Қайднома

Қидирув

«Санаторий»дан суперклубга!

«Санаторий»дан суперклубга!

  24.08.2018 06:44
  0
  661
«Санаторий»дан суперклубга!

Барча мухлислар уни катта футбол билан хайрлашди, деб ўйлашганди. Бироқ у Дортмунднинг «Боруссия»си билан 4 йиллик шартномага имзо чекиб, ишлари аъло эканини исботлади.

Ҳа, бельгиялик юксак маҳорат соҳиби футболни айни кучга тўлган пайтида тарк этмоқчи эмас. У шунчаки, вазиятга қараб иш тутди ва ўзига хос «рокировка»ларни амалга оширган ҳолда мавқеини тиклаб олди.

Келинг, Аксель Витцелнинг саргузаштлари билан танишайлик.

Икки йил аввал Витцель Туринга келиб, «Ювентус» билан келишувга эришган, лекин «Зенит» ҳаммасини барбод қилганди. Питерликлар Самарисни «Бенфика»дан харид қилишга улгуришмади ва бельгиялик футболчи трансферига тўсқинлик қилишди. Шўрлик Витцель кун бўйи «Юве» остонасида ўтириб, якунда Россияга қайтишга мажбур бўлганди.

«Мен ўзимни йўқотиб қўйгандим, чунки «Ювентус» аъзосига айланганимга ишониб улгурган, ҳатто тиббий кўрикдан ўтган ва 28-рақамини танлаб қўйгандим. Кейин «Зенит»нинг қароридан хабардор бўлдим», - Акселнинг жиғибийрон бўлиши сабаби шуки, у «Юве» мутасаддилари билан музокарани февралда давом эттиришга келишиб олганди.

Бу пайтда унинг Россия клуби билан имзолаган шартномаси тугашига ярим йилдан камроқ вақт қолган ва у истаган жамоа вакиллари билан музокара олиб бориши мумкин эди.

Кейин қандай воқеа юз берганини ҳеч ким билмайди. Жумладан, туринликлар ҳам, Питер вакиллари ҳам. Янги йилдан кейин Витцель «Ювентус» раҳбариятига узрини айтиб, Хитой клубидан рад этиб бўлмайдиган таклиф олганини маълум қилди ва Чин ўлкаси сари йўл олди.

Тўрт йилга мўлжалланган шартнома, йилига 18 млн. евродан иш ҳақи - ҳаммаси ажойиб. Лекин Аксель 40 ёшда эмас, атиги 26да! Ке­йинги 1,5 йил давомида бельгиялик иқтидор соҳиби Роналдудан сал камроқ даромад олган ҳолда Хитой Суперлигасининг суперюлдузига айланди.

Ўзи ҳақидаги таъна ва киноя­ларни эса самимий табассум билан қарши олди: «Ҳа, Аксель маҳоратини пулга сотди. Европада озроқ маош олсада, топ-клублар билан чўққига кўтарилиши мумкин эди». «Эссиз, ЖЧ -2018 турниридан ҳам маҳрум бўлди, энди Бельгия терма жамоаси уни яқинига ҳам йўлатмайди!»

Таажжубки, юлдуз фахрийлар учун ўзига хос «санаторий» сифатида эътироф этилаётган лигани Паулиньо ҳам инкор этмади. Бразилиялик иқтидор соҳиби бундан бир йил аввал «Барселона»га ўтган ва миллий терма жамоа таркибида Россия мундиалида иштирок этганди.

Кейин эса гўё ҳеч нарса бўлмагандек Гуанжоуга қайтиб келди. Хитойда фаолият юритиш ҳеч бўлмаганда Россиядагидан ёмон эмаслигини шахсан Витцелнинг ўзи амалда исботлаб берди. «Тянжин»даги 1,5 йил мобайнида Аксель бутун фаолияти давомида олган даромадидан кўпроқ пул топди, Бельгия терма жамоаси таркибида ЖЧ-2018нинг бронза медалига сазовор бўлди.

Таққослаш учун оладиган бўлсак, Италия «А» сериясида ёрқин ўйин намойиш этаётган Ража Наингголан ЕЧЛда ярим финал билан кифояланишга мажбур бўлди.

Хуллас, энди Аксель Витцель - «Боруссия Д.» аъзоси. Дортмундликлар берган космик таклифни у ҳеч қачон кўрмаслиги ҳам мумкин эди, агарда фаолиятини Хитойда эмас, «Зенит»да давом эттираётган бўлганида. Энди бельгиялик иқтидор соҳибининг Дортмунд гранди билан имзолаган шартномаси хусусида.

Трансфер қиймати - 20 млн. евро (шартномада қайд этилган товон пули), келишув муддати - 4 йил (у ниҳоясига етганида, Аксель 33 ёшда бўлади), иш ҳақи - йилига 10 млн. евродан.

Эътиборли жиҳати шундаки, бу сафар келишувни ҳеч ким тўхтатиб қўймади. Тўғри, «Тянжин» бош мураббийи Паулу Соуза сўнгги сония­ларгача ҳаракат қилиб кўрди: «Менда Витцелнинг кетиши хусусида ҳеч қанақа маълумот йўқ. Бу борада клубдагилар ҳам, футболчининг ўзи ҳам оғиз очишган эмас. Ҳа, шартномада товон пули ҳақида банд мавжуд. Бироқ у фақат трансфер мавсумида амал қилади. Хитойдаги мавсум якунига етди. Демак, ҳеч қандай келишувнинг иложи йўқ».

Аммо 4 кундан кейин Витцель Питерда кўтариб юрган жомадони билан Дортмундда пайдо бўлди ва «Боруссия» сафидаги дастлабки интервьюсини берди: «ЖЧдан кейин Хитойдан Европага қайтишни мақсад қилгандим. Тез орада «Боруссия» таркибида майдонга тушиш имконияти мени фахр ва ғурурга тўлдирди.

Мутасаддилар билан бир марта суҳбатлашгандаёқ, ўйлаб кўришга ҳожат қолмади - «Боруссия» қитъадаги номдор жамоалардан бири! Очиғи, майдонга тушиш онларини сабрсизлик билан кутяпман. 81000 мухлис қаршисида тўп суришнинг гашти ўзгача!»

Гувоҳи бўлганингиздек, Аксель Витцель ҳамон жанговар сафда, даромади ҳам ҳавас қилишга арзийди - «Зенит»дагидан 2,5 бараварга кўп.

У.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz