Қайднома

Қидирув

Тони Кроос: «Озил яхши иш қилмаяпти...»

Тони Кроос: «Озил яхши иш қилмаяпти...»

  07.09.2018 06:15
  0
  2719
Тони Кроос: «Озил яхши иш қилмаяпти...»

Германия терма жамоасининг Россия мундиалидаги муваффақитсиз иштироки ҳали-вери унутилмаслиги аниқ. Месут Озил ва Марио Гомес ортидан мамлакатнинг ўтган мавсумдаги энг яхши футболчиси - Тони Кроос ҳам бундестим билан хайрлашиш ҳақида ўйлади.

Хайриятки, у яқинда Евро-2020гача миллий жамоада қолишини эълон қилди. Ҳа, Ди Манншафтнинг оғир ҳолати ҳаттоки, энг хотиржам ва совуққон футболчиларга ҳам салбий таъсир ўтказган кўринади.

Ҳар ҳолда, «Реал» ярим ҳимоячиси жаҳон чемпионатидан кейин миллий жамоадаги кейинги фаолияти хусусида жиддий бош қотиргани ва кетиш вақти келгани ҳақида ўйлаганини очиқ тан олди.

Германия футбол иттифоқи эса, немислар Россиядан қайтишганидан буён Тонининг бу борадаги якуний тўхтамини кутаётганди. Табиийки, бош мураббий Йоахим Лёв шу орада матбуот орқали ва юзма-юз учрашувлар чоғи ярим ҳимоячини жамоада қолишга кўндириш пайида бўлди. Айтиш мумкинки, унинг саъй-ҳаракатлари самарасиз кетмади.

Тони Кроос баҳорда «Реал» билан кетма-кет 3-марта, фаолияти давомида эса 4-марта Европа Чемпионлар Лигаси ғолибига айланди.

Ўтган мавсум якунларига кўра, Кроосни германиялик энг яхши футболчи сифатида эътироф этишди.

Йоахим Лёв яқинда Германия футбол иттифоқи расмий сайти мухбирлари билан суҳбатда шундай деди: «Ҳа, Тони билан бир неча марта учрашдим, иккимиз етарлича гаплашдим. Мулоқотимиз самарали бўлгани ва Тони ўз хоҳиши билан миллий жамоадаги фаолиятини давом эттиришга қарор қилганидан хурсандман, албатта.

Демак, Евро-2020 йўлини ҳам бирга босиб ўтамиз. Ўйлайманки, Кроос бой тажрибаси ва савияси билан жамоамизга ҳали кўп наф келтиради. Умуман, Тони ёрқин шахс ва шунинг ўзи бундестимда муҳим футболчи эканлигидан далолат.

Қолаверса, майдон ва унинг ташқарисида ҳамон бирдек катта роль ўйнайди. Менимча, кўпчилик Тонига эҳтиёжимиз нақадар баландлигини ушбу фактларсиз ҳам яхши билади...».

Айтиш жоиз, Германия матбуоти олдинроқ Кроос миллий жамоадан кетишга қарор қилган дўсти Месут Озил билан бирдам бўлиш учун кетиш ҳақида ўйлаётганини баралла ёзганди. Лекин футболчининг ўзи бундай тахминларни қатъий оҳангда инкор этди.

Маълум бўлишича, «Реал» хавбеки Месут ва Германия футбол итифоқи ўртасидаги можарода уни умуман қўллаб-қувватлаган эмас. Крооснинг фикрича, Озил ирқчилик ҳақида сўз очиб, катта хато қилган. Яъни немис функционерларини ошкора айблаб, гўёки, мавжуд муаммонинг янада кенг қулоч ёзишига сабабчи бўлган ва бу иши аҳмоқлик билан тенг экан.

Кроос шунингдек, Оливер Бирхоффнинг сўзларини маъқуллади. Эслатма, бу мутахассис Месутни спорт натижалари туфайли терма жамоадан четлаштириш зарурлигини айтганди.

Қисқаси, Крооснинг айтишича, «Арсенал» вакили охирги йилларда ўйин нуқтаи назаридан чиндан ҳам, сезиларли даражада орқага кетган ва савия бўйича дейлик, жаҳон чемпионати талабларига жавоб бермасди: «Месут билан кўп йиллар давомида ёнма-ён тўп сурган футболчи сифатида айтаман: у жуда яхши йигит. Бироқ халқаро фаолиятини шу тариқа якунлаганини асло ёқламайман.

Омадли ва омадсиз ҳаракатлари ўртасидаги нисбат барчасини айтиб турибди. Афсуски, Озил охирги вақтларда терма жамоага наф келтиришдан кўра, кўпроқ аҳмоқгарчиликка йўл қўйди.

Хусусан, ирқчилик ҳақида можаро кўтаргани ҳам фақат зараримизга ишлади. Ваҳоланки, миллий жамоа муҳитида ирқчилик йўқлигини биларди-ку. Менимча, Германия футбол иттифоқи ҳам бундай иллатдан холи ва Озил барчасини тушуниши керак эди...».

Хўш, гап Месут Озил қарорига боғлиқ бўлмаса, унда 28 ёшли ярим ҳимоячи нега бундестимдан юз ўгиришни истади? Сабаб нима? «Реал» вакили шунчаки, қандайдир бўшлиқ ҳис қилгани учун умумий ҳолатни ўзгартиришни ўйлаган экан: «Россиядаги жаҳон чемпионатидан кейин барчамиз руҳий томондан ўрага тушиб қолдик.

Кўпчилик омадсизлик сабабларини қидириб, ўзини анча қийнаган бўлса керак. Ҳарқалай, ўйинлар вазияти шахсан менинг миямда етарлича айланди. Уларни кўз ўнгимга келтирганим билан хунобим ошаверди, йўл қўйилган хатолар азобга солди. Германияга қайтганимиздан сўнг турмуш ўртоғим кўнглимни кўтаришга уринди.

Умуман, айнан у мени миллий жамоада қолишга ундади: «Азизим, айни ҳолатда кетишга ҳаққинг йўқ. Аксинча, жамоада қолиб, барчага ўрнак кўрсатишинг шарт». Шунингдек, «Реал» клуби ва Германия термасининг ашаддий мухлисига айланиб улгурган ўғлим ҳам жамоада ўйнашда давом этишимни истади. Тўғриси, уларнинг хоҳишлари ва илтимосларига бефарқ қарай олмасдим».

Ўз ишига танқидий баҳо бериш - мақтовга лойиқ хусусият, аммо эҳтирослар оғушида барчасига бирданига нуқта қўйиш вазиятдан чиқиш йўли эмас. Немислар Тони Кроосдек йигит билан ғурурланишса арзийди. Гап унинг миллий жамоада қолишга қарор қилганида ҳам эмас.

Футболчининг ўз ишига танқид руҳида ёндашаётгани ва вазиятни ўнглашга қўшимча иштиёқ топгани муҳим. Ҳа, Кроос ЖЧ-2018да шведлар дарвозасига ажойиб гол урди, аммо шунинг баробарида етарлича хатоларга йўл қўйди, кутилган савияда ўйнолмади.

Умуман, бутун Германия термаси шундай «хира» кўрингани айни ҳақиқат. Маълумот учун айтиш керак, Тони бундестим либосида жами 86 марта майдонга тушиб, 13та гол урган. 28 ёшли хавбек кетиш хаёлини нари сурибдими, демак, ушбу статистикаси ҳали анча ошади.

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz