинги умумий картина. Мана, Суперлигада юқори ва қуйи олтилик масаласи энг муҳим мавзуга айланди. Бошида кўпчилик бунга унча эътибор қаратмагани рост. Агар одатий тизим амалда бўлганида, ҳозир умумий турнир жадвалида яқин таъқибчиларидан 7 очко илгарилаб кетган «Пахтакор»нинг чемпионлик йўлидаги имкониятлари жуда юқори баҳоланарди, албатта. Аммо миллий чемпионатимиз тарихида илк марта (ишонамизки, синов тариқасида эмас!) «олтин очко» тизими татбиқ этилди ва янги қоида асосида ҳисоблаганда, иккинчи босқич олдидан «Навбаҳор» яққолроқ устунликка эгадек туюлаверади. Энг муҳими, камида 4та жамоада «олтин» йўлида курашиш учун реал имконият борлигини кўриш мумкин. Яна 2та турдан сўнг иккинчи давра, бошқача айтганда, биринчи босқичга якун ясалади. Биласиз, шундан сўнг 1-6-ўринларни банд этган жамоалар алоҳида гуруҳда чемпионлик, ОЧЛга чиқиш ва  совринлар учун курашга киришади. Қолганлар чекига эса Суперлигада қолиш масаласини ҳал этиш тушади. Икки гуруҳ вакиллари ҳам «уй-сафар» тизимида ўзаро ўйнаб чиқишларини ҳисобга олсак, бизни қўшимча 10та тур кутиб турибди. Демакки, чемпионатдаги масалалар 32 тур орқали ҳал этилади.

Бугуннинг воқеалари

2 август куни «Бухоро»нинг «Металлург»дан устун келиши ва «Қўқон- 1912»нинг Тошкентда «Бунёдкор»ни мағлубиятга учратиши натижасида турнир жадвали юқори олтилигида жиддий ўзгартириш кузатилди. Қолаверса, АГМК майдонида 0:3 ҳисобида имкониятни бой берган «Қизил-қум» кучлилар гуруҳига илиниш умидини батамом узди. Айни ҳолатда «Қўқон-1912» ва «Металлург»нинг очколари тенг, лекин тўплар нисбатига кўра, водийликлар 6-ўринга кўтарилишди. Аммо 22-турдан кейин ҳам икки жамоа очколари тенглигича қолса, унда «Металлург» юқори олтиликдан жой олади. Сабаби, Суперлига-2018 регламентига биноан, агар жамоалар очколари тенг бўлган тақдирда, аввало, ўзаро ўйинлар натижасига қаралади. Икки жамоанинг бир-бири билан ўйинлари: «Металлург» - «Қўқон-1912» - 1:0, «Қўқон-1912» - «Металлург» - 2:1. Демак, Бекобод жамоаси сафарда урилган гол ҳисобига устун. Диққатга сазовор томони, агар 22-турдан кейинги ҳолат бўйича «Қўқон-1912» 6-ўринда қоладиган бўлса, «Локомотив»нинг чемпионлик йўлидаги имконияти нисбатан ошади, «Пахтакор»ники эса аксинча, бироз пасаяди. Гап шундаки, агар «Металлург» кучлилар гуруҳига қўшилолмаса, «Пахтакор» «олтин» жадвалида нақ 6 очко йўқотади.

«Бухоро»га ҳам осон эмас

Агар юқори олтилик ҳозиргидек ҳолатда қолса, «Локомотив» асосий босқични пешқадам сифатида бошлайди. Чунончи, «темирйўлчилар»нинг «Навбаҳор»дан лоақал тўплар нисбати бўйича олдинда туришлари аниқ. Эътиборга олиш зарур, кейинги 2 турда «Локомотив» ҳам, «Навбаҳор» ҳам «Бухоро»га қарши ўйнайди. Бухороликларнинг ҳали кучли олтиликдан жой олиш масаласини тўлиқ ҳал қилишмаганини унутмаслик керак - улар бунинг учун камида яна 1 очко олишлари шарт. Шундай тақдирда Улуғбек Бақоев жамоаси ҳар қандай ҳолатда «Қўқон-1912» ва «Насаф»дан олдинда туради. Қолаверса, «Бухоро» кучли олтиликда қоладиган бўлса, бўлажак ўйинларда олинадиган очко унинг учун «олтин» қийматига эга ҳисобланади, яъни куйиб кетмайди. Демакки, бухороликлар 21-22-турларда фақат ва фақат ғалаба учун майдонга тушишади. Зеро, айни пайтдаги алоҳида жадвалга қарасак, юқори гуруҳда энг кам очко айнан «Бухоро»да.

«Интрига» қандай якун топади?

Ҳа, ҳозир 6-7-ўринларда турган «Қўқон-1912» ва «Металлург» ўртасида очко бўйича фарқ йўқ. Назарий жиҳатдан, «Металлург», «Насаф» ва АГМК жамоаларида кучли олтиликка кириш имконияти бор. Тақвимдан келиб чиқиб айтсак, Бекобод клубининг истиқболи яхшироқ, барибир. Ҳа, «Қўқон-1912»нинг қолган 2та ўйинда 6 очко олиши - имкони бор масала. Лекин «Металлург»нинг ўйинлари енгилроқ кўриняпти. «Насаф»нинг кучли олтиликка жойлашишини бутун футбол жамоатчилиги хоҳлаётганини таъкидлаш бироз муболаға саналади. Аммо жорий мавсум аввалида ОЧЛ гуруҳ босқичида 9 очко жамғарган жамоанинг чемпионлик учун курашадиган карвондан четда қолиши...

«Бунёдкор» қайси ўринда бошлайди?

Айни манзарага қарасак, чемпионлик учун курашда «Локомотив» яққол фаворитдек кўринмоқда. Мавсумни жуда суст бошлашган «темирйўлчилар» ёзги трансферлар бозорида аҳамиятли ишларга қўл уришдики, энди ҳал қилувчи босқичда янги кучлар ёрдами билан «Пахтакор»ни бемалол қийнаб қўйишлари мумкин. Улар кейинги турларда «Бухоро» ва «Нефтчи» билан ўйнашади, агарда бухороликлардан 3 очко тортиб олишса ва ҳозирги олтилик ўзгармаса, унда сўнгги босқич старти олдидан турнир жадвали пешқадами бўлиб гавдаланишади. Умумий жадвалда 3-ўринда бораётган «Бун-ёдкор» эса  айнан юқори гуруҳдаги жамоаларга қарши сафар ўйинларида яхши натижалар қайд қилолмаган ва шунинг учун «қалдирғочлар»нинг сўнгги босқичга 4-ўринда киришишлари ҳақиқатга яқинроқ. Умуман, айни пайт «Бунёдкор»га дахлдор ўзига хос жиҳат юзага келган. Жамоа турнир жадвали юқорисидаги рақиблар билан ўйнаб бўлди. Олдинда турган 2та тур «Бунёдкор»га сўнгги босқич олдидан таъсир қилмайдигандек, гўё. Лекин аслида бундай эмас. Навбатдаги ўйинлар «Бунёдкор» ҳисобидаги «олтин очко»лар миқдорини кўпайтириши ҳам, камайтириши ҳам мумкин. Буёғи арифметика ва эҳтимоллар назарияси...

Ғалати, жуда ғалати

«Қўқон-1912» 20та ўйинда 20та гол урган бўлса, уларнинг 8таси пенальти самарасидир. Қолаверса, 20-турга келибгина водий жамоа дарвозаси томон илк марта пенальти белгиланди. Тасаввур қилинг, «Қўқон-1912» 11 метрли жарима зарбасидан 8та гол урмаганида (улар белгиланмаганида), ҳозир қаерда турарди? Нўъмон Ҳасанов жамоаси 22 май - 9 июль оралиғида 4та тур ўйинини бой берди. Охирги 4та турда эса 3 марта ғалаба нашидасини сурди. Энди «Бунёдкор»нинг «Насаф» билан ўйини Қўқон клуби учун катта аҳамият касб этиши мумкин. Маълумот учун айтиш керакки, «қалдирғочлар» биринчи даврада «аждарлар»ни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратишган. 21-турда бу рақиблар Қаршида тўқнаш келишади. Агарда «Бунёдкор» бу ўйинда мағлубиятга учраса, «Насаф»нинг олтиликка кириш имконияти ошади. Юқори гуруҳда «Металлург» ёки «Қўқон-1912» эмас, айнан «Насаф»нинг жой олиши эса, ҳаммадан ҳам «қалдирғочлар»га фойдали. Чунки «Бунёдкор» Қарши жамоасидан 3 очко олган. Ҳа, Миржалол Қосимов жамоаси «Металлург» билан ўйинларда 4 очко ишлаган, аммо қолган рақиблар ҳам бу рақибга қарши баҳсларда бенасиб қолишмаган. Қаранг, «Бунёдкор» энди «Насаф» майдонида мағлубиятга учраб, кейинги босқич учун ҳолатини яхшилаб олиши, аксинча, ғалаба қозониб, бироз қийин аҳволда қолиши мумкин. Бирор нарсани тушундингизми? Ҳа, янги тизимнинг шундай нозик томонлари бор экан. Шу маънода айтсак, «Пахтакор» дейлик, «Қўқон-1912» эмас, «Металлург»нинг юқори гуруҳга илинишидан манфаатдор.

Қўқонда ҳақиқий ўйин!

Кўриниб турибдики, кейинги турнинг марказий ўйини Қўқонда бўлиб ўтади. Гап фақат олтилик учун кураш эмас, чемпионлик масаласига ҳам таъсир қиладиган учрашув ҳақида кетяпти. «Пахтакор» агар Қўқонда мағлубиятга учраса, нафақат 3 очкодан қуруқ қолади, балки, рақибнинг кучли олтиликда қолишига имконият яратиб, «Металлург»дан олинган 6 очкодан ҳам айрилиш хавфи остида қолади. Оддий айтганда, «Қўқон-1912» чиндан ҳам, ғалаба қозониб, юқори гуруҳдаги ўрнида қолса, унда айни пайт умумий жадвалда яққол пеш-қадам бўлиб турган «Пахтакор» ҳал қилувчи босқични «Локомотив»дан 9, «Навбаҳор»дан эса 6та кам очко билан бошлаши мумкин. Боз устига, бундай тақдирда, «шерлар» ҳаттоки, «Қўқон-1912»нинг ўзидан ҳам пастга жойлашишади. Демак, «Пахтакор» олдида водийдан камида дуранг натижа билан қайтиш вазифаси турибди, аммо мезбонларни ғалабадан бошқаси асло қониқтирмайди. Эҳ, энди бир тасаввур қилинг, Қўқонда қандай ўйин бўлади-я...

Довудхон АКРАМОВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz