Қайднома

Қидирув

Азамат Абдураимов: «Кўза ўз-ўзидан пишиб қолмайди…»

Азамат Абдураимов: «Кўза ўз-ўзидан пишиб қолмайди…»

  14.08.2018 06:44
  0
  1866
Азамат Абдураимов: «Кўза ўз-ўзидан пишиб қолмайди…»

Хабарингиз бор, бугун Индонезияда Осиё ўйинлари-2018 мусобақасига старт берилади. Қитъамиз спортида муҳим ўрин тутувчи кичик Олимпиаданинг футбол турнирида қатнашадиган Равшан Ҳайдаров бошқарувидаги Ўзбекистон ёшлар термаси олдига Хиросима-94-да қайд этилган зафарни такрорлаш вазифаси қўйилган.

Айтиш ўринлики, миллий жамоамизнинг 1994 йилги ўша ёрқин ғалабаси ҳамон футболимиз янги тарихини алоҳида безаб турибди.

«ИнтерФутбол»нинг украиналик махсус шарҳловчиси Виктор Ерёмин-Хохлюк яқинда Японияда ташкиллаштирилган ўша турнир қаҳрамонларидан бири - Азамат Абдураимов билан унинг ёрқин ва самарали фаолияти хусусида бафуржа суҳбатлашди.

Ўйлаймизки, собиқ ҳужумчининг хотиралари кўпчиликни етарлича қизиқтиради, айниқса, Индонезиядаги бўлажак Осиё ўйинлари арафасида...

Муаллиф: - Абдураимов - бу собиқ иттифоқ ҳудудидаги энг таниқли футбол фамилияларидан бири... Афсонавий ҳужумчи Биродар Абдураимов ҳисобида Тошкентнинг «Пахтакор» ва Москванинг ЦСКА жамоалари учун урилган 223та гол бор.

Унинг тўнғич ўғли Азамат эса турли мамлакатлар чемпионатлари ва Ўзбекистон терма жамоасида рақиблар дарвозасини янада кўпроқ ишғол қилган. У жуда бандлигига қарамай, яқинда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бошқарувини қўлга олди.

- Азамат Биродарович, айнан неча ёшдан эътиборан футбол билан шуғуллана бошлаганингиз эсингиздами?

- Айтиш мумкинки, футбол ичида туғилганман... ва бу кўп йиллик тақдиримни олдиндан белгилаб берган. Тушунарлики, отамнинг аввалига буюк футболчи сифатида танилгани ва кейин мураббийлик билан шуғуллангани ҳаётий йўлимда катта роль ўйнаган. Оддий айтганда, болалик чоғидан миллионлар ўйини оламида яшаганман.

Тўғри, футбол маш-ғулотларини жиддий тарзда бошлашгача бошқа спорт турлари билан шуғулланишга ҳам улгургандим. Ке-йинчалик «Юность» (Москва) футбол мактабида таҳсил олдим. Биринчи мураббийим - Анатолий Килин. Ёш болаларни футболчи сифатида шаклланишлари учун борини берган бу инсондан умрбод миннатдорман.

Ўйин бобида янада ўсишим кераклигини вақтида тушунган мураббийимизнинг ўзи кейинчалик мени «Лужники»даги футбол мактабига олиб борганди. Бу даргоҳ ўша пайт нафақат Москва, балки бутун собиқ иттифоқдаги энг яхши мактаблардан бири эди.

Хуллас, 1982 йилга келиб, Сергей Рожков қўл остидаги МФМ (Москва футбол мактаби) жамоасида ўсмирлар ўртасида собиқ иттифоқ чемпиони бўлгандик.

- Сиз билан битта мактабда шуғулланганлар орасида яна кимлар катта футболда ном қозонишган?

- «Юность» мактабида таҳсил олганлардан Гена Сёминни айтишим мумкин - у катта футболда жуда яхши ўйнади. МФМда мен билан ёнма-ён шуғулланганлардан эса кўпчилик таниқли футболчи бўлиб етишди.

Ўзи МФМ футбол университетлари пирамидаси шундай тузилгандики, таҳсил тугагач, энг салоҳиятли йигитлар ўз йўлларини бирданига иккинчи лигада иштирок этувчи мактаб номидаги жамоада давом эттириш имкониятига эга бўлишарди. У «Марказий» ҳудуд гуруҳида ўйнарди.

Хуллас, энг яхши тарбияланувчиларни шу жамоага қабул қилишарди. Мактабимизнинг ўша даврдаги энг номдор тарбияланувчилари - кейинчалик «Торпедо» шарафини ҳимоя қилишган ака-ука Савичевлар, «армиячи» Дмитрий Кузнецов ва Андрей Митин...

Мисол учун, Юра Савичев ҳамда Дима Кузнецов 1988 йили собиқ иттифоқ олимпия терма жамоаси сафида Сеул Олимпиадаси олтин медалини ютишган.

- Футболга ошно тутинган болалар муваффақиятга эришиш учун нималарга кўпроқ эътибор қаратишлари керак? Шахсан сиз уларга қандай маслаҳат бера оласиз?

- Ортда қолган йилларга назар солиб, ёшларга аввало, футболни чинакамига севишларини тилашим мумкин. Шунингдек, юқори марраларга чиқиш учун бор имкониятларни ишга солиш ҳам муҳим. Асосийси - орзу ва уни амалга ошириш учун талаб даражасида тер тўкиш! Кўза ўз-ўзидан пишиб қолмайди...

Қисқаси, футболни танлаган ҳар бир бола аввало, ўз кучи ва салоҳиятига ишониши, бу йўлда кўп нарсалардан воз кечиши лозим. Шундай қилинса, футбол кейинчалик барчасини қайтариб беради. Ҳар ҳолда, ўз тажрибамдан биламан, футбол ҳеч кимнинг олдида қарздор бўлиб қолмайди!

- Тезкорлик ва рақиблар дарвозаси томон аниқ зарба йўллаш хусусияти сизга генетик даражада афсонавий отангиз Биродар Ҳасановичдан ўтган бўлса керак...

- Дарҳақиқат, отам ақлга сиғмас даражадаги иқтидори билан ажралиб турган. Дейлик, у собиқ иттифоқ чемпионатининг олий лигасида ҳам, биринчи дивизионида ҳам «Пахтакор»нинг энг яхши тўпурари мақомига эришган. Дейлик, расмий ўйинларнинг ўзида 200тадан ортиқ гол урган.

Ўзбекистонда футбол статистикаси мэтри Владимир Сафаров 200та ёки кўпроқ гол урганлардан Биродар Абдураимов номидаги фахрий тўпурарлар клубига асос солган. Дарвоқе, мен ҳам шу клуб аъзосиман, ҳаттоки, отамдан ўзиб кетганман (кулади). Бироқ ўзимни соф тўпурар сифатида таърифлолмайман.

Мисол учун, «Пахтакор»да ҳам, Ўзбекистон миллий жамоасида ҳам ҳамиша ҳужумнинг ўткир учида ўйнаган кўп йиллик ҳамкорим Игорь Шквириндан фарқли ўлароқ, кўпинча орқароқда ҳаракатланганман. Тўғри, баъзан Игорь билан жуфтлик ҳосил қилганмиз.

Умуман, иккимиз идеал дуэт бўлганмиз. Бунда мен олдинги чизиқнинг барча фронтлари бўйлаб ўйнардим, у эса фақат марказда ҳаракатланиб, ҳужумга нуқта қўювчи ролини бажарарди. Айтишим жоиз, Москванинг «Спартак» жамоасида фаолият юритган вақтларда ҳам фақат голлар эмас, чиройли комбинациялар ва рақиб ҳимоясини «кесиб» ўтувчи ўткир узатмалардан ўзгача роҳатланардим.

Оддий айтганда, ўйин услуби бўйича отам ва мен умуман бошқа-бошқамиз. Зеро, у соф қанот ҳужумчиси саналган, мен эса кўпинча форвард ортида тўп сурардим. Нима бўлганда ҳам, гол уриш - таърифланмас роҳат!

- Айтганча, катта Абдураимов ҳозирда нима билан машғул?

- Отам ҳамон футбол ишлари билан фаол шуғулланмоқда. Аниқроқ айтсам, бугунги кунда «Пахтакор» президенти ролида ишламоқда. Доимо футбол ўйинларини жойида кузатади, шунга асосан ёш ҳамкасбларига тегишли маслаҳатлар беради. Ахир унинг ўйинчилик, мураббийлик ва ҳаётий тажрибаси бебаҳо.

- Шахсий фикрингизча, Москванинг «Спартак» клубида иқтидорингизни тўла намойиш этишингизга нима халақит берган?

- Ўзи «Спартак» сафига 3 марта ўтганман. Биринчи марта 1984 йили. Ўшанда МФМ жамоаси ўйинига Константин Иванович Бесков ташриф буюрганди. Дарвоқе, у вақтида «Лужники»даги футбол мактабида ҳам ишлаган. Хуллас, Бесков «Красная Персня»га қарши омадли ўйинимиздан сўнг мен ва Митинни «Спартак»нинг ўринбосарлар жамоасига таклиф қилган.

Бироқ «дубл»да узоқ ушланиб туролмадим. Чунки кузда мажбурий ҳарбий хизматни ўташ муддати келди. Шу тариқа армияда хизмат қилиш учун Ростовнинг СКА клубига йўл олдим. Лекин у ерда ҳам узоқ қолганим йўқ...

Бинобарин, сафарга жўнаш олдидан Олег Иванович (Романцев назарда тутилмоқда) билан гаплашгандим ва у йил якунида ортга қайтиш имкониятига эга бўлишимни айтганди. «Спартак» сафига иккинчи марта 1990 йили қўшилдим. Бу вақтда биринчи лигада «Пахтакор» учун анча ўйнашга улгургандим.

Билишимча, «Шинник» билан ўйинимизда селекционерлар баъзи футболчиларни алоҳида кузатишган. Учрашув тугагач, мен ва Андрей Пятницкийни Москвага чорлашди. Ўша пайт «Пахтакор» олий лигага чиқиш арафасида эди ва Андрей таклифни рад этди. Мен эса жамоамиз бош мураббийи Фёдор Новиков билан оғир муносабатлар туфайли «Спартак»ка ўтишга рози бўлганман.

Аслида Фёдор Сергеевич яхшигина савияга эга мураббий эди ва бизда «спартакча» ўйин услубини амалга татбиқ этганди. Демоқчиманки, у билан ишлаш қизиқарли бўлган, бироқ мураббийнинг инсоний фазилатлари, юмшоқ қилиб айтганда, мақтанарли эмасди. Жанжалкаш ва келишмовчиликларга мойил. Қисқаси, моҳиятан олганда, «Пахтакор»дан айнан Новиков туфайли кетгандим.

Аммо ўша пайт «Спартак»нинг асосий таркибида ўйнашга тайёр эмасдим. Чунончи, жамоанинг айниқса, ҳужум чизиғида рақобат ўта баланд эди. Муҳими, Олег Иванович қўл остида ўтган ўша ярим йил менга жуда кўп нарса берган. Ахир Валерий Шмаров, Станислав Черчесов, Саша Мостовой, Игорь Шалимов, Вася Кульков каби чинакам ижрочилар қаторида шуғулланиш ва тўп суриш...

- Қизиқ, «қизил-оқ-лар» таркибидаги фахрийлар сизни қандай кутиб олишганди?

- «Спартак»да ҳавас қилса арзийдиган ички муҳит шаклланганди. Хусусан, мени ҳам очиқ чеҳра билан қарши олишган ва йигитлар билан ўзаро муносабат ўрнатишда қандайдир муаммога учраган эмасман. Лекин ўша вақтдаги ҳолатимни таҳлил қилиб айтсам, «Спартак»нинг ўзигагина хос услубига тайёр бўлмаганман.

Ҳар ҳолда, индивидуал ўйинга мойил эдим, рақибларни тез-тез ал-даб ўтишни ёқтирардим. «Спартак»да эса тўпдан имкон борича тезроқ қутулиш талаб этиларди. Жамоа ўйинига мослашиш жараёнига маълум вақт кетарди.

Ўша йиллари ўринбосарлар таркибидан жалб қилинган деярли барча ёшлар кейинчалик асосий жамоада ўйнаб кетишган. Мен эса кутишни хоҳламагандим. Шу тариқа мавсумлар оралиғида Душанбенинг «Помир клубидан таклиф тушгач, Олег Иванович розилиги билан Тожикистонга йўл олганман.

- Сиз нақ 7та мамлакат - Россия, Тожикистон, Бангладеш, Малайзия, Саудия Арабистони, Ҳиндистон ва табиийки, ўз юртингизда тўп сурган ўзбекистонлик кам сонли футболчилардан бирисиз. Айтингчи, клуб миқёсидаги фаолиятингизнинг энг омадли даври қаерда ўтган?

- Шубҳасиз, клуб футболида ўзига яраша муваффақиятларга эришганман. Мисол учун, «Пахтакор»да спорт устаси мақомини олганман, хорижда ҳам ишларим чакки бўлмаган. Дейлик, Бангладешда тўлиқ мавсум ўйнамай туриб, маҳаллий чемпионатнинг энг яхши тўпурарига айлангандим.

Айтганча, у ерга икки нафар «спартакчи» - Сергей Новиков ва Борис Кузнецов ҳамроҳлигида борганман. Умуман, узоқ хорижга юришим айнан Бангладеш орқали бошланган. Эътиборлиси, кетма-кет 3та ўйинда 10та гол ургандим - 2та «хет-трик» ва «покер».

Бу рекорд ҳамон сақланиб турибди! Шунингдек, Малайзия ва Саудия Арабистонида ҳам омадли мавсумларни ўтказганман. Бас, шундай экан, футболдаги тақдиримдан нолишим гуноҳ...

- Адашмасам, 1994 йилги мавсум сиз учун энг самаралиси бўлса керак...

- Албатта, энг омадлиси айнан 1994 йилги мавсум. Биринчидан, Ўзбекистон миллий жамоаси сафида Осиё ўйинлари ғолибига айланганмиз. Бу жамоамиз иштирок этган чинакам аҳамиятга эга илк халқаро турнир ҳисобланади. Қарангки, биринчи уринишдаёқ шоҳсупага чиққанмиз.

Менимча, Жанубий Корея термасига қарши кечган ўйинда бизга омаддан ташқари, таркибда собиқ иттифоқ футболида сабоқ олган йигитлар йиғилишгани қўл келган. Зеро, термамиз Осиёнинг аксарият жамоаларидан кескин фарқланарди. Ҳар ҳолда, бунга қадар Европада ўйнагандик, комбинацион ва ҳужумкор футбол масаласида тажрибамиз йўқ эмасди.

Қизиғи, ўша Осиё ўйинларида Анатолий Бишовец Жанубий Корея термасини бошқарган, Валерий Лобановский эса Қувайт жамоаси устози эди (қувайтликлар бронза медалини қўлга киритишган). Ўзбекис-тон термаси таркибига тўхталсам, Миржалол Қосимов, Игорь Шквирин,

Фарҳод Магометов, Андрей Фёдоров, Илҳом Шарипов каби ёрқин ва тажрибали ўйинчиларга эга эдик. Улар ўйин давомида ҳимоявий ёки аксинча, ҳужумкор услубга осонгина мослаша олардилар. Оддий айтганда, қайси паллада ҳаракатни кучайтириш ёки эътиборни тўп назоратига қаратиш кераклигини тушуниб ўйнаганмиз.

Аслида ҳар икки кунда майдонга тушиб, 7та ўйиннинг барчасида ғалаба қозониш жуда мушкул. Муҳими, биз бунинг уддасидан чиққанмиз. Хуллас, натижа нуқтаи назаридан жамоамиз йўлини такрорлаш ёки биздан ўзиб кетиш имконияти йўқ, ҳисоби. Қолаверса, ўша терма жамоамизда яхшигина мураббийлар дуэти ишлаган - Рустам Акрамов ва Биродар Абдураимов.

Улар бир-бирларини ажойиб тарзда тўлдиришган. Яъни Акрамов назарий томондан футбол билимдони, профессори бўлиб, хоҳлаган паллада жамоани ғалаба сари руҳлантирарди.

Отам эса - тажрибали амалиётчи. У ўйиннинг барча нозик жиҳатларини яхши биларди: ким чарчаганию, кимни алмаштириш ва ўрнига қайси футболчини ўйинга ташлаш кераклигини...

- Ўзбекистонлик футболчилар орасида энг хилма-хил голеотека айнан сизга тегишли, дейиш мумкин. Шахсан ўзингиз қайси голингизни энг муҳими сифатида тилга оласиз?

- Эсда қолган голларим битта эмас, кўп-да (кулади). 1987 йил, «шерлар» («Пахтакор» лақаби) сафидаги биринчи ўйиним. Ўшанда пойтахтдаги «Пахтакор» стадионида Ўзбекистон бўйлаб сафарга чиққан Эквадор олимпия терма жамоасига қарши ўйнаганмиз.

Эътиборлиси, 2:1 ҳисобида ғалабамиз билан якунланган баҳсда дебютимни гол билан безагандим. Қолаверса, ўйин якунида мени энг яхши футболчи сифатида тан олиб, махсус соврин ҳам беришган.

Очиғи, бундай дебют ҳақида фақат орзу қилиш мумкин. Биринчи лигадаги илк голимни Ростовнинг «Ростсельмаш» клуби дарвозасига йўллаганман, олий лигада эса биринчи марта Минск «Динамо»си билан учрашувда ўзимни кўрсатгандим.

- Сизга фаолиятингиз давомида Константин Бесков ва Олег Романцев каби футбол мэтрлари билан ишлаш насиб этган. Бу мураббийларнинг услублари, машғулотлари, ўйиндан олдин ва бевосита унинг давомида руҳий тайёргарлик бўйича олиб борган ишлари ҳақида нима дея оласиз? 

- Бесков барчасини максимал даражага олиб чиққанини кўриб, рости, роса ҳайратланганман.... Унинг машғулотларидан кейин ҳаттоки, қадам босишга ҳолим қолмасди. Романцев қўл остида эса узоқроқ муддат ишлаганман ва унинг раҳбарлигидаги машғулотларда кўпроқ жиҳатларни ўрганганман.

Чунончи, Романцев турфа хил машқларни олиб кирарди. Айтишим керак, кейинчалик бирор мураббий машғулотида романцевча машқларни кўрмаганман. Энг асосийси, барчаси тўп билан бажарилар ва йигитларни етарлича қизиқтирарди. Яна бир томони - машғулотлар методикаси ўйинда акс этарди - ўйланган ҳаракатлар, жамоавий услуб ва «спартакча» руҳ...

Ўйлайманки, ўша вақт «қизил-оқлар» сафида ўйнаган барча футболчилар шу ҳақда гапиришади. Ахир Николай Петрович Старостин даврида бошланган «спартакча» анъаналар узоқ давом этган. Бундай футбол мактабини унутиш мумкин эмас.

- Футболдан ташқари, яна қайси спорт турларига вақт ажратасиз?

- Баскетболга меҳрим жуда баланд. Мактабда ўқиган пайтлар 2 йилча айнан шу спорт тури билан шуғулланганман. Баскетбол - серҳаракат ва ёрқин ўйин.

- Футболчилик фаолиятингизга нуқта қўйганингиздан кейин турли жамоаларда мураббийлик қилдингиз ва маълум натижаларга ҳам эришдингиз. Ҳозир асосан нима билан бандсиз?

- Шундай бўлиб чиқдики, хайрлашув ўйинидан кейиноқ маълум вақт Ўзбекистон чемпионати биринчи лигасида иштирок этувчи клубда ўйновчи-мураббий ролини бажаришимга тўғри келди. Айни ўша вақтда мени мамлакат футзал термасига ҳам чақиришди.

Шу тариқа катта футбол укаси бир неча йил давомида мен учун иккинчи муҳаббатга айланди. Аввалига Осиё чемпионатида терма жамоа ўйинчиси сифатида қатнашдим, кейин бош-қарувни ўз қўлимга олдим. Шунинг баробарида яқин дўстим Жаҳонгир Усмонов мени «Ардус» футзал клубида ўйнашга кўндирди, кейинроқ бош мураббий ваколатини ҳам ишониб топширди.

Муҳими, мураббийликдаги илк тажрибалар чакки чиқмади. Дейлик, жамоа тузилган биринчи мавсумдаёқ бутун мавсум чемпионлик учун жиддий курашдик ва охирига қадар етакчидан ортда бориб, якунда олтин медаль ютдик. Буни ҳеч қачон унутмайман ва мураббийликдаги дебоча натижам сифатида қадрлайман.

Бу йил март ойида эса мени Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси катта мураббийи лавозимига тайинлашди. Албатта, миллий футболимизга имкон қадар кўпроқ наф келтириш, йигитларимизга  профессионаллик ва юқори савияда ўйнашни сингдириш ҳаракатидаман.

МАЪЛУМОТ УЧУН

Азамат Биродарович АБДУРАИМОВ

1966 йилнинг 27 апрель куни Тошкентда туғилган. «Пахтакор» тарихида ёрқин из қолдирган афсонавий тўпурар - Биродар Ҳасанович Абдураимовнинг ўғли. Москва футбол мактаби тарбияланувчиси. Ўйинчилик амплуаси бўйича ҳужумчи. Унвонлари: собиқ иттифоқ спорт устаси (1988 йил) ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи (1994 йил)

ПРОФЕССИОНАЛ ФАОЛИЯТИ

1983|1984 йил - МФМ (Москва)

1984|1990 (танаффус билан) - «Спартак» (Москва)

1987|2000 (танаффус билан) - «Пахтакор» (Тошкент)

1991 - «Помир» (Душанбе)

1992 - «Моҳаммадан» (Бангладеш)

1992|1995 (танаффус билан) - «Навбаҳор» (Наманган)

1993 - ЦСКА (Тошкент)

1994 - «Паханг» (Малайзия)

1995|2001 - «Дўстлик» (Тошкент вил.)

1996 - «Ал-Ваҳда» (Саудия Арабистони)

1999|2000 - «Салгакар» (Ҳиндистон)

1992-1997 йиллар оралиғида Ўзбекистон миллий жамоаси шарафини ҳимоя қилган: 22та ўйин, 11та гол

СОВРИН ВА НАТИЖАЛАРИ:

 Осиё ўйинлари чемпиони (1994 йил)

 Малайзия чемпиони (1994 йил)

 Ўзбекистон чемпиони (1998 йил)

 Ўзбекистон кубогининг 2 карра соҳиби (1992 ва 1997 йиллар)

 Бангладеш чемпионати кумуш медали совриндори (1992 йил)

 Ўзбекистон чемпионати бронза медали совриндори (1995 йил)

 Собиқ иттифоқ чемпионати биринчи лигаси кубогининг 2 карра соҳиби (1988 ва 1989 йиллар)

 Саудия Арабистони чемпионати биринчи лигаси ғолиби (1996 йил)

 Бангладеш чемпионатининг энг яхши тўпурари (1992 йил)

 Ўсмирлар ўртасида собиқ иттифоқ чемпиони (1982 йил)

 Биродар Абдураимов ва Геннадий Красницкий номидаги тўпурарлар рамзий клублари аъзоси (юқори даражадаги ўйинларда 260та гол урган).

Виктор ЕРЁМИН-ХОХЛЮК,  Тошкент


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz