Россиянинг амалдаги чемпиони - «Локомотив» (Москва) таркибидан жой олган польшалик ярим ҳимоячи Гжегож Криховяк рус диёрида катта муваффақиятларга эришмоқчи.
Маълум вақт Францияда тўп сурган футболчи Россиядаги дастлабки интервью давомида нима учун айнан «темирйўлчилар» жамоасини танлаганига тўхталиш баробарида Александр Головиннинг «Монако»га ўтганига муносабат билдирди, Дмитрий Черишевни ажойиб мураббий сифатида таърифлади.
«ЛОКО» - ҚИЗИҚАРЛИ ЛОЙИҲА
- Гжегож, Россия чемпионатининг қайси жиҳати сизни ўзига тортди, нима учун айнан «Локо»ни танладингиз?
- «Локо» - зўр лойиҳа! Биринчидан, жамоа ЕЧЛда қатнашади. Иккинчидан, Россия - мен учун янги чорлов. Англиядаги мавсум анча мураккаб ўтди. Энди «Локомотив»га қўлимдан келганича ёрдам беришга тайёрман. Эътиборим фақат шу клубда, ортга қарашни ёқтирмайман.
- Айрим хорижликлар Россияга келишдан чўчишади. Сизни ҳеч ким йўлдан қайтаришга уринмадими?
- Йўқ, ҳеч кимдан Россия хусусида ваҳимали гап эшитмадим. Ҳозир ҳаммасидан қониқяпман, спорт формасини имкон қадар тезроқ тикласам, бас.
Ҳа, бунинг учун кўп ишлашга тўғри келяпти. Лекин юкламаларга тайёрман. «Локо» либосида ёрқин ўйнашдан ташқари, Россия маданияти билан танишиш ниятидаман.
- Умуман, «Локо» сафига қўшилишдан олдин Россия ҳақида нималарни билардингиз?
- Мана, ЖЧ-2018да иштирок этдим, 2015 йили эса ЕЛ чорак финалида «Зенит»га қарши майдонга тушиб, жамоам билан кейинги босқичга йўл олгандик (Криховяк «Севилья» сафида ўйнаган ва питерликларга қарши ўйинлар 2:1 ҳамда 2:2 ҳисобида якунланган).
- Янги жамоага мослашишингизда асосан ким ёрдам беряпти?
- Маци Рибус. У билан яхши танишман - терма жамоада бирга ўйнаймиз. Маци рус тилини тўлиқ ўрганиб улгурган ва бу борада беминнат кўмаклашмоқда.
Тез орада ўзим ҳам маҳаллий тилни ўзлаштириб олиш ниятидаман. Қолаверса, «Локо»да футбол тили орқали мулоқот қиламиз. Демак, бу борада хавотирга ўрин йўқ.
- Юрий Сёмин машғулот пайти исмингизни нотўғри талаффуз қилибди - Гжежев...
- Биласизми, 15 ёшимдаёқ Польшадан Францияга йўл олганман. Ортда қолган вақтда бундай воқеаларни кўп кўрдим. Умуман, камдан-кам ҳолатларда исм-шарифимни тўғри айтишади. Дейлик, Францияда шунчаки, «Крико», дея мурожаат қилишарди. Қисқа ва содда.
- Тил билмаслик Францияда қийинчилик туғдиргандир...
- Фаолиятимнинг бу босқичидан фақат илиқ хотиралар қолди. Лига 1нинг бир қатор жамоаларида тўп сурдим, таҳсил олдим, умр йўлдошимни топдим. Қисқаси, бирор нохуш таассурот йўқ.
Франция - меҳмондўст мамлакат. Хорижликлар маҳаллий маданиятни осонгина ўзлаштиришади, ҳеч ким зуғум ўтказмайди. Франциядаги фаолиятимни «Бордо»да бошлаган эдим: ажойиб инфратузилма, гўзал шаҳар.
- Россиялик Александр Головин «Монако»дан қўним топди. Унга қандай мастаҳат бера оласиз?
- Аввало, унинг тўғри қарорга келганини таъкидлашим керак. Монакода руслар жуда кўп. Демак, Головин шаҳар ҳаётига тезда мослашади.
- Поляклар асосан қайси мамлакатларга интилишади?
- Англия ва Ирландияга. Лондонда тез-тез ватандошларимга дуч келардим. Британия пойтахти марказида уларни учратиш ва она тилингда мулоқот қилиш ўта ёқимли.
ЭМЕРИ БИЛАН КЎРИШМАЯПМАН...
- «Севилья» ва Эмери. Андалусиядаги давр фаолиятингизнинг энг ёрқин босқичи бўлса керак.
- Чиндан ҳам, ажойиб давр. Ахир «Севилья» билан қаторасига 2 марта ЕЛда зафар қучдик.
- «Локо»га ўтиш арафасида Унаи Эмери билан маслаҳатлашдингизми?
- Қўнғироқ қилишга зарурат сезмадим. Ўртамизда доимий алоқа йўқ. Ҳа, кўплаб мураббийлар билан ишладим. Аммо ўзаро муносабатларни сақлаб қолмаганман...
- Эмерини дўстингиз сифатида эътироф эта оласизми?
- Йўқ, умуман, ҳеч қайси мураббийни дўст ўрнида тасаввур қилмаганман.
- У дунёдаги энг яхши мураббийлардан бирими?
- Бу борада фикр билдиришим ножоиз. Лекин Эмерининг ёрқин фаолияти ҳақида гапириб беришим мумкин. У жуда кўп, баъзан ҳаддан ташқари кўп ишлайди, шогирдлари - чинакам атлетлар.
Чунончи, Унаи қўл остидаги футболчиларга доимо махсус видеолавҳаларни намойиш этиб, қайси йўналишда кўпроқ ишлаш кераклигини тушунтиради. Мураббийнинг ғояси - ҳар қандай арзимас икир-чикир ҳам ғалабани таъминлаши мумкин. Тўғри, Эмерини қаттиққўл ва талабчан мураббийлар сафига қўшолмайман.
ДЕНИС ЧЕРИШЕВНИ БИЛАМАН, ОТАСИ - АЖОЙИБ МУРАББИЙ
- Россиялик футболчилардан кимларни танийсиз?
- Денис Черишевни. «Севилья»да унинг отаси билан кўп ишлаганман. Дмитрий Черишев - малакали мураббий, ажойиб инсон. Қувноқ ва хушмуомала. Бирорта латифа ёки ҳазилини эслолмайман-ку, аммо машғулотларга доимо кўтаринки кайфият олиб кирарди.
- Айтишларича, саёҳатни ёқтирар экансиз. Хўш, Европадаги қайси шаҳар кучлироқ таассурот қолдирди?
- Париж, Лондон, Варшава... Улардан қайсидир бирини алоҳида кўрсатолмайман. Россияда эса ЖЧга қадар бўлган эмасман.
- Энди бу ерда ҳам бемалол саёҳатга чиқишингиз мумкин. Қайси шаҳарларни кўз остига олиб қўйдингиз?
- Бу борада ҳали ўйлаб кўрганим йўқ. Сочи ва Санкт-Петербург ҳақида илиқ фикрлар эшитдим. Қозоннинг гўзаллигиги қисқа сайр давомида амин бўлдим. Колумбияга қарши учрашувни шу шаҳарда ўтказдик. Менга жуда ёқди.
Содиқ СОБИР тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20