Қайднома

Қидирув

Янги футболчи тақдимоти вақтидаги антиқа воқеалар

Янги футболчи тақдимоти вақтидаги антиқа воқеалар

  21.08.2018 00:18
  0
  2316
Янги футболчи тақдимоти вақтидаги антиқа воқеалар

Яқинда Италиянинг «Рома» клуби швециялик дарвозабон Робин Ольсенни ўз сафига қўшиб олди. Қизиғи, римликлар расмий «Твиттер»идаги таништирув саҳифасида «Копенгаген»нинг собиқ футболчисини гўёки IKEA мебеллар компанияси маҳсулоти сифатида кўрсатилган.

Суратда «бўрилар»нинг янги киперига қўшимча равишда қўлқоп, бутса ҳамда «Рома» футболкаси қўшиб берилгани тасвирланган.

Шу воқеа сабаб аввалроқ ўзгача тарзда ўтказилган футболчилар тақдимотларини бирма-бир ёдга олдик.

Ким: Жон Терри

Қаердан: «Челси»

Қаерга: «Астон Вилла»

Жараён: «WhatsApp» ижтимоий тармоғидаги ёзишмалар

Қачонлардир «Челси» ва Жей Тининг йўллари айро тушишига ишониш қийин эди. 19 йил мобайнида «арис-тократлар» сафида фидойилик кўрсатиб, Англия Премь-ер-лигасида бешта чемпионликка эришган, шунча марта мамлакат кубогини қўлга киритган, Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигаси ғолибига айланган Террининг фаолиятини «Челси»да якунлаши кутилганди.

Бироқ 2017 йилнинг 21 майида «кўклар» сафида сўнгги ўйинини ўтказган Жон мавсумлар оралиғида эркин агентга айланди. ОАВ уни Америка МЛСига «жўнатди», шунингдек, «Темир одам»га Хитойнинг кўплаб клублари харидор бўлишди. Терри эса Англияда қолишни, аниқроғи, Чемпионшипда ўйнашни ихтиёр этди.

Тажрибали ҳимоячи «Астон Вилла»га ўтди. Эътиборли томони шундаки, бирмингемликлар «Твиттер»ида клуб бош менежери Стив Брюс ҳамда президенти Тони Сянинг «WhatsApp» ижтимоий тармоғидаги ёзишмалари жойланиши Террининг «Астон Вилла»га жалб этилишига сабаб бўлган. Кўп ўтмай, Ся махсус чатга футболчининг ўзини ҳам қўшган.

Ким: Йерри Мина

Қаердан: «Палмейрас»

Қаерга: «Барселона»

Жараён: майдонга гетра бутсаларсиз чиқиш

Каталония клуби 2016 йилнинг июлида колумбиялик ёш футболчини кузатиб борган, аммо уни фақатгина бир ярим йилдан кейингина сотиб олишга қарор қилганди. Ушбу муддат ичида Мина Боготанинг «Санта-Фе»сидан Бразилиянинг «Палмейрас»ига ўтиб, бошланғич таркибнинг ажралмас қисмига айланганди.

У мудофаадаги ишончли ўйинларидан ташқари, ўзининг тўпурарлик қобилиятини ҳам намойиш этгач (28та ўйинда 6та гол), «блаугранас» раҳбарияти трансферни кечиктирмаслик жозлигини тушуниб етди. «Камп Ноу»да ўтказилган футболчининг тақдимот маросимига кўпчилик тўпланди ва Мина майдонга бутса ва гетраларсиз чиққанда, барча ҳайрон бўлди.

Колумбиялик ҳимоячи ишқибозларга илиқ қарши олишгани учун миннатдорчилик билдириб, нима сабабдан «ялангоёқ» эканлигини тушунтирди: «Забт этишни хоҳлаган ерингга оёқ қўйсанг, ниятингга етасан». Йерри аввалги жамоаларида ҳам худди шундай йўл тутганини қўшимча қилди.

Ким: Тео Эрнандес

Қаердан: «Атлетико» Мадрид

Қаерга: «Реал» Мадрид

Жараён: тўп оёққа бўйсунмади

19 ёшли французнинг «Атлетико»дан «Реал»га ўтиши бутун Испания учун «бомба» хабарга айланди. 2000 йилдан бери илк марта «матрасчилар» вакили Мадриддаги принципиал рақиб сафига қўшилди. «Қироллик клуби» ёш иқтидор соҳиби учун 30 миллион еврони аямади.

Раҳбарият Эрнандеснинг тақдимот маросимини 10 июлга белгилади. Ўша куни «Сантьяго Бернабеу»да «қаймоқранглилар» мухлислари «Атлетико» собиқ футболчисининг техник хусусиятларидан жонли тарзда баҳра олиш имкониятига эга бўлишганди. Аммо кутилмаган ўнғайсизлик юз берди.

Оқ либос кийган Эрнандес камералар рўпарасида «жонглёр» услубини намойиш этаётганида, учинчи тепишдан сўнг тўп четга йўналди ва олтинчи зарбадан сўнг ерга тушди. Футболчи эса бундан саросимага тушмай, мухлислар томонга қараб қарсак чалди.

Ким: Хесус Навас

Қаердан: «Манчестер Сити»

Қаерга: «Севилья»

Жараён: номаълум шахслар томонидан ўғирланиш

Испаниялик вингер тўрт йил Манчестерда тўп сургач, қадрдон юртини соғинди шекилли, бошланғич таркибдаги ўрнини Раҳим Стерлингга бой берди.

Навас бошқа вариантларни кўриб чиқишни хоҳламади - ягона истаги жонажон ва серқуёш Севильяга қайтиш эди. 31 ёшли футболчи «шаҳарлик» бўлишдан аввал севильяликлар сафида 10 мавсум ўйнаган, шу боис «Рамон Санчес Писхуан»да илиқ қарши олишларини кутганди. Бироқ Андалусия клубининг тақдимотга бағишланган ролиги ишқибозларни ҳайрон қолдирди.

Яширин камера орқали муҳрланган тасвирда ёш йигитнинг Севилья кўчаларида сайр қилаётгани акс этганди. Кутилмаганда ниқоб таққан шахслар уни ушлаб, автомобиль юкхонасига солишади ва... «Рамон Санчес Писхуан» стадионига олиб келишади! Эътиборлиси, ўғирланган жабрдийда Хесус Навас бўлиб чиқади.

Ким: Гокхан Инлер ва Умар Гонсалес

Қаердан: «Удинезе» ва «Лос-Анжелес Гэлакси»

Қаерга: «Наполи» ва «Пачука»

Жараён: ниқоб ёки маскарад либосидаги футболчи

«Наполи» хўжайини Аурелио де Лаурентис янги ўйинчиларни ўзгача тарзда таништириши билан ном қозонган. Клуб ушбу анъанани 2011 йилда ҳам давом эттириб, матбуот анжуманида номи ошкор этилмаган футболчи пайдо бўлди.

Арслон ниқоби ва «Наполи» либосини кийган шахс клуб президентининг ёнида ўтириб, бир неча марта камералар қаршисида «ўкириш» ва суратга тушишга ҳам улгурди. Ниҳоят, унинг номи аниқ бўлди: ниқоб ортига яширинган футболчи Гокхан Инлер бўлиб чиқди.

Умар Гонсалес эса анжуманлар залига машҳур «Юлдузлар жанги» фильмидаги мусиқа садолари остида, салбий қаҳрамон - Дарт Вейдер либосида ташриф буюрди. Клуб вакилининг чиқишидан кейин америкалик ҳимоячи темир қалпоғини ечиб, ўзини таништирди.

Гонсалеснинг нима сабабдан айнан шундай кўринишда намоён бўлгани кўпчиликни қизиқтирганди ўшанда. Шуниси аниқки, футболчи ёки «Пачука» раҳбарияти «Юлдузлар жанги» фильмига бефарқ эмас.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz