Қайднома

Қидирув

Еврофутболни забт этишга йўл олган осиёликлар (фотогалерея)

Еврофутболни забт этишга йўл олган осиёликлар (фотогалерея)

  04.09.2018 00:22
  0
  3183
Еврофутболни забт этишга йўл олган осиёликлар (фотогалерея)

ОФК расмий сайти ёзги трансферлар бозори вақти Осиё|Австралиядан Европа клубларига йўл олган 6 нафар футболчи ҳақида батафсил маълумот берди.

Ўйлаймизки, бу йигитлар билан алоҳида танишиб қўйишнинг зарари йўқ. Биринчидан, улар эндиликда «кўҳна қитъа»да бутун ОФК шарафини ҳимоя қилишади қайсидир маънода.

Иккинчидан, яқин келажакда миллий жамоамизга рақиб сифатида гавдаланишлари эҳтимоли йўқ эмас. Шуларни назарда тутиб, еврофутболни забт этгани чоғланган 6 нафар ўйинчи ҳақида тўлиқроқ ёзишни лозим топдик.

Даниэль АРЗАНИ (Австралия): «Мельбурн Сити»дан «Манчестер Сити»га

ЖЧ-2018 доирасида Франция термасига қарши кечган ўйинда майдонга тушиб, яхшигина таассурот қолдирган Даниэль Арзани нафақат австралияликлар сафида, балки бутун турнирда энг ёш футболчи мақомини олганди.

1999 йилнинг 4 январь куни Эроннинг Хуррам-обод шаҳрида таваллуд топган бу йигит ҳозирга қадар Австралия миллий жамоаси либосида 5 марта майдонга тушишга улгурди. У хусусан, 9 июнь куни Венгрия термасига қарши кечган ўртоқлик ўйинида халқаро голлари ҳисобини ҳам очди.

Эътиборлиси, Даниэль «Мельбурн» таркибида атиги 6 ой тўп сурди ва тўғри Европага йўл олди. Яна қайси клубга? Англия чемпиони - «Манчестер Сити»га. Хуллас, Арзани 9 август куни «шаҳарликлар» билан расман шартнома тузди. Трансфер тафсилотлари ҳозирча ошкор этилмади.

Тўғри, орадан 8 кун ўтиб, унинг ижара келишуви асосида «Селтик»да ўйнаши аниқ бўлди. Демак, австралиялик иқтидор эгаси яқин 2 йил давомида Шотландия гранди сафида тажриба оширади. «Селтик» клубида ротация кенг йўлга қўйилганини инобатга олсак, Даниэлнинг яхшигина имкониятга эга бўлиши эҳтимоли баланд.

Трент СЕЙНСБЕРИ (Австралия): «Жиангсу Сунин»дан ПСВга

Трент Хитой чемпионатига бош суққунига қадар Голландиянинг бошқа бир клуби - «Зволле» қанот ҳимоясида ўйнаб, кўзга ташланган эди. Бироқ «Зволле» уни Хитой клубига сотиш имкони туғилганида, ўзини тўхтатиб туролмади. Зеро, «Жиангсу» австралиялик футболчи учун 1,5 млн. доллар таклиф этганди.

Мана, 3 йиллик шартнома расмийлаштирилганига қарамай, Трент муддатидан анча олдин яна «лолалар юрти»га қайтди. Фақат бошқа шаҳар ва бошқа клубга. Демак, «соккеруз» таркибида ҳам ишончли ижрочилардан бирига айланган Сейнсбери бундан буён Марк ван Боммель қўл остидаги ПСВда тўп суради.

Трент 1992 йилнинг 5 январь куни Ғарбий Авс-тралиянинг Торнли шаҳрида туғилган. Австралия миллий жамоасидаги статистикаси: 38та ўйин, 3та гол. Клублар миқёсидаги фаолиятида эса рақиблар дарвозасини 5 бора нишонга олган.

Дарвоқе, Эйндховен клубида авс-тралиялик яна бир футболчи бор - Райан Томас. Энг қизиғи, у  ҳам олдин «Зволле»да ўйнаган. Фарқи шуки, Томас ПСВга Хитой орқали эмас, тўғридан-тўғри ўтганди.

Воҳид АМИРИ (Эрон):  «Персеполис»дан «Трабзонспор»га

Воҳид Амири ҳақида охирги пайтлар жуда кўп илиқ фикрлар янграмоқда. Қизиғи, у 25 ёш тўлгунига қадар Эрон Про-лигасида умуман ўйнамаганди. Теҳроннинг «Нафт»  клубидан «Персеполис» сафига ўтгач эса, тезда бирин-кетин совринларга эга чиқди: 2 марта мамлакат чемпиони бўлди ва қўшимчасига суперкубок соҳибига айланди.

Мавсум-2017|2018 якунида Эрон чемпионатининг энг яхши футболчиси сифатида ҳам эътироф этилди. Шунингдек, жаҳон чемпионатида ўзини яхши томондан кўрсатди. Хусусан, Марокаш ва Португалия термаларига қарши кечган баҳсларда ярим ҳимоядаги ҳаракатлари билан мутахассислар эътиборига тушди. Айтиш жоиз, Туркия клуби Воҳидни вақтида ўз томонига оғдирди.

Чунончи, форс футболчисига араб клубларидан талаб катта эди. Улар орасида яхшигина харидорлар чиқаётганди. Факт шуки, Эрон термаси аъзоси энди Туркия клуби сафида ҳаракатланади. Шу йил 21 июль куни 2 йиллик шартнома остига имзо чеккан Амирининг «Трабзонспор»да иккинчи ҳужумчи вазифасини бажариши кутилмоқда.

Воҳид 1988 йилнинг 2 апрель куни туғилган. Ҳозирга қадар Эрон терма жамоаси сафида 38 марта майдонга тушди. Яна бир диққатга сазовор маълумот бор: Амири 2016 йили ҳуқуқ йўналиши бўйича бакалавр даражасини олган.

Мусо Сулаймон ал ТААМАРИ (Иордания): «Шабаб Ал Ордун»дан АПОЭЛга

1997 йилнинг 10 июнида туғилган Мусо ҳам ёзда Европа футболига йўл очди. Ал Таамари охирги мавсумни ижара келишуви асосида «Ал-Жазира» клуби билан Иордания лигасида ўтказиб, 17та гол урганди. У шунинг-дек, ОФК кубоги баҳсларида ўз номига 6та гол ёзиб қўйди.

Шундай бўлсада, Мусонинг Кипр чемпионатида катта ўрин тутувчи номдор АПОЭЛдан таклиф олгани кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди. Футболчининг ўзи эса чорловни дарҳол қабул қилди. Айни пайт Иордания матбуоти ушбу футболчини мақташ билан овора.

Мусо Сулаймон янги клуби сафида еврокубоклар саралашида 3 марта майдонга тушишга улгурди, аммо ҳозирча гол ургани йўқ. Ўз ўрнида айтиш керак, АПОЭЛ сафида иорданияликдан ташқари, эронлик Ризо Гужаннажод ҳам бор.

Ли Жа СУНГ (Ж.Корея): «Чонбук Моторс»дан «Хольштайн Кил»га

Корейслар жаҳон чемпионатида Германия термасини мағлуб этиб, уни «плей-офф»дан маҳрум қилишгани таъсирида амалга ошган трансфер. Ҳар ҳолда, кореяликлар Ли Жа Сунг айнан ЖЧ-2018дан кейин «Чонбук Хюндай Моторс» билан хайрлашиб, Германия иккинчи Бундеслигаси вакили «Хольштайн Киль» клуби сафига қўшилди.

Унга янги жамоасида юксак ишонч билдириб, 7-рақамли футболкани топширишди. 1992 йилнинг 10 августида таваллуд топган Ли Жа «Чонбук Хюндай Моторс» билан Жанубий Корея миллий чемпионатида 3 марта (2014, 2015 ва 2017 йиллар) олтин медаль ютди, 2014 йили Осиё ўйинларида ғолиблик нашидасини сурди, шунингдек, ОЧЛ-2016да зафар қучди.

2017 йили эса уни «К»-лиганинг энг фойдали футболчиси сифатида тан олишди.

Наомичи УЕДА (Япония): «Кашима Антлерс»дан «Серкль Брюгге»га

1994 йилнинг 24 октябрида туғилган марказий ҳимоячи жорий йилги мундиал баҳсларида майдонга тушмаган бўлса-да, Бельгиянинг «Серкль Брюгге» клуби скаутларига маъқул келди. Бўйи 186 сантиметрга тенг япон ҳам шартнома тузишни пайсалга солмади.

Бошқача айтганда, камтарона жамоанинг камтарона шартларига рози бўлди. Айтишларича, бельгияликлар Уедани асосан ОЧЛ ўйинлари орқали кузатишган. Маълумот учун айтиш керак, у 2016 йили U-23 тоифасидаги Осиё чемпионатида чакки ўйнамаганди.

Қисқаси, Наомичи Бельгия иккинчи дивизиони орқали Европа футбол марказига интилишни маъқул кўрди. Тўғри, «Серкль Брюгге»нинг жорий мавсум Юпилер-лигага чиқиш учун ҳаракат қилишини ҳам айтиш жоиз.

ФИКРАТ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz