Қайднома

Қидирув

Анте Ребич: «Мен тентак эмасман»

Анте Ребич: «Мен тентак эмасман»

  31.08.2018 06:15
  0
  1111
Анте Ребич: «Мен тентак эмасман»

Жамоатчилик бутун ёз бўйи хорватиялик Анте Ребичнинг «Бавария» ёки АПЛ вакилларидан бири сафига қўшилишини кутди. Бироқ 24 ёшли ҳужумчи ҳаммани ажаблантириб, «Айнтрахт» билан шартномаси муддатини узайтирди.

ЖЧ-2018 финалчиси германиялик журналистлар билан суҳбат чоғи аввало, шу қарорига тўхталиб, барчасини ўзига хос тарзда изоҳлади: «Очиғи, агар «Айнтрахт»дан ҳозир кетганимда, бу ғирт аҳмоқлик бўларди».

- Суперкубок учун учрашувда йирик ҳисоб (0:5)да мағлубиятга учрадинглар, Германия кубоги доирасида эса камтарин «Ульм»га имкониятни бой бердинглар. Шу натижалар таъсирида янги келишувга имзо чекканингиздан афсусланмаяпсизми?

- Йўқ, асло. Аввалги мавсум охирида Германия кубогини қўлга киритганимизда, жамоа билан энг юксак маррани забт этганимга шубҳа қолмаганди. Бундан ташқари, янги мавсум стартида доимо қандайдир ҳаяжон сезилади. Эсимда, ўтган йили ёки ундан олдингисида ҳам назорат баҳсларида қуйи лига вакилларидан енгилгандик.

Хуллас, суперкубокни бой берганимиз ҳам, янги кубок турниридан эрта чиқиб кетганимиз ҳам шахсан менда қандайдир ваҳима уйғотмади. Тўғри, «Ульм»га ютқазганимиз тушунарсиз ҳолат, зеро, бундай рақибларни муаммосиз енгишимиз шарт.

Лекин «Бавария» ва «Борус­сия»дек грандлар ҳам нисбатан заиф рақиблар билан учрашувларда катта қийинчиликларга дуч келишганини унутмайлик. Шундай экан, тушкунликка берилиш ўрнига янги мавсумга пухта тайёргарлик кўриш ҳақида бош қотирганимиз маъ­қул.

- «Айнтрахт» олдига қандай вазифалар қўйилган? Жамоа нималарга қодир?

- Ўтган мавсумдаги муваффақиятни такрорлаш қийин, албатта. Аммо ЕЛда нимагадир интилиш мумкин.  Зеро, бу йўлланма учун йил давомида тер тўкканмиз. Қисқаси, агар ҳозир жамоадан кетганимда, бу ғирт аҳмоқлик бўларди. Мен эса тентак эмасман.

- Бундеслиганинг қайси жиҳатларини кўпроқ қадрлайсиз?

- Мен учун энг қизиқарлиси - «Бавария» ва «Боруссия» каби номдор жамоаларга қарши тўп суриш. Айниқса, шу ўйинларга ўзгача иштиёқ билан шайланаман.

- Умуман, ўз салоҳиятингизни яна қайси лигаларда синаб кўришни истардингиз?

- Очиғи, бу ҳақда ўйлаб кўрмаганман. Иван Ракитич билан гаплашганимда, у Испанияда менга ўхшаган ҳужумчилар камлигини айтиб, Ла-лигага ўтишимни тавсия этганди. Яширмайман, Испаниядан таклифлар ҳам йўқ эмасди. Бироқ ўзим Бундеслигада яна 1 йил тўп суришни маъқул кўрдим.

- Моуриньо қўнғироқ қилиб, «МЮ»га чорлагани ростми?

- Шахсан ўзим билан алоқа чиққани йўқ. Аммо агентим  кўплаб топ-клублар вакиллари билан гаплашди. Айниқса, мундиал давом этаётган вақтда. Лекин кетиш учун қулай пайт эмасди, шунчаки, танаффусга эҳтиёж сездим.

Франкфуртга қайтгач, барча таклифлар, вариантлар устида ўйлай бошладим. Очиғи, қароримдан афсусланмайман, чунки бу ерда ўзимни жуда яхши ҳис этяпман.

- «Айнтрахт»га ким кўпроқ етишмаяпти - Ковачми ёки Боатенг?

- Ўта жўн савол... Албатта, Нико Ковач-да! Боатенг ҳам ортиқчалик қилмасди - чинакам етакчи! Қаранг, унинг «Сассуоло»си «Интер»ни таслим этди.

- Футбол юлдузи сифатида қандай дабдабага йўл қўйишингиз мумкин?

 - Деярли ҳеч қандай. Худди Хорватиядаги дўстларим каби оддийликни сақлаб қолганман. Яқинда улар бу масалада бироз танбеҳ ҳам беришди: «Анте, очиғи, ўзингни Германия кубоги соҳиби ва жаҳон вице-чемпиони сифатида тутишни билмайсан». Эҳтимол, шундайдир, лекин қандай бўлсам, шундайлигимча қоламан, барибир.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz