Қайднома

Қидирув

Майдонларни ёритар муносабат машъаласи

Майдонларни ёритар муносабат машъаласи

  15.08.2018 06:39
  0
  551
Майдонларни ёритар муносабат машъаласи

Мамлакатимиз футболи тарихи хусусида сўз очилса, беихтиёр «Пахтакор»-79 кўз олдимизда гавдаланаверади. «Пахтакор» собиқ иттифоқ чемпионатида иштирок этган вақт бутун Ўзбекистон шу жамоага мухлислик қилгани ҳисобга олинса, «шерлар» тарихидаги ўша давр алоҳида ажратилиши лозим.

Чунки «Навбаҳор», «Насаф» ва «Нефтчи» каби бир қатор жамоаларнинг бугунги кекса мухлислари 20-асрнинг 60-80-йилларида жавлон урган «Пахтакор»га ошуфта бўлишган ва ҳозир ҳам ўша шонли дамларни соғинч билан эслашади.

Шу маънода «Пахтакор»-79 футболимизнинг бутун йўлидаги умуммиллий ҳодиса сифатида қадрланаверади, хотирланаверади. Суперлига 21-тур учрашувлари хотира дақиқаси билан бошланиши биз назарда тутган умуммиллий ёндашувнинг ёрқин намунасидир.

Бу муносабат ҳозирги мухлислик чегараларини тан олмайди. «Пахтакор»-79 хотираси футболимиз қалбида абадият машъаласи бўлиб ловуллаб яшайверади. Келаси мавсум мана шу машъум фожиага 40 йил тўлади.

40 йил - тарих учун кам, аммо футбол учун катта фурсат! Камида уч авлод келиб-кетди шу вақт оралиғида футболимизга. Демоқчимизки, авлодлар алмашаверади, бироқ «Пахтакор»-79 хотирасидан таралаётган ёғду ҳеч қачон сўнмайди.

Суперлига баҳсларидаги қизғинликнинг шу ёғдуга уйғунлиги мухлисларни беҳад қувонтирмоқда. Бу ўринда 21-турдан ўрин олган «Қўқон-1912» - «Пахтакор» ва «Навбаҳор» - «Бухоро» учрашувларидаги «интрига»ни алоҳида таъкидлашни истардик.

Албатта, шундай кескинлик ҳар бир турда кузатилмоқда. Лекин «қизғинлик» ва «муросасизлик» ибораларини барча учрашувларга нисбатан қўллаб бўлмаслиги афсусланарли. Хусусан, 11 август куни ўтказилган «Насаф» - «Бун-ёдкор», «Локомотив» - «Нефт-чи» баҳслари зерикарли тус олгани билан ёдда қолди.

«Бунёдкор» Қаршида «Насаф»нинг ҳафсаласизлигидан фойдаланди. Тўғри, айни дамда «аждарлар» ва Рўзиқул Бердиевга осон тутиб бўлмайди. Ҳозир ҳар бир фидоий футбол мухлиси Қарши клубидаги муҳитни тушунишга интилмоқда. Фақат битта мулоҳаза: эртага ҳаммаси яхши томонга ўзгариши учун майдонда курашиш даркор.

Ҳар ҳолда, «Насаф»га ўз майдонида йирик ҳисобли мағлубиятга осонгина кўниш асло ярашмайди. Унутмайликки, ўйинни шунчаки, расмиятчилик учун ўтказиш футболимиз тараққиётига хавф соладиган, мухлисларни стадионлардан бездираган ачинарли ҳолатдир.

Андрей Фёдоров хизматлари сабаб, «Локомотив»нинг «Нефтчи»га нисбатан «раҳм-шафқат» кўрсатиши спорт тамойилларига мутлақо зид. Йўқ, Қарши ва Тошкентдаги баҳсларга «келишилган» ёрлиғини ёпиштириш фикридан мутлақо йироқмиз. «Олтин очко» тизими боис, тилга олинган ҳар 2та учрашув 4та жамоа учун ҳам аҳамиятсиздир.

Шундай вазиятда футболчилар мухлислар ҳурмати ҳақиқий кураш тақдим этишлари керак эмасми? Қолаверса, келишилган ўйинлар руҳини эслатувчи кайфият «Олтин очко» тизимига нисбатан нотўғри муносабатни шакллантиради. Ҳолбуки, айнан «Олтин очко» қоидаси туфайли Суперлигада кескинлик ортди.

Шу формат таъсирида «Пахтакор» ва «Локомотив»да одатдаги хотиржамлик кўзга ташланмаяпти. Аксинча, «Навбаҳор» чемпионлик орзусида. Буларнинг барчаси - «Олтин очко» тантанаси. Орзумиз эса тушунарли - Суперлиганинг ҳар бир баҳсида АПЛга хос «интрига»ни кўриш.

Эътибор беринг, биз юксак савия эмас, балки доимий «интрига» ҳақида сўзлаяпмиз. Зеро, давомли кескинлик келажакда юксак савияни таъминлаши муқаррар. АПЛни тарк этган жамоанинг қўллаб-қувватлаш учун Чемпионшип доирасидаги ўйинга ҳам 50 мингдан кўп мухлис ташриф буюриши - инглиз футбол муҳити учун одатий ҳол.

Бизда эса етакчилар ўртасидаги ўйинлар ёки ўзига хос дербилардагина мухлисларнинг стадион томон оқими кескин ошади. Бошқа ҳолатларда трибуналарда оммавий тароват сезилмайди. Маълум ўрин учун курашиш ёки қайсидир жамоани ғалабаси учун олқишлаш футболнинг бир қисми, холос.

Агар фақат шу мақсадлар учун ўйналганида, футбол жаҳон узра бу қадар оммалашмасди. Шунинг учун наинки соҳани ривожлантириш, балки ўйинга муносабатни янги босқичга кўтариш, футбол онгини юксалтириш энг муҳим вазифалардан саналади.

«Вулверхэмп-тон» - «Эвертон» ва «Арсенал» - «Манчестер Сити» учрашувларининг АПЛ мезони бўйича мақомини мухлислар яхши фарқлашади. Бироқ бу ҳолат уларнинг футболга нисбатан муносабатларига заррача соя солмайди. Нима учун шундай?

Саволнинг жавоби барчага аён: АПЛда ҳар бир жамоа савия ёки мавқесидан қатъий назар, ҲАЛОЛ футболга таянади, ўйин-ни эрмак қилмайди, ўз манфаатини чинакам томошадан устун қўймайди. Футболга муносабат мухлисларнинг стадионларга талпинишлари ва порлоқ юлдузлар бош кўтаришларида ҳам аҳамиятли эканлигини унутмаган ҳолда, шундай мулоҳазаларни ёздик.

Демак, Жакартада бошланган Осиё ўйинлари мақоми бўйича Равшан Ҳайдаров шогирдлари учун Хитой мезбонлик қилган Осиё чемпионатидан кам эмас асло. Улуғ ҳақиқат шуки, Ватан шаъни учун майдонда тўп суриш бошқа барча мақомлардан юксакроқдир!

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz