Қайднома

Қидирув

«Пахтакор»нинг ҳақиқий жонкуяри

«Пахтакор»нинг ҳақиқий жонкуяри

  21.08.2018 06:39
  0
  600
«Пахтакор»нинг ҳақиқий жонкуяри

Владимир Фёдоров - катта ёшли мухлисларимиз бу исм-фамилияни эшитганларида, бир қайғуга ботишади, бир кўнгиллари ёришади.

Қайғуга ботишлари сабаби - 1979 йил 11 августдаги машъум фожиа. Кўнгиллари ёришиши эса, Владимирнинг бетакрор ўйинларидан муҳрланган ёрқин хотиралар...

Ҳа, қисмат экан, ўзбек футболида мисоли чин юлдуз каби нур сочган Фёдоров тақдирига самода дўстлари билан бирга ҳаётдан кўз юмиш ёзилган экан... Лекин у ўша фалокат олиб кетган барча «пахтакорчилар» каби хотираларда ҳамон барҳаёт...

ЧЕМПИОНЛАР ҚИШЛОҚДА БЎЙЧЎЗИШАДИ...

Владимир Фёдоров - қишлоқда туғилиб, қишлоқда улғайган футболчи. Тўғри, у профессионал ҳужумчи сифатида Тошкентда шаклланган ва бутун фаолиятини шу шаҳар жамоасига бағишлаган. Эътиборли факт, Владимир 17 ёшидаёқ маҳаллий клуб - «Пахтакор» сафига қўшилади ва қисқа вақтда асосий таркибдан мустаҳкам жой олади.

Умуман, ўтган асрнинг 70-йиллари бошидаёқ ёш Фёдоровнинг ўйинларидан ҳайратланишган, унинг шубҳасиз, алоҳида иқтидор эканлигини тан олишган.

Дейлик, Москва ва Украинанинг номдор клублари ўша вақтдаёқ Фёдоровга манфаатли шартномалар таклиф қилишга тушади, бироқ ёш йигитча ватанпарварлик туйғусини кўрсатиб, Ўзбекистонда ўйнашда давом этади.

1972 йилга келиб, ҳали жуда ёш, аммо яхшигина футболча истеъдоди билан кўзга ташланишга улгурган йигитча «Пахтакор»нинг катта мураббийи В.Д.Соловьёв чорловига биноан, ўз салоҳиятини жамоанинг ўринбосарлар таркибида синаб кўришни бошлайди.

Диққатга сазовор томони, Владимир бунга қадар собиқ иттифоқ ўсмирлар терма жамоасидан чақирув олганди. Фёдоров кейинги мавсум асосий таркибда нақ 26 марта майдонга тушади. Умуман, Владимир Фёдоров ўтган асрнинг 70-йиллари иккинчи ярмида собиқ иттифоқ футболидаги энг кучли ҳужумчилардан бири саналган.

Тезкор, чаққон ва алдамчи ҳаракатларга уста ўйинчи мудом рақиб дарвозасига хавф соларди. У шунинг баробарида жанговар характери билан ажралиб турар, ҳужумни якунлаш палласида ҳеч иккиланмай ташаббусни ўз зиммасига оларди.

Яна ҳаводаги тўплар учун курашда ҳам самарали ҳаракатланарди. Айниқса, оригинал дриблинг маҳоратию, ортиқча тайёргарликсиз дарвоза томон кучли зарба йўллаш истеъдоди мухлисларни ҳайрат кўчасига етакларди.

Владимир Иванович Фёдоров Тошкент шаҳридаги 1-рақамли қабристон, аниқроғи, «Пахтакор»-79 хотира мажмуасига дафн этилган.

Чемпионлар қишлоқда бўй чўзишади. Володя бу тушунчани амалда тўла исботлаган ўйинчидир. Унинг беғубор болалиги Тошкент вилояти Ўрта Сарой қишлоғининг тошлоқ ва чанг кўчаларида ўтади. Ёш Владимир ўз қишлоғидан айниқса, футбол майдонини яхши эслаб қолганди.

Чунончи, вақтида у ерда отаси ва акаси Виктор тўп суришганди. Асосийси, Володя Фёдоровнинг футбол тарихи ҳам айнан шу стадионда бошланади. Унинг илк мураббийи - отаси Иван Васильевич Фёдоров. Кичкинтой Володя 10 ёшга тўлгач, отаси уни Герман Титов номидаги Республика спорт интернат-мактабига олиб боради.

Абжир, тўладан келган ва кучли Вова имтиҳонлар жараёнидаёқ тўп билан муомала маҳорати, алдамчи ҳаракатлари ва аниқ зарбалари билан барчани лол қолдиради. Володя шунинг баробарида тест-синовларини ҳам яхши топширади ва уни спорт интернати футбол бўлимига қабул қилишади.

Шу тариқа бўлажак футбол юлдузи даргоҳда кейинчалик тажрибали мураббийлар - И.Тошмуҳаммедов, В.Ятченко ва Я.Аранович қўл остида шуғулланади.

Муҳими, Фёдоров ўрта мактабдаги таҳсилни тугатгани ҳамоно, яъни 1972 йили собиқ иттифоқ футболи мэтри В.Д.Соловьев нигоҳига тушади ва дарҳол «Пахтакор» таркибига жалб қилинади. У илк йили биринчилик доирасидаги 30та ўйин-да қатнашиб, 7та гол урганди.

Владимир Фёдоров Олимпиада ўйинларида медаль ютган ўзбекистонлик ягона футболчидир. У 1976 йили Канаданинг Монреаль шаҳрида ўтказилган XXI Олимпиададан бронза медали билан қайтганди.

СОБИҚ ИТТИФОҚ БОШ ЖАМОАСИ АЪЗОСИ

1974 йили «Пахтакор»нинг истиқболи баланд 19 ёшли ўйинчиси собиқ иттифоқ футболи мураббийлик мактабида катта ўрин тутган Константин Иванович Бесков назарига тушади. У ўша вақт ўз фаолиятида иккинчи марта собиқ иттифоқ бош жамоаси бошқарувини қўлга олганди.

Хуллас, Константин Иванович ёш йигитчани терма жамоага жалб этишда сира иккиланмайди. Шу тариқа ўзбек футболи тарбияланувчиси терманинг жами 18та расмий ўйинида майдонга тушади. Айтиш керак, футболимиз тарихида бошқа ҳеч ким бундай натижага эришган эмас.

Ҳар бир мураббий ўйинни йўлга қўйиш бобида шахсий фалсафасига эга бўлсада, таркиб тез-тез сезиларли даражада ўзгариб турсада, 1974-1978 йиллар оралиғида жамоани бошқарган 3 нафар мутахассис ҳам Владимир Фёдоровни мунтазам равишда чақиради.

ОҒИР ВА ЗАФАРЛИ 1976 ЙИЛ...

Ўтган асрнинг 70-йиллари ўрталарида «Пахтакор»да ўйнаган бош-қа иқтидорли футбол усталарига ҳурмат сақлаган ҳолда, айтиш керакки, Владимир Фёдоров ва Михаил Ан найзанинг асоси саналишган. Бошқача айтганда, «Пахтакор» иштирокидаги ўйинлар тақдири кўп жиҳатдан айнан шу иккисининг ҳаракатларига боғлиқ эди.

Мисол учун, 1976 йили Ан ва Фёдоров фақат ёшлар терма жамоасининг ўртоқлик ва расмий ўйинларига 25 мартадан кўп чақирилишган. Ўшанда жамоа ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатига қизғин тайёргарлик кўраётганди.

Владимир бундан ташқари, ўша тиғиз мавсум давомида собиқ иттифоқ миллий ва олимпия терма жамоалари сафида ҳам чамаси 15та расмий ўйин ўтказган. Ваҳоланки, Фёдоровга жароҳатлар халақит берганди... Буларнинг барчаси якунда Михаил Ан ва Володя Фёдоровнинг севимли клубларига салбий таъсир қилади.

Чунончи, улар «Пахтакор»нинг чемпионат доирасидаги ўйинларидан деярли ярмини ўтказиб юборишга мажбур бўлишганди. Олий лига йўлланмаси учун курашаётган жамоага мавсумнинг энг масълиятли ва муҳим ўйинларида айнан шу икки ижрочи етишмайди.

Аниқроқ айтсак, улар Пермь, Қозон, Ярославль ва Кишинёвда «Пахтакор»га ёрдам беролмагандилар. Қисқаси, иккисининг зафарли юриши «Пахтакор»нинг омадсиз финиши билан «ювилиб» кетади. Ахир шундай юлдузларга эга жамоа 1976 йили олий лигага чиқолмаганди...

Тўғри, ҳар икки футболчи собиқ иттифоқнинг турли ёш тоифасидаги терма жамоаларида муваффақиятли тўп сургани учун ўша йили халқаро тоифадаги спорт устаси мақомини олганди.

Шу жойда яна бир факт: «пахтакорчилар» гарчи биринчи лигада ўйнаган бўлсаларда, Владимир Фёдоров йил якунида «Мавсумнинг 33 нафар энг яхши футболчиси» рўйхатига ҳужумчи сифатида киритилган.

Ваҳоланки, элит рўйхат фақат олий лига вакилларидан шакллантириларди. Қисқаси, Фёдоровнинг биринчи лигада ўйнаган ҳолда, 33таликка кириши ўша йилларнинг нодир воқелиги сифатида эътироф этилганди.

«ФАҚАТ «ПАХТА» УЧУН ЎЙНАЙМАН...»

Владимир Фёдоровнинг ўйинчилик истеъдоди йилдан-йилга ошиб бораверади. Ўша мавсумлар «Пахтакор»нинг ҳужум чизиғи (Фёдоров - Исоқов - Хадзипанагис - Баканов, Фёдоров - Ан - Хадзипанагис) рақиблар учун жиддий хавф туғдирарди.

Биринчи ва олий лиганинг энг кучли иштирокчилари ҳам айниқса, Фёдоров - Ан тандемидан очиқчасига ҳайиқардилар. Айни ўша даврда Киев, Москва ва Минскнинг «Динамо» клублари, қолаверса, «Спартак» ва ЦСКА жамоаларидан тинмай таклиф тушганди.

Хусусан, Фёдоровга шаҳар марказидан барча қулайликларга эга квартира, автомобиль, катта пул ваъда қилишади. Муҳими, Владимир «Пахтакор», Ватан, ўзини севувчи мухлисларга нисбатан муҳаббатини ҳеч нарса билан алмаштирмайди.

У интервьюларида бир гапни такрорлашни хуш кўрарди: «Ўзбекистонда туғилиб, шу жойда улғайдим, ажойиб таълим олдим. Асосийси, меҳрибон ва тажрибали устозлар туфайли катта футбол чўққиларини забт этдим.

Энди, ўзбек футболининг яхши анъаналарини бутун жаҳонга кўрсатиш вақти келганида, нега қандайдир квартира ва пулни устун қўйишим керак? Бу мардлик бўлмайди. Менга ваъда қилинаётган нарсаларни Тошкентда ҳам олишим мумкин».

Хуллас, бора-бора барча мураббийлар Фёдоровни  бошқа жамоага чорлаш бефойда эканлигини тушунишади ва бундай уринишларни тўхтатишади. Фақат бир кишидан ташқари. 70-йиллар ўрталаридаёқ собиқ иттифоқ футболида ёрқин «фигура»га айланган қудратли ва афсонавий мураббий Валерий Лобановский билганидан қолмайди.

У Володя айрим асосий кўрсаткичлар бўйича ўзининг ёқимтой шогирди Олег Блохиндан устун эканлигини тушуниб, «пахтакорчи»ни Киев «Динамо»си томон оғдириш ҳаракатини давом эттиради. Характер жиҳатидан ўта қаттиққўл Лобановский таклифларига рад жавоби эшитишни сира хоҳламасди, бундай ҳолатга тоқат қилолмасди...

У бир сафар Фёдоровни ўз ҳузурига чақиради ва олдига қатъий шарт қўяди: «Эшит, «Пахтакор»ни жонидан ортиқ кўрувчи «йигитча», агар «Динамо»ни танласанг, терма жамоа эшиги сен учун доимо очиқ. Акс ҳолда, ўз Тошкентингдан бош-қа ҳеч қаерга чиқмайсан...».

Володя эса бу шартдан эсанкираб қолмайди ва янада жиддийроқ оҳангда жавоб беради: «Валерий Васильевич, дангал гапирганингиз учун раҳмат, лекин мен нима бўлишидан қатъий назар, нафақат Киев, балки Москвага ҳам кўчиб ўтмайман».

Эътиборлиси, Лобановский кейинчалик амалда бошқача иш тутади - Фёдоровга гап «уқтиролмаган» бўлсада, унга терма жамоа таркибида ўйнаш имкониятини тақдим этаверади.

Умуман, Володя ҳар доим ўз йўлида собит турар ва «Пахтакор» ҳамда ўзбек футболига садоқатини амалда ҳам кўрсатарди. Ўша йиллари тошкентлик мухлислар орасида Фёдоровнинг «Фақат «Пахта» учун ўйнайман!» қабилида айтган гапи бежиз алоҳида аҳамият касб этмаган.

1979 ЙИЛНИНГ 12 АВГУСТИ

Василий Фёдоров (Владимирнинг укаси) хотиралари: «Аниқ эсимда, ўша якшанба куни ота-онам билан дўстларимдан бири  хонадонига меҳмон бўлиб боргандик - қурувчилар байрамини бирга нишонлаш мақсадида. Дўстимнинг отаси «Пахтакор»нинг ашаддий мухлисларидан бўлиб, айниқса, Володя ижросидаги ўйинлар шайдоси эди.

Хуллас, барча  йиғилгач, ҳазил-мутойиба, кулгу бошланиб кетди. Отам Володянинг болалиги ҳақида гапириб берди... Ана шу паллада ногаҳон қўшни бир алпозда югуриб келиб, «Пахтакор» фалокатга учраганини айтди. Онам шу лаҳзада ўзини йўқотди...

Ранги бирданига ўчган отам эса ҳолсизланиб, йиқилишига сал қолди, яхшики, уни вақтида ушлаб олдик... Бир зумда хона қўшнилар билан тўлди, ҳамма нима бўлганини тушунмай, чуқур қайғуда эди...

Отам акамнинг вафотидан сўнг унинг барча совринларини авайлаб асради, ҳаттоки, газеталарда чиққан суратлари ва мақолаларни тўплади, доимо ўғлини эсга олиб, йиғларди. Биз эса қўлдан келганича уни тинчлантиришга уринардик...»

Маълумот учун: Василий Иванович Фёдоров 1961 йили туғилган. Республика спорт интернат-мактабида таҳсил олиб, «Пахтачи» (Гулистон), «Бинокор» (Қибрай) ва «Динамо» (Тошкент) клубларида ўйнаган.

Бироқ оғир жароҳатдан сўнг шифокорлар тақиқига асосан, футболдан четга чиқишга мажбур бўлган. Айни пайт ҳам жонажон қишлоғида истиқомат қилади.

«ПАХТАКОР» 1972 ЙИЛИ ҲАЛОКАТГА УЧРАШИ МУМКИН ЭДИ...

Яна Василий Фёдоров хотираларига эътибор қаратамиз:

«1979 йилнинг бошида Москвада халқаро турнир ўтказилади. «Пахтакор» унинг доирасида Венгрия футболи етакчи клубларидан бири билан ўйнаб бўлгач, Тошкентга қайтишда ёқимсиз ҳолатга тушади. Жамоа ўрин олган самолёт Каспий денгизи устида ҳаво ўрасига тушиб қолади.

Кейинчалик маълум бўлишича, двигателлардан бири ишламай қўйган ва учувчилар анчагача самолёт мувозанатини тиклай олишмаган. Фақат энг сўнгги паллада, яъни денгизга қулаш ёқасига келганда, двигатель ўз-ўзидан яна ишлаб кетган ҳамда самолёт қайта юқорилаган.

Бироқ деярли барча «пахтакорчилар» шу воқеа таъсирида узоқ вақт ўзларига келолмаганлар. Эсимда, Володя  шундан сўнг тез-тез бир гапни такрорлайдиган бўлиб қолганди: «Бошқа шаҳарларга самолётда учишдан кўра, поездда бориш яхшироқ...».

Шунга ўхшаш яна бир ҳолат. 1972 йилнинг 18 май куни «Пахтакор» Москва орқали Харьковга учиши керак эди - навбатдаги ўйин учун. Жамоа Москвага етиб боргач, футболчилар раҳбариятга мурожаат қилиб, шаҳарда бир кун қолиб, кечқурун Харьковга поездда йўл олишни сўрашади.

Раҳбарлар бу таклифни инобатга олишади - барча чипталарни қайтариб бериб, москвалик танишлари ёрдами билан оқшом йўлга чиқадиган поезддан жой «брон» қилишади.

Кейин ...ҳамма таркибида «Пахтакор» футболчилари Москвагача учиб борган «Аэрофлот» компаниясига тегишли ўша АН-10А самолёти Харьковга яқин жойда қулаганидан хабар топади. Авиаҳалокат оқибатида 122 нафар пассажирнинг барчаси, жумладан, таниқли артист, пародиячи Виктор Чистяков ҳаётдан кўз юмади...

Айни шу икки воқелик футболчилар руҳиятига қаттиқ таъсир қилганди. Яъни улар самолётда учишдан чўчиб қолишганди...»

ФИСҚ-ФАСОДГА ТЎЛА ДИСКВАЛИФИКАЦИЯ...

Василий Фёдоров давом этади: «1978 йилнинг ёзида «Пахтакор» Ворошиловграднинг «Заря» клубини қабул қилган. Бу ўйинни отам билан «Пахтакор» стадиони трибунасидан бевосита кузатгандик. Ўзи бу жамоалар ўртасидаги учрашувлар ҳамиша кескин курашлар остида кечарди.

Киевлик ҳомийлар «Заря»ни элит гуруҳда кўришни исташар, шунинг учунми, бокулик ҳакам Балаян Украина жамоасига ошкора ён босган. Биринчи бўлим охирида «Заря» ҳимоячиси Журавлёв Владимирга ўта қўпол муносабатда бўлади - акамни ўз жамоаси дарвозаси ичига тортади.

Ҳакам эса ўзини ҳеч нарса бўлмагандек тутади. Украиналик футболчиларнинг бундай калондимоқлик қилишлари ва қўполликлари, ҳакамнинг эса барчасига лоқайд қараши табиийки, «пахтакорчилар»ни издан чиқаради. Қисқаси, улар майдонда ўзлари тартиб ўрнатишга жазм этишади.

Костя Баканов ўша ҳимоячига танбеҳ беради, Володя эса 20 минг мухлис қаршисида бош ҳакам билан вазиятни муҳокама қилишга тушади. У бироз қизишиб, реферига бақиради ҳам... Мухлислар бу ҳолатда Володяни қўллаб-қувватлаб, футболчини  олқишлашади.

Тушунарлики, ҳакам Фёдоровнинг кескин муносабатини нопрофессионалликка йўйиб, уни майдондан четлаштиради. Якунда собиқ иттифоқ футбол федерацияси Тартиб-интизом қўмитаси вазиятни обдон ўрганмасдан туриб, Владимирга нисбатан кескин жазо чораси қўллайди.

Яъни «пахтакорчи»ни чемпионат доирасидаги нақ 10та ўйиндан четлаштиради. Энг қизиғи, «Заря» ҳимоячиси Журавлёв ва бош ҳакам жазосиз қолишади. Табиийки, футбол федерацияси қарори Владимирнинг терма жамоадаги кейинги фаолиятитига акс таъсир кўрсатади. Ҳар ҳолда, акам шундан кейин бош жамоа либосини бошқа киймаганди...»

Муаллифдан: «Владимир Фёдоров ҳақида маълумот тўплаш жараёнида унинг жонажон қишлоғи - Ўрта Саройга бир неча марта бордим. Ҳар сафар марҳум футболчининг яқинлари ёки дўстлари билан учрашишни кутаётганимда, қалбимни қандайдир хавотир чулғаб оларди. Оддий айтганда, 35 йил олдинги фожиани эслатиб, уларнинг эски яраларини янгилашдан чўчирдим.

Муҳими, Владимир Фёдоров улғайган хонадонда бўлиб, унинг акаси Виктор ва укаси Василий, қўшнилари ҳамда дўстлари билан суҳбатлашиш асносида ўтган асрнинг буюк футболчиларидан бирини тарбиялаган ушбу ажойиб оила ҳақида кўп янги маълумотларга эга бўлдим.

Айтишларича, Володя ҳар доим яқинлари ёнига ошиққан, у оилавий анъаналарни жуда-жуда қадрлаган, турмуш ўртоғи, қизалоғи, ота-онасини қаттиқ севган. Айниқса, ҳаёти давомида турли қийинчиликлар олдида бош эгмаган отасига алоҳида ғамхўрлик қилган... Чунончи, ушбу матонатли ва мард инсон кўп синовларни бошидан ўтказган.

Битта даҳшатли ўхшашликка қаранг, катта Фёдоров 1925 йили туғилган жойда кейинчалик ўғли - Владимир ҳаётдан кўз юмди. Ягона қизи Татьяна эса ўз никоҳи арафасида автоҳалокат оқибатида вафот этди...

Шундай кўргиликларга қарамай, Иван Васильевич ҳаётининг сўнгги дамларигача футбол тарғиботи билан фаол шуғулланди, турли хотира турнирлари ташкиллашда ташаббус кўрсатди, қишлоқ болаларига қўлидан келганича ёрдам берди...».

МАЪЛУМОТ УЧУН

Владимир Иванович ФЁДОРОВ

1955 йилнинг 5 январь куни туғилган

1979 йилнинг 11 август куни ҳаётдан кўз юмган

Халқаро тоифадаги спорт устаси

Ҳужумчи сифатида тўп сурган

Собиқ иттифоқ чемпионати олий лигасида 108та ўйин ўтказиб, 26та гол урган

Собиқ иттифоқ чемпионати биринчи лигасидаги статистикаси: 80та ўйин, 32та гол

«Пахтакор» сафида жами 8 мавсум ўйнаган

Собиқ иттифоқ ўсмирлар терма жамоаси аъзоси (1971 йил)

Собиқ иттифоқ ёшлар терма жамоаси аъзоси сифатида Европа чемпиони бўлган (1976 йил)

Собиқ иттифоқ олимпия терма жамоаси аъзоси сифатида XXI ёзги Олимпиада ўйинлари (Монреаль)нинг бронза медалини ютган (1976 йил)

Собиқ иттифоқ миллий жамоаси аъзоси (1974-1978)

Собиқ иттифоқ чемпионатининг «33 нафар энг яхши футболчиси» рўйхатига кирган (1976 йил)

Ўзбекистон терма жамоаси сафида собиқ иттифоқ халқлари Спартакиадасида иштирок этган (1979 йил)

СЎЗ. «Владимир Фёдоров собиқ иттифоқ терма жамоаси таркибида бир неча марта майдонга тушган юқори савияли, яхшигина дриблинг салоҳиятига эга тезкор ҳужумчи эди. Тўпни айниқса, чап оёғида яхши назорат қиларди». Олег БАЗИЛЕВИЧ (мурабббий).

Мавлон Шукурзоданинг «Пахтакор»-79: эслаймиз, улуғлаймиз, ғурурланамиз...» китобидан


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz