Қайднома

Қидирув

Хатоларни нари суриш вақти

Хатоларни нари суриш вақти

  29.08.2018 06:37
  0
  657
Хатоларни нари суриш вақти

Эҳтиёткор ва асабий футбол! Сўнгги йилларда миллий терма жамоамиз намойиш этган ўйин услуби айнан шу жиҳати билан кўпчилик ёдида қолгани рост.

Ҳар ўйиндан сўнг аксарият мухлислар футболчилардан беш баттар зерикишгани - чарчашганини яшириб ўтиришмасди. Айниқса, ЖЧ-2018 якуний саралашидаги илк баҳс - Сурия термаси билан кечган драматик учрашувдан кейинги чарчоқ мухлислар ёдидан чиқмайди.

Ўшанда ғалаба завқини туйишмаганди улар. Мана, орадан 2 йил ўтди. Мустақиллик байрами шукуҳи кетмай туриб, бош жамоамиз Эктор Купер раҳбарлигида илк бора яна ўша тиришқоқ суриялик футболчилар билан беллашади. Аввалгисидан фарқли ўлароқ, бу баҳс ўртоқлик мақомида...

Хўш, шу ўйин арафасида кўнглимиздан нималар кечмоқда? Очиқ айтамиз, Эктор Купернинг терма жамоамизга бош мураббийлик қилишини унча маъқулламагандик. Футболимиз мутасаддилари эса айнан унинг номзодига тўхталишди.

Сезилдики, аргентиналик мутахассисни ҳам терма жамоамиз бошқарувига олиб келиш осон бўлмади. Шундай вазиятда гарчи номзодини маъқулламаган бўлсакда, аргентиналик кекса мураббий ишига омад тилаш - бурчимиз. Айни чоғда бош жамоамиз ва Эктор Купер фаолиятига дахлдор мулоҳазаларни ёзишда ҳам давом этамиз.

Ёдингиздами, ЖЧ-2018 гуруҳ бос-қичи сўнгги турида Миср ва Саудия Арабистони терма жамоалари ўртасида жадвалга таъсири йўқ, аҳамиятсиз учрашув ўтказилганди. Ҳамма икки Ислом мамлакати жамоаси ҳеч нарсани англатмайдиган баҳсда дуранг натижага кўнишини тахмин қилган бир паллада, яъни сўнгги дақиқаларда саудиялик футболчилар ғалабани илиб кетишганди.

Хуллас, ҳал қилувчи баҳсларни бой бериши билан машҳур Эктор Купер бу сафар ўткинчи учрашувда ҳам «чув» тушди. Бу - тажрибали ва кекса мураббийда шакл-ланган алоҳида руҳий ҳолатнинг таъсири, сўзи.

Бошқача айтганда, Миср терма жамоаси Эктор Купер раҳбарлигида эҳтиёткор футбол намойиш этиб, эҳтиётсизликка йўл қўйгани учун ҳам ЖЧ-2018ни бирор очкосиз якунлади. Истаймизми-йўқ, миллий жамоа-мизнинг янги бошқарувчиси ҳозир эҳтиёткор футболни ёқлайдиган, маъқуллайдиган ёшда.

Қолаверса, йигитларимиздаги айни функционал ҳолат ҳам унинг қарашларига роса мос тушади. Эҳтимолки, Купер яқин келажакда футболчиларимизга ортиқча юклама бериб бўлмаслигини, улардан ёрқин ва тезкор ўйин талаб қилиш ноўрин эканлигини таъкидлар...

Бош жамоамиз иштирокидаги ўйинларни ва футболчиларимизнинг машғулотлардаги ҳаракатларини солиштириб, балки Самвел Бабаянга аллақачон тасанно ҳам айтгандир... Йўқ, йўқ, тасанно йўлламаган бўлсин! Унинг хаёлот кўчаларида бу каби нохуш мулоҳазалар айланмасин сира!

Зеро, терма жамоамиз вазиятдан келиб чиқиб иш тутадиган эмас, аксинча, умумий ҳолатни тубдан ўзгартирадиган мураббийга муҳтож. Ахир футболимиз шу пайтгача эҳтиёткор мураббийлар иш услубларидан қийналди. Такрор бўлсада, айтишга мажбурмиз, Эктор Куперда ҳам шундай футболга мо-йиллик мавжуд.

Очиғи, футболчиларимизнинг ўзлари шу услубни маъқул кўришади. Лекин уларни тўғри тушуниш керак: кўз очиб кўришгани - эҳтиёткор футбол! Кўникилган маромни бузиш кимга ёқади?!

Хуллас, Эктор Купер номзодини маъқулламаганимизда, шу каби мулоҳазаларга асосланган эдик. Энди эса унинг вазиятни тубдан ўзгартириши, футболимизга янги ҳаво олиб киришини истамоқдамиз. Бош мураббий шу ишни қай даражада уддалайди - буниси ҳозирча номаълум.

Ана, кекса мутахассисларга хос эҳтиёткор футбол тарафдори саналган Карло Анчелотти «Наполи» билан «А» сериясининг дастлабки икки турида қийин ва иродали ғалабаларни тантана қилди. Ҳар икки ўйинда дон Карло жамоаси гол қўйиб юборганидан кейингина ортиқча эҳтиёткорликни бир четга суриб, рақибга нисбатан босимни кучайтирди.

Иродали ғалабанинг таъми ўзгача ширин, албатта. Лекин бутун баҳс давомида рақибдан устунликни таъминлаш, бехавотир ўйнаб, зафар қучиш - беқиёс ва юксак мақом. Ирода ҳар доим ҳам ғалабани кафолатлайвермайди. Шу маънода айтсак, Карло Анчелотти икки иродали ютуқдан тегишли хулоса чиқарса, ажабмас.

Ўйлаймизки, Эктор Купер ҳам футболимиз ва терма жамоамиз ўйин услуби хусусида бир қарорга келиб улгурди. Бизнинг хоҳишимиз - ёрқин ва ҳужумкор футбол! Агарда миллий жамоамиз ЖЧ-2022да дейлик, Бразилия термасига тўқнаш келса, балки бу фикримиздан қайтармиз.

Осиё майдонларида эса ҳимоявий ва зерикарли услуб фақат футболимиз зарарига ишлайди. Бундай услубдан воз кечилмас экан, футбол муҳитимизда хавотир яшайверади, терма жамоамиз иштирокидаги ўйинларни одатдагидек юрак ҳовучлаб томоша қилаверамиз.

Равшан Ҳайдаров ҳарчанд баланд пардада сўзламасин, Умид Аҳмаджонов Қатар олимпиячиларига қарши кечган баҳсдан аввал шахсан ўзи футболчиларимизни руҳлантирди. Аёнки, мазкур хайрли ташриф мақсади бағрида бироз хавотир ҳам бор эди.

Гарчи Қатар олимпия-чиларининг имкониятлари аввалдан маълум бўлсада, рақиб билан боғлиқ анча ўрнашган тасаввурлар барчамизни эҳтиёткорликка чорлайверди. Эҳтимол, шунинг учундир «Спорт» телеканалида олимпиячиларимизнинг ғалабалари билан бирга камчиликлари хусусидаги мулоҳазалар бот-бот янграмоқда.

Танқид борми, демак, кўнгил тўлмаяпти. Демак, мухлислар учун ғалаба қаторида кўнгилни тўқ қиладиган, кишига завқ улашадиган ЎЙИН ҳам зарур. Бу талаб олдида футболчиларимизга тегишли Осиё чемпиони унвони ҳам ҳеч ким кўзига кўринмайди. Эктор Купер бу талаб «юки»ни сезиб улгурди, чоғи.

Ҳар ҳолда, у мутасаддилардан қўшимча шифокор, массажчи ва маъмур сўради. Талаби бажарилмаса, ўйин сифатига кафолат беролмайди ва фақат натижа учун курашади.

Футболимиз натижа учун курашиб, ўйин сифатини унутиш «касали»ни юқтиргани эса ҳеч кимга сир эмас. Назаримизда, Эктор Купер шу ҳақиқатни англай бошлади. Шундай экан, ундан «касаллик»ка қарши дори воситаларини кутамиз...

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz