Қайднома

Қидирув

Туркиялик Пуйолнинг ҳаёти ва фаолият йўли

Туркиялик Пуйолнинг ҳаёти ва фаолият йўли

  03.09.2018 06:39
  0
  611
Туркиялик Пуйолнинг ҳаёти ва фаолият йўли

Туманли ўлкада трансферлар ойнаси одатдагидан эртароқ якунланди. 10 августдаёқ Премьер-лига клублари учун таркибни тўлдириш муддати тугаганди.

«Лестер»га бу борада кўп вақт керак бўлмади - франциялик мутахассис Клод Пюэль бош мураббийлигидаги жамоа ажойиб харидларни амалга оширишга улгуриб, турли чизиқларни иқтидорли ижрочилар билан бойитди.

«Монако»дан келган Рашид Геззаль ватандоши Риёд Маҳрезнинг йўқлигини билинтирмайди, Загребнинг «Динамо»сидан ташриф буюрган Филип Бенковичнинг мудофаани мустаҳкамлаши кутилмоқда, «Норвич»дан олинган Жеймс Мэддисон ҳужумкор хавбек позициясидаги муаммони бартараф этишда асқотади.

Шу ўринда, «тулкилар»нинг энг йирик хариди сифатида туркиялик ҳимоячи Чағлар Сўюнчуни кўрсатиш мумкин.

Ушбу футболчи Бундеслигадаги ўйинлари орқали матбуотда мақтовларга эришиб, немис экспертларининг эътирофларига сазовор бўлган.

Сўюнчу 1996 йилнинг 23 май куни Измирда туғилган. «Фрайбург»нинг бўлажак юлдузи 10 ёшигача футбол билан профессионал тарзда шуғулланмаган - кичик ёшдаги болалар машғулотлари ва ҳаваскорлар жамоаларидаги ўйинлар билан чекланган.

Машҳур клублар танқис бўлган Измирни футболи ривожланган ҳудуд дейиш қийин - у ерда фақат иккита жамоа бор: «Олтинўрда» ва «Букаспор». Аммо бу клублар «Галатасарой», «Бешиктош» ҳамда «Фенербахче» даражасига чиқишни орзу қилади, холос. Шу боис Чағлар ушбу жамоаларга орзулари йўлидаги оддий трамплин сифатида қаради.

Сўюнчу 15 ёшга тўлганида, омади кулиб боқди - ўсмирлар ўртасидаги мусобақаларнинг бирида уни «Букаспор» скаутлари пайқаб, кўрикдан ўтса, маҳаллий академияда ўқиши мумкинлигини таъкидлашди. Малласоч  футболчининг кейинги икки йили «Букаспор»да ўтиб, яна бир йил «Гумусордуспор»да тажриба тўплади.

Ундаги тиришқоқлик мураббийларга маъқул тушди, тўпни олиб қўйишдаги чаққонлиги эса «Олтинўрда» скаутлик хизмати эътиборини тортди ва Чағларнинг профессионал фаолияти айнан шу клубда бошланди.

«Олтинўрда» юлдузларга иштиёқманд эмасди ва Туркиянинг даража бўйича иккинчи ўринда турувчи дивизионида қатнашарди. Антропометрик кўрсаткичларга эга, қисқа ва узоқ масофаларга биринчи пасни йўллашда беназир бўлган Сўюнчу Измир клубида алоҳида ажралиб турарди.

Қаҳрамонимиз Европадан йирик таклифлар келгунига қадар икки йил мобайнида жонажон шаҳри жамоаси шарафини ҳимоя қилди. 20 ёшга тўлганида, Чағларнинг телефони тинмади - туркиялик иқтидор соҳибига «оғиз солганлар» орасида «Севилья» ва «Арсенал» сингари грандлар ҳам бўлиб, маҳаллий «Галатасарой» ва «Бешиктош» ҳам Сўюнчуни харид қилишга астойдил киришгандилар.

Ақлли йигит дастлаб маслаҳат сўраб Туркия термаси бош мураббийи Фотиҳ Теримга мурожаат этди. Тажрибали мутахассис унга машҳур турк клублари таклифига рад жавобини беришни тайинлаб, акс ҳолда ўйин амалиётисиз қолиб кетиши мумкинлигини қўшимча қилди. Чағлар узоқ мушоҳададан сўнг Германия Бундеслигаси вакили - «Фрайбург»нинг чорловини қабул қилди.

«Фрайбург»да Сўюнчунинг очилмаган қирралари намоён бўлди - Whoscored портали мунтазам равишда турк футболчисини юқори баҳолади, немис телеканаллари шарҳловчилари навбатдаги «подкат»лар пайти уни мақтовларга кўмишди, «Фрайбург» ишқибозларини эса Чағлардек ажойиб футболчи клубда узоқ ушланиб қолмаслиги эҳтимоли ранжитарди.

Сўюнчунинг Бундеслигадаги ишончли ўйини Туркия термасидан таклиф олишига сабаб бўлди. Миллий жамоада у 15та ўйин ўтказиб, битта гол уришга ҳам улгурди: ёзнинг дастлабки кунида Тунис дарвозасини ишғол қилганди.

Чағлар Германия клуби либосида етакчилигини намойиш этди - жамоаси гол ўтказиб юборган пайтларда ҳам ёш йигит, куч-қувватини аямай, шерикларини руҳлантирди, ҳимоя чизиғи вакили бўлишига қарамай, уларни олға чорлади.

Бўйдор бўлгани сабаб Сўюнчу ҳаводаги курашларда анча кучли. Бундеслигада атиги битта гол урган бўлсада, «иккинчи қават»даги устунлиги эвазига рақибларнинг кўплаб хавфли ҳужумларини қайтаришга эришди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Чағлар тез орада бош билан ўйнаш маҳоратини янада ошириш имкониятига эга бўлади - АПЛда «заявка»лар топшириш муддатининг сўнгги кунида Сўюнчу «Лестер» билан шартнома имзолади. Маълумки, бу клубда Уэс Морган, Жонни Эванс ҳамда Гарри Магуайр сингари ҳимоячилар тўп суришади.

Хўш, мудофаа марказида шундай футболчилари бор «Лестер» нима учун Чағларни ўз сафига қўшиб олди? Афтидан, у келаси йил ёзида жамоани тарк этиши кутилаётган Магуайр ва Морганнинг ўрнини эгаллашга асосий номзод саналади.

Уэснинг ёши ўтиб қолди (бир йилдан сўнг ямайкалик футболчи 35га тўлади), Магуайрга эса «Манчестер Юнайтед» жиддий қизиқиш билдирмоқда.

«Блэкберн» афсонасига айланган Тугай Каримоглу фаолиятини якунлагач, Англияда туркиялик футболчиларнинг ишлари юришмади - Йилдирим «Роверс»да бир мавсум ҳаминқадар тўп сурди, Жанли эса «Болтон» ва «Сток»да ўзини кўрсатолмади, Шаҳин ва Каражан «Ливерпуль» ва «Рединг»да муваффақиятга эришолмадилар - биринчиси индивидуал, иккинчиси эса жамоавий тарзда.

Энди Туркия шарафини муносиб ҳимоя қилиш юки «Эвертон»даги Женк Тосун ҳамда «Лестер»даги Чағлар Сўюнчу елкасига тушади. Дарвоқе, қаҳрамонимизни анчадан буён Карлес Пуйоль ва Матс Хуммельсга қиёслашмоқда. Кўрамиз, у «тулкилар» сафидаги ўйини билан ушбу ўхшатишнинг бежиз эмаслигини исботлай олармикан?!

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz