Қайднома

Қидирув

«Вердер» учун туғилган Клаудио Писарро

«Вердер» учун туғилган Клаудио Писарро

  19.08.2018 06:47
  0
  596
«Вердер» учун туғилган Клаудио Писарро

Сўнгги пайтларда «Вердер» ишқибозлари хафа: 2000 йилларда мунтазам равишда медалларга сазовор бўлиб, еврокубокларга йўл олган жамоа мана 10 йилдирки, сов­ринларсиз қолиб кетяпти. Аммо мухлислар Писаррони кўришлари ҳамоно қайғу ўрнини шодлик эгаллайди.

Клаудио Писарро ва «Вердер»нинг йўллари кўп айро тушганига қарамай, бу футболчи ва жамоа бир-бири учун яралгандек, гўё. Жорий йил июлида перулик ҳужумчи тўртинчи маротаба Бременга қайтди:

1999-2001: илк ўтиш ва дебют;

2009-2012: «Челси» ижара асосида қайтарган, сўнг­ра бутунлай воз кечган;

2015-2017: «Бавария»дан текинга ўтиш;

2018: 39 ёшли форвард «Кёльн» иккинчи Бундеслигага тушиб кетгач, яна қадрдон Бременга йўл олди.

Илтифотсизлар устидан шикоят

Клаудио илк марта «Вердер» сафига 1999 йили қўшилган - бунга қадар Бундеслигада бирор-бир перулик футболчи бўлмаганди. 19 ёшли форвард 10-рақамни олиб, дарҳол ишга киришди: бир ҳафтадан сўнг «Кайзерслаутерн» дарвозасини ишғол қилган бўлса, кўп ўтмай «Вольфсбург» билан ўйинда «хет-трик» муаллифига айланди.

Ўша мавсум бременликлар Германия чемпионатида 9-ўринни эгаллаб, мамлакат кубоги финали («Бавария» - 0:3) ҳамда УЕФА кубоги чорак финалига («Арсенал» - 0:2, 2:4) қадар етиб боришди.

Ибтидо ажойиб чиқди: 39 ўйинда 15та гол. «Унинг жамоамизга келиши, менимча, рўй бериши мумкин бўлган воқеаларнинг энг яхшисидир, - деганди «Вердер» устози Томас Шааф ўшанда. - Рақобат юқори эди, аммо бундай ўйинчи қўрқмаслиги лозим. Клаудиога тўлиқ ишонаман. Биламан, унга Италиянинг аксарият клублари қизиқиш билдиришмоқда, бироқ Писарронинг сафимизда қолиши тарафдориман».

Шундай ҳам бўлди. Перулик ҳужумчи Ла Лига ва АПЛдан тушган таклифларни рад этиб, кейинги мавсумни ҳам «Вердер»да бошлади. Дастлабки турда гол ургач, кейинги икки ойни қуруқ ўтказди. «Германия одамлари бу ердаги об-ҳаво сингари совуқ ва илтифотсизлар», - деб шикоят қилганди ҳамиша табассум қилиб юрувчи Клаудио. Қайғули ҳолатлардан чиқиш мақсадида Бремендаги барларга ташриф буюргани учун 10 минг марка миқдорида жаримага тортилди.

Иккинчи даврада вазият ўнгланди: сўнгги 8 ўйинда 8та гол, бутун мавсум давомида эса рақиблар дарвозасини 19 марта ишғол қилди. «Вердер» учун йил зерикарли ўтди, бироқ Kicker журнали Писаррони чемпионатнинг иккинчи даврасидаги энг яхши ҳужумчи дея эътироф этди.

Клаудиога Дортмунднинг «Боруссия»си, «Реал», «Барселона», «Интер» ҳамда «Бавария» қизиқиш билдирди. Энг эътиборни тортадигани мюнхенликлардан тушган 8 миллионлик таклиф эди.

«Бавария»да яхши ўйнасада, можароларга ўралашиб қолди

Мюнхен суперклубида Писарро Бундеслиганинг энг кучли ҳужумчиларидан бирига айланди (174та ўйин, 71та гол, 7та соврин), аммо шу олти йил жуда ғалати ўтди - қаҳрамонимиз тез-тез ноқулай вазиятларга тушиб қолди.

2006 йили Клаудиони олти ойда икки марта маст ҳолда автомобиль бошқаргани учун қўлга олишди: ҳар икки сафар унинг қонидаги алкоголь миқдори меъёридан ортгани аниқланди. Клуб футболчига жарима солди, бироқ мураббий Феликс Магат уни кечириб, машғулотлардан четлатмади.

Ўша кезлари Писарронинг миллий жамоадаги муносабатлари ҳам ёмонлашди. Иккита ўйин арафасида унинг агенти ўз хабари билан Перу футбол федерациясининг бошини қотирди - эмишки, «Бавария» ҳужумчининг фақат битта баҳсда майдонга тушишига рухсат бераркан.

Албатта, кўп ўтмай клуб бундай гап-сўзлардан бехабарлигини билдирди, термадагилар эса барчаси Клаудио ва унинг агенти ўйлаб топган уйдирма эканини таъкидлашди. Бир йилдан кейин эса бошқа бир можаро рўй берди: Писарро ва унинг айрим жамоадошларини енгилтак аёллар даврасида алкоголь истеъмол қилаётганда учратиб қолишди.

Оқибатда ҳар бир футболчи бир ярим йилга жамоадан четлатилиб, 10 минг фунт миқдорида жарима тўлайдиган бўлди.

«Ушбу санкциялар мени ҳайрон қолдирди, - дея ўзини оқлашга уринди Писарро. - Айб иш қилмадим, кун тартибига амал қилиб, зарур пайтда терма базасига бордим. Айримлар бўлиб ўтган воқеадан сўнг жамоани тарк этишим кераклигини айтишди - бундай фикр қаердан пайдо бўлади, билмайман.

Перу термаси - менинг ватаним, менинг орзум, демакки, унинг шарафини ҳимоя қилишим, жамоа манфаатлари йўлида голлар уришим керак».

Якунда Писарро мураббий Хосе Дель Солар билан чиқишолмай, федерацияни судга берди. Қайсидир маънода уринишлар самара келтирди: дисквалификация уч ойгача қисқарди, жарима жазоси эса далил-исбот етарли эмаслиги важидан бекор қилинди. Аммо Клаудио термага 2011 йилга келибгина қайтди - янги мураббий бошчилигидаги тайёргарликка киришди.

2006|2007 йиллар мавсуми арафасида Писарро «Бавария»дан маошини 4 миллион еврогача оширишни сўради, бироқ клуб вице-президенти Карл-Хайнц Румменигге қатъий жавоб берди: «Кимдир Андрей Шевченконикидек маош олишни хоҳласа, ўйини Шевченконикидан кам бўлмаслиги керак».

Хуллас, перулик форвард мавсумни якунига етказиб қўйгач, «Челси»га йўл олди. Лондонликлар Писарро учун баҳсда «Ювентус»ни ортда қолдириб, ҳафтасига 50 минг фунт маош белгиланган 4 йиллик шартнома таклиф қилишди.

Мюнхенда Клаудионинг голлари ва сўзларини яхши эслашади: «Ғалабалардан сўнг ўзимни ёш навқирон ҳис қиламанми? Йўқ. Бахтиёр бўламан, аммо ёшараман деёлмайман. Агар футболчилар ҳар бир ғалабали ўйиндан сўнг ёшарсалар, «Бавария» футболчилари умрбод яшашарди».

«Челси»даги омадсизликдан сўнг Бременда ўзига келди

2008 йили Писарро иккинчи марта Бременга келди - «Челси»да ишлари қовушмади. Гарчи Моуриньонинг ишончини қозонган бўлсада, Англияга мослашишда қийналди. Португалиялик мутахассис кетганидан сўнг бош мураббийликни қабул қилган Авраам Грант перулик форвардни захира ўриндиғига мустаҳкам жойлади.

Дидье Дрогба ва Саломон Калу Африка кубогида қатнашиш учун кетган пайтдагина Клаудиода имконият туғилар, аммо шунда ҳам голлар уришга қийналарди. Мавсум давомида иккита тўп киритган Писарро ўринбосарлар таркибида ўйнаб, маҳаллий мухлислар эътирозини тинглашга маҳкум эди: «Тезроқ кет!»

«Вердер» сафида бир йил ижара асосида тўп суриш фаолиятини тиклаш имконини берди. Унинг клуби лигада 10-ўринни эгаллади, ЕЧЛни гуруҳ босқичида якунлади, лекин Германия кубогида зафар қучди.

Мавсум давомида 17та гол урган Писарронинг жамоага кўп фойдаси тегди. Бременликлар футболчининг шартномасини «Челси»дан 2 миллион еврога сотиб олишди. Ваҳоланки, перулик ҳужумчи ўша пайт Англия чемпионати «заявка»сига киритилганди.

Бременда Писарро ўзини кўрсатишда давом этди: икки мавсумда 32та гол. Гарчи шу муддат ичида «Вердер» сов­рин ютмаган бўлсада, мухлислар Клаудиога меҳр қўйиб улгуришганди. Ишқибозларга унинг ёрқин футбол намойиш этиши, бетакрор голлари ҳамда ўзгача хоббиси ёқарди.

Писарро Перуда от боқар (қайсидир паллада унинг тулпорлари сони 50тага етганди), пойгаларда қатнашар, кейинчалик жониворларни Аргентинага сотишарди. Футболчи отларига ўзига хос лақаб қўярди: Альянц-Арена, Карл-Хайнц (Руменниггега ишора), Мариенплац (Мюнхендаги марказий майдон) - ҳаммаси ҳаётининг бир бўлагига айланганди.

Қолаверса, Писарро пойгаларга пул тикишга ружу қўйганди. Кўпинча йирик сумма сарфлашига қарамай, 800 доллардан кўп ютмаган.

У соч турмаги ҳақидаги ҳазилга ҳам отлар мавзусини қўшганди: «Ҳа, узун сочларим отнинг думига ўхшайди. Бу билан қайсидир урфга амал қиларкан, деб ўйламанг, шунчаки, ўзимга қарашга вақт тополмадим. Балки, вақтим ҳам бўлгандир, аммо дангасалик қилганман».

2012 йили 33 ёшни қаршилаган перуликка Бременда қолиш таклифи берилди, бироқ у совринларни қўлга киритиш илинжида яна «Бавария»га йўл олди.

ЕЧЛдаги ғалаба ва «Вердер»га қайтиш

Кейинги 2 йилни Мюнхенда ўтказган Писарро икки Марио - Манжукич ва Гомесга рақобатни бой берди. Шунга қарамай, Клаудио илк маротаба Чемпионлар Лигаси бош совринини қўлга киритиб, уч марта Бундеслига чемпионлигига эришди. 2015|2016 йиллар мавсуми арафасида 35 ёшли ҳужумчи эркин агент мақомига эга бўлди.

Писарро фаолиятини якунлашни ўйламай, ўзини яхши кўрадиган ва орзиқиб кутадиган жонажон клуби билан 2 йиллик шартнома имзолади. Бремендаги аэропортда перулик футболчини юзлаб мухлислар илиқ қарши олишди.

«Бундай кутиб олишдан ҳайратга тушдим. Бу ерда оломон тўпланишини кутмагандим. Бир муддат мен билан самолётда қайсидир машҳур юлдуз ташриф буюргандек туюлганди», - деганди Писарро.

Буюк қайтиш кузатилган ўша мавсумда футболчи аввалгидек сермаҳсулликка эришди: 28та ўйинда 14та гол. Қайсидир маънода, Лео Месси билан ишлаш орқали довруқ қозонган италиялик шифокор Жулиано Позер ишлаб чиққан парҳез ҳам Клаудиога асқотди.

Позер кузатуви остида перулик ҳужумчи 4 килограмм вазн йўқотиб, мушак массасини сақлаб қолди. Унинг таомномасидан картошка, сут маҳсулотлари, нон, газли сув ҳамда шоколад чиқариб ташланди.

Кейинги йил Писаррога жароҳатлар ва кучга тўла шериклари - Серж Гнабри ва Макс Крузе халал беришди. 2017 йили Клаудио билан шартнома узайтирилмади. «Биз ўзаро келишиб олдик, - деди «Вердер» спорт директори Франк Бауман.

- Биринчидан, ҳужум чизиғимизда рақобат ошди. Боз устига, ёш иқтидорлар пайдо бўлишди ва биз уларнинг ўсишига тўсқинлик қилолмаймиз. Шу боис Писарро билан шартномани узайтирмасликни маъқул кўрдик».

«Ҳамиша «Вердер» футболкасини кийишдан фахр туйганман, - дейди Клаудио. - Бу ишқибозлар, клуб ва шаҳар умрбод юрагимдан ўрин олади. Ушбу жамоада яна бир йил бажонидил тўп сурардим, бироқ раҳбарият қарорини ҳам тўғри тушундим». Ҳаммаси ўта жиддий туюлсада, айрилиқ узоққа чўзилмади.

Кейинги бир йилни «Кёльн»да ўтказган форвард яна «Вердер»га қайтиб, фаолиятини шу ерда якунлашга қарор қилди. «Агар Писарро Бременда ўйнаётган бўлса, демак жамоанинг ишлари жойида», - деб ёзганди Frankfurter Rundschau газетаси. Бу айни ҳақиқат.

Ҳозир перулик футболчи 39 ёшда, аммо аввалроқ айтган сўзларига содиқ: «Ўзимни қаригандек сезмайман. Ўзимни Клаудио Писарродек ҳис этаман».

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz