Қайднома

Қидирув

Кристиан Аббьятти: «Милан энди ўзига ўхшамоқда»

Кристиан Аббьятти: «Милан энди ўзига ўхшамоқда»

  29.08.2018 06:13
  0
  969
Кристиан Аббьятти: «Милан энди ўзига ўхшамоқда»

«Милан»нинг шонли даврини яратган эски қадрдонлар бирин-кетин клуб тизимига қайтишаётган пайт Кристиан Аббьяти қарама-қарши йўналиш бўйича ҳаракатланди.

Яъни собиқ дарвозабон «россонерлар» билан хайрлашди. Тўғри, у ҳар лаҳзада қайтишга ҳам тайёр: «Агар мени чақиришса, таклифни катта мамнуният билан қабул қиламан». Лекин ҳозирча чорлов йўқ ва Кристиан шахсий мотоцикллар маркази (Harley Davidson)даги ишлар билан машғул.

Айтиш жоиз, Аббьяти клуб менежери лавозимида ўзини анча ноқулай сезди. Қолаверса, мавсум «Милан» учун жуда оғир келди. Натижада собиқ голкипер 2 ойча олдин истеъфога чиқди.

«Менежер лавозимида ҳаммага ёрдам беришинг талаб этилади: мураббийларга, спорт директорига, турли бўлим раҳбарларига, футболчиларга ва ҳаттоки, клуб ходимларига ҳам.

Бу албатта, мароқли иш. Бироқ битта нозик томони шуки, агар бирор футболчи қандайдир «ҳунар» кўрсатса, бу ҳақда мураббийга айтишинг шарт. Натижада сени чақимчига чиқариб қўйишади.

Қисқаси, менежер роли жуда «сиёсий» иш ва бу мен учун эмаслигини тезда тушундим. Тўғриси, ҳар куни уйга ўта асабий ҳолда қайтадиган бўлиб қолгандим. Шуларни ўйлаб, Мирабеллининг шартномани узайтириш ҳақидаги таклифини рад этдим.

Чунончи, ўзимни костюм ва бўйинбоғда сира тасаввур қилолмайман.Спортга дахлдор иш бўлса, бошқа гап...», - дейди Аббьяти.

- Айтчи, хитойлик сармоядорлар «Милан»га нима беришди, хусусан, сен улар билан муносабат ўрнатишда қийналмадингми?

- Барчасини эски «Милан»даги ҳолатга ўхшатиб, қаттиқ янглишдим, бу менинг асосий хатом. Ахир вақтида муайян қонун-қоидаларга ўрганиб қолгандим. Бироқ раҳбарият алмашгач, бошқарув тизимида қандайдир чалкашликлар бошланди. Ташкилотчилик етарлича шубҳа уйғотган бўлсада, раҳбарият барчаси жойида эканлигини таъкидлашдан чарчамади.

Шундай экан, хитойликлар билан ҳамкорлик омадсиз якунланганидан асло ҳайрон қолганим йўқ. Ҳаммаси шундай хотима топгани қайсидир маънода яхши ҳам. Акс ҳолда, клубнинг депсиниши давом этармиди? Очиғи, «Милан»да фақат Гаттузо ишига кучлироқ эътибор қаратгандим.

- У билан иш юзасидан гаплашармидинглар?

- Мақсадимиз Миланеллода барчасини аввалги аниқ қоидалар асосида йўлга қўйиш эди. Ринога бу масалада ҳеч қандай эътироз йўқ. У мураббий сифатида мени ҳайратга солди - футболчилар руҳиятига етарлича таъсир ўтказиб, уларни талаб даражасида шайлантириш уддасидан чиқди.

Ўзи ҳозирги авлод вакиллари билан ишлаш осон эмас. Кўрганларимдан келиб чиқиб, Elliott компаниясига маслаҳат бераман - Ринога таяниш фойдадан холи эмас.

- Сен шунингдек, Монтелла билан ҳам ҳамкорлик қилдинг...

- Бу деярли фалокат эди. Чунки Монтелла ҳеч кимга ишонмасди.

- Мирабелли ҳақида нима дея оласан?

- У мени яхши маънода ҳайрон қолдирди. Яъни бор имкониятини ишга солди. Мисол учун, Доннарумма билан шартномани узайтириш жараёнига бевосита гувоҳ бўлдим ва айтишим керак, Мирабелли бунда ўз вазифасини қойилмақом даражада уддалади. Ахир кўпчилик Райолага қарши боролмайди. Шунингдек, Мирабеллининг Гаттузога ишонч билдиргани ҳам натижа берди.

- Доннарумма ҳақида: у Рейна билан рақобатда ўзини кўрсата олармикан?

- Жижода бунинг учун имконият етарли - мавсум жуда узун, ўйинлар кўп. Рақобатга келсак, у биринчи нав­батда, айнан Доннарумма фойдасига хизмат қилади. Унинг учун энг яхшиси - «Милан»да қолиш.

Мана, жамоада дарвозабонлар мураббийи ўзгарди ва энди Жижони янги иш тизимида кўриш қизиқарли. Тан олиш керак, Маньи ёш киперни муайян даражага олиб чиқди, аммо охирги мавсумда Жижо ўйин бобида айтарли ўсгани йўқ. Яъни ривожланишдан тўхтаб қолди. Энди суръатни яна ошириши шарт.

- «Милан» раҳбарияти 3 нафар қадрдон дўстинг - собиқ «россонерлар»ни ортга қайтарди. Лекин вақтида Лео­нардонинг «Интер»га ўтганини сира тушунмаганингни айтгандинг...

- Ҳа, биз ёмон ҳолатда хайрлашгандик, бу мутлақо кутилмаган ҳолат эди. Лекин уйимда дастхати бор атиги 2та футболка бор: Мальдини ва Леонардоники. Бу улар ҳақида қандай фикрда эканлигимга далолат.

- Идеал ёндашув. Хўш, сенда янги раҳбарият футболкаси ҳам борми?

- Мальдини ва Леонардо - икки дўст ва катта профессионаллар. Улар нима қилишаётганини яхши билишади. Умуман, шундай профессионалларга таяниш - энг тўғри йўл. Ахир улар «Ми­лан»ни жуда яхши билишади. Ўзи мухлис сифатида Мальдинини доимо клубда кўришни истаганман. Лео қайтганида эса, Паоло ҳам тез орада клубда иш бошлашини тушунгандим.

- Футболчилардан эса Игуаин ва Калдара «оқ-қизил» либосни олишди.

- Игуаин - чин тўпурар. Жамоага шундай голеадор етишмаётганди. Тўғриси, «Ювентус» уни осонгина қўйиб юбориб, хато қилди, чоғи. Ҳар ҳолда, бу трансфердан «Милан»нинг ютиши аниқ.

- Ҳаммаси Бонуччи трансфери билан бошланди...

- Эҳтимолки, «Милан»да унга нимадир ваъда қилишгану, бунинг устидан чиқишмаган. Энг муҳими, Лео ёнида ўйнаган Романьоли сезиларли ўсишга эришди. Бонуччининг жамоага берган фойдаси шу.

Ў.Умаров тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz