Қайднома

Қидирув

«Пахтакор»нинг грузиялик «афсунгарлари»

«Пахтакор»нинг грузиялик «афсунгарлари»

  05.09.2018 06:18
  0
  805
«Пахтакор»нинг грузиялик «афсунгарлари»

«ИнтерФутбол» яшил майдонда «Пахтакор»нинг шонли номини ёйишга ҳисса қўшган футболчилар ҳақидаги мақолаларни давом эттиради.

Бу галги қаҳрамонларимиз - грузиялик ҳужумкор ўйинчилар Зураб Церетели ҳамда Манучар Мачаидзе. Улар ўтган асрнинг 80-йилларида Тошкент клуби тарихида ёрқин из қолдиришган.

ЗУРАБ ЦЕРЕТЕЛИ – СПОРТ РИЦАРИ!

«Пахтакор»нинг қайта туғилиш пайти Тошкентда тўп сурган илк грузин сифатида машҳур ҳужумчи, собиқ иттифоқ спорт устаси Зураб Церетелини кўрсатиш мумкин. У Ўзбекистонга келишидан аввал Тбилисининг «Динамо» клубида саккиз мавсум муваффақиятли тўп сурди.

Собиқ иттифоқ ва УЕФАнинг расмий турнирларида 85та ўйин ўтказиб, 10та гол урганди. 1973 йили Тбилиси «Динамо»сида мамлакат кубоги ва чемпионат бронза медалларини қўлга киритган Церетели 1976 йилнинг баҳорида Москва «Динамо»сига ўтди.

Бир мавсум ушбу жамоада тўп сургач, Грузияга қайтиб, Кутаисининг «Торпедо» клубида собиқ иттифоқ чемпионати биринчи лигасида ўйнади.

«Пахтакор» футболчилари ва мураббийлари жойлашган самолёт ҳалокатга учраганини эшитган Зураб биринчилардан бўлиб ёрдамга ошиқди.

Церетелининг қизи Анна ўша дамларни шундай эслайди: «Тошкент жамоасининг футболчи ва мураббийлари билан содир бўлган воқеани отам ўзининг фожиаси сифатида қабул қилганди». «Отам «Пахтакор»нинг ўша таркибидаги аксарият футболчилар билан дўст эди.

Михаил Ан ва Владимир Фёдоров шулар жумласидан. Шу боис Кутаисининг «Торпедо» клуби отамнинг ўзбек жамоасига ёрдам бериш истагидан хабар топгач, унинг Тошкентга боришига рухсат берганди».

1979-1981 йилларда «Пахтакор» сафида тўп сурган Зураб Церетели ўша кезлари футболчиларга тақдим этилган кўплаб имтиёзлардан воз кечган - квартира, автомобиль ва дачани олишни хоҳламай, фақат маош билан кифояланди. Уч мавсум давомида «Пахтакор» базасида яшади.

Жамоа фахрийлари ва унинг шериклари Зурабнинг ўша пайтда гапирганларини кўп эсга олишади: «Мен «Пахтакор»га бойлик орттириш учун келмади. Ҳалок бўлган дўстларим тўп сурган жамоага ёрдам бермоқчиман».

У майдонда бор кучини сафарбар этиши, ўйиндаги кескинликни ошириш хусусияти, ажойиб техник тайёргарлиги, шерикларини яхши тушуниб тўп суриши ҳамда рақиб дарвозаси томон аниқ зарбалар йўллаши билан ажралиб турарди.

«Пахтакор» таркибида чемпионат (45) ва собиқ иттифоқ кубоги (8) баҳсларида жами 53та ўйин ўтказган Церетели ўз ҳисобига 7та гол ёздириб қўйганди. Зураб Семёнович 1992 йилнинг 14 январида Грузияда рўй берган автоҳалокат туфайли вафот этган.

Ўшанда у 38 ёшда эди. Ҳаётдан бевақт кўз юмган бўлсада, спорт рицари сифатида Грузия ва Ўзбекистоннинг миллионлаб фуқаролари қалбидан жой олишга улгурганди.

«МАНО»НИНГ «ПАХТАКОР»ДА ҚОЛДИРГАН ИЗИ

Манучар Мачаидзе Тбилисининг «Динамо» клуби тарихидаги энг машҳур футболчилардан бири. Баъзан 70 минг мухлис тўпланган стадион тинмай «Ди-на-мо» «Ма-но!» деб ҳайқирарди, кичик омадсизлик кузатилганда эса бор танқидлар сардор Мачаидзенинг манзилига йўлланарди. Шунга қарамай, маҳоратли футболчи бир неча йил мобайнида Грузия грандининг асосий етакчисига айланди.

1980 йили Мачаидзе жамоа раҳбарлари билан чиқиша олмай, «Динамо»дан кетишга мажбур бўлди. Ўшанда Тошкентнинг «Пахтакор» клуби бош мураббийи бўлган Сергей Михайлович Мосягиннинг таклифини ўрганиб чиқиб, 1980 йилнинг иккинчи қисмини ўзбек клубида ўтказди. Унинг тажрибаси, шунингдек, майдон марказидаги ажойиб ўйини Тошкент жамоасининг ҳужумларига кескинлик бахш этганди.

Манучар ўша даврнинг ёрқин ижрочилари - Амриев, Нортожиев, Соловьёв, Кухлевский, Никифоренко, собиқ таниши Церетели ҳамда «Пахтакор»нинг энг яхши тўпурарларидан бири Якубик билан ўзаро яхши тушуниб тўп сурарди.

Мачаидзе Тошкентдаги ярим мавсумлик фаолияти давомида 13та ўйинда (ҳаммаси собиқ иттифоқ олий лигасида) тўп суриб, битта гол ва бир нечта самарали узатмалар муаллифига айланди.

1981 йили Манучар Москванинг «Спартак» клубига ўтиб, бор-йўғи 5та расмий учрашувда ўйнади. Маҳоратли ярим ҳимоячи фаолиятини «Торпедо» (Кутаиси) клубида якунлади. Унинг охирги ўйини 1982 йилга тўғри келди.

2013 йилнинг 26 мартида Грузиянинг спорт ва ёшлар ишлари бўйича вазири Леван Кипиани афсонавий грузиялик футболчи Манучар Мачаидзени Грузиянинг олий спорт мукофоти - «Спорт рицари» унвони билан тақдирлади.

Ушбу мақолани тайёрлашда Фёдор Раззоқовнинг «Биз йўқотган футбол. Собиқ иттифоқ давридаги сотилмас юлдузлар» китоби, шунингдек, «Динамо» (Тбилиси) клубининг тарихий сайтидаги маълумотлардан фойдаланилди.

Виктор Хохлюк


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz