Қайднома

Қидирув

Эртакнамо жасорат ёхуд эркаклар жамоасида тўп сурган аёл дарвозабон

Эртакнамо жасорат ёхуд эркаклар жамоасида тўп сурган аёл дарвозабон

  18.08.2018 06:19
  0
  1667
Эртакнамо жасорат ёхуд эркаклар жамоасида тўп сурган аёл дарвозабон

Бир неча йиллар аввал эркаклар футболида аёллар иштирокини тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Бироқ ҳозир миллионлар ўйинини бошқараётган аёл-ҳакамлар, мураббийлар ҳеч кимни ажаблантирмаяпти.

Қаҳрамонимиз – эркаклар футболидаги дастлабки профессионал дарвозабон – аёл Стефани Лаббенинг ҳикояси кўпчиликни қизиқтириши турган гап.

«Сен йигитлар жамоасидаги ягона қизсан. Боз устига, тақдир сенга ўта масъулиятли вазифа - дарвоза чизиғида тўп суришни раво кўрди. Кўнгилчан мураббий кўрсатма беришни «У билан мулойимроқ бўлинг!» иборасидан бошлайди. Талабчан устоз эса сендан барча жамоа­дошларинг каби тер тўкишни талаб этади.

Ҳа, у ҳақ - кемага тушганнинг жони бир. Акс ҳолда, бу «цирк»нинг нима кераги бор? Сени ҳеч ким мажбурлаб олиб келгани йўқ-ку! Шундай экан, машқларни бошидан охиригача бажаришинг шарт. Бақувват йигитлар томонидан йўлланаётган кучли зарбаларни қайтариш лозим. Иш суръати ўта юқори. Лекин чидаш керак. Чунки бу кучлироқ, маҳоратлироқ бўлишимни таъминлайди.

Март ойида шундай вазиятда эдим. Мени «Калгари Футхилс» клубига юборишди. Жамоа МЛС клубларини ёш иқтидорлар билан таъминлашга масъул бўлган дивизионда қатнашади. Машғулот базасидаги дастлабки кундан кейин менда ҳаётимдаги энг катта хатога йўл қўйдим, деган фикр пайдо бўлди. Бундай чарчоқни фақат Канада термасида ҳис этгандим.

Менга бунданда қи-йинроқ машғулот йўқдек туюлди. Эркаклар жамоасидаги машқлар бир неча баравар қийинроқ эканига амин бўлдим. Очиғи, ўзимни ночор заифадек ҳис этиб, режадан воз кечмоқчи ҳам бўлдим. Лекин эртасига ўзимни майдонга тушишга мажбур этдим ва ғайритабиий кечинмани ҳис этдим: оёқларим кучлироқ, қўлларим чаққонроқ, фикрлашим теран бўлиб қолганди.

Албатта, эркаклар даврасида ожизона ҳаракатларим сезилиб турарди. Аммо ўзимдаги ижобий ўзгаришларни ич-ичимдан ҳис этардим. Қандайдир ўта самарали дармондоридан қувват олгандек эдим. Aна шу дармондори болалик хотираларини уйғотиб юборди. Ҳамиша ўғил болалар билан дўстлашиб, биргаликда футбол ва бошқа ўйинларда иштирок этардим.

У пайтларда бўйимиз ҳам, вазнимиз ҳам деярли бир хил эди - улғайиш жараёнида биз ўзгара бошладик. Мен ана шу тафовутга етарли эътибор бермаган эканман. «Футхилс»да мен билан жамоадошларим ўртасидаги фарқ жуда катта эди. Лекин ёввойи эҳтирос орзудан воз кечишга имкон бермади.

Бир куни ота-онам билан қизлар ўйнаётган футбол майдонига бордик. Бу ўзгариш менга ёқмади, ўша заҳоти эътироз билдира бошладим. Шунда онам энди болалар билан ўйнай олмаслигимни, улар жисмонан бақувватроқ бўлиб қолишгани ва менга жароҳат етказиб қўйишлари мумкинлигини тушунтирди. Мана шу воқеаларни «Калгари»даги иккинчи машғулот пайтида эсладим.

Футболдаги фаолиятим орзуга ҳамоҳанг тарзда кечди. Швецияда тўп суриш орқали Канада терма жамоасидан жой олдим ва Олимпиада бронза медалига сазовор бўлдим. Бу ўта нашъали, унутилмас дамлар эди. Аёллар футбол ўзига мафтун этган, йигитлар билан ўйнаш, уларнинг жамоасига ўтиш хаёлимга ҳам келмаганди.

Бироқ Олимпиададан кейин футболга иштиёқим қолмади. Ғалабалар завқ бермай қўйди, уйқудан уйғонган пайтимда уйқуни давом эттириш машғулотдан мароқлироқ туюладиган бўлиб қолди. Вазият кескин ўзгаришни талаб қиларди. Лекин ўта беқарор трансфер бозорига мурожаат қилиш хавфли эди. Чунки аёллар футболида эртага нима бўлишини ҳатто мураббийлар ҳам билишмайди.

Хуллас, интернетни титкилай-титкилай Хейли Уикенхайзернинг мақоласига дуч келдим. У аёл ўз вақтида Финляндиядаги эркаклар хоккей жамоасида ўйнаган экан. Энди мен эркаклар билан машқ қилиш йўлини ахтаришга киришдим, ўнлаб жамоаларга мурожаат қилдим. Аммо кинояли жавоблардан бошқа ҳеч нарсага эриша олмадим. Фақат «Футхилс» бундан мустасно.

Дўстим кўмагида «Калгари» мураббийи Томми Уилдон билан танишдим: «Қулоқ сол. Кафолат бера олмайман. Лекин талаб даражасида ўйнай олсанг, ҳар қандай воқеа юз бериши мумкин. Жамоада қизлар ўйнайдими, йигитларми, менга қизиғи йўқ. Муҳими, савияли футболчи бўлиш».

Ўша лаҳзада баданим жимирлаб кетди: у нима деди, асосий таркибдан жой олиш учун курашишга рухсат бердими? Кейин қувонч ўрнини хавотир эгаллади: Мени қандай қабул қилишади? Мухлислар ишончини қозона оламанми? Ечиниш хонаси масаласи нима бўлади?

Очиғи, калака ва нафрат омухтасидан иборат совуқ душни кутгандим. Амалда эса самимий илиқлик билан қарши олишди. Бундан бироз ҳаяжонланиб, бошим айланди. Ҳазил-мутойибалар билан тамадди қилдик, жамоадошларим қўллаб-қувватлашга интилишди. Машғулот пайтида хушомадгўйликлар бир четга сурилиб, чинакам рақобат бошланди.

Мураббий алдамаган экан - касбдошларим 1-рақамли дарвозабон мақоми учун мен билан ростмана курашга киришдилар. Қолгани сизларга маълум.

Бир куни «Эдмонтон»га қарши назорат учрашуви ўтказдик. Танаффусда Томми захира ўриндиғига юзланди: «Майдонга тушасан». Бироқ ҳеч ким ўрнидан қўзғалмади. Шошманг, у менга гапирдими?.. Заррача ҳаяжонсиз майдонга йўл олдим. Аёл дарвозабоннинг 2та ажойиб «сэйв»и эвазига 4:0 ҳисобида зафар қучдик. Кейинги оқшомни «еттинчи осмон»да ўтказдим! Атроф ҳақиқатдан йироқ даражада ажойиб эди.

Кейин Томми мени четроққа чорлади. Бу нохуш аломат эди. Мураббий «заявка»дан жой олишим хусусида лига мутасаддиларига мурожаат қилиб, рад жавоби олганди. «Кечирасан!» - Уилдоннинг бу сўзи мени «ўлдирди». Не-не машаққатларга чидаган, уларни енгган ҳолда профессионал эркаклар футболидан жой олсаму, қандайдир регламент туфайли ҳаммасидан жудо бўлсам?!

Биласизми, мантиқни яхши ҳис этиб турибман - аёллар ва эркаклар спорти ўртасида чегара бўлиши шарт. Эркакларнинг жисмонан кучлироқ эканликларини инкор этиш тентакликдан ўзга нарса эмас. Лекин ҳар қандай қонун-қоидаларда муайян истиснолар бўлади.

Мана шу жиҳат қўлимга қалам олишга мажбур этди. Хуллас, изланишдан тўхтаманг, мақсад сари интилинг, ҳеч қачон таслим бўлманг! Нима бўлганда ҳам, мен унутилмас лаҳзаларни бошдан кечирдим. Раҳмат сенга, Томми!».

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz