Қайднома

Қидирув

Погба ва Балотеллининг «омухтаси» ёхуд Евро u-19 юлдузи ҳақида

Погба ва Балотеллининг «омухтаси» ёхуд Евро u-19 юлдузи ҳақида

  07.09.2018 06:37
  0
  1400
Погба ва Балотеллининг «омухтаси» ёхуд Евро u-19 юлдузи ҳақида

2018 йил 29 июль оқшомида Финляндияда 19 ёшли футболчилардан таркиб топган термалар ўртасида Европа чемпионати ниҳоясига етди.

Португалия ҳамда Италия жамоалари ўртасидаги финал баҳси шунчалик қизидики, ЖЧ-2018нинг ҳал қилувчи беллашуви унинг олдида нурсизланиб қолди: 120 дақиқали муросасиз баҳс, 7та гол, 11та сариқ карточка...

Ўйинда 4:3 ҳисобида ғалаба қозонган Португалия ўз тарихида 2-марта шоҳсупага кўтарилди. Бу ёш тоифасида французлар 7 карра чемпион сифатида етакчилик қилишмоқда.

Жумладан, 2016 йилда Килиан Мбаппе ва Усмон Дембелелар чўққини забт этишганди. Икки йилдан кейин улар жаҳон тождорига айланишди. 2010 йилдаги қитъа мусобақасида эса, ёш Ляказетт ва Гризманнлар порлаган эдилар.

Ҳозирда бу иқтидор соҳиблари юлдуз даражасига кўтарилишга улгуришди. Шундан хулоса чиқарган ҳолда, Қатар мундиалида порлаши мумкин бўлган ёшлар ҳақида ҳикоя қилишни лозим топдик.

ИТАЛИЯЛИК КИН

Евро-2018 иштирокчилари орасида, жумладан, финал баҳсида ҳам, Италия терма жамоаси ҳужумчиси Мойзе Кин яққол кўзга ташланиб турди. Эҳтимол, италияликлар мураббийи бу ҳужумчини барвақтроқ майдонга туширмагани учун ҳозир ҳам ўзини кечира олмаётгандир.

Жамоаси 0:2 ҳисобида имкониятни бой бераётган ўйиннинг 75-дақиқасида Кин дастлабки жавоб тўпини киритди. Мойзенинг 2-голи эса баҳсни «овер-тайм»ларга кўчирди.

Умуман, 18 ёшли иқтидор соҳиби турнирда 3та учрашув ўтказиб, 285 дақиқа тўп сурди. Шу вақт ичида Кин 4та (Норвегия ва Францияга биттадан, финалда 2та) гол урди. Ўзининг сўнгги голини ҳужумчи ватандоши ва «кумир»и Марио Балотелли услубида нишонлади

. Унинг Мариога муносабати ҳам, уларни қиёслашимиз ҳам бежиз эмас - иккови ҳам Африка вакиллари. Балотеллининг тарихи барчага яхши маълум - италияликлар оиласи уни ўз тасарруфига олиб, ҳаётга йўлланма берди.

Киннинг тақдири эса ўзгача, у ивуарлик йигит ва италиялик аёлнинг фарзанди. Шу сабабли унинг фамилияси инглиз ёки итальян лаҳжасида эмас, балки француз шевасига яқинроқ тарзда талаффуз қилинади.

Кин ва Балотеллининг фаолиятида яна бир муштараклик мавжуд - улар Мино Райола билан ҳамкорлик қилишади. Европанинг тенг ярми Райолага бўйсунишга тайёр бўлса, иккинчи ярмининг кўрарга кўзи, отарга ўқи йўқ. Ёш бўлишига қарамасдан, Мойзе бир нечта рекордларни ўрнатишга улгурди.

Жумладан, 2016 йилнинг кузида у захирадан майдонга тушиш орқали ЕЧЛда тўп сурган 2000 йилда туғилган дастлабки футболчи сифатида турнир тарихига кирди. Тез орада ҳужумчи ўз тенгдошлари орасида биринчи бўлиб топ-чемпионатда («Ювентус» - «Болонья») гол урди.

Ўтган мавсумни «Верона» да ижарада ўтказган 17 ёшли Кин 19 марта майдонга тушиб, 4та гол урди. Натижа янада юқорироқ бўлиши мумкин эди. Аммо кутилмаган жароҳат туфайли мавсумнинг якуний босқичини шифохонада ўтказишга мажбур бўлди. Ижара шартномаси имзоланган пайтда Мойзени 1,5 миллион еврога баҳолашганди.

Ҳозир ушбу нарх 12 миллион еврога тенг. 183 см. бўйли ҳужумчи ўзининг бақувват гавдаси билан тенгдошларидан ажралиб туради, юқори тезлик ва кучли зарба соҳиби. Тўғри, Мойзе нафис техника бобида мақтана олмайди. Лекин яккакурашларга дадиллик билан киришади.

«Иккинчи қават»да унинг олдига туша оладиган ҳужумчи йўқ. Кин шунингдек, тўп илинжида марказга қадар ортга қайтиши билан Поль Погбани эслатади. Маълумки, Погба ҳам Райола мижозларидан.

ҚАҲРАМОН ТЎПУРАР

Дарвоқе, ноёб иқтидор соҳиби бўлишига қарамасдан, Кин Евро-2018нинг энг яхши тўпурари ҳам, энг қиммат футболчиси ҳам бўла олмади. Турнир қаҳрамони унвони Жота (Жоао Педро Невес Фелипе) исмли португалиялик футболчига насиб этди. У мусобақани 5та гол ва 3та самарали узатма, жумладан, финалда 2та гол ва «олтин» узатма билан якунлади.

Бундан 2 йил аввал 17 ёшлилар ўртасидаги қитъа биринчилигида у ўсмирлар ўртасидаги Европа чемпионатлари тарихидаги энг яхши тўпурар унвонига сазовор бўлганди. Жотани айниқса, россиялик мухлислар яхши эслаб қолишган - футболчи УЕФА ўсмирлар лигасида «Бенфика» шарафини ҳимоя қилиб, ЦСКАга қарши баҳсда (5:1) самарали узатмани амалга оширганди.

Умуман, бу нуфузли мусобақада 3 мавсум давомида 14 марта майдонга тушиб, «Реал» дарвозасига 2та гол урган ва 8та голга ассистентлик қилган.

Португалияликларнинг финалдаги иккинчи юлдузи сифатида «Брага» ёшлар жамоасининг 18 ёшли ҳужумчиси Тринкаони эътироф этиш мумкин. У ҳам Жота билан бир хил натижа - 5та гол, 3та узатмани қайд этди. Португалия ўсмирлари таркибида 16та учрашув ўтказиб, 11та гол урди.

Евро-2018нинг энг қиммат футболчиси мақоми эса Франция терма жамоаси ҳимоячиси Маланг Саррга насиб этди. Унинг баҳоси - 15 млн. евро. Эндигина 19га чиқиб улгурган ҳимоячи «Ницца»нинг асосий таркибида ички чемпионатнинг 50, ЕЛнинг 10 учрашувида майдонга тушди. Бундан ташқари, Маланг ўзидан 2 ёшга каттароқ бўлган Павар ҳамда Дембелелар билан 3 марта ёшлар терма жамоасида ёнма-ён тўп сурди.

Тўғри, Кин ёки Саррга топ-чемпионатлар вакилларидан харидорлар етарли. Лекин Жота ва Тринкаоларга ўртамиёна лигалар жамоалари умид қилишлари мумкин. Бу футболчиларнинг баҳолари унчалик қиммат эмас - 0,45 ва 1,5 млн. евро. Ҳа, таваккалчилик эҳтимоли юқори, лекин бўлажак юлдузга эга бўлиш имконияти ҳам ундан кам эмас!

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz