Россия мундиалининг хотимаси туфайли юзага келган қисқа «антракт»дан кейин серзавқ спектакллар Европа яшил майдонларига кўчди - дастлабки расмий «уик-энд» оқшомида мухлислар «Барселона» ва «Бавария»нинг Суперкубок баҳсларидаги ғалабаларига, Англия чемпионининг илк турдаги зафари ва бошқа муросасиз беллашувларга гувоҳ бўлишди.
Англия. Чемпионнинг ишончли старти, Погбанинг рекорди
Янги мавсумни, анъанага биноан, футбол ватани вакиллари очишди. Эътиборлиси, дастлабки учрашув ҳаяжони деярли сезилмади. Ўз майдонида «Лестер»ни қабул қилган «МЮ» Поль Погбанинг тезкор голи эвазига олдинга чиқиб олди. Сардорлик масъулиятини ўз зиммасига олган франциялик футболчи жарима майдончаси ичида тўпни қўли билан ўйнаган Даниэль Амартининг қоидабузарлиги учун белгиланган пенальтини аниқ амалга оширди. Манчестерликларга 3 очкони нақд қилган иккинчи гол эса Люк Шоу ҳисобига ёзилди. Таъкидлаш жоизки, 23 ёшли футболчи ўз фаолиятидаги илк голини нишонлаш учун 134 марта майдонга тушди. Захирадан ўйинга қўшилган Жейми Варди 92-дақиқада фарқни қисқартирди. Лекин мағлубиятдан қутулиб қолишга вақт етмади. «Қизил иблислар»нинг янги сардори эса мазкур голи билан шу пайтгача «Ливерпул»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Райан Бабелга тегишли рекордни такрорлади - Поль гол урган сўнгги 11 учрашувда унинг жамоаси майдонни ғолиб сифатида тарк этган.
«Челси»нинг старти янада ишонарлироқ бўлди - сафарда тўп сурган Маурицио Сарри шогирдлари «Хаддерсфилд» дарвозасига 3та жавобсиз тўп йўллаб, мезбонларга умуман имконият қолдирмадилар. Голлар Канте, Родригес ва дебютант - Жоржиньолар ҳисобига ёзилди. Шунингдек, Кепа Аррисабалага ва Росс Баркли ҳам «кўклар» сафидаги дебютларини нишонладилар.
Аввалги мавсумнинг бронза медаллари совриндори - «Тоттенхэм» эса катта қийинчиликлар эвазига «Ньюкасл»дан дастлабки 3 очкони тортиб олди. Қизиғи, 18 дақиқа ичида амалга оширилган 3та самарали ҳужум ўйин охиригача ўзгармади - Ян Вертонген ва Деле Аллининг голларига Хоселу жавоб қайтарди.
«Ливерпуль» «Вест Хэм»га қарши баҳсда қийинчиликка дуч келмади - Садио Мане «дубл»га эришган бўлса, Муҳаммад Салоҳ ва Дэниел Старрижлар дастлабки голларини амалга оширдилар. «Рома»дан «қизиллар» сафига ўтган Алиссон Беккер «Энфилд»даги дебютини «қуруқ» ўйин билан нишонлади.
Турнинг марказий беллашувида Унаи Эмери етакчилигидаги «Арсенал» амалдаги чемпионни қабул қилди. Афсуски, баҳсда қизғин ва муросасиз кураш кузатилмади - Раҳим Стерлингнинг тезкор голи ўйин тақдирини ҳал қилди. Биринчи голга Петр Чехнинг суст ҳаракати сабаб бўлди. Аммо у кейинчалик ажойиб «сэйв»ларни намойиш этди. Акс ҳолда, мезбонлар йирик ҳисобдаги мағлубиятни қабул қилишарди. Фақат 62-дақиқада Чех Силванинг кучли зарбасини қайтара олмади.
Шундан кейингина мезбонлар жонланишди, ҳатто гол ҳам уришди. Бироқ Обамеянгнинг зарбаси «офсайд» ҳолатида амалга оширилганди.
Испания. Вальверденинг сезгиси, «Севилья»нинг хатоси
Амалдаги чемпион билан мамлакат кубоги турнири финалчиси ўртасидаги Суперкубок беллашуви Испанияда футбол мавсумини очиб берди. Бироқ учрашув мамлакат ташқарисида - олис Марокаш заминида бўлиб ўтди. Ўйин арафасида Эрнесто Вальверде ички туйғуси шогирдларининг ғалабасидан дарак бераётганини маълум қилганди. Амалда у ҳақ бўлиб чиқди. Аммо жамоа зафарга кучли ирода эвазига эришди. Дастлабки дақиқалар «Севилья»нинг тўлиқ устунлигида ўтиб, яқинда «Барса» қандай қилиб бу жамоа дарвозасига 5та жавобсиз гол урганлиги кўпчиликни ўйлантира бошлаганди. Боз устига, андалусияликлар нақ 2015 йилнинг октябридан бери каталонияликларни мағлуб эта олмаётгандилар.
Бу гал Пабло Мачин шогирдлари ғалабага жуда яқин келдилар. 9-дақиқада Жерар Пикени ортда қолдирган Луис Мурьель тўпни Пабло Сарабияга узатди. Ярим ҳимоячи эса уни тўппа-тўғри олис бурчакка йўллади. Ҳисобда олдинга чиқиб олган «Севилья» кейинчалик ҳимояда хатога йўл қўймасликка уринди. Бироқ «Барса» стандарт вазият эвазига мувозанатни тиклади - жамоасини сардор сифатида майдонга олиб тушган Мессининг зарбасидан сўнг тўп дарвоза устунидан қайтди. Унга биринчи бўлиб етиб келган Пике мувозанатни тиклаб, айбини ювди. Ўйин тугашига 10 дақиқа қолганида эса Усмон Дембеле олис масофадан кучли зарба йўллаб, «Барса»ни олдинга олиб чиқди.
Ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда «Севилья» ҳисобни тенглаштириш учун 100 фоизли имкониятга эга бўлганди - атиги бир ҳафта аввал «Барса»дан «Севилья»га ўтган Алейш Видаль Тер-Штегенни қоида бузишга мажбур этди. Аммо Виссам Бен-Йеддер «нуқта»дан ўта жўн зарбани амалга оширди, Андре эса тўпни қайтариб, хатосини тўғрилади. Шу тариқа Каталония гранди 13-марта Испания Суперкубоги соҳибига айланди ва бу борадаги етакчилигини давом эттирадиган бўлди. Мундиал омадсизларидан бири бўлган Лео Месси эса «Барселона» тарихидаги энг совриндор ўйинчига айланди - аргентиналик ҳужумчининг совринлари сони 33тага етди.
Германия. Ковачнинг илк ғалабаси
Немис заминидаги футбол мавсумини Франкфуртда маҳаллий «Айнтрахт» ва «Бавария» Германия Суперкубоги беллашуви билан бошлаб беришди. Қизиғи шундаки, Германия кубоги финалида «Айнтрахт» номдор рақибини енгишга муваффақ бўлганди. Бу сафар Нико Ковач Мюнхен грандини бош мураббий сифатида дастлабки расмий баҳсга олиб тушди. Яъни, у собиқ жамоасидан ёки собиқ шогирдлари ундан реванш олиш имкониятига эга бўлдилар. Якунда чемпион кубок соҳибини ўз дарвозасидан 5та тўп олиб чиқишга мажбур этди. Мезбонлар эса атиги битта аниқ зарба билан жавоб қайтаришдан бошқасини уддалай олишмади. Учрашувнинг чинакам қаҳрамони сифатида Роберт Левандовскини эътироф этиш жоиз. Польшалик ҳужумчини ўйин давомида турли қўполликлар эвазига тўхтатиб қолишга уриндилар. У эса жарима зарбалари ишлаш билан жавоб қайтарди ва «хет-трик»ка эришди. Яна 2та гол Кингсли Коман ва Тьяго Алькантаралар ҳисобига ёзилди.
Хуллас, «Бавария» ўз тарихидаги 7-Суперкубокни қўлга киритди, Ковач эса гранднинг бош мураббийи мақомида илк совринга эга бўлди.
Франция. Етакчиларнинг ишончли ғалабалари
Футбол оламининг амалдаги тождорлари янги мавсумни бошлашда мафтункор ўйин ихтирочиларидан ортда қолмасликка қарор қилишди. Ички чемпионатни «Марсель» - «Тулуза» қарама-қаршилиги очиб берди. Учрашув ЕЛнинг сўнгги финалчиси устунлигида ўтди. Димитри Пайет «дубл»га эришган бўлса, Валер Жермен билан Флорьян Товенлар биттадан гол уришди.
1-дивизион дебютанти «Ним» «Анже» сафаридан иродали (4:3) ғалаба билан қайтди. Меҳмонлар ҳисобни очишган бўлсада, кейинчалик 1:3 ҳисобида ортда қолишаётганди. Сўнгги дақиқалар драматик воқеаларга бой бўлди: ўйин тугашига 15 дақиқа қолганида «Ним» иккинчи тўпни «Анже» дарвозасига жойлаб қўйди. Лекин тез орада Флорьян Мигель иккинчи сариқ карточка билан жазолангач, жамоа майдонда озчилик бўлиб қолди. Таажжубки, жазо меҳмонларни тушкунликка солиш ўрнига руҳлантириб юборди. Натижада улар 85 ва 89-дақиқаларда муваффақиятга эришиб, иродали ғалабани байрам қилишди.
Якшанба оқшомида Томас Тухель бошчилигидаги «ПСЖ» ўз майдонида «Кан»ни қабул қилди. Эътиборлиси, яқинда улар мамлакат кубоги ярим финалида куч синашишган, учрашув пойтахт клубининг 3:1 ҳисобидаги устунлиги билан тугаганди. Бу гал ҳам «ПСЖ» 3та гол уришга муваффақ бўлди. Лекин «Кан» Буффон дарвозасига йўл топа олмади - 3:0.
Айтганча, 1995 йилда «Олтин тўп»ни қўлга киритган афсонавий Жорж Веанинг ўғли - Тимоти 82-дақиқада майдонга тушганига қарамасдан, ўз номини таблога ёздиришга улгурди. Бу 18 ёшли ҳужумчининг чемпионатдаги дебют голи, лекин «ПСЖ»даги дастлабки муваффақияти эмас - бир ҳафта аввал Либерия шаҳзодаси «Монако»га қарши Суперкубок баҳсида 90 дақиқа тўп сурган ва тўртта голдан биттасининг муаллифи бўлганди.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20