Шамиль Яфаров 1950 йилда туғилган. Футболчилик даврида ҳимоя ва ярим ҳимояда ўйнаган. «Пахтакор»нинг асосий таркибида беш мавсум тўп сурган. 76та расмий ўйинда майдонга тушиб, битта гол урган.
У махсус футбол мактаби ёки интернатини тамомламаган. Шунчаки, кўчада тўп тепиб юрган болакайни Идгай Тазетдинов пайқаб қолиб, катта футболга кириб келишида асосий сабабчилардан бирига айланган.
Ўзининг дебют учрашувида ёш Шамиль чиройли футбол намойиш қилиш билан бирга гол ҳам урган. Шу тариқа кўплаб мутахассислар эътиборини қозонган.
Орадан бир йил ўтиб, Вячеслав Соловьев уни «Пахтакор»нинг ўринбосарлар жамоасига таклиф қилган. У М.Ан, В.Фёдоров, Л.Хадзипанагис, О.Ашировлар билан дўстлашган. Қуйида Яфаров ўз хотиралари билан ўртоқлашади.
«ПАХТАКОР»-79
Миша Ан, Володя Фёдоров, Олим Ашировлар футбол соҳасида машҳурликка эришган бўлсаларда, ҳаётда камтарликларича қолишганди. Ҳар сафар шаҳар ҳаётидан жонажон қишлоқларига хурсандчилик билан қайтишарди. Қорасув дарёсида балиқ овлашар, оилалари даврасида русча чучвара, корейсча кукси ёки ўзбекча палов ейишарди...
Улар қуёшни, ўз қишлоқларини, тор кўчаларни, жўшқин ариқларни, гуллаган пахта, мактаб дўстлари ва қўшниларни яхши кўришарди. Орадан йиллар ўтгач, нима учун Москва ва Киев жамоаларидан тушган таклифларни қабул қилишмаганини тушуниб етдим. Уларга катта пуллар, автомобиллар ва уйларни ваъда қилишганди...
Гап шундаки, улар ҳақиқий ватанпарвар эдилар. Йигитлар ҳамиша «Пахтакор»да барча шароитлар муҳайё эканлигини айтишарди. Энг муҳими, кўчага чиқишганида халқ уларни қаҳрамонлардек кутиб оларди. Бу, менимча, бебаҳодир.
«ПАХТАКОР»ЧИЛАР БИЛАН ДАСТЛАБКИ ТАНИШУВ
70-йиллар бошларида Добин Шегай мени «Политотдел» жамоасига таклиф қилди. Биринчи ўйиндаёқ ўринбосарлар сафида гол урдим ва бош мураббий Идгай Тазетдиновнинг ишончини қозондим. Айнан ўша ерда Михаил Ан билан танишганман.
У Республика интернатида ўқирди ва «Политотдел»нинг ўринбосарлари сафида ўйнарди. Миша бўйдор, озғин ва камтар йигит эди, ухлашни яхши кўрарди. Самолётдами, автобусдами ёки бошқа жойда бўлмасин, ухлаб қолаверарди. Лекин бу майдондан ташқарида кузатиларди.
МИША АН ЯХШИ ТАЙЁРГАРЛИККА ЭГА БЎЛГАН
Бўш вақтида Миша турли газеталар - «Правда», «Правда Востока», «Советский спорт», «Футбол» ва бошқа нашрларни ўқишни яхши кўрарди. Баъзида унинг хонасига кирсам, сочилиб ётган қоғозлар ва тартибсизлик гувоҳига айланардим.
Миша ёшлигидаёқ катта футбол усталари билан ёнма-ён ўйнаган. Собиқ иттифоқ терма жамоасининг собиқ аъзоси Борис Разински, Фадеев, Доронин, Варламов ва бошқалар шулар жумласидандир.
ШИМОЛИЙ КОРЕЯГА САФАР
1973 йилнинг августида «Пахтакор» Шимолий Кореяда ўртоқлик учрашувларини ўтказган. Пхеньянда бизни ажойиб тарзда кутиб олишган. Битта жамоага қарши учта ўртоқлик ўйини ўтказганмиз.
Қизиғи, барча учрашувлар бир хил - 0:0 ҳисобида якунланган. Кореяликлар Михаил Аннинг ажойиб ҳаракатларидан ёқа ушлашганди. Ўйинларнинг бирида уни жароҳатлашган. Лекин у ўзининг корейсча характерини намойиш қилиб, ўйнашда давом этган.
Шимолий Кореяда қизиқ воқеалар ҳам бўлганди. Пхеньяндаги меҳмонхонада Миша Володя Фёдоров билан бизнинг хонада тунгача ушланиб қолган. Василис Хадзипанагис иккимиз бир хонада яшардик. Хоналаримиз 16-қаватда жойлашганди. Бирдан эшик тақиллаб, бош мураббий Вячеслав Соловьёвнинг овози эшитилди.
У жуда интизомни хуш кўрадиган, қаттиққўл мураббий эди. Гап эшитишни истамаган Миша ва Володя балкондан ўз хоналарига чиқиб кетишди. Эртаси куни Миша балкондан пастга қараб, қанчалик баландда эканини кўриб, ҳайратланганди.
ОЛИМ АШИРОВ - ҲАҚИҚИЙ ҲИМОЯЧИ
Олим жамоанинг кўримли футболчиларидан бири эди. Унга қараб ҳеч ким қишлоқ боласи демасди. Ҳамиша дид билан кийинарди. Ўша пайтда урфда бўлган жинси кийишни хуш кўрарди.
Олим ватанпарвар эди. Унга маҳаллий футболчилар ёқарди. Ўшанда «Пахтакор»да ўзбек футболи тарбияланувчилари бўлган Равиль Агишев, Дима Роман, Шуҳрат Эшбўтаев, Володя Собиров, Гена Денисов, Сирожиддин Бозоров, Костя Новиков, Ихтиёр Эшбўтаев каби футболчилар пайдо бўлишганди. Уларга қараб ўз қувончини яшира олмасди.
Агар «Пахтакор»дан кетмаганимда, ўша машъум авиаҳалокатда жамоа билан бирга бўлишим мумкин эди...
«Пахтакор»да яна бир-икки йил бемалол ўйнаган бўлардим. А.Кочетков мени қўйиб юборишни истамаган. Агар Мансур Толибжонов бўлмаганида, кетмасмидим... У билан «Политотдел»да бирга ўйнагандик. 1977 йилнинг охирида Мансур Сирдарёнинг «Гулистон» клубида жамоа бошлиғи сифатида иш бошлаган.
Жамоа ўз олдига юқори мақсадларни қўйганди. Шу боис ҳам у мени шу клубга ўтишга кўндирган. Қизиғи, уч ойдан сўнг Толибжонов «Пахтакор» администраторига айланган. Худди иккимиз жой алмашгандек бўлиб қолганмиз. Агар Мансур бўлмаганида, мен «Пахтакор»да ўйнаётган бўлардим ва балки ўша рейсда учармидим...
Мавлон ШУКУРЗОДА тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20