Қайднома

Қидирув

Юрген Клопп: «Футбол - бу жумбоқ»

Юрген Клопп: «Футбол - бу жумбоқ»

  01.09.2018 06:09
  0
  1202
Юрген Клопп: «Футбол - бу жумбоқ»

«Ливерпуль» клуби бош мураббийи Юрген Клопп яқинда France Foоtball нашрига интервью берди.

Франциялик журналистлар билан суҳбат чоғида жаҳоннинг етук мутахассисларидан бири турли мавзулардаги саволларга жавоб бераркан, VAR тизими ҳақидаги фикрларини ҳам ўртоқлашди.

- Юрген, ортда қолган таътил қандай ўтди?

- Таътил давомида Германия, Испания ва Францияга бордим. Дарвоқе, фаранглар ўлкасидаги бир дўстимнинг мўъжазгина Муан-Сарту шаҳарчасида уйи бор. У ерда вақтимни мароқли ўтказдим.

- Жаҳон чемпионатини кўрдингизми?

- Албатта. Дастлаб унчалик кўп ўйинларни кўрмадим, «плей-офф»дан бошлаб эса кўпроқ учрашувларни кузатдим. Германия, Англия, Хорватия, Бельгия, Франция термалари иштирокидаги баҳсларни ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилдим. Аммо уззукун телевизор қаршисида ўтирдим, деёлмайман.

- Бу галги мундиал сизга ниманидир ўргатдими?

- (Кулиб) Ушбу жаҳон чемпионати тактика масаласида футболга нимадир берди, деб ўйламайман. Футбол майдонининг ўлчами ўша-ўша, футболчилар сони ҳам 11 нафардан, мунтазам равишда ниманидир кашф этиш имконсиз. Германия термаси ўйинига янгилик киритмоқчи бўлганди, бу муваффақиятсизлик билан якун топди.

Айрим жиҳатларни биз жаҳон чемпионатигача кўргандик. Қайси жамоада бугунги куннинг энг яхши футболчилари тўп сурса, ўшалар ғолиб бўлади. Табиийки, бугун Франция термаси кучли, шунга қарамай, Бельгия, Бразилия, Хорватия жамоаларини ҳам алоҳида кўрсатмоқчиман.

Германия ҳам ажойиб таркибга эга эди, аммо психологик муаммолар турнирни кўнгилдагидек ўтказишга тўсқинлик қилди.

- Россияда ўтган жаҳон чемпионати нимаси билан ёдда қолди? Ўйинларга таъсирини ўтказган VAR тизими ҳақида нима дейсиз?

- VAR тўғрисида гапирсам, усиз барчаси ёмонроқ бўлиши мумкин эди. Чунки айрим вазиятларни бу тизим ёрдамисиз аниқлаш имконсиз эканлигини кўрдик. Ушбу технологияни ўтган мавсум Бундеслигада кузатгандим. Дастлаб мураккабдек туюлсада, вақт ўтгани сари ҳаммаси соддалашди.

VAR бўлмаганда, жаҳон чемпионлигини бошқа жамоа қўлга киритиши ҳеч гап эмасди. Бу гапим Франция термасининг кучига шубҳа билан қараётганимни билдирмайди. Янги тизим қўлланмаганда, финалда пенальти белгиланмасди. VARнинг футбол керак-керакмаслиги хусусида аниқ жавобим йўқ.

Айтайлик, ҳакамда (аргентиналик Нестор Питана - FF) пенальти белгилаш учун тўлиқ асос бор эди, ваҳоланки, янги технологиясиз вазиятни нотўғри баҳолаши ҳеч гап эмасди. Бироз аввалроқ эса у Гризманнга нисбатан ишлатилган қўполлик учун жарима зарбаси белгилади. Ушбу ҳолат бўйича ҳам ишқибозлар фикр билдиришди:

«Кимдир ҳакамга қўполлик ишлатилмаганини тушунтириши керак». Француз журналистларига ўша вазиятда Гризманн ақлли эканлигини кўрсатганини айтаман. Бошқа миллат вакилларига эса «У шўнғиди!» дейишим мумкин. Агар ўша вазият видеотакрорда кўрилса, жарима зарбаси бекор қилиниб, Гризманнга сариқ карточка кўрсатилиши керак эди.

Бу ҳам кўп нарсани ўзгартиради. Ўйлашимча, ушбу мавзуга нуқта қўйиш лозим! Футбол баҳси хатолардан иборат. Бу табиий ҳолатга мослашиш даркор.

- Шакирини ҳам қўшиб ҳисобласак, мундиалда «Ливерпул»нинг тўққиз нафар футболчиси қатнашди ва клуб ихтиёрига ҳар хил вақтда қайтишди. Бундай шароитда тайёргарлик қандай кечди?

- Футболчиларга «Пул оляпсизми, демак клубга дарҳол қайтиб, машғулотларни бошлашингиз керак», дейиш осон. Аммо ўйинчиларнинг ҳордиқ чиқарган ҳолда, яхши формада келишларини таъминлаш ҳам менинг вазифаларимдан бири.

Улар камида уч ҳафта дам олиш ҳуқуқига эга эдилар. Мен эса шогирдларимнинг соғлиғи, жисмоний тайёр ҳолда бўлишлари ҳақида ўйлашим керак.

- Бу галги мавсумолди жараё­ни аввалгиларидан фарқландими?

- Биз жамоа сифатида ўсишда давом этяпмиз. Ўтган мавсумни фантастик тарзда ўтказдик, ваҳоланки, Чемпионлар Лигаси финалида биз хоҳлаган натижа қайд этилмаган бўлсада.

Кўпчилик ҳал қилувчи ўйингача етиб боришимизни кутмаганди, бироқ воқеалар ривожи финалда ўйнашга муносиблигимизни кўрсатди.

- Афсусланмадингизми?

- Салоҳнинг жароҳати барчасини кескин ўзгартириб юборганини ҳамма кўрди. Аммо бу сабабларнинг биттаси, холос. Ҳозир тарихни қайтадан ёзмаймиз, аммо аввалги мавсумнинг сўнгги икки ойида ихтиёримда бор-йўғи 12 нафар соғлом ўйинчи қолганди.

АПЛда охирги паллагача ЕЧЛ йўлланмасини берадиган тўртинчи поғона учун «Челси» билан курашишимизга тўғри келди. Ҳамма ўйинлар оғир ўтди. Аммо афсусланишга сабаб кўрмаяпман. Тўғри, мақсадимиз Чемпионлар Лигаси финалида ғолиб чиқиш эди. Аммо ўз навбатида, биз бу ютуққа қандай эришмоқчилигимизни ҳам кўрсатмоқчи бўлгандик.

Шу тариқа тактикамиз ўзини оқлаётгани, самара келтираётганига амин бўлмоқчийдик. Ушбу масалада тўлиқ қониқиш ҳосил қилдим. Бундан ташқари, финалда Серхио Рамоснинг қандай ўйнаганини барча кўрди. Қолаверса, Кариуснинг ҳолатини ҳам унутмаслик даркор.

Ишонинг, бу табиий ҳолат эмас: дарвозабонимиз ростдан ҳам бошидан жароҳат олганди. Биз мурожаат этган ҳамма мутахассислар Лориснинг лат ейиши унинг ҳаракатларига таъсир ўтказганини тасдиқлашди. Бундай ўйинларда эса юз фоиз тайёр бўлиш талаб этилади.

- Футболдаги фалсафангиз нимага асосланган?

- (Кулиб) 18 йилдан буён мураббийлик соҳасидаман ва гарчи ушбу савол мантиқан тўғри бўлсада, бу ҳақда ўйламаган эканман. Бундай савол бераётганда айнан нимани назарда тутишаётганини тушунмайман. Футболни, биринчи навбатда, ўйиннинг ўзини яхши кўраман.

95 фоиз вақтим футболга сарфланади. Қайсидир ўйинни томоша қилаётганда турли деталларга эътибор бераман. Ҳамиша шундай, акс ҳолда, бу вақтни беҳуда ўтказишга тенг. Томошабоплик футболдаги энг муҳим жиҳатлардан бўлган, кейинчалик ҳам шундайлигича қолади.

Айтмоқчиманки, дунё жуда жиддийлашиб қолган, ундаги муаммолар эса шунчалик кўпки, улар футболга салбий таъсир ўтказиб, жозибани йўқотиши турган гап. Мен футболчиларимизда қувончни, кўзларида учқунни, курашишга бўлган иштиёқни кўришни истайман. Улар майдонда борларини беришаётганини, кутилмаган қарорлар чиқаришларини кузатиш ёқимли.

- Муайян жамоанинг тўпни кўпроқ вақт эгаллаб туриши ҳамон урфдами?

- Шахсан менга тўпни назорат қилиш эмас, ундан қай тариқа фойдаланиш муҳимроқ саналади. Икки йил аввал «Бёрнли»га қарши баҳсда 82 фоиз вақт давомида тўпга эгалик қилган бўлсакда, 0:2 ҳисобида ютқазгандик. Бутун ўйин давомида рақиблар атиги иккита хавфли вазият яратиб, ундан унумли фойдаланишганди.

Тўп назорати - масаланинг бир жиҳати, холос, ундан наф чиқариш ҳақида ўйлаш даркор. Тез ҳаракатланиш, зарур паллада узатмалар йўллашни уддалаш - бу «Манчестер Сити»нинг энг кучли томони. Давид Сильва, Кевин Де Брюйне, Илкай Гюндоган сингари футболчилар 80 фоиз ҳолатда тўғри қарор чиқаришади.

Худди шу гап Сане ва Стерлингга ҳам тааллуқли. Бу ерда гап тўп назоратида эмас. Ўйинчилар бир зумда жойни алмаштириш, реакция намойиш этиш, ҳужумдан ҳимояга тез ўтишни билишлари лозим. Бор гап шунда. Ҳа, айрим вазиятларда тўпга эгалик қилиш бўйича 80 фоизлик кўрсаткичдан ўтдик, аммо бизга панд берган 20 фоизлик ҳолатлар ҳам учради.

Футбол шундай. Жумбоқ. Ҳар бир баҳс - бу чақирув. Сиз жамоангизда жаҳоннинг энг яхши 11 футболчиси тўп сураётгани учун ғалаба қозонмайсиз. Биз тўпга эгалик қилмаганимизда рақибга муаммо туғдиришни ёқтираман. «Бёрнли» ўша ўйинда бизга дарс берганди.

Исландия термаси Евро-2016да худди шу тарзда инглизларни «ўқитганди». Франция ҳам жаҳон чемпионати ярим финалида ўзининг энг кучли томонларидан фойдаланиб, Бельгияни енгганди. Ҳамиша ўзингизга, ривожлантираётган ўйин услубингизга содиқ қолиб, ундан максимум фойда чиқаришингиз муҳим. Натижалар шунинг ортидан келади.

- Ҳозир «Ливерпуль» бош мураббийисиз. Ўтмиш ва анъаналар сизга босим ўтказмайдими?

- Ишлаётган клубимнинг қамровини ҳис этаман. «Ливерпул»да фаолият юритиш мен учун шараф. Ўтган йили 50 ёшга тўлдим ва юбилейимни нишонлаш учун кўплаб дўстларимни таклиф қилдим. Уларнинг айримларини 20 йилдан ортиқ вақт кўрмагандим. Менга кўпинча шундай дейишади: «Қачонлардир «Ливерпуль» бош мураббийи бўлишингни ким ҳам ўйлабди?».

Германияда туғилганим ва еттинчи дивизионда тўп сурганимни инобатга олсак, бу ғаройиб ҳолатдек туюлади. Профессионалликка эришиб, футболда фаолият юритиш ҳақида ўйламагандим ҳам. Айни пайт барча режаларимни амалга ошириш имконини берадиган клубда ишлаяпман.

- Бир сафар ўзингизни The Normal One деб атагандингиз. Замонавий футбол шароитида нормалликни сақлаб қола оласизми?

- (Кулиб) Ўзлигимни сақлаб қолиш менга қийинчилик туғдирмайди. Боз устига, бу ўйнашим мумкин бўлган ягона ролдир.

- Бошқа ролларни эплай олмайсизми?

- Йўқ. Аммо айрим нарсаларни ўзгартиришга қарши эмасман. Шундагина айтган гапларим ва қилаётган ишларим учун камроқ бадал тўлардим. Футбол мураббийининг ҳаёти бирхилликдан иборат.

Уйингиздан машғулотлар базаси ва стадионга ҳафтада беш-олти марта борасиз. Бу оддий ҳаёт тарзи. Албатта, бошқа томондан, мен сизлар каби хотиржамгина ресторанларга боролмайман, дастхат тарқатишга тўғри келади.

Кейин эса уйга қайтаётганда, чарчоқдан силлам қурийди. Ўйлашимча, барча мураббийлар шундай яшашади, айни муаммоларга йўлиқишади. Бизда бошқа кўнгилхушликларга вақт топилмайди.

- Сизда қайсидир ўйинчи, унинг хатти-ҳаракатлари олдида қўрқув пайдо бўлганми?

- Йўқ. Қўрқув - бу ёмон нарса. Ҳаттоки, ўйинчи билан шартномани узайтиришни хоҳламаётган бўлсангиз ҳам, шунга содиқ қолиш керак. Ўйлашимча, табиат менга бошқариш сифатини берганидан хабардорсиз.

Биргина овозимнинг ўзи кўп нарсани ҳал қилиши мумкин. Боз устига, бўйим - 1,94 метр. Икки футболчимиз - ван Дейк ҳамда Матипни ҳисобга олмаса, қолган барчанинг бўйи мендан паст.

- Ўзингиздан қўрқиш ҳолати ҳам учрайдими?

- Йўқ, бунақаси бўлмайди. Аммо баъзан фотосуратларимни кўриб, менинг шундай ҳолатга тушишимга нима сабаб бўлганини тушунолмайман. Масалан, 2013 йили «Наполи»га қарши кечган Чемпионлар Лигаси баҳсини олайлик.

Одамлар менинг юз ифодамни шундай ҳолда кўришларини хоҳламайман. Ўша ҳолатни асослаб беришим мумкин: жароҳат олган Невен Суботич майдонда ётганди, ҳакам эса ўйинни тўхтатиш ўрнига «Наполи»нинг бурчак зарбасини ижро этишига йўл қўйиб берди. Ва улар дарвозамизни ишғол қилишди.

Ўзимни тутиб туролмадим. Жазавага тушишга асос етарли эди. Аммо тан оламан, ўша вазиятдаги хатти-ҳаракатларимни оқламайман.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz