«Металлург» ғалаба қозонди, «Қўқон-1912» мағлубиятдан зўрға қутилди, «Насаф» эса мутлақ енгилди. Натижада 22-тур ўйинлари олдидан Суперлига турнир жадвалининг икки лагери - кучли олтилик ва қуйи гуруҳ деярли ўзгармас ҳолатга келди.
Оддий айтганда, ўтган ҳафта бўлиб ўтган учрашувлар чемпионлик ва совринли ўринлар учун курашадиган жамоалар масаласига анча ойдинлик киритди. Шунинг баробарида элитада «жон» сақлаш миссияси билан шуғулланувчи олтилик ҳам аниқ бўлди, ҳисоб.
Тўғри, жадвал битта ҳолатда «бузилади»: «Металлург» кейинги турда АГМКдан очко ололмаса ва «Қўқон-1912» Фарғонада «Нефтчи»ни енгса...
1-КУН: МЕҲМОНЛАР «БАЛАНД»
АГМК Жиззахда «Сўғдиёна» меҳмони бўлиб, ғалабали одимини 4та ўйинга чўзди. Бахтиёр Ашурматов шогирдлари бу сафар 3та гол урган ҳолда, ўз дарвозаларидан бир бора тўп олиб чиқишди. Диққат қилинг, АГМК охирги 4та учрашувда 10-1 кўринишидаги тўплар нисбатини қайд этди.
Жамоанинг шундай ғолибона юришга қарамай, кучли олтиликка киришдан умид узгани ачинарли. Олмалиқликлар «Сўғдиёна»га қарши учрашувни ҳам фаол бошлашди ва 23-дақиқада жамоа тўпурари Йован Жокич ўз ҳисобига навбатдаги голни ёзиб қўйиши мумкин эди.
Бу вазиятда дарвозабон Милан Митрович мезбонлар жонига оро кирди. Лекин кўп ўтмай, у ҳам Зоҳир Пиримов зарбаси олдида ожиз қолди - 0:1. Иккинчи бўлим бошида эса Музаффар Музаффаров жарима майдони ташқарисидан кучли зарба йўллаб, АГМК устунлигини мустаҳкамлади.
65-дақиқага келиб, Пиримов энди ассистент ролини бажарди ва аввалги турда ҳам гол урган Жасур Ҳасанов ҳисобни йириклаштирди. «Сўғдиёна» эса 77-дақиқада юпатувчи голни нишонлади: Роман Абдулов рақиб Шоҳруз Норхоновни йиқитгач, ҳакам пенальти белгилади ва уни Никола Милинкович бехато амалга оширди - 1:3.
«Нефтчи» чемпионатдаги илк ғалабасидан сўнг меҳмонда амалдаги чемпион - «Локомотив»дан ҳам очко тортиб олди. Ваҳоланки, ўйин фарғоналиклар учун жуда омадсиз бошланди. Яъни улар 4-дақиқадаёқ ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишди.
Санжар Шораҳмедов илк ҳужумлардан бирида қанотдан тўпни жарима майдончасига узатгач, чаққонлик билан ҳаракатланган Темурхўжа Абдухолиқов яқин масофадан дарвозани нишонга олди. Шундай бўлсада, Баҳром Ҳайдаров шогирдлари тушкунликка берилмадилар ва иккинчи бўлимда ҳаттоки, «темирйўлчилар»ни бироз асабийлаштиришди ҳам.
Дейлик, 57-дақиқада «Локомотив»ни фақат Игнатий Нестеровнинг реакцияси голдан сақлаб қолди. Тўғри, мезбонлар орада устунликни мустаҳкамлашлари ҳеч гап эмасди. Лекин фарғоналиклар ҳимояда тартибли ўйнашди. Хусусан, Абдумавлон Абдужалилов 73-дақиқада Сардор Рашидов томонидан берилган хавфли зарбани бартараф этди.
Қисқаси, меҳмонлар 90+4-дақиқада мақсадларига эришишди. Қарангки, фарғоналикларга 9-дурангни тақдим этган гол «Локомотив»нинг собиқ ҳимоячиси Бобур Йўлдошев ҳисобига ёзилди. «Нефтчи» учун битта ҳам ёқимли, ҳам ёқимсиз факт шуки, жамоа ҳозиргача 12 очко жамғарган бўлса, шундан 8тасини кучли олтиликда бораётган жамоалардан тортиб олган.
Бунинг ёқимсиз тарафи - иккинчи босқичда шу очколар олиб ташланади, демакки, кучлиларга қарши муносиб ўйнаган «Нефтчи» Суперлигада қолиш курашини танг аҳволда бошлайди.
11 август куни бўлиб ўтган 3-ўйин ҳам меҳмон жамоага аталди. «Пахтакор»-79 хотирасига бир дақиқалик сукут сақлаш билан бошланган «Насаф» - «Бунёдкор» баҳси натижаси мезбонларга жуда муҳим эди. Улар шунга яраша бошидан ҳужумкорликка зўр беришди ва гол уриш учун бир неча вазиятлар ҳам яратишди.
Бироқ Рўзиқул Бердиев шогирдларига сўнгги паллаларда аниқлик етишмади. «Бунёдкор» эса биринчи бўлим ўрталарида мезбонларнинг ҳимояда йўл қўйган хатоларидан унумли фойдаланди - гол муллифи Шаҳзод Нурматов. Шундан кейин «аждарлар» ҳужум ҳаракатини янада оширдилар, аммо бундан самара чиқаролмадилар.
Иккинчи бўлим «Насаф» учун драматик тус олди. Аввалига, танаффусда ҳимоячи Ғолиб Ғайбуллаев жароҳат туфайли мажбуран алмаштирилди. Кейин, 58-дақиқада Шароф Муҳиддинов пенальтини кўкка совурди. 64-дақиқага келиб эса, ҳимоячи Мақсуд Каримов иккинчи «сариқ»ни олиб, майдондан чиқиб кетди.
Камига унинг қўполлиги учун белгиланган жарима зарбаси воситасида «қалдирғочлар» иккинчи голни уришди - 0:2. Айнан Дилшод Жўраев голидан кейин «Насаф» тақдирга тан бергандек кўринди. Натижада «Бунёдкор» охирги 10 дақиқаликда яна 2та гол қувончини туйди: 81-дақиқа - Шаҳзод Нурматов ва 85-дақиқа - Жавлон Иброҳимов.
Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқалар давом этаётган паллада эса Бобур Давлатов стандарт вазиятдан чиройли гол уриб, ҳисобни бироз қисқартирди - 1:4. Дарвоқе, бу «Бунёдкор» учун жорий чемпионатдаги илк йирик ҳисобли ғалабадир, «Насаф» эса 2014 йилдан буён ўз майдонида бундай хунук тарзда ютқазмаётганди.
Қаршиликлар ўшанда «Локомотив»дан 2:5 ҳисобида енгилишган ва ўз майдонларидаги нақ 60та ўйинда йирик мағлубият нималигини билишмади. Энг асосий фактга келсак, аввалги мавсум кумуш медаль ютган ва йилнинг биринчи ярмида ОЧЛда ҳам чакки кўринмаган «Насаф» энди совринли ўринлар эмас, қуйи лигага тушиб кетмаслик учун ўйнашга мажбур...
2-КУН: «ПАХТАКОР»ГА ЯХШИ, ҚОЛГАНЛАРГА...
Тур доирасидаги энг муҳим 2та ўйин иккинчи кунга тўғри келди. Уларнинг бирида «Металлург» ўз олдидаги вазифани уддалаб, кучли олтиликка қайтди. Бекободликлар «Қизилқум»га қарши ўйинни кучли иштиёқ билан бошлаб, стадионга йиғилган 5,5 мингдан кўп мухлисларига 3-дақиқадаёқ гол тақдим этишди.
Бу ҳолатда Ислом Исоқжонов ўнг қанотдан оширилган тўпни Евгений Черемисин дарвозасига аниқ йўллади. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, россиялик кипер тўпни эгаллашда хатога йўл қўйди ва Зоҳид Абдуллаев буни кечирмади - 2:0.
Ўйиннинг якуний палласи, аниқроғи, 82-дақиқада Элгужа Григалашвили томонидан узатилган тўпни боши билан Зафар Сафоев дарвозасига тўғрилаган Неманья Йованович якуний ҳисобни ўрнатди - 2:1.
Ўйиндаги ҳакамлик юзасидан эътирозлар туғилганини ҳам таъкидлаш керак. Ҳар ҳолда, реферининг баъзи қарорлари «Металлург» фойдасига хизмат қилди ва бу табиийки, меҳмонларга асло ёқмади.
«Қўқон-1912» - «Пахтакор» ўйини натижаси эса нафақат кучли олтилик таркиби, балки чемпионлик йўлидаги курашга ҳам катта таъсир кўрсатарди. Чунончи, қўқонликлар ғалаба қозонишса, элит гуруҳга қўшилиш имкониятини сақлаб қолишарди, бу ҳолатда «шерлар»нинг «Олтин очко» жадвалидаги мавқелари кескин пасайиб кетарди.
Нўъмон Ҳасанов жамоасига шу куни Жавоҳир Сиддиқов етишмаган бўлса, Шота Арвеладзе ярим ҳимояда «устун» даражасига кўтарилган Жалолиддин Машарипов хизматидан фойдаланолмади. Биринчи бўлимда майдон эгалари нисбатан кўпроқ вазиятга чиққан бўлсаларда, ҳисобни очолмадилар.
Қўқонликлар танаффусдан қайтгач ҳам, дарҳол ҳужумга ташланишди, аммо ҳисобни «шерлар» ўзгартиришди. Яъни Марко Милич «Пахтакор»нинг тезкор қарши ҳамласини бартараф этиш чоғи техник хатога йўл қўйиб, автогол муаллифига айланди. Табиийки, «Қўқон-1912» вакиллари шундан кейин ҳужум босимини янада кучайтиришди.
Дейлик, бир вазиятда Қувондиқ Рўзиевнинг зарбасидан сўнг Элдор Суюнов мўъжизавий «сэйв» кўрсатди. 75-дақиқага келиб, мезбонлар ниҳоят, мувозанатни тиклашди - захирадан майдонга тушган фахрий ҳужумни Носир Отақўзиев жамоадоши Қувондиқ Рўзиев ҳаракатларига гол билан зеб берди.
Қолган вақт давомида ҳам шиддат пасаймади, аммо қўқонликлар яна битта гол уриш имконини топишолмади. Эътиборлиси, мазкур рақиблар Қўқонда кетма-кет 4-марта муроса йўлида тўхташди.
Шу ўйинлардан 3тасида 1:1 ҳисоби қайд этилганини ҳам айтиш ўринли. Тўғри, бу галги дуранг «Пахтакор»ни тўлиқ қаноатлантирди, зеро, «шерлар» кучли олтиликнинг алоҳида жадвалида 2-ўринга кўтарилди.
«Навбаҳор» - «Бухоро» ўйинига ҳам қизиқиш катта бўлди. Зеро, жамоалардан бири ўз ҳисобига 3та «олтин» очко қўшиб қўйиш имкониятига эга эди. Бу очколар кутилганидек, мезбон жамоа ўлжасига айланди. «Лочинлар» барчасини биринчи бўлимдаёқ ҳал қилишди, ҳисоб.
Аниқроқ айтсак, 12-13 дақиқа оралиғида Жаҳонгир Меҳмонов ва Дарко Никач томонидан урилган 2та гол эвазига сезиларли устунликка эришган Илҳом Мўминжонов жамоаси иккинчи бўлимда хотиржам ўйнаб, «Олтин очко» жадвалида соф 1-ўринга чиқиб олди.
ТУР ҚАҲРАМОНИ - «НАВБАҲОР»
Бу сафар муайян футболчини эмас, балки жамоани қаҳрамон сифатида эътироф этишни маъқул кўрдик. Чунончи, «Навбаҳор» ўз майдонида «Бухоро»га қарши кечган ўйинда ўта тартибли ҳаракатланди ва режалаштирилган 3 очкони хотиржам қўлга киритди.
Бу очколар эса «олтин» мақомига эга. Асосийси, «лочинлар» 21-турдан кейин кучли олтиликнинг алоҳида жадвалида карвонбошиликни қўлга олишди. Танловимизнинг асоси айнан шу фактдир.
ТУР ИҚТИБОСЛАРИ
- Қандайдир изоҳ беришим қийин. Жуда мураккаб ўйин ва аламли якун. Тўғриси, жамоага нима бўлаётганини ўзим ҳам тушунмаяпман. Рақиб 3та вазият яратиб, барчасида гол урди... Сергей Лушан («Сўғдиёна» бош мураббийи).
- Биринчи бўлимда ҳам кўп меҳнат қилдик. Бироқ гол қўйиб юборганимиз учун жамоа ўйинига «3» баҳо бераман. Иккинчи бўлимдаги ҳаракатларимиз эса «5»га лойиқ. Баҳром Ҳайдаров («Нефтчи» бош мураббийи).
- Ўйин икки хил таассурот уйғотди - яхши бошладик ва ёмон тугатдик. Тезкор гол йигитларни руҳан сокинлаштирди, бизга кўпроқ негатив эҳтирослар тақдим этди. Андрей Фёдоров («Локомотив» бош мураббийи).
- Ўйин бизга керак эмаслиги ва йўқотилган очколар ҳеч нарсани англатмаслигини ҳисобга олиб, ўзимизни овутамиз. Ҳечқиси йўқ. Бухородаги қийин ўйин-га жиддий тайёрлансак, бас. Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив» ҳужумчиси).
- Тўғриси, пенальти тепган ўйинчини яхши билмасдим, аниқроғи, қандай тепишини. Шунчаки, ички сезгига таяниб, ўнг томонга ташландим ва жамоамни голдан қутқариб қолдим. Суҳроб Султонов («Бунёдкор» дарвозабони).
- Ўзингизга маълум, етакчи футболчилар таркибимиздан кетишди. Шундай кейин ҳам биздан мўъжиза кутишди, бу бажарилиши қийин вазифа эди... Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи).
- Ҳасан Рўзиевга ўхшаган ҳакамлар «ўйин» қилаверишса, яхши давом этиб турган учрашувни «бузиб» қўяверишса, футбол сира кўтарилмайди. Жамоам яхши ўйнади. Лекин бугун 15 кишига қарши туришимизга тўғри келди. Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош мураббийи).
- Жавоҳир Сиддиқов ва Жасур Ҳакимов таркибда бўлишганида, сал ўзгача тактика танлардик. ЎФА ижара шартномалари масаласида қандайдир қарор чиқариши керакка ўхшайди. Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи).
«СЎҒДИЁНА» - АГМК - 1:3 (0:1)
11 август. Жиззах. «Сўғдиёна» стадиони. 2308 томошабин.
Ҳакамлар: В.Цейтлин (Тошкент), Т.Галеев (Тошкент), А.Сидоров (Тошкент), Ф.Норсафаров (Қарши).
Голлар: Н.Милинкович (77-пен.) - З.Пиримов (30), М.Музаффаров (51), Жасур Ҳасанов (65).
«Сўғдиёна»: М.Митрович, С.Қулматов, Э.Орипов, Т.Шамсиддинов, С.Рашидов, И.Абдуллаев, С.Дарвидас (Ш.Норхонов, 46), Ким Донг Хи (С.Азимов, 36), М.Симонович, Н.Милинкович, И.Тошпўлатов (О.Нурматов, 60).
АГМК: Р.Абдулов, А.Ҳожиакбаров, А.Исроилов, М.Музаффаров (Ғ.Ғуломов, 80), З.Полвонов (М.Трифунович, (А.Абдуллаев, 85), Жасур Ҳасанов, Л.Тўраев, З.Пиримов, В.Бубанья, В.Касминин, Й.Жокич.
Огоҳлантиришлар: С.Қулматов (56), С.Азимов (75) - Л.Тўраев (44), В.Бубанья (56), Й.Жокич (74), Ғ.Ғуломов (80).
Назоратчи: М.Исмоилов (Тошкент).
Комиссар: Л.Қўчқоров.
Бахтиёр Ашурматов (АГМК бош мураббийи): - Аввало, бизни қўллаб-қувватлаш учун келган мухлисларимизга катта раҳмат. Ўйин оғир кечишини билардик. Зеро, «Сўғдиёна» иккинчи давра олдидан таркибини легионерлар ҳисобига анча кучайтирди. Жиззахда ҳар қандай жамоа қийналиши аниқ.
Бугунги ўйинни олайлик, мезбонлар бошидан тўп назоратини ўз қўлларига олишди ва дастлабки 20 дақиқада ташаббусга эришишди. Биринчи голдан кейин эса ҳаммаси ўзгариб, устунлик биз томонда ўтди, ўйлаган режаларимиз амалга ошди. АГМК шу билан тўхтаб қолмайди - охиригача курашамиз...
Сергей Лушан («Сўғдиёна» бош мураббийи): - Қандайдир изоҳ беришим қийин. Жуда мураккаб ўйин ва аламли якун. Барчадан узр сўрайман. Тўғриси, жамоага нима бўлаётганини ўзим ҳам тушунмаяпман.
Рақиб 3та вазият яратиб, барчасида гол урди. АГМКни ғалаба билан табриклайман. Ютуқ жамоаники, мағлубиятда эса доимо мураббий айбдор бўлади. Яна нима дердим, ишлашда давом этамиз.
«ЛОКОМОТИВ» - «НЕФТЧИ» - 1:1 (1:0)
11 август. Тошкент. «Локомотив» стадиони. 2412 томошабин.
Ҳакамлар: А.Нажафалиев (Тошкент), А.Калинин (Қарши), Ш.Файзиев (Жиззах), Р.Лутфулин (Тошкент).
Голлар: Т.Абдухолиқов (4) - Б.Йўлдошев (90+4).
«Локомотив»: И.Нестеров, К.Махарадзе, М.Бикмаев (Ҳ.Ғофуров, 75), Т.Абдухолиқов (С.Рашидов, 66), С.Мирзаев, И.Тўхтахўжаев, Н.Погребняк (Б.Эргашев, 90+2), С.Шоаҳмедов, О.Зотеев, А.Исмоилов, И.Йелич.
«Нефтчи»: А.Абдужалилов, Ш.Пўлатов, Ж.Кимсанов, А.Исмоилов, И.Таран (А.Абдулҳақов, 46), Б.Йўлдошев, Д.Тошматов (Ҳ.Асқаралиев, 88), А.Маматхўжаев, М.Неъматов, И.Каримов, Ш.Ҳакимов (Ҳ.Ғофуров, 46).
Назоратчи: А.Попов (Тошкент).
Комиссар: Б.Мирзаев.
Баҳром Ҳайдаров («Нефтчи» бош мураббийи): - «Ло-комотив» биринчи бўлимда жуда кучли ўйин намойиш қилди. Тан олиш керак, ушбу рақиб сафида маҳоратли футболчилар йиғилишган, уларга қарши ўйинда иккинчи рақамли жамоа сифатида ёпиқроқ ҳаракатланиш керак.
Ўзи қарши ҳужумга таянишни режалаштиргандик, аммо эплолмадик. Чунончи, 4-5 нафар ёш футболчимизда ҳаяжон сезилди. Шу боис, тўпни назорат қилолмадик, уни оддий вазиятларда кўп йўқотдик. Қисқаси, эътиборсизлик туфайли бошида ўйинга киришолмадик. Аммо йигитларга раҳмат, улар кейинчалик қўрқув ҳиссини четга суриб, фаолликни оширишди.
Иккинчи бўлим бошидаги чиройли ўйин ортидан эса йигитларимизда ишонч ҳисси ортди. Умуман, биринчи бўлимда ҳам кўп меҳнат қилдик. Бироқ гол қўйиб юборганимиз учун жамоа ўйинига «3» баҳо бераман. Иккинчи бўлимдаги ҳаракатларимиз эса «5»га лойиқ. Етакчилар билан баҳсларда очко олишни уддаладик.
Бу ерга келгунимча журналистлардан бири шу ҳақда савол берди. У ҳам жамоа ўйинларида ўзгариш борлигини таъкидлади. Кўплаб мутахассислар шундан фикр билдиришмоқда. Дарҳақиқат, «Нефтчи»нинг ўйин услуби ўзгарди. Йигитларга фақатгина ишонч етишмаяпти. Ҳали кўп ишлаш керак.
Андрей Фёдоров («Локомотив» бош мураббийи): - Ўйин икки хил таассурот уйғотди - яхши бошладик ва ёмон тугатдик. Тезкор гол йигитларни руҳан сокинлаштирди, бизга кўпроқ негатив эҳтирослар тақдим этди. Асосийси, шунда ҳам суръатни сақлаб қолишга интилдик.
«Нефтчи» аксинча, тезликни пасайтиришга уринди. Биласиз, 8-9 кишилик ҳимоядан ўтиш қийин. Футболдаги машҳур қонун яна исботини топди: «Сен урмасанг, сенга уришади». Бу ўйин орқали янада кўпроқ ишлашимиз кераклигини билиб олдик. Кейинги баҳс янада мураккаб.
Ҳар ҳолда, «Бухоро» ўз майдонида анча кучли ўйин кўрсатади. Демак, ҳафсалани йўқотмай, барча қуролларни ишлатиш керак. Ҳа, танаффусдан кейин ўйинимиз бироз ўхшамаяпти. «Қизилқум»га қарши кечган баҳсда ҳам шундай бўлганди. Йигитларда ўйин жараёни бузилмоқда. Нима қилардик, формат шундай.
Погребняк? Мураббий ҳеч қачон тўлиқ қониқиш ҳосил қилмайди. У «Локомотив»да биринчи расмий учрашувини ўтказди. Йиғинларда яхши таассурот қолдирганди. Николайни фақат машғулотлар учун олиб келмаганмиз. Ҳали унинг хизматидан кўпроқ фойдаланишга ҳаракат қиламиз.
Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив» ҳужумчиси): - Тезкор голдан кейин беихтиёр секинлашдик. Сўнгги дақиқаларда «Нефтчи» гол уришга яқинлашди. Барчаси шунга қараб кетаётганди.
Ўзимиз сабабчимиз. Энди ўйин бизга керак эмаслиги ва йўқотилган очколар ҳеч нарсани англатмаслигини ҳисобга олиб, ўзимизни овутамиз. Ҳечқиси йўқ. Бухородаги қийин ўйинга жиддий тайёрлансак, бас.
«НАСАФ» - «БУНЁДКОР» - 1:4 (0:1)
11 август. Қарши. «Марказий» стадиони. 3146 томошабин.
Ҳакамлар: З.Қодиров (Навоий), О.Жумаев (Навоий), Р.Самандаров (Навоий), И.Ибрагимов (Нукус).
Голлар: Б.Давлатов (90+3) - Ш.Нурматов (27, 81), Д.Жўраев (65), Ж.Иброҳимов (85).
Фойдаланилмаган пенальти: Ш.Муҳиддинов (58, Н.).
«Насаф»: С.Қувватов, М.Каримов, Ғ.Ғайбуллаев (Б.Давлатов, 46), А.Сафаров, Ш.Муҳиддинов, Д.Саитов, И.Кенжабоев (Ш.Темиров, 72), И.Рашидхонов (Х.Мухторов, 73), С.Раҳматов, А.Мозговой, У.Эшмуродов.
«Бунёдкор»: С.Султонов, Д.Жўраев, А.Ғофуров, Д.Аҳмадалиев, Ж.Иброҳимов, Ш.Нурматов, М.Тошматов (С.Қодирқулов, 52), С.Собирхўжаев, М.Сулаймонов, М.Қосимов (Ф.Икромов, 60), А.Ҳайдаров (А.Абдуллаев, 67).
Огоҳлантиришлар: М.Каримов (61) - М.Қосимов (53), М.Сулаймонов (90+3).
Четлатиш: М.Каримов (64, Н.).
Назоратчи: Н.Лутфулин (Тошкент).
Комиссар: Ж.Раҳматуллаев.
Миржалол Қосимов («Бунёдкор» бош мураббийи): - Қар-шида «Насаф»га қарши ўйнаш ҳамиша қийин. Бугун ҳам осон ғалабага эришганимиз йўқ. Фақат омад жамоамизга кулиб боқди.
Агар мезбонлар пенальтидан гол уришганида, учрашув бошқача натижада тугаши мумкин эди. «Бунёдкор» ҳар бир учрашувда чиройли ўйин намойиш этиб, ғалабани кўзлайди. Ишонаманки, чемпионат финишига қадар юқорироқ ўринни банд этиш учун курашамиз. Бунинг учун шогирдларимда куч ва маҳорат етарли.
«Бунёдкор»нинг кейинги тақдири? Умидворманки, жамоани сақлаб қолишади. Чунки клуб шонли тарихга эга ва ўзбек футболига кўплаб иқтидорларни тарбиялаб бермоқда.
Суҳроб Султонов («Бунёдкор» дарвозабони): - Режамиз ютқазмаслик эди. Аввалги турда мағлубиятга учраганимиз сабаб, бугун имкон қадар мазмунли ўйин кўрсатишга ҳаракат қилдик. Ўйлайманки, омад ҳам бизни қўллаб юборди. «Насаф» легионерлардан айрилган бўлсада, ҳозирги таркиби кўп нарсага қодир.
Пенальти? Албатта, машғулотларда бундай вазиятлар устида ҳам ишлаймиз. Тўғриси, пенальти тепган ўйинчини яхши билмасдим, аниқроғи, қандай тепишини. Шунчаки, ички сезгига таяниб, ўнг томонга ташландим ва жамоамни голдан қутқариб қолдим.
Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи): - Бугун кучли жамоа ғалаба қозонди. Ҳа, «Бунёдкор» бизга нисбатан анча яхши ўйин кўрсатди. Агар пенальтини аниқ амалга оширганимизда, балки ўйинни ўз тарафамизга оғдирармидик... Афсуски, бундай бўлмади.
Кейин қизил карточка салбий таъсир қилди. Бундан ташқари, ҳимоячи Ғолиб Ғайбуллаевни мажбурий алмаштирдик. «Бунёдкор» эса вазиятлардан унумли фойдаланди. Албатта, олдимизга кучли олтиликка киришни мақсад қилгандик, бироқ... Жамоа бундай ҳолатга тайёр туриши керак, мухлислар ҳам.
Ўзингизга маълум, етакчи футболчилар таркибимиздан кетишди. Шундай кейин ҳам биздан мўъжиза кутишди, бу бажарилиши қийин вазифа эди. Аслида ўйинларда кўплаб вазиятлар яратяпмиз, аммо йигитларда тажриба камлиги панд бераяпти. Таркибимизда ҳаракат қилаётган футболчилар шундай учрашувларда тажриба тўплашларига аминман. Уларда келажак бор.
-------------------------------------------------------------------------
«МЕТАЛЛУРГ» - «ҚИЗИЛҚУМ» - 2:1 (2:0)
12 август. Бекобод. «Металлург» стадиони. 5700 томошабин.
Ҳакамлар: Ҳ.Рўзиев (Тошкент), О.Абдувасилов (Тошкент), Т.Гайнулин (Тошкент), Д.Клепиков (Тошкенет).
Голлар: И.Исоқжонов (3), З.Абдуллаев (10) - Н.Йованович (82).
«Металлург»: З.Сафоев, Ш.Шайманов, И.Исоқжонов (С.Нуруллоев, 16), З.Абдуллаев, Ж.Ҳасанов (Б.Пардаев, 70), Д.Умиров, С.Андреев, Ш.Файзиев, А.Исматуллаев, А.Ҳусинов, З.Тўраев (П.Смоляченко, 85).
«Қизилқум»: Е.Черемисин, Э.Бойдуллаев, Г.Квесиешвили, Ф.Қамбаров, А.Геворкян, М.Убайдуллаев, Э.Григалашвили, Э.Бойматов, Н.Йованович, И.Нагаев (С.Шодмонов, 61), С.Мустафоев.
Огоҳлантириш: З.Тўраев (51, М.).
Назоратчи: С.Зайлобиддинов (Фарғона).
Комиссар: Б.Маметов.
Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош мураббийи): - Ўйин ҳақида нима дейишим мумкин? Стадионга келган мухлислар ҳаммасини кўришди, аниқроқ айтсам, бугун Ҳасан Рўзиев «ўйини» бўлди! Футболни бундай орқага тортиш нималарга олиб келади, очиғи, билмадим.
Ажойиб ва чиройли ўйинни айнан бош ҳакам бузди! Ҳакамларнинг бундай «ўйинлари» жамоалар меҳнатини барбод қилади. Ҳаммани алдашнинг нима кераги бор? Нотўғри гапираётган бўлсам, айтинглар. Тоза пенальти берилмади. Дарвозабонимиз бошига тепиб, гол уришди.
Ҳакам эса жим. ЎФА ва ПФЛ футболимиз ривожи учун кечаю-кундуз ишламоқда. Ҳасан Рўзиевга ўхшаган ҳакамлар «ўйин» қилаверишса, яхши давом этиб турган учрашувни «бузиб» қўяверишса, футбол сира кўтарилмайди. Жамоам яхши ўйнади. Лекин бугун 15 кишига қарши туришимизга тўғри келди.
Ҳасан Рўзиев устидан ПФЛга расман арз қиламан! Ҳар бир вазият бўйича алоҳида, дақиқама-дақиқа ёзаман. ЎФА ва ПФЛдан ҳакам ишини кўриб чиқишини талаб қиламан!
«ҚЎҚОН-1912» - «ПАХТАКОР» - 1:1 (0:0)
12 август. Қўқон. «Марказий» стадиони. 8130 томошабин.
Ҳакамлар: Ш.Қосимов (Тошкент), Р.Фозилов (Наманган), М.Мажидов (Наманган), Ж.Мухторов (Тошкент).
Голлар: Н.Отақўзиев (75) - М.Милич (52-авт.).
«Қўқон-1912»: Ў.Юсупов, Ғ.Комилов, Ф.Асадов (Б.Акрамов, 89), О.Рустамов, Қ.Рўзиев, С.Бердиев (Н.Отақўзиев, 68), М.Холмуҳаммедов, А.Мерзляков, Д.Гожкович (М.Ҳасанов, 56), М.Милич, И.Маликжонов.
«Пахтакор»: Э.Суюнов, Ш.Аъзамов, А.Аҳмедов (Ж.Искандеров, 58), Д.Раҳматуллаев, И.Гонсалвеш (Б.Абдураҳимов, 81), В.Козак, Ф.Сайфиев, М.Симич, Д.Черан, Т.Безерра (К.Тожиев, 70), И.Сергеев.
Огоҳлантиришлар: А.Мерзляков (42) - А.Аҳмедов (50), М.Симич (90+1), Д.Раҳматуллаев (90+3).
Назоратчи: С.Эрматов (Тошкент).
Комиссар: М.Саидқосимов.
Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи): - Ўйин давомида устунликка эришдик. Айниқса, биринчи бўлимда яхши ҳаракатландик, тўп назоратини ушлаб турдик. Ҳисоб очилганидан кейин эса бироз хотиржамликка берилдик. Натижада гол қўйиб юбордик.
Шунда ҳам вазиятни ўнглашга уриндик, аммо рақиб дарвозасини иккинчи марта ишғол қилолмадик. Умуман олганда, қийин ўйин ўтказдик, жуда қийин. Азим Аҳмедовни сариқ карточкаси борлиги учун алмаштирдим. Чунки унинг иккинчи марта огоҳлантирилиши хавфи бор эди.
Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи): - То-мошабоп ўйин. Бугун фақат ғалаба учун майдонга тушгандик. Биринчи бўлимда голга тортадиган 3та вазият яратдик, лоақал биттасидан фойдаланганимизда эди, ўйин бошқача давом этарди. Лекин йўқотишлар ўз сўзини айтди, барибир.
Ҳар ҳолда, Жавоҳир Сиддиқов ва Жасур Ҳакимов таркибда бўлишганида, сал ўзгача тактика танлардик. ЎФА ижара шартномалари масаласида қандайдир қарор чиқариши керакка ўхшайди. Голдан кейин футболчиларимиз руҳий томондан устунликка эга бўлишди ва кетма-кет ҳужумлар уюштиришди.
Ўзи футболда шундай: гол жамоани руҳан тетиклаштиради. Отақўзиевни майдонга тушираётганимда, унинг гол уришига ишонгандим. Натижадан хурсанд ҳам, хафа ҳам эмасман. Бизни тинимсиз қўллаб-қувватлаб турган мухлисларимизга раҳмат.
--------------------------------------------------------------------------
«НАВБАҲОР» - «БУХОРО» - 2:0 (2:0)
12 август. Наманган. «Марказий» стадиони. 14186 томошабин.
Ҳакамлар: В.Агишев (Тошкент), А.Цапенко (Тошкент вил.), С.Шоюсупов (Тошкент), А.Эргашев (Тошкент).
Голлар: Ж.Меҳмонов (28), Д.Никач (40).
«Навбаҳор»: А.Тўраев, И.Голбан, О.Ўрунов, Ш.Каримов (А.Алланиёзов, 81), И.Бойдедаев (А.Нўъмонов, 56), М.Ғофуров (Д.Жабборов, 68), А.Алиев, Д.Ҳошимов, Д.Никач, Ж.Меҳмонов, Д.Станоевич.
«Бухоро»: А.Омонов, Б.Омонов, А.Аманов (Ж.Қаҳрамонов, 64), Н.Умуров (В.Чемиртан, 46), Б.Шодмонов, Ш.Муллажонов, Ш.Эркинов (А.Ибрагимов, 57), Р.Бердимуродов, М.Жумаев, Қ.Баҳодиров, В.Ларинов.
Огоҳлантиришлар: Ш.Каримов (15), М.Ғофуров (32), Д.Ҳошимов (81), Ж.Меҳмонов (89), О.Ўрунов (90+4) - Б.Шодмонов (30), Ж.Қаҳрамонов (71).
Назоратчи: А.Ҳотамов (Тошкент).
Комиссар: Б.Намозов.
Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор» бош мураббийи): - Бу-гунги баҳс қийин кечиши аввалдан маълум эди. Зеро, Суперлигада енгил ўйиннинг ўзи қолмади. Муҳими, шогирдларим ўз салоҳиятларини намойиш этиб, якунда муҳим ғалабани қўлга киритишди. Бунинг учун уларга раҳмат. Ҳа, бугун бир қатор футболчиларимиз сариқ карточка олишди.
Тушунинг, футболчи атайин «сариқ» олмайди. Ҳаммаси футболчилардаги қизиққонлик ва эҳтирос маҳсулидир. Тўғри, кейинги ўйинда уларнинг ўрни билинади, албатта. Лекин умид қиламанки, қолган йигитлар карточкалар лимити туфайли майдонга тушолмайдиган шериклари йўқлигини сездиришмайди.
ТУР СТАТИСТИКАСИ
Ўйин: 6, Гол: 18 (ўртача: 3)
Томошабин: 35882 (ўртача: 5980...), Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Навбаҳор» - «Бухоро» (14186)
Мезбонлар ғалабаси: 2, Меҳмонлар ғалабаси: 2, Дуранг: 2
Йирик ҳисобли ғалаба: 1 («Бунёдкор» - 4:1) , Энг сермаҳсул ўйин: «Насаф» - «Бунёдкор» (5та гол)
Огоҳлантириш: 21 (ўртача: 3,5), Четлатиш: 1 (ўртача: 0,16...)
Энг «қўпол» ўйинлар: «Навбаҳор» - «Бухоро» (7та «сариқ»), «Насаф» - «Бунёдкор» (1та «қизил» + 3та «сариқ»)
Пенальти: 2 (1таси самарасиз), «Дубль»: 1 (Ш.Нурматов, «Бунёдкор»), «Хет-трик»: -, Автогол: 1 (М.Милич, «Қўқон-1912»)
ТУРНИР ЖАДВАЛИ
1 Пахтакор 21 13 5 3 32-12 44
2 Бунёдкор 21 12 3 6 33-24 39
3 Локомотив 21 10 7 4 34-21 37
4 Навбаҳор 21 11 4 6 29-16 37
5 Бухоро 21 10 2 9 23-27 32
6 Металлург 21 8 6 7 21-27 30
7 Қўқон-1912 21 7 7 7 21-19 28
8 АГМК 21 7 5 9 24-25 26
9 Насаф 21 6 8 7 21-24 26
10 Қизилқум 21 6 2 13 18-29 20
11 Сўғдиёна 21 4 4 13 15-30 16
12 Нефтчи 21 1 9 11 11-28 12
ТЎПУРАРЛАР:
Тиаго Безерра («Пахтакор») - 10та
Жавлон Иброҳимов («Бунёдкор») - 10та (2та - пен.)
Марат Бикмаев («Локомотив») - 9та (3та - пен.)
Исмоил Гонсалвеш («Пахтакор») - 9та (6та - пен.)
Йован Жокич (АГМК) - 8та (6та - пен.)...
Мурод Холмуҳаммедов («Қўқон-1912») - 8та (8та - пен.)
Элгужа Григалашвили («Қизилқум») - 7та
Зоҳид Абдуллаев («Металлург») - 7та...
КЕЛГУСИ ЎЙИНЛАР
22-тур. 17 август (жума)
18:30 «Нефтчи» - «Қўқон-1912»
20:30 «Бунёдкор» - «Сўғдиёна»
20:30 «Бухоро» - «Локомотив»
18 август (шанба)
18:00 АГМК - «Металлург»
20:00 «Пахтакор» - «Насаф»
20:00 «Қизилқум» - «Навбаҳор»
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20