Қайднома

Қидирув

Pepsi суперлига: «Экватор»га бир қадам қолганда…

Pepsi суперлига: «Экватор»га бир қадам қолганда…

  17.08.2018 06:39
  0
  1377
Pepsi суперлига: «Экватор»га бир қадам қолганда…

Бугун ва Шанба куни ўтажак 22-тур баҳсларидан сўнг мамлакатимиз тарихида илк бора қўлланилаётган янгича тизимдаги чемпионат ўйинлари ҳам ўзининг «экватор»ига етиб келади ва бундан буён жамоалар янада масъулиятлироқ баҳсларга киришишади.

Бугун бўлиб ўтадиган тўрт баҳсдан сўнг кучли олтиликнинг сўнгги иштирокчиси номи ҳам маълум бўлади.

Пойтахтнинг уч етакчи клуби, «Навбаҳор» ҳамда «Бухоро»га чемпионлик ва унинг ортидаги йўлланмалар курашида «Металлург» ёки «Қўқон-1912» жамоаларидан бири қўшилиши ҳозирдан маълум.

Эрта баҳордан бошлаб, то шу кунгача кузатишларимиз, олдиндан қилинган тахминлар ўз якунига етиб, барча масалага узил-кесил нуқта қўядиган дамлар ҳам етиб келди: амалда ўз кучини йўқотмаган иккитагина жадвал қолди.

Мен бугунги таҳлилни баҳор ойларида ўзим ёзган, «ИнтерФутбол» газетаси ва бир қатор интернет сайтларида эълон қилинган мақоламдаги сатрлар билан бошламоқчиман:

«Ортда қолган 8 турдан сўнг биз бугун «оралиқ сарҳисоб» ўтказишга қарор қилдик ва бунда жуда-жуда қизиқарли рақамлар кўринмоқда. Юқори олтиликка киришга даъвогар жамоалар, уларнинг бу мавсумдаги имкониятлари айнан 8-тур якунига келиб анчагина ойдинлашиб қолди.

Мавсум бошида тахмин қилинган кучли тўртлик - «Локомотив», «Насаф», «Пахтакор» ва «Бунёдкор»нинг мамлакат чемпионлиги ва Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун ҳал қилувчи баҳсларда ҳам иштирок этиши «темирйўлчилар»нинг Қосимов шогирдлари устидан қозонган ғалабасидан сўнг деярли 99 фоизга маълум бўлди.

Бунга Суперлигада иштирок этаётган қолган 8 жамоа ҳам ишониб бўлгани ҳозирдан маълум. Қандайдир «сенсация»гина бу квартетдан лоақал биттасини 6-ўриндан пастга тушириб юбориши мумкинки, бунга футболга қизиқувчи ҳам­юртларимизнинг бирор фоизи ҳам ишонмаслиги турган гап.

Хуллас, якуний кучли олтиликнинг дастлабки тўрт жамоаси номи ҳозирдан маълум, десак бўлаверади. Ҳамма масала қолган икки ўрин тақдирига бориб тақалади. Айнан мана шу 2та поғонага даъвогарларнинг имкониятлари хусусида жуда-жуда кўп гапириш мумкин».

Тақдирни қарангки, биз тилга олган ўша қандайдир «сенсация» якунда ўз сўзини айтди: худди Италия ва Голландия миллий терма жамоалари мундиал йўлланмасидан қуруқ қолганидек, биз инқирозга юз тутишини умуман кутмаган, буни тасаввур ҳам қила олмаган «Насаф»нинг пастга қулаши алал-оқибат юз берди. Кутилмаганда юз берди! Начора, футбол шуниси билан ҳам қизиқ...

Хуллас, миллий чемпионатимиз чемпионлик жадвалида ўзининг асосий ва доимий иштирокчиларидан бирини йўқотди. Биз, тўғриси, «Насаф»нинг сўнгги йилларда кўрсатган ажойиб натижалари ҳаққи-ҳурмати жамоанинг юқори олтиликка кириб олишига сўнгги турларгача ҳам умид қилиб келгандик.

Бироқ Рўзиқул Бердиев шогирдлари мавсум ўрталарида қабул қилиб олинган «нокдаун»лардан сўнг ўзларига кела олишмади ва якунда ўша биз тилга олган «тўртинчи йўлланма»ни Бекобод ёки Қўқон шаҳри жамоаларидан бирига қўш-қўллаб топшириб кетишди.

Демак, «Насаф»ни чемпионлик жадвалидан буткул ўчиришга мажбурмиз, шунга қарамай, жадвалнинг кўриниши ҳозир ҳам унчалик чакки эмаслиги бизни кейинги босқични янада оптимистик қараш билан кузатишга мажбур этмоқда.

Демак, ҳозирча чемпионлик кураши сари ўз кучини йўқотмаган иккитагина жадвал қолди ва бугун уларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида тўхталиб ўтамиз. Зеро, яна бир кундан сўнг бу жадвалларнинг ҳам биттаси ўз кучини йўқотади.

«А» ВАРИАНТИ: БЕКОБОД

Эртага бўлиб ўтадиган «Бухоро» - «Локомотив» учрашувида Фёдоров ва Бақоев шогирдлари «олтин очко»лар учун курашишса, Фарғонага ташриф буюрадиган «Қўқон-1912» ва Олмалиқда уч очко учун майдонга тушадиган «Металлург» сўнгги имкониятларини ишга солишади.

Таъкидлаш жоизки, Бекобод жамоасида бу борада бироз устунлик бўлсада, вазият барибир анча қалтис. «Металлург» ўз таъқибчисидан икки очко олдинда экан, демакки, бекободликларнинг АГМК устидан қозонажак ғалабаси «Қўқон-1912» учун ҳеч қандай имконият қолдирмайди. Натижада жамоалар қуйидаги жадвал бўйича давом этишади:

    Жамоа                     Ў         Ю        Д         М           Т-Н                О

1. Навбаҳор               10        6          1          3          13-8               19

2. Пахтакор               10        4          3          3          13-4               17

3. Локомотив             9         4          3          2          13-10             15

4. Бунёдкор               10        4          2          4          16-14             14

5. Металлург             10        2          3          5          8-19               9

6. Бухоро                   9         2          1          6          8-16                7

«B» ВАРИАНТИ: ҚЎҚОН

Юқорида тилга олганимиздек, худди бекободликлар каби, Қўқон шаҳри жамоаси учун ҳам вазият анча қалтис. Гап шундаки, Нўъмон Ҳасанов шогирдларига энг камида Фарғонадан уч очко билан қайтиш талаб этилади. Шу билан бирга, эртага параллель равишда ўтадиган АГМК - «Металлург» учрашувида меҳмонлар ютиб қўймасликлари шарт.

Мабодо «Қўқон-1912» Фарғонада «Нефтчи» устидан ғалаба қозонса-ю, нариги баҳсда дуранг қайд этилса, у ҳолда ҳам юқори олтиликка Ҳасанов шогирдлари йўл олишади. Сабаби, тўплар нисбати «Металлург»да жуда хунук кўриниш олган:

    Жамоа                   Ў         Ю         Д          М         Т-Н       О

6. Металлург            21        8          6          7          21-27   30

7. Қўқон-1912          21        7          7          7          21-19   28

Демак, ҳаммаси қўқонликлар учун омадли якун топган тақдирда, жамоалар қуйидаги жадвал бўйича давом этишади:

    Жамоа                  Ў          Ю         Д         М          Т-Н      О

1. Локомотив           9          5          3          1          15-9     18

2. Навбаҳор             10        6          0          4          13-8     18

3. Пахтакор              10        3          4          3          7-6       13

6. Қўқон-1912          10        3          3          4          8-12     12

4. Бунёдкор              10        3          1          6          12-16   10

5. Бухоро                  9          3          1          5          8-14     10

Кўриб турганингиздек, «В» вариантдаги жадвал «А»дагисига нисбатан анча қизиқ ва унда жамоалар жуда-жуда зич жойлашишгани билан ҳам эътиборли.

«А» жадвалда пешқадам «Навбаҳор» билан 5-6 ўринлардаги икки жамоа орасидаги фарқ 10-12 очкони ташкил этаётган бўлса, «В» жадвалда 2-босқични нисбатан қуйироқда бошлаши маълум бўлаёзган «Бун­ёдкор»да ҳам чемпионлик учун етарли имкониятлар бор.

Хуллас, яна бир кун сабр қилсак, барча рақамлар жой-жойига тушади ва биз янги форматдаги чемпионлик жадвалининг дастлабки кўринишини билиб оламиз.

Беҳзод АҲМАДЖОНОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz