Қайднома

Қидирув

Ўзбекистон чемпионатида ҳам VAR тизимини қўллайлик!

Ўзбекистон чемпионатида ҳам VAR тизимини қўллайлик!

  16.08.2018 06:41
  1
  1137
Ўзбекистон чемпионатида ҳам VAR тизимини қўллайлик!

Яхши мавзу! Бу ғояни бугунги футбол ҳаёти ва The Referee Интернет ресурсини юритувчи ФИФА инструктори Фарҳод Абдуллаевдан олдик.

Қизиқарли масалаларга бағишланган мақолаларни ўқиб, муҳокамаларда мунтазам иштирок этиш орқали муаллифнинг VAR тизими ёрдамида ҳакамлик савиясини ошириш мумкинлигини алоҳида таъкидлаганига гувоҳ бўлдик.

Ўзбек футболида ҳам шундай муаммолар учрашини инобатга олиб, бугунги кунда долзарб бўлган мавзу юзасидан атрофлича фикр юритсак.

I. VAR ҲАҚИДА УМУМИЙ

1. У нима ўзи?

VAR - video assistant referee, яъни реферининг видеоассистенти деганидир.

2. У нима учун керак?

Россиядаги жаҳон чемпионатини кузатганлар ушбу саволга тайинли жавоб олдилар, деб ўйлаймиз. Ҳаттоки, бу тизимдан бехабар ёки эшитган бўлсада, ҳали кўришга улгурмаганлар энди майдон четидаги ёрдамчиларнинг аҳамияти ҳақида етарлича тушунчага эга бўлдилар. Бу гап табиийки, видеотакрорларга ҳам тааллуқли.

Видеотакрорни фақат икки киши кўради - ҳакам ва вазиятни кўриб чиқиш бўйича тавсия берган ассистент. Мухлислар эса стадиондаги таблони астойдил кузатиш билан чекланишади.

Баҳсли вазият билан боғлиқ тасвир барчага кўрсатиб турилади, ҳамма реферининг қандай қарор чиқаришини кутади. Ҳа, сўнгги сўз бош ҳакамда қолади, VAR шунчаки ассистент сифатида маслаҳат беради, холос.

II. VAR ЎЗБЕКИСТОНДА? АЙНИ ВАҚТИ!

1. У бизга нима учун керак?

Кўплаб сабаблар туфайли жуда зарур. Шулардан иккитасини келтириб ўтсам. VAR бизда ҳам қўлланса:

1) ҳакамларнинг қўпол хатолари камайиб, ўйин ва унинг натижасига таъсирлари камаяди;

2) истаганча «каромат» кўрсатадиган айрим ҳакамларнинг «хурмача қилиқлари» йўқолади. Мисол учун, ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда, футбол қоидаларига зид ҳаракатларни амалга ошира олишмайди.

Шахсий манфаат йўлидаги қинғирликлар, керакли натижани таъминлаш бўйича «юқори»дан келадиган буйруқларни бажариш ҳолларига чек қўйилади. Ўйлашимча, иккинчи мисолда келтирилган факт бугунги кунда биз учун муҳимроқ.

2. Жорий этиш истиқболи

1) Бу тизим қиммат, аммо бизда уни қўллаш имконияти йўқ эмас. Шахсан ЎФА вице-президенти эндиликда ўзбек футболининг молиявий имкониятлари анча яхши бўлишини таъкидлади. Шундай экан, VARни олиб келиш учун пул етарли. Бунга 100 фоиз ишончим комил.

2) Энг қизиғи (!).

Мулоҳазанинг ОАВда катта ҳарфлар билан бўрттириб ёзилган бу қисмини бошқа бўлимда муҳокама қилишимиз ҳам мумкин эди. Аммо уни кейинга қолдиришни истамадик. Демак, эҳтимолларни деталлар орқали кўриб чиқамиз.

Мабодо Ўзбекистон Суперлигасида VAR тизими қўлланса, бир неча босқич бўйича «йўқотишлар» вужудга келади:

- қаллоб ҳакамлар қинғирликларни давом эттира олишмайди, зеро «мўъжизавий» қарорларини VAR фош этади;

- турнир давомида аксарият «уддабуронлар» хоҳлаган натижалар қайд этилмайди;

- турли даражадаги «ишбилармонлар» (мазкур ҳолатда ҳакамлар энг майда иштирокчи ҳисоблансаларда, барчасини бевосита бажарадиган шахс сифатида улар билан ҳисоблашишга тўғри келади) ниятлари чиппакка чиқади...

ХОТИМА

Бу албатта, вақтинчалик хотима (!). Яна киноя, истеҳзо... Аммо хитоб янграб бўлди. Ўзбекистон чемпионатида ҳам VAR тизимини қўллайлик! Тўғри, дастлаб Суперлигада. Кейин вазиятга қараб қуйи дивизионлар ҳақида бош қотираверамиз. Қисқаси, бу керак.

Энди барчамизга қизиқ бўлган бошқа бир жиҳат бор. Мазкур хитобга ЎФА қандай муносабат билдиради? Ахир ассоциация вакиллари янги ва замонавий технологияларнинг барчасини футболимизга татбиқ этишлари ҳақида бир неча маротаба бонг уришяпти-ку.

Мана, энди барчасини амалда исботлаш қолди. Бизга ҳозир «Реал Мадрид» мураббийларини олиб келиш эмас, футболимиз ҳаётида ўта аҳамиятли бўлган VAR тизимини қўллаш муҳимроқ. Шу тариқа шаффофлик таъминланади.

18-саҳифада («ИнтерФУТБОЛ» газетаси, 62-сон) келтирилган инфо-графика ҳам The Referee ресурсидан олинган. Футболи ва ҳакамлар тайёргарлиги бўйича биздан устун бўлган Италияда мазкур жараёнда қандай ўсишга эришилганини кўрдик. Энди тасаввур қилинг, VAR Суперлигамизда кузатиладиган қанчадан-қанча хатоликларнинг олдини олиши мумкин?! Италиядагидан анча кўп бўлиши шубҳасиз.

Фикримга қарши чиқувчилар бўлса, унутмасинлар, Равшан Эрматов ҳозир бизда ягона. Яқин йиллар ичида унга ўхшагани чиқмади ва чиқмаса ҳам керак.

У бир неча авлодлар даврида бир марта туғиладиган фавқулодда қобилият соҳиби. Гарчи савияси Эрматовникига яқинроқ бўлган Валентин Коваленко ҳамда Владислав Цейтлин сингари ҳакамлар топилсада, уларнинг иккиси ҳам яқин йиллар ичида фаолиятини якунлаши тайин.

Сабаб - ёш чеклови. Коваленко жорий йил 45 ёшни қаршилади - оз қолди. 47 ёшли Цейтлин эса, дарвоқе, халқаро фаолиятига нуқта қўйиб улгурган. Эрматовнинг захирасида камида яна бир цикл бор ва у ЖЧ-2022да ҳам давом этиши мумкин. Қатар мундиали пайтида Эрматов 45 ёшга тўлади. Сўнгра... Келинг, бироз шошилмай турамиз.

Кимдир фикримга қарши чиқиб, нотўғри гапираётганликда айбласада, юртимиздаги бошқа ҳакамлар ҳақида мақтовга лойиқ сўзларни айтолмайман.

Ўзим бу соҳада маълум муддат ишлаганим учун, ҳакамликнинг нимани англатишини жуда яхши тушунаман. (Кейинчалик футболчилар тарбиялашни маъқул кўриб, икки касбни бир вақтда олиб боришни хоҳламадим. Ҳакамликда юқорига интилиш истаги йўқолгач, фаолиятимни 35 ёшда якунладим.)

Аммо бу ерда гап мен эмас, хулоса бошида қалин қора ҳарфлар билан ажратиб кўрсатилган таклифим ҳақида бормоқда. Яна такрорлайман: «ЎЗБЕКИСТОНГА ДАРҲОЛ VAR ТИЗИМИНИ ОЛИБ КЕЛИШ КЕРАК!»

Дмитрий ПОПОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Билдирилган фикрлар


Nima keragi astalashtirilgan sekin öynaydigan futbolchilarga var tizimini qòlab bemalol körinib turadiyi kim g’alaba qozonishi öyindan oldin aniq böladi tarkib faqat stariklar yoshlar yo ösha uchun futbolimiz sekin bemalol öynidi charchab qomaylik deb
16.08.2018 12:47

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz