Қайднома

Қидирув

«Монако»нинг оқилона сиёсати ва юлдузга айланган топилмалари (фотогалерея)

«Монако»нинг оқилона сиёсати ва юлдузга айланган топилмалари (фотогалерея)

  07.09.2018 05:25
  0
  3298
«Монако»нинг оқилона сиёсати ва юлдузга айланган топилмалари (фотогалерея)

Россия терма жамоасининг бош умиди - 22 ёшли ярим ҳимоячи Александр Головин фаолиятини Франция элит дивизионида давом эттиришни маъқул кўрди. Руслар унинг «Челси» ёки «Барселона» қолиб, айнан «Монако» сафига қўшилганидан хурсандлар.

Зеро, гап охирги йилларда кўплаб ёш иқтидорларга ҳақиқий трамплин вазифасини ўтаб, уларни еврофутбол грандларига йўналтирган жамоа ҳақида кетмоқда. Ажабмас, Головин ҳам князлик клубида энг юқори даражага чиқса.

«СЭ» шунга умид боғлаб, «Монако»ни трансфер бозори қироли сифатида эътироф этди. Ҳа, Монегаск клуби сўнгги йилларда футбол оламига бриллиант ижрочиларни етказиб бериш баробарида бинойидек фойда оляпти.

Қуйидаги 10та келишув «Монако»нинг трансфер бозорида чиндан ҳам, бош сотувчи эканлигидан далолат.

Килиан МБАППЕ (Франция, ҳужумчи)

Харид (клуб|йил|ёши|баҳоси):  Мбаппе - «Монако» тарбияланувчиси, 14 ёшидан клуб тизимида шуғулланган, яъни 2013 йили академия сафига қўшилганди

«Монако»даги статистикаси (ўйин|гол|самарали узатма): 60|27|16

Сотув (клуб|йил|ёши|баҳоси): «ПСЖ» (Франция)|2017|19|180 миллион евро (transfermarkt.de сайти маълумоти)

Фойда: 180 миллион евро

ЖЧ-2018нинг энг яхши ёш футболчиси яқинда расман футбол тарихидаги иккинчи қимматбаҳо ўйинчига айланди - «ПСЖ» 2 йиллик ижара келишуви шартига мувофиқ, «Монако» ҳисоб рақамига нақ 180 миллион евро бериши керак.

Айтишларича, «Реал» франциялик исътедодни «қаймоқранг» футболкада кўрмоқчи. Бу трансфер амалга ошадими ёки йўқ, «Монако» ўз улушини олиб улгурди.

Тома ЛЕМАР (Франция, ҳужумчи)

Харид (клуб|йил|ёши|баҳоси): «Кан» (Франция)|2015|19|4 миллион евро (transfermarkt.de сайти маълумоти)

«Монако»даги статистикаси (ўйин|гол|самарали узатма): 127|22|32

Сотув (клуб|йил|ёши|баҳоси): «Атлетико» (Испания)|2018|22|70 миллион евро (transfermarkt.de сайти маълумоти)

Фойда: 66 миллион евро

14 ёшли Лемарни Гваделупадан Францияга «Кан» ёшлар жамоаси мураббийи Филипп Траншан олиб келганди. Бироқ йигитча тез орада ҳафсаласизликка тушди. Чунки унга ҳеч ким эътибор қаратмади - Н~Голо Канте жамоада яққол етакчи эди. Хуллас, Тома аҳён-аҳёнда захирадан майдонга тушиш билан чекланарди.

Диққатга сазовор томони, шундай алмаштиришлардан бири футболчининг тақдирини бутунлай ўзгартириб юборди: у 2015 йил баҳорида «Монако»га қарши кечган учрашувда ярим соатча ўйнадию, рақиб мураббийларини ҳайратга солди.

Ваҳоланки, «Кан» ўша баҳсда 0:3 ҳисобида ютқазганди, шунга қарамай, князлик клуби устози Леонарду Жардим гваделупалик йигитни ўз рўйхатининг бошига ёзиб қўйди. Натижада яна бир неча ойдан кейин Тома Нормандиядан Монакога кўчиб ўтди.

Бу вақтда «Кан» Канте учун «Лестер»дан 9 миллион евро олганидан хурсанд эди, шунинг учунми, клуб Лемар масаласида ортиқча савдолашмади ва уни атиги 4 «лимон» эвазига қўйиб юборди. Шундан буён Кантенинг нархи деярли 10 баравар ошди (80 миллион евро), Лемарни эса 17,5 баравар қимматига сотишди - 70 миллион евро.

Антони МАРТИАЛЬ (Франция, ҳужумчи)

Харид (клуб|йил|ёши|баҳоси): «Лион-В» (Франция)|2013|17|5 миллион евро (transfermarkt.de сайти маълумоти)

«Монако»даги статистикаси (ўйин|гол|самарали узатма): 70|15|8

Сотув (клуб|йил|ёши|баҳоси): «МЮ» (Англия)|2015|19|60 миллион евро (transfermarkt.de сайти маълумоти)

Фойда: 55 миллион евро

Мартиаль 19 ёшида Лига 1 тарихида энг қиммат нархда сотилган футболчи бўлди. У бу вақтда ҳаттоки, Франция миллий жамоасида дебют қилишга ҳам улгурмаганди. Тўғри, «МЮ» хўжайинлари ушбу хариддан унча хурсанд эмаслар.

Ахир Антони «Олд Траффорд»даги 3та мавсумдан атиги биттаси (биринчиси)да АПЛда 10та гол маррасидан ўтди (11та). Франция миллий жамоасида эса Дидье Дешам даврида 18 марта майдонга тушди.

Бироқ охирги марта Санкт-Петербург шаҳрида Россия термасига қарши кечган ўйин (3:1)да қатнашган қимматбаҳо футболчи мураббий ишончини қозонолмади ва ЖЧ-2018дан четда қолди.

Бенжамен МЕНДИ (Франция, ҳимоячи)

Харид (клуб|йил|ёши|баҳоси): «Марсель» (Франция)|2016|21|13 миллион евро (transfermarkt.de сайти маълумоти)

«Монако»даги статистикаси (ўйин|гол|самарали узатма): 39|1|11

Сотув (клуб|йил|ёши|ба- ҳоси):  «Манчестер Сити» (Англия)|2017|23|57,5 миллион евро (transfermarkt.de сайти маълумоти)

Фойда: 44,5 миллион евро

Ҳужумни хуш кўрувчи тартибли ҳимоячи «Монако»да дарҳол ўз ўрнини топди. Ҳар ҳолда, «Марсел»да бир неча йил ёрқин тўп сурган Бенжамин князлик клуби тасарруфида 1 йил ичида 4 баравар қимматлашди. Аммо унинг Манчестерга сафари хайрли бошланмади: жароҳат, 7 ойлик танаффус...

Шундай бўлсада, Дидье Дешам ҳимоячига Франция термаси таркибидан жой ажратди ва у мундиал доирасидаги 1та ўйин (гуруҳ раундида Дания термасига қарши - 0:0)да қатнашиб, ортга жаҳон чемпиони мақоми билан қайтди.

ФАБИНЬО (Бразилия, ярим ҳимоячи)

Харид (клуб|йил|ёши|баҳоси):  «Риу Аве» (Португалия)|2015|21|6 миллион евро (transfermarkt.de сайти маълумоти)

«Монако»даги статистикаси (ўйин|гол|самарали узатма): 233|31|21

Сотув (клуб|йил|ёши|баҳоси): «Ливерпуль» (Англия)|2018|24|45 миллион евро (transfermarkt.de сайти маълумоти)

Бразилиялик футболчи «Монако» сафига қўшилишидан олдин «Реал» ўринбосарлар жамоасида тажриба оширган ва ҳаттоки, «Қироллик клуби»нинг асосий таркибида ҳам майдонга тушганди.

Португалиянинг «Риу Аве» жамоаси орқали французлар диёрига ташриф буюрган Фабиньо бир уринишда «Монако» етакчилари қаторига қўшилиб, 3 йил давомида «қизил-оқлар» иштирокидаги саноқли ўйинларнигина ўтказиб юборди.

Оддий айтганда, у Жардим томонидан аниқ йўлга қўйилган механизмнинг алмаштирилмас «эҳтиёж қисми»га айланиб, Лига 1-2016|2017да олтин медаль ютди. Мана, Фабиньо яқиндагина «Ливерпуль» билан расман шартнома тузди.

Бернарду СИЛЬВА (Португалия, ҳужумчи)

Харид (клуб|йил|ёши|баҳоси):  «Бенфика» (Португалия)|2015|20|15, 75 миллион евро (transfermarkt.de сайти маълумоти)

«Монако»даги статистикаси (ўйин|гол|самарали узатма): 147|28|19

Сотув (клуб|йил|ёши|баҳоси):  «Манчестер Сити» (Англия)|2017|22|-50 миллион евро (transfermarkt.de сайти маълумоти)

Фойда: 34,25 миллион евро

«Бенфика» тарбияланувчиси «Монако» сафига 2014 йили ижара келишуви асосида ўтиб, ярим мавсумда мураббийлар штабида шундай кучли таассурот уйғотдики, монаколиклар дарҳол трансфер ҳуқуқини тўлиқ сотиб олишди.

Бернарду Францияда 2,5 мавсум тўп сурган бўлса, бу вақтда 30тача гол уриб, яна деярли 20та аниқ зарбага ассистентлик қилди, Конфедерациялар кубоги-2017да ишончли ўйнади.

Шунинг самараси ўлароқ, «Манчестер Сити» раҳбарияти ҳужумчи учун «Монако»га 50 «лимон» берди. Муҳими, Бернарду Сильва «Иттиҳод Стэдиум»да йўқолиб қолгани йўқ ва ЖЧ-2018да ҳам яхшигина таассурот қолдириб, жамоаси билан 1|8 финалга чиқди.

Тьемуэ БАКАЙОКО (Франция, ярим ҳимоячи)

Харид (клуб|йил|ёши|баҳоси):  «Ренн» (Франция)|2014|19|8 миллион евро (transfermarkt.de сайти маълумоти)

«Монако»даги статистикаси (ўйин|гол|самарали узатма): 92|5|1

Сотув (клуб|йил|ёши|баҳоси): «Челси» (Англия)|2017|22|40 миллион евро (transfermarkt.de сайти маълумоти)

Фойда: 32 миллион евро

Асли Кот-д~Ивуардан бўлган франциялик ярим ҳимоячи гарчи ўтган йили Антонио Конте бошқарувидаги «Челси» сафига қўшилиб, катта шов-шув чиқарган бўлсада, Франция терма жамоаси таркибидан ва ЖЧ олтин медалидан четда қолди. Тўғри, «Монако»да ўта ишончли ҳаракатланган Бакайоко аслида Англиядаги илк мавсумда ҳам чакки кўринмади.

Хамес РОДРИГЕС (Колумбия, ярим ҳимоячи)

Харид (клуб|йил|ёши|баҳоси): «Порту» (Португалия)|2013|21|45 миллион евро (transfermarkt.de сайти маълумоти)

«Монако»даги статистикаси (ўйин|гол|самарали узатма): 38|10|14

Сотув (клуб|йил|ёши|баҳоси): «Реал» (Испания)|2014|23|75 миллион евро (transfermarkt.de сайти маълумоти)

Фойда: 30 миллион евро

Трансферлар рўйхати кўрсатиб турибдики, футболчиларни фойда билан сотишни фақат «Порту» эмас, «Монако» ҳам қойиллатади. Португаллар колумбиялик иқтидорни Аргентина майдонларидан топиб, уни 3 йил ўйнатишганидан кейин асл нархидан деярли 38 миллион евро қимматига пуллашди.

Монегаскликлар эса Хамесни атиги бир йил ушлаб туриб, «Реал»га қўйиб юборишди. Асосий факт шуки, улар ЖЧ-2014 қаҳрамонларидан бири ортидан нақ 30 миллион евро топишди.

Левен КУРЗАВА (Франция, ҳимоячи)

Харид (клуб|йил|ёши|баҳоси): Кюрзава - «Монако» академияси тарбияланувчиси, у ҳам 14 ёшида клуб тизимига кирганди, яъни 2007 йили

«Монако»даги статистикаси (ўйин|гол|самарали узатма): 95|8|9

Сотув (клуб|йил|ёши|баҳоси): «ПСЖ» (Франция)|2015|22|25 миллион евро (transfermarkt.de сайти маълумоти)

Фойда: 25 миллион евро

Ушбу рўйхатдан жой олган клубнинг иккинчи тарбияланувчиси. Левен ҳам худди Мбаппе каби «ПСЖ»дан қўним топди. Дарвоқе, ўша ёз парижликлар Анхель ди Мария ва Серж Орьени ҳам сотиб олишганди. Шундан буён «ПСЖ» ҳимоясининг чап қаноти Курзава назоратида.

Жоффре КОНДОГБИА (Франция, ярим ҳимоячи)

Харид (клуб|йил|ёши|баҳоси): «Севилья» (Испания)|2013|20|20 миллион евро (transfermarkt.de сайти маълумоти)

«Монако»даги статистикаси (ўйин|гол|самарали узатма): 64|3|3

Сотув (клуб|йил|ёши|баҳоси): «Интер» (Италия)|2015|22|36 миллион евро (transfermarkt.de сайти маълумоти)

Фойда: 16 миллион евро

Кондогбиа ҳам «Монако» сафига ёш футболчи сифатида қўшилган, лекин  ушбу рейтингга тушган кўплаб футболчилардан фарқли равишда, етарли тажриба тўплаб улгурганди. Яъни Франция («Ланс») ва Испания («Севилья») чемпионатларида ўйнаган, қолаверса, ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғалаба нашидасини сурганди.

Айнан Туркия мезбонлик қилган кичик мундиал Жоффрега ижобий таъсир қилди. У турнирда 2та гол уриб (Гана ва Туркия термалари дарвозасига) чемпионликка муносиб ҳисса қўшганди.

Яна 2 йилдан кейин «Монако» бўйдор футболчини «Интер»га асл қийматидан деярли икки баравар қимматига сотди. Бироқ Кондогбиа Миланда ўзини кўрсатолмади ва энди «Валенсия»нинг ишонган «тоғ»ларидан бири бўлиб олди.

«МОНАКО» - ТРАНСФЕР БОЗОРИ ҚИРОЛИ

Умуман, «Монако»нинг охирги 4 йил давомидаги 10та энг омадли трансфер келишувини олсак, уларнинг умумий суммаси 604 млн. еврога тенг. 

Т|р. Футболчи                       Харидор                          Сумма                    Йил

1. Хамес Родригес                   «Реал»                          75 млн. евро             2014

2. Антони Мартиаль                «МЮ»                             60 млн. евро            2015

3. Аймен Абденнур                 «Валенсия»                     22 млн. евро            2015

4. Левен Курзава                   «ПСЖ»                            25 млн. евро            2015

5. Бенжамен Менди                «Манчестер Сити»           57,5 млн. евро         2017

6. Килиан Мбаппе                  «ПСЖ»                            180 млн. евро          2017

7. Бернарду Сильва               «Манчестер Сити»            50 млн. евро            2017

8. Фабиньо                            «Ливерпуль»                    45 млн. евро            2018

9. Тома Лемар                       «Атлетико»                       70 млн. евро            2018

10. Терренс Конголо             «Хаддерсфилд»                 20 млн. евро            2018

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz