Қайднома

Қидирув

Нил Этериж – Филиппин афсонаси (АПЛдаги дебют, ёрқин ўйинлар)

Нил Этериж – Филиппин афсонаси (АПЛдаги дебют, ёрқин ўйинлар)

  04.09.2018 06:19
  0
  905
Нил Этериж – Филиппин афсонаси (АПЛдаги дебют, ёрқин ўйинлар)

Англия Премьер-лигаси-2018|2019 старти фақат «Манчестер Сити» ҳамда «Челси»нинг ёрқин ғалабалари эмас, яна футбол нуқтаи назаридан қараганда, митти давлат - Филиппин вакилининг ишончли дебюти билан эсда қоладиган бўлди.

Қарангки, Англия элит дивизиони тарихидаги биринчи филиппинлик футболчи дастлабки 2та ўйинда ҳам пенальтини бартараф этди.

Гап «Кардифф Сити» дарвозабони Нил Этериж ҳақида кетяпти. Ҳа, ҳавас қилса арзийдиган дебют, аммо у шу вақтга қадар футболда анча «ўнқир-чўнқир» йўлларни босиб ўтган...

Нил Леонард Этериж 1990 йилнинг 7 февраль куни туғилган, Филиппин эмас, балки Лондонда. Отаси - англиялик, онаси - филиппинлик. Нил футбол масаласида профессионал таълим олишни нисбатан кечроқ, яъни 15 ёшида бошлаган. Энг қизиғи, ўшанда Этерижни «Челси» академиясига ҳужумчи сифатида қабул қилишганди.

Бироқ йигитча тез орада мураббийи маслаҳатига биноан, амплуасини ўзгартириб, қўлқоп олади. Шунга қарамай, Нил «кўклар» академиясида узоқ вақт қололмайди ва 2006 йилиёқ пойтахтнинг яна бир вакили - «Фулхэм» мактабига кўчиб ўтади. Она томондан филиппинлик ҳисобланган футболчи бу жамоанинг асосий таркибида илк марта мавсум-2011|2012 давомида кўриниш берди.

Аниқроқ айтсак, Европа Лигаси доирасида Даниянинг «Оденсе» клубига қарши кечган баҳсда катта футболдаги дебютини нишонлади. Ўша, гуруҳ раунддидан ўрин олган охирги учрашувда «Фулхэм»ни фақат ғалаба қаноатлантирарди, акс ҳолда, инглизлар курашдан чиқиб кетишарди.

Лондонликлар «Крэйвен Коттэж» аренасида мухлисларининг тинимсиз қўллаб-қувватлашлари остида фаол тўп суриб, 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишадию, якунда аламли тарзда ғалабани қўлдан чиқаришади - 2:2. Бу Нил учун «Фулхэм» сафидаги ягона ўйин бўлиб қолди.

Дарвозабон кейинчалик ижара келишувлари асосида давомли хизмат сафарларига чиқди ва қуйи дивизионларда «Литерхед», «Чарльтон», «Бристоль» ҳамда «Крю» жамоаларини кўрди. Оддий айтганда, Этериж 5 йил оралиғида Англиянинг 3-4-дивизионларида атиги 16 марта майдонга тушди.

2014 йилга келиб, унинг фаолиятида «қора чизиқ» янада қалинлашди. Яъни «Фулхэм» билан тузган шартномаси муддати тугади ва голкипер нақ 5 ой ишсиз юрди. «Шу вақт давомида уйимни, автомобилимни сотдим ва ватаним - Филиппинга қайтиш тараддудига тушгандим», - дейди Этериж ўша мураккаб давр ҳақида.

Табиий савол туғилади: Нил клубсиз қолган 5 ой ичида нима билан шуғулланган? Бунга унинг қуйидаги гапларидан жавоб олиш мумкин: «Аввалига поездга чипта харид қилиб, тўғри «Чарльтон Атлетик» клуби базасига йўл олдим. Жамоада дарвозабонларни шуғуллантирувчи мураббийлардан бири танишим эди.

Айнан унинг ёрдами билан машғулотларга қўшилиб, ўз устимда тинимсиз ишладим. Оддий айтганда, организмим имкон берганича тер тўкдим, жисмоний ҳолатни сақлаб туришга уриндим». Октябрь ойида Нилнинг сабр-тоқати тугади ва у нарсаларини йиғиштириб, Филиппин томон йўл олишга тайёргарлик кўра бошлади.

Айни шу вақт битта телефон қўнғироғи сабаб, Этериж орол мамлакатга сафарини кейинга сурди. Унга «Олдхэм» клуби қисқа муддатли шартнома ва «банка»дан жой ваъда қилганди. Бироқ филиппинлик кипер янги клубда ҳам ўзини кўрсатиш имкониятига эга бўлмади, ҳисоб.

Хуллас, Нил «Олдхэм»нинг биттагина ўйини («Жонстон~с Пэйнт»да  «Престон»га қарши)да иштирок этиш билан чекланди. «Очиғи, ўша кунлар  роса қийналгандим. Чунки тунда дўстим хонадонида турардим, кичик диванчада ётганча тезроқ тонг отишини кутардим ва кун ёришгани ҳамоно кўчага чиқиб кетардим. Энг ёмони, шундай шароитга кўнишдан бошқа иложим йўқ эди», - дейди Нил «Олдхэм»даги қисқа фаолияти ҳақида.

Айнан «Престон»га қарши кечган ўйиндан бир неча кун ўтиб, «Чарльтон» клуби Этерижни ижара шартномаси асосида таклиф этди. Филиппин фуқароси бу жамоадаги биринчи ўйинини декабрь ойида ўтказди, аммо кейинчалик асосий таркибга киролмади ва мавсум якунлангач, яна ишсиз қолди...

Этериж ёзги трансферлар бозори пайти Англия футболи тизимидаги 3-дивизион вакили «Уолсолл» билан шартнома тузганида 25 ёшда эди. Бу вақтда унинг терма жамоадаги ўйинлари сони клуб миқёсидагисидан анча ошганди. Чунончи, Нил Филиппин миллий жамоасидан илк марта 2008 йили, яъни 18 ёшидаёқ чақирув олган.

2010 йили эса инглиз футболи тарбияланувчиси Филиппин термасининг «Сузуки» кубогидаги муваффақиятида катта роль ўйнади. Оролликлар ўша турнирда Вьетнам термасини доғда қолдиришган ва ярим финалга чиқиб, «очко улашувчи» ёхуд «калтакланувчи болакайлар» тушунчасига қарши жиддий зарба беришганди.

Муҳими, Нил «Уол- солл»да чакки кўринмади ва клубдаги дебют мавсумида 42та ўйинда майдонга тушди. Якунда «Уолсолл» филиппинлик кипер ёрдамида лигада 3-ўринни эгаллади ва битта юқори дивизионга ўтиш имконини берувчи «плей-офф» босқичида ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритди.

Тўғри, жамоа ҳал қилувчи раунднинг ярим финалидаёқ умумий 1:6 ҳисобида енгилиб, бу орзуни амалга оширолмади. Нав-батдаги мавсум «Уолсолл» учун анча қийин кечди: жамоа чемпионатни атиги 14-поғонада якунлади, шунга қарамай, Этериж янада кўпроқ амалиёт ҳосил қилди (3-дивизионнинг ўзида 41та ўйин) ва «Кардифф Сити» скаутлари эътиборига тушди.

Хуллас, Нил 2016|2017 йилги мавсум якунлангач, «Уолсолл»нинг ўртадаги шартномани бирданига 3 йилга узайтириш ҳақидаги таклифини рад этиб, 30 май куни Уэльс клуби билан келишувга эришди. Чунончи, жамоани бошқараётган англиялик мутахассис Нил Уорнок қаҳрамонимизни ёрқин истиқболга ишонтирганди.

«Ҳа, Нил таркибга аслида нималарга қодир эканликларини бутун дунёга исботлаш иштиёқида ёнаётган, ғалабага чанқоқ йигитларни таклиф этганди, - дейди Этериж. - Асосийси, бу ўйинчалар мураббий фалсафаси - ғалаба қозониш фалсафасига мос тушишди.

Уорнок жамоамиз ҳар доим яхши ўйин намойиш этолмаслигини тушунарди, лекин биздан ҳамиша максимал натижа учун курашишни талаб қилди. Оддий айтганда, у жамоада аввало, ижобий кайфият ва иштиёқни сақлаб қолишга эътибор қаратди.

Дейлик, кийиниш хонасида ҳар бир футболчини ўз салоҳиятига ишонишга мажбурлади ҳатто ва бунга эришди ҳам. Бу даврда хусусан, мен ҳақиқий руҳий юксалишга эришдимки, бунинг учун Уорнок олдида қарздорман. Ахир айнан у туфайли ўз кучимга нисбатан ўзгача ишонч сездим, ўйинларда хотиржамликни сақлаб қолишни ўргандим.

Натижада «Кардифф»да ақл бовар қилмас мавсумни ўтказдим. Айниқса, стартда ўта ёрқин ўйнадик: 6та турга чўзилган мағлубиятсиз серия давомида 5та учрашувни ўз фойдамизга ҳал қилдик ва биргина «Фулхэм» билан муроса кўчасида тўхтадик. Бу ҳам ишончимизни мустаҳкамлади, албатта». Хуллас, «Кардифф» мавсум бошида кутилганидан ҳам аълороқ натижаларга эришди.

Тўғри, Уэльс клуби ке-йинчалик бироз сусайди ва Рождество арафасида муҳим очколарни бой берди. Янги йил олдидан «Сандерленд»га қарши кечган баҳсдаги ғалаба эса уэльсликларни яна текис йўлга олиб чиқди. Филиппинлик дарвозабоннинг айтишича, айнан шу ўйин «Кардифф» учун бурилиш нуқтасига айланган.

Хусусан, Нилнинг ўзи жамоа жиддий вазифаларни бажаришга қодирлигини яққол ҳис қилган, финиш маррасида асосий рақибларини ортда қолдиришига шубҳаланмаган. Зеро, жамоада ички муҳит талаб даражасида эди ва аҳиллик борган сари кучайиб борди.

Буларнинг самараси шуки, «Кардифф» Чемпионшип якуний турнир жадвалида 2-ўринни эгаллади ва АПЛга йўлланма олди. Этериж эса нақ 19та ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолиб, ўз амплуадошлари орасида мавсумнинг бош кашфиёти бўлди.

Мана, «Кардифф» энди Англия Премьер-лигасида ўйнамоқда, Этериж шу тариқа жаҳоннинг энг жозибадор биринчилигида майдонга тушган филиппинлик биринчи футболчига айланди.

Муҳими, фаолиятининг шу босқичига қадар не-не кунларни кўрган кипер дастлабки ўйиндаёқ пенальтини бартараф этди, 2-турда эса бу қаҳрамонликни яна бир бора такрорлаш асносида ўз ҳисобига илк «қуруқ» ўйинни ёзиб қўйди. Табиийки, бундай дебют унинг зиммасига катта масъулият юклайди.

Ахир чемпионат стартидан олдин кўпчиликка нотаниш эди, энди ҳамма у ҳақда гапира бошлади. Нилнинг ўзи бу масалада хотиржам ва ёрқин ўйинлари ҳали олдинда эканлигига ишонмоқда: «2014 йили жамоасиз қолганимда, жуда-жуда қийналганман. Муайян паллада ҳаттоки, футболда қолишдан умид узганим ҳам эсимда.

Мана, ўша оғир дамлар тарихга айланди, лекин ўзим қандай кунларни бошдан кечирганимни асло унутмайман. Чунки бу хотиралар мени заррача бўшашмасликка ундайди, мудом кучимга куч, иштиёқимга иштиёқ қўшади». Этерижнинг Филиппин термасидаги жамоадоши ва дўсти Крис Грейтвич ҳам унинг янада ёрқинроқ ўйнашга қодирлигини таъкидламоқда:

«Нил ҳеч қачон ўз салоҳиятига шубҳаланмаган. Унда бу ишонч ақл бовар қилмас даражада юқори. Дейлик, ҳаттоки, клубсиз қолганида ва эртага тақдири нима бўлишини билмаган вақтларда ҳам терма жамоада йигитларга ижобий таъсир ўтказарди. Дейлик, машғулотларда юзида табассум билан ишлаб, ҳали клуб футболида ҳам имкониятга эга  бўлишини айтарди».

Ҳа, спортда асосийси - мақсад сари далил интилиш ва қийинчиликлар олдида эсанкираб қолмаслик. Тўғри, Нил ўта мураккаб мавсумни энди бошлади, зеро, «Кардифф»ни ҳужуми ўта ўткир рақиблар кутиб турибди. Муҳими, филиппинлик голкипер илк имтиҳондан муваффақиятли ўтди - жамоанинг асосий таркибидан бежиз жой олмаганини амалда исботлади.

Маълумот учун

Нил Леонард ЭТЕРИЖ

Туғилган санаси ва манзили: 1990 йил 7 февраль (28 ёш), Энфилд (Лондон, Англия)

Фуқаролиги: Англия, Филиппин

Бўйи: 191 см.; вазни: 84 кг.

Амплуа бўйича: дарвозабон

Клуби: «Кардифф Сити» (Уэльс)

Ўйинчилик рақами: 1

Фаолияти

2005-2007: «Челси» (ёшлар)

2007-2008: «Фулхэм» (ёшлар)

2008-2014: «Фулхэм» - 0

2008-2009: «Литерхед» - 0

2011: «Чарльтон» - 0

2012: «Бристоль Роверс» - 12та ўйин

2013-2014: «Крю Александра» - 4та ўйин

2014: «Олдхэм Атлетик» - 1та ўйин

2014-2015: «Чарльтон» - 4та ўйин

2015-2017: «Уолсолл» - 81та ўйин

2017-...: «Кардифф Сити» - 49та ўйин

2008 йилдан буён Филиппин миллий жамоасида 59та ўйин ўтказган

Изоҳ:фақат чемпионат доирасидаги ўйин-лари кўрсатилган.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz